Ҳазрат Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизникига келдилар ва озроқ мизғиб, терладилар. Умму Сулайм Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг терларини бир идишга йиға бошлади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) уйғониб: “Эй Умму Сулайм, нима қиляпсан?”, деб сўрадилар. Умму Сулайм (розияллоҳу анҳо): “Ё Расулуллоҳ, сизнинг терингиздан хушбўйлик ўрнида фойдаланамиз. Зеро, у хушбўйлар ичра энг хушбўйидир”, деб жавоб берди» (Имом Муслим).
Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)да шундай хислат бор эди. Агар бир кўчадан ўтсалар, ҳидларининг хушбўйлигидан, у зот (алайҳиссалом)дан сўнг ўтган одам у ердан у зот (алайҳиссалом) ўтганларини билиб оларди».
* * *
Баро ибн Озиб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан сафарда эдик. Суви оз қудуқ ёнида тўхтадик. Идишни ҳовучлаб тўлдириш учун қудуқ тубига олти киши тушдик. Бизга челак туширилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қудуқ бошида қолдилар. Биз челакнинг ярмини ёки учдан икки қисмини сув билан тўлдирдик. Идиш Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га узатилди. Ўзим эса томоғимни ҳўллаб олиш учун идишимга қараган эдим, сув йўқ экан. У зот (алайҳиссалом) идишга қўлларини ботирдилар ва Аллоҳ хоҳлаган нарсаларни айтиб, идишни бизга қайтардилар. Мен қудуқ ичидаги охирги киши чўкиб кетишдан қўрқиб, кийимини ечиб тортиб олишлари учун юқорига узатаётганини кўрдим”. Кейин қудуқдан сув дарё бўлиб оқди (Имом Ибн Касир ва Имом Аҳмад).
* * *
Абу Зайд Амр ибн Ахтоб Ансорий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга: “Яқинроқ кел”, дедилар. Борганимда соч ва соқолимни қўллари билан силадилар ва: “Ё Аллоҳ, уни гўзал эт ва гўзаллигини доимий қил”, дедилар».
Амр ибн Ахтоб (розияллоҳу анҳу) юз ёшдан ошганида ҳам соқолига оқ тушмади. Фақат озгина оқи бор эди, холос. Шунингдек, у очиқ юзли киши бўлиб, то вафот этгунига қадар юзига ажин тушмади (Имом Аҳмад).
* * *
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Ансорларнинг суғоришда ишлатадиган туялари бўларди. Ўша туя бўйсунмай, ҳеч кимни миндирмай қўйди. Ансорлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: “Бизларни суғоришда ишлатадиган туямиз бор эди. У бизга бўйсунмай, юк орттирмай қўйди. Хурмо ва экинларимиз чанқаб қолди”, дейишди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларга қараб: “Туринглар, мен билан юринглар”, дедилар. Барчалари боққа киришганда, унинг бир четида ўша туя ўтлаб юрарди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у томонга юрдилар. Шунда ансорлар: “Ё Расулуллоҳ, эҳтиёт бўлинг. У итдек қутурган, яна ташланиб қолмасин”, дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ундан менга ҳеч бир зиён етмайди”, дедилар.
Туя Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни кўриб, ул зот томон юра бошлади. Олдиларига келгач, сажда қилган ҳолида йиқилди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) унинг пешонасидан ушладилар. Туя, илгари ҳеч кўрилмаган ҳолатда итоаткор бўлиб қолди.
Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, бу ақлсиз ҳайвон сизга сажда қилди, ваҳоланки, биз ундан кўра сизга сажда қилишга ҳақлироқмиз”, дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Инсоннинг инсонга сажда қилиши мумкин эмас. Агар инсон инсонга сажда қилиши мумкин бўлганида, ҳақ-ҳуқуқи катта бўлгани учун, аёлни эрига сажда қилишга буюрган бўлардим”, дедилар» (Имом Аҳмад).
* * *
Ҳанзала ибн Худаймнинг отаси Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, мен кексайиб қолдим. Мана бу ўғлим Ҳанзала. Унинг ҳаққига дуо қилсангиз”, деб сўради. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Эй бола”, дея қўлидан ушладилар ва бошини силаб: “Сенга Аллоҳнинг баракоти бўлсин!” дедилар.
