Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Август, 2026   |   25 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:53
Қуёш
05:25
Пешин
12:34
Аср
17:27
Шом
19:37
Хуфтон
21:06
Bismillah
08 Август, 2026, 25 Сафар, 1448

Уккоша ибн Миҳсон

04.09.2018   13723   5 min.
Уккоша ибн Миҳсон

Ислом ва тавҳид ҳақида эшитибоқ, қалби имон билан порлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига бориб Исломни қабул қилди. У бошқа саҳобалар каби мушрикларнинг қаттиқ қийноқлари ва бўҳтонларига сабр этди. Бу машаққатлар фақат унинг имону ишончини ва динда собитлигини оширди, холос.

* * *
Биринчилардан бўлиб имон келтирган улуғ саҳобанинг тўлиқ исми: Уккоша ибн Миҳсон ибн Хурсон ибн Қайс ибн Мурра Асадий. Куняси: Абу Миҳсон. Бану Умайя қабиласининг амири. Ғайратли, кучли, ақлли, ўта сезгир ва оқкўнгиллиги билан одамлар орасида ажралиб турарди. У шижоатли ва журъатли эди.


Маккада мушриклар томонидан саҳобаларга етаётган азоб ва уқубатларни кўрган Пайғам­баримиз (алайҳиссалом) уларга Мадинага ҳижрат этишларини буюрдилар. Уккоша (розияллоҳу анҳу) улар орасида эди. Кейинроқ Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни Ғамрога (Ямандан 18 чақирим масофадаги жой номи) жўнайдиган қирқ кишилик сарияга бошлиқ этиб юбордилар. Улар бу юришда душманга дуч келмадилар.
Уккоша ибн Миҳсон (розияллоҳу анҳу) барча яхшиликларда пешқадам бўлишга интиларди. Шунинг учун Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)­дан айрилмади. Бадр куни унинг қиличи синиб қолганида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга таёқ бердилар ва ўша таёқ унинг қўлида қиличга айланди. Бу саҳоба Уҳуд, Хандақ ва бошқа барча сафарлар иштирокчисидир.
Сен ўшалардансан


Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Арабларнинг энг яхши чавандози, мана, биздадир”, дедилар. “Ё Расулуллоҳ, ким у?”, деб сўрашди. “Уккоша ибн Миҳсон”, дедилар. Зирор ибн Азвар (розияллоҳу анҳу): “Ё Расулуллоҳ, у киши биздан”, деб айтди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Сизлардан эмас, бизлардандир”, дедилар (Имом Муслим).
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилдилар: “Менга умматлар кўрсатилди. Пайғамбар ва пайғамбарлар ўта бошлашди. Улар билан бир оломон одам бирга эди. Бир пайғамбар билан эса ҳеч ким ўтмади. Ногаҳон, кўзимга катта бир оломон кўринди. Мен: «Бу нима, шу менинг умматимми?», деб сўраганимда, «Йўқ, бу Мусо ва унинг қавмидир», деб айтилди. Менга:“Уфққа қара!” деб буюрилди. Қарасам, уфқни тўлдириб халқлар келяпти. Кейин: “Осмон уфқининг бу томонига, анави томонига қара”, дейилди. Бу ёқда ҳам уфқни тўлдириб тумонат одам келаётганини кўрдим. Менга: “Булар сенинг умматинг. Улардан етмиш минги савол-жавобсиз жаннатга киради”, дейилди.


Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошқа ҳеч нарса айтмасдан, (ичкарига) кириб кетдилар. Ўтирганлар: “Биз Аллоҳ таолога имон келтириб, Унинг расулига эргашдик. Ўшалар биз бўламизми ёки Исломда туғилган авлодларимизми? Чунки биз жоҳилият замонида туғилганмиз”, дея музокарага киришиб кетишди. Бу гапларни эшитган Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳужраларидан чиқиб, бундай дедилар: “Улар ирим қилмайдиган, фол очдирмайдиган, ва (касал бўлмасидан) баданига (темир қиздириб) босмайдиган ва Парвардигорига таваккал қиладиганлардир”. Шунда Уккоша ибн Миҳсон (розияллоҳу анҳу) ўрнидан туриб: “Ё Расулуллоҳ, мен ўшаларданманми?” деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сен ўшалардансан”, дедилар. Муҳожирлардан бошқа бир киши туриб: “Ё Расулуллоҳ, мен ўшаларданманми?” деб сўраган эди, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Уккоша сендан олдин сўради”, деб жавоб бердилар» (Имом Бухорий).
Мадинани тарк этмади


