«Идда» сўзи луғатда «санаш», «ҳисоблаш» маъноларини билдиради. Шариатда эса, аёл киши эрининг вафотидан кейин ёки эри билан ажрашгандан кейин бошқа ерга тегмай ўзини сақлаши лозим бўлган муддатга айтилади.
Идда муддатлари:
Аллоҳ таоло:
«Талоқ қилинган аёллар, ўзларича уч қуруъ кутадилар. Уларга Аллоҳ уларнинг раҳмларида халқ қилган (яратган) нарсани яширишлари ҳалол эмас. Агар, Аллоҳга ва охират кунига иймонлари бўл-са», деган (Бақара, 228).
Аллоҳ таоло аёлларнинг бачадонларида яратган нарсадан мурод эса, ҳайз ёки ҳомиладир. Мўмина-муслима аёл бу нарсаларни беркитмаслиги керак. Мисол учун, ери талоқ қилган бўлса, талоқдан кейин ҳомила аниқ бўлса ҳомиласини яшириб, уч марта ҳайз (ой кўрмоқ, узрли бўлмоқ) кўрдим, деб бошқа эрга тегишга шошмаслиги лозим.
Ҳанафий мазҳабимиз уламолари эри талоқ қилган хотин талоқдан сўнг уч марта ҳайз кўриб, учинчи ҳайзидан пок бўлиши билан иддаси тугайди, дейдилар.
Аллоҳ таоло:
« Хотинларингиз орасидаги (кексайиб) ҳайз кўришдан умид узганлари, агар сизлар (иддалари хусусида) шубҳалансангиз, бас, (билингизки) уларнинг иддалари уч ойдир, яна (бирор марта) ҳайз кўрмаганларнинг (иддалари) ҳам», деган. (Талоқ, 6)
Аллоҳ таоло:
«Сизлардан вафот этиб жуфтларини қолдирганларнинг аёллари ўзларича тўрт ой ўн кун кутарлар», (Бақара, 234) деган.
Яьни, Бу эри ўлган аёлларнинг идда муддатидир. Эри ўлган ҳар бир аёл умр йўлдошилик ҳурматидан тўрт ой ўн кун идда ўтириши вожиб. Эри ўлган ҳомиладор аёлнинг иддаси ҳомиласини туғишидир.
Аллоҳ таоло:
«Ҳомиладорларнинг (идда) муддатлари ҳомилаларини қўйишлари (кўз ёришлари)дир», деган. (Талоқ, 6)
Бундан ташқари, идда ўтириш шарт бўлмаган ўрин ҳам мавжуд. Фуқаҳолар бунга қуйидаги оятни далил қиладилар:
Аллоҳ таоло:
«Қачонки мўминаларни никоҳлаб олсангиз, сўнг уларга (қўл) тегизмай туриб талоқ қилсангиз, сиз учун улар идда сақлаш мажбуриятида эмаслар», деган. (Азҳоб, 49)
Эр-хотин никоҳлангандан сўнг бирга яшамай, эр аёлини талоқ қилган бўлса аёл идда ўтириши вожиб эмас. Чунки ҳомила бўлишининг эҳтимоли йўқ. Оилавий турмуш ҳурмати ҳам йўқ.
Иддани шариатга киритилишининг бир неча ҳикматлари бор:
Биринчиси, эридан ажраган аёл ҳомиладорми, йўқми аниқланади. Шу билан насл-насаб аралаш-қуралаш бўлиб кетишининг олди олинади.
Иккинчиси, ўлган эрнинг ҳурмати бажо келтирилади.
Учинчиси, эр билан бирга ўтказилган оилавий ҳаётнинг ҳурмати юзасидан ҳам дарров бошқа эрга тегиб кетмай, идда ўтирилади.
Бундан ташқари, илм фан тараққий этган ҳозирги кунда бошқа ҳикматлари ҳам аниқланмоқда. Англиялик олимлар бир эркак билан яшаб туриб, кейин бевосита, орада танаффус қилмай иккинчи эр билан жинсий ҳаётни давом эттирган аёлларнинг бачадонларида оғир касаллик пайдо бўлишини исбот қилдилар.
Аллоҳ таоло бизларга Ўз амри илоҳиларига амал қилиб ҳаёт кечиришни насиб этсин. Зеро У зот ҳар бир нарсага қодирдир.
Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли
ЎМИ матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуда намоз арконларини ўрнига қўйиб, чиройли ўқиган қулларини озод этиш одати бор эди. Хожаларининг бундай феълини билган қуллари хўжакўрсинга чиройли намоз ўқирдилар. Ҳазрати Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу эсалар уларни озод этардилар. Бу ҳақда кимдир у зот розияллоҳу анҳуга буни эслатганида: “Модомики, кимдир Аллоҳнинг динига алоқадор нарсада мени алдамоқчи экан, марҳамат, мен алданишга тайёрман!” – деб жавоб берибдилар.
2. Ахнаф ибн Қайс[1] қуддиса сирруҳудан:
– Хушхулқликни кимдан ўргандингиз? – дея сўрашганда у зот қуддиса сирруҳу:
– Қайс ибн Осим ан-Нақрий қуддиса сирруҳудан, – деб жавоб бердилар.
Шунда ундан:
– Қайснинг қай бир хулқидан ибратландингиз, – дея сўрашганида ҳазрати Ахнаф айтдилар:
– Бир гал Қайснинг жорияси унга кабоб қовурадиган чўғли идишда кабоб келтираётиб қўлидан тушириб юборди. Иттифоқо, бу унинг чақалоғининг устига тушиб, гўдак нобуд бўлди. Бундан бояги чўри аёл даҳшатга тушиб, ақлдан озаёзди. Бу ҳолни кўрган Қайс унга шундай дедилар:
– Қўрқма, сенга ҳеч қандай зиён етмайди, мен сени Аллоҳ йўлида, Аллоҳ учун озод этдим!
3. Болалар Увайс Қараний қуддиса сирруҳуни кўришганида тош отишарди. Шунда у зот қуддиса сирруҳу айтардилар:
– Агар менга тош отмасдан туролмасангиз, майли, отинг, фақат майдароғидан, токи оёқларимни қаттиқ жароҳатламасин. Йўқса, туриб ибодат қилишга ярамай қоламан.
4. Бир гал қандайдир киши Ахнаф ибн Қайс қуддиса сирруҳуга дашном бергани ҳолда кетидан эргашиб келарди. У зот ўз маҳаллаларига яқин етиб келганларида тўхтаб шундай дедилар:
– Эй йигит, менга тағин айтадиган гапинг бўлса, ҳаммасини шу ерда айтақол, йўқса, бу маҳалланинг баъзи телбасифат кишилари сўкинишингни эшитиб сенга зарар етказиб қўйишлари мумкинлигидан хавотирдаман.
5. Нақл қилишадики, бир куни амирул мўминийн Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу хизматкорни чақирган эдилар, жавоб бермади. Қайта-қайта чақирган эдилар, яна жавоб бермади... Ночор, ўзлари туриб бориб сўрадилар:
– Чақирганимни эшитмадингми?..
Хизматкор эшитганига иқрор бўлди. Шунда Мўминлар амири каррамаллоҳу важҳаҳу:
– Чақирганимни эшитган бўлсанг, нимага ахир жавоб бермайсан, – деб сўрадилар. Шунда хизматкор:
– Жазоламаслигингизни билиб, шунчаки эринганимдан бормагандим...– дея жавоб берди.
Шунда ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу унга:
– Сени Аллоҳ учун озод этдим! – дедилар.
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.
[1] Ахнаф ибн Қайс (Аллоҳ у зотдан рози бўлсин) бениҳоя камтар ва кўплаб яхши хулқ соҳиби бўлганлар. Араблар у кишини мақталган хулқ ва одоблари туфайли мисол қилиб келтирадилар - Муҳаррир.