Шундан сўнг Ҳанзаланинг олдига елини шишиб кетган қўй ва туяларни, ўсимтаси бор кишиларни олиб келишарди. У қўлига туфлаб, бошининг ўша жойига ишқаларди ва: “Бисмиллаҳ, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўллари изидан”, деб касалларни силар ва улар тузалиб кетишарди (Имом Аҳмад, Имом Бухорий).
Маҳмудахон МУХТОРОВА
“Hidoyat” журналидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳикоя қилишларича, Абу Язид Бастомий илм талаб қилиш учун Боғдодга бормоқчи бўлдилар. Оналари у кишига қирқ динор бердилар. У пуллар у зотга оталаридан мерос қолган эди. Оналари ўғилларига: «Қўлингни қўлим устига қўй ва менга ростгўйликни лозим тутиб, ҳеч қачон ёлғон гапирмасликка сўз бер!» дедилар. У киши оналарига мазкур ишлар юзасидан сўз берди. Боғдодга борадиган карвон билан бирга йўлга чиқдилар.
Йўлда боришар экан, тўсатдан рўпараларидан йўлтўсар қароқчилар чиқиб, карвондаги ҳамма нарсани талай бошлади. Бастомийнинг устилардаги жулдур кийимни кўриб, у кишидан: «Сенда ҳам бирор нарса борми?» деб сўрашди. У зот: «Ҳа, менда қирқ динор бор» деб жавоб бердилар. Қароқчилар у кишининг гапларини эшитиб, масхара қилдилар, аҳмоқ деб ўйлаб, у зотни тарк этдилар.
Кейин улар ғорга, яъни ўзларининг қароргоҳларига қайтдилар. У ерда уларнинг катталари бор бўлиб, карвондан талаб олинган нарсаларни кутиб ўтирган эди. Уларни кўргач: «Карвондаги ҳамма нарсани олдингларми?» деб сўради. Улар: «Ҳа, олдик. Аммо бир йигит бундан мустасно. Биз ундан нимаси борлигини сўрадик. У: «Менда қирқ динор бор» деди. Биз унинг қилган ишига эътибор бермай, уни тарк этдик. Чунки, биз уни ақли заиф деб ўйладик» деб жавоб беришди.
Шунда бошлиқлари: «Уни дарҳол ҳузуримга олиб келинглар!» деб буюрди.
Бастомий ўғрилар бошлиғининг олдига келгач, бошлиқ у зотдан: «Сенда бирор нарса борми?» деб сўради. У киши: «Ҳа, ёнимда қирқ динор бор» деб жавоб бердилар. Ўғрилар бошлиғи ҳайрон бўлиб: «Қаерда у?» деди. Бастомий ёнларидан пулларни чиқариб, ўғрилар бошлиғига бердилар. Буни кўрган бошлиқ: «Сен мажнунмисан, эй йигит? Нега пулларинг борлигини айтиб, уларни ўз ихтиёринг билан беряпсан?» деб сўради.
Шунда у зот: «Мен ўз шаҳримдан чиқмоқчи бўлганимда, ҳеч қачон ёлғон гапирмасликка онамга сўз берганман, аҳдлашганман. Шунинг учун онамга берган аҳдимни бузмайман» деб жавоб бердилар. Бу гапларни эшитган ўғрилар бошлиғи: «Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ». Сен онангга берган аҳдингга хиёнат қилишдан қўрқяпсан-у, биз эса, Аллоҳга берган аҳдимизга хиёнат қилишдан қўрқмаймизми?» деди.
Кейин қароқчилар бошлиғи карвондан олинган барча мол-мулкларни қайтариб беришга амр қилди ва: «Эй йигит, мен сенинг олдингда, сен сабабли тавба қиламан» деди. Бу гапни эшитган барча ўғрилар: «Сиз бизни йўлтўсарликда бошлиғимиз эдингиз. Бугун эса, тавбада бизнинг бошлиғимиз, каттамизсиз. Биз ҳам барчамиз Аллоҳга тавба қилдик» дедилар. Ҳаммалари қилган хатолари учун тавба қилдилар, тавбалари гўзал бўлди.