Касир ибн Солт (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Уккоша ибн Миҳсон (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотларига қадар Мадинани тарк этмади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) оламдан ўтганларида Уккоша (розияллоҳу анҳу) қирқ тўрт ёшда бўлган. Сўнг Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) уни Яманга юборди”. Уккоша ибн Миҳсон (розияллоҳу анҳу)дан саҳобалар Абу Ҳурайра ҳамда Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) ҳадис ривоят қилишган.
Орзу сари сўнгги қадам


Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ҳеч бир савол-жавобсиз жаннатга кириш башоратини эшитган Уккоша (розияллоҳу анҳу) ана шу неъматга тезроқ сазовор бўлишни орзу қила бошлади. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) замонида муртадларга қарши курашди. Умрининг сўнгги куни Бузохада (Баҳрайндаги жой номи) якун топди. Ўшанда у Холид ибн Валид, Собит ибн Арқам билан бирга Тулайҳа ибн Хувайлид (сўнг у Исломни қабул қилган) ва укаси Салама ибн Хувайлид қўшинига қарши жанг қилди. Уккоша (розияллоҳу анҳу) “Рузом” лақабли оти­ни, Собит ибн Арқам эса “Мухаббар” лақабли отини минган эди. Собит (розияллоҳу анҳу) Салама ибн Хувайлид билан, Уккоша (розияллоҳу анҳу) Тулайҳа ибн Хувайлид билан яккама-якка олишувда мардларча ҳалок бўлишди ва юксак даражага эришишди.


Манбалар асосида
Юлдуз КОМИЛОВА
тайёрлади.

 

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Соҳа раҳбарлари маҳаллалардаги тарғибот ва ободонлаштириш ишлари билан танишди

06.08.2026   11566   1 min.
Соҳа раҳбарлари маҳаллалардаги тарғибот ва ободонлаштириш ишлари билан танишди

Мамлакатимизда мустақиллик байрамининг 35 йиллиги муносабати билан “Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги” ҳамда “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари доирасида ҳудудларда кенг кўламли тарғибот-ташвиқот, ободонлаштириш, хайрия ва меҳр-оқибат ишлари амалга оширилмоқда.

Мазкур жараён билан яқиндан танишиш мақсадида 4 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигидаги мутасаддилар Тошкент шаҳри Сергели туманидаги “Нўғайқўрғон”, “Қумариқ” ва “Иттифоқ” маҳаллаларида бўлишди.

Ташриф давомида соҳа раҳбарлари маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, хайрия ва саховат ишларини кенгайтириш, ободонлаштириш ҳамда бунёдкорлик ишларининг бориши билан танишди. Шунингдек, маҳаллий ҳокимият вакиллари, “маҳалла еттилиги”, нуронийлар ҳамда диний соҳа ходимлари иштирокида ушбу йўналишларда амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Маҳаллаларда ўтказилган сайёр йиғинларда “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш”, оилаларда тотувликни мустаҳкамлаш, ёшларни илм-маърифатга йўналтириш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, фарзанд тарбияси ҳамда аҳоли муаммоларини ҳал этишда ҳамжиҳатликни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, хонадонлар атрофи, кўчалар, ариқлар ва қабристонларни обод қилиш, уларнинг озодалигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан ҳам тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.

Дарҳақиқат, Президентимиз таъкидлаганларидек, амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси, энг аввало, маҳаллалар ҳаётида яққол намоён бўлиши ва аҳоли кайфиятида ўз аксини топиши лозим. Шу маънода, жорий йил якунида мамлакатимиз бўйлаб “Энг ораста хонадон”, “Энг файзли ҳовли”, “Энг обод кўча” ва “Энг намунали маҳалла” номинациялари бўйича ғолибларнинг аниқланиши мазкур эзгу ташаббусларнинг мантиқий давоми бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари