Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Август, 2026   |   11 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:16
Қуёш
05:41
Пешин
12:25
Аср
17:11
Шом
19:13
Хуфтон
20:34
Bismillah
24 Август, 2026, 11 Рабиъул аввал, 1448

31.08.2018 й. Мустақиллик – улуғ неъмат

29.08.2018   8244   14 min.
31.08.2018 й. Мустақиллик – улуғ неъмат

بسم الله الرحمن الرحيم

МУСТАҚИЛЛИК – УЛУҒ НЕЪМАТ

Муҳтарам жамоат! Барчангизни «Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!» шиори остида бўлиб ўтаётган мустақиллигимизнинг 27 йиллиги байрами билан чин дилдан табриклаймиз! Аллоҳ таоло ватанимизни доимо обод, фаровон ва тинч юртлардан қилсин! Ватанимиз равнақи йўлида астойдил, фидокорона меҳнат қилаётган раҳбару ходимларнинг хайрли ишларида Аллоҳ таоло мададкор бўлсин!

Маълумки, юртимизда ҳар соҳада янгиликлар, халқ фаровонлиги йўлида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Муҳтарам Президентимизнинг шахсан ўзлари ҳар бир соҳанинг ичига бевосита кириб бориб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича катта ҳажмдаги ишларни амалга оширмоқдалар. Жумладан, аҳолини уй-жой билан таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар қаторида кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган кишиларга ҳам алоҳида имтиёз асосида уй-жойлар берилаётгани таҳсинга сазовордир. Ушбу амал динимизда мақталган силаи раҳмнинг янада мустаҳкам боғланишига, ака-укалар ўртасида аҳил муносабатнинг сақланиб қолишига катта ҳисса қўшиши шубҳасиз. Бундай хайрли ишлар ҳар бир вилоятда амалга оширилаётганини таъкидлаб ўтиш лозим.

Муҳтарам азизлар! Шуни ҳам таъкилаб ўтишимиз лозимки, кишининг оиласи олдидаги мажбурияти, ўзи яшаб турган давлатининг раҳбари, яъни “улул-амр”га итоат этиш мажбурияти, ватанини ҳимоя қилиш мажбурияти ҳам борки, динимизда буларни баён қилиб берилган. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида шундай дедилар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مَنْ أَطَاعَنيِ فَقَدْ أَطَاعَ اللهَ وَ مَنْ عَصَانيِ فَقَدْ عَصَى اللهَ، وَمَنْ يُطِعِ الأَمِيرَ فَقَدْ أَطَاعَنيِ وَمَنْ يَعْصِ الأَمِيرَ فَقَدْ عَصَانيِ"

(رَوَاهُ الإِمَامُ البُخَارِيُّ).

яъни: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким менга итоат этса демак, Аллоҳга итоат этибди ва ким менга итоатсизлик қилса, демак, Аллоҳга итоатсиз бўлибди. Ким раҳбарига итоат этса демак, менга итоат этибди ва ким раҳбарига итоатсиз бўлса демак, менга итоатсиз бўлибди” (Имом Бухорий ривояти).

Юқоридаги ҳадиснинг мазмунидан маълум бўладики, кишилик жамиятида қонунларнинг аҳамияти жуда ҳам катта. Дарҳақиқат, адолатли қонунлар ҳамма вақт халқ фаровонлиги ҳамда дунё ва охират ободлигининг асосидир.

Муҳтарам юртдошлар, янги ўқув йили бўсағасида турибмиз. Яқин кунларда фарзандларимиз яхши ниятлар билан таълим даргоҳларига қадам қўядилар. Ҳар жойда бўлгани каби таълим муассасаларига қатнашнинг ҳам ўз тартиб-интизоми бор. Бу йилдан барча умумий ўрта таълим муассасаларида ягона кийим формаси жорий этила бошланди. Демак, фарзандларимизни бунга риоя қилишларини таъминлаш ҳам ота-оналарнинг бурчи эканини ҳам ёдда тутмоғимиз лозим бўлади.

Хабарингиз бор – муҳтарам Юртбошимиз томонидан юртимизда таълим соҳасига жуда катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ўқитувчиларни моддий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий таъминотини яхшилаш, ойлик иш ҳақларини мунтазам ошириб бориш, бир сўз билан айтганда, ўқитувчининг жамиятдаги обрў-эътибори, мақомини оширишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бинобарин, таълимга киритилган сармоя – бу, шубҳасиз, келажакка киритилган сармоядир.

Муҳтарам жамоат! Шу ўринда илм олишга тарғиб қилинган ҳадислар билан танишиш мақсадга мувофиқдир.

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ طَلَبُ الْعِلْمِ فَرِيضَةٌ عَلَى كُلِّ مُسْلِمٍ

(رَوَاهُ الْاِمَامُ الْبَيْهَقِيُّ)

яъни: Абу Саъид разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Илм излаш ҳар бир мусулмонга фарздир” (Имом Байҳақий ривояти).

عَنْ أَنَسٍ بْنِ مَالِكٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ اُطْلُبُوا الْعِلْمَ وَ لَوْ بِالصِّينِ فَإِنَّ طَلَبَ الْعِلْمِ فَرِيضَةٌ عَلَى كُلِّ مُسْلِمٍ (رَوَاهُ الْاِمَامُ الْبَيْهَقِيُّ )

яъни: Анас ибн Моликразияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Илмни Чин (Хитой)дан бўлса ҳам изланглар. Чунки илм излаш ҳар бир мусулмонга фарздир” (Имом Байҳақий ривояти).

Маълумки, динимизда илмни диний ва дунёвийга ажритилмайди. Қадимда ота-боболаримиз бу қоидага амал қилганидан уларнинг ичидан Абу Райҳон Беруний,  Аҳмад Фарғоний, Муҳаммад Хоразмий, Ибн Сино ва Улуғбек каби қомусий олимлар етишиб чиққан. Улар ҳам диний ҳам дунёвий илмларда пешқадам бўлганлар.

Бугунги кунда жамиятимизга зарур бўлган мутахассисларни етказиб беришимиз фарзи кифоя ҳисобланади. Болаларимизни ёшлигидан ўзи қизиққан соҳага мақсадли йўналтириб, режали ва тизимли таълим олишига масъулмиз. Баъзида кўзга ташланиб турадиган, балоғатга етмаган болаларнинг дарс пайтида масжидга боришга ҳаракат қилиши мақсадга мувофиқ эмас. Ҳанафий мазҳабида ёзилган фатво китобларида балоғат ёшига етмаган ўғил бола катталар сафида туриб намоз ўқиса ўнг ва чап ёнидаги ҳамда орқасидаги намозхонларнинг намози бузилади, дейилган. Қолаверса, ҳозирда мактабларда ҳар бир бола билиши зарур бўлган, асосий билим ва кўникмалар ўргатилади. Мажбурий таълимдан кейин бу билимларни ҳеч ким текинга ўргатмайди. Улуғ аждодларимиз айтишган:

" اَلْوَقْتُ كَالسَّيْفِ اِنْ لَمْ تَقْطَعْهُ قَطَعَكَ "

яъни: “Вақт қилич кабидир, агар сен уни ўз вақтида кесмасанг, у сени кесади”. Шу ўринда муҳтарам ота-оналарга фарзандлари тарбияси ва таълимига жиддий аҳамият беришга, уларни ҳар вақт назорат қилиш, мактабдан сўнг албатта бирон бир машғулот билан шуғулланиш, спорт, уй юмушлари, томорқа ва чорва ҳайвонлари парвариши каби жисмоний ишларга жалб қилишлари зарур эканлигини таъкидлаймиз.

Шу ўринда юртимиздаги диний билим юртлари фаолиятига ҳам катта эътибор қаратилаётганини алоҳида айтиб ўтиш лозим. Ўтган йили Бухорода “Мир Араб” олий мадрасаси очилди, диний илмий мактаблар фаолияти йўлга қўйилди ҳамда диний таълим муассасалари қошида араб тили, Қуръон ва тажвид тўгараклари фаолият бошлади. Бироқ, фарзандларимиз таълим-тарбиясига назар солар эканмиз, шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, уларнинг диний таълимни фақат расмий билим юртларида олишлари ўта муҳим саналади. Ҳозирги кунда динни ўрганиш учун барча шароит ва адабиётлар етарли бўлган бир пайтда, баъзи бир ота-оналар ўз фарзандларини ҳуфёна ташкил этилган “ҳужра”ларда диний маълумотга эга бўлмаган шахслар қўлига сабоқ олиш учун бериб қўяётганликлари маълум бўлмоқда. Ҳолбуки, диний таълим беришга ҳеч қандай рухсати бўлмаган шахснинг қўлида қандайдир пана-пастқам жойларда таълим олишнинг оқибатлари яхшиликка олиб бормаслигини унутмайлик.

Шу маънода, жондан азиз фарзандларимизнинг таълим-тарбиясига эътибор қаратиш, уларнинг мактабда дунёвий билимлар, хорижий тилларни чуқур ўзлаштиришини назорат қилиш ҳар бир ота-онанинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Зеро, Абдулла Авлоний таъкидлаганидек: «Замона илмидан бебаҳра миллат ўзгалар қўлида поймол бўлур». Мамлакатимизнинг эртанги кунига дахлдор ушбу масалага барчамиз бирдек масъул ва жавобгармиз.

Ҳар бир ўзини ҳурмат қилган халқ бугунги кунини ўйлаши билан бирга келажаги ҳақида ҳам қайғуради. Агар биздан фарзандларимизга обод юрт мерос қолишини истасак, ёшларимизга, уларнинг тарбиясига бепарво бўлмаслигимиз керак. Чунки, бир халқни ўзига қарам қилмоқчи бўлганлар ўша халқ амал қилиб келаётган минг йиллик қадриятларини йўқ қилишга, ватанга муҳаббат, динга ҳурмат ва оила муқаддаслиги тушунчаларига путур етказишга ҳаракат қилади. Бу йўлда улар барча воситалардан фойдаланади. Интернет, мусиқа, миссионерлик, кино ва ҳаттоки мультфильмлар ҳам уларнинг қўлида қуролга айланади, биз сезмаган ҳолда хонадонимизга ҳам суқилиб киради. Бу масалада оталарнинг зиммасида катта масъулият бор.

Аслида, таълим-тарбия оиладан бошланади. Фарзандига одоб-ахлоқ ўргатиш ота-онанинг биринчи галдаги вазифаси саналади. Зеро, Пайғамбаримиз  саллаллоҳу алайҳи васаллам:

عَنْ أَيّوبِ بْنِ مُوسَى عَنْ أَبِيهِ عَنْ جَدّهِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُم أَنّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ:"مَا نَحَلَ وَالِدٌ وَلَداً مِنْ نُحْلٍ أَفْضَلَ مِنْ أَدَبٍ حَسَنٍ"(رَوَاهُ الْإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ).

яъни: Айюб ибн Мусо разияллоҳу анҳу отасидан, у киши бобосидан ривоят қиладики, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ота фарзандига чиройли одобдан ҳам кўра яхшироқ ҳадя (мол-давлат) бера олмайди”, –деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти). Шу нуқтаи назардан, фарзанд таълим-тарбияни биринчи галда оилада ота-онасидан олади. Оила катталари онги-дунёқараши эндигина шаклланиб келаётган мурғаккина ёшга миллий-диний қадриятларимизни, одоб-ахлоқнинг энг гўзал намуналарини ўргатадилар.

Кейинги вақтда хотин-қизлар ўртасида кийиниш борасида миллийлигимизга зид тарздаги кўринишлар ҳам кўзга ташланмоқда. Ўзимизнинг диний ва миллий қадриятларимизга, қадимдан оналаримиз ва момоларимизнинг кийинишларига умуман тўғри келмайдиган, араб давлатларига кўр-кўрона тақлид қилиб, ниқобланиш, ажнабийча либосларга бурканган ҳолда кийиниш ўзлигимизни унутиб бораётганимиздан далолатдир.

Рамазон ҳайити куни муҳтарам Юртбошимиз Ислом цивилизация маркази қурилишининг тамал тошини қўйдилар. Ҳозирги кунда бу иншоот қурилиши жадал суратлар билан олиб борилмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан ташкил қилинган Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳам ўз таркибидаги ўрта таълим (лицей), олий таълим (бакалавр, магистр) ва таянч докторантурага талабалар қабул қилиб, ўз фаолиятини бошлаб юборди. 

Кейинги икки йилда Ҳаж сафарига борувчилар сони икки мингтага оширилгани ҳам  мўмин-мусулмонларимизнинг чексиз қувончига сабаб бўлди. Зеро, Аллоҳ таолонинг байтини Ҳаж қилиш ҳар бир мусулмоннинг орзуси саналади. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ҳажга бориш шунчаки зиёрат эмас, балки юксак масъулият саналади. Шунинг учун ҳар бир ҳожи қолган ҳаёти давомида эл-юртга ўрнак бўлиб, маҳалладаги кам таъминланган, ёрдамга муҳтож кишиларнинг ҳомийси, адашганни тўғри йўлга солувчи, нотинч оилалар ўртасини ислоҳ этувчи халқ орасидаги юксак маънавиятли инсонга айланмоғи лозим.

Жорий йил муборак қурбон ҳайитининг биринчи уч куни мамлакатимизда дам олиш кунлари этиб белгилангани, байрам муносабати билан муҳтарам ЮртбошимизнингЎзбекистон халқига Қурбон ҳайити табригини йўллашлари шу мўътабар заминда умргузаронлик қилаётган ёшу қарини беҳад қувонтирди. Бу эса давлатимиз Раҳбарининг диний-маърифий қадриятларимизга бўлган эътиборидан яққол далолатдир.

Албатта, амалга оширилаётган хайрли ишлар замирида юртимиздаги тинчлик ва осойишталик алоҳида ўрин тутади. Зеро, тинчлик бор юртда ривожланиш, тараққиёт бўлади. Бу неъматларнинг давомли ва зиёда бўлиши эса шукронага боғлиқдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

... لَئِنْ شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ ...(سورة إبراهيم الآية-7)

яъни: “...агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман...”,– деб марҳамат қилган (Иброҳим сураси, 7-оят).

            Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида эришилган муваффақиятлардан яна бири бу – қўшни мамлакатлар билан ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларнинг янада ривожлантирилиши бўлди, десак асло муболаға бўлмайди.

Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон Республикалари раҳбарларининг мамлакатимизга амалга оширган давлат ташрифлари, эришилган натижалар минтақа мамлакатларининг янада гуллаб-яшнашига хизмат қилади.

Табиийки, инсон қаерда дунёга келса, ана шу ер унинг учун азиз Ватан ҳисобланади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳеч нарсага алмаштириб бўлмайдиган, ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир. Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам ўзлари туғилиб ўсган шаҳар Маккаи мукаррама ҳақида шундай деганлар:

عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ، رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مَا أَطْيَبَكَ مِنْ بَلْدَةٍ وَأَحَبَّكَ إِلَيَّ" (رَوَاهُ الْإِمَامُ ابْنُ حِبَّانَ).

яъни: Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Қандай ҳам яхши шаҳарсан! Менга қандай ҳам севимлисан!” (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).

Демак, Ватанни севиш, уни соғиниб яшаш инсон табиатида мавжуд бўлган нозик ҳисдир. Ватанни севиш фақат тилда қолиб кетмаслиги, балки ватандошлар юрт равнақи учун бирлашиши, бир-бирига хайрихоҳ бўлиб, дунё-охиратда фойдали ишларга ҳаракат қилишлари керак. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

...وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ(سورة المائدة الآية-2).

яъни: “...Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).

Мана шу севимли Ватанда яшаётган ҳар бир мўмин-мусулмон, авваламбор, ўзи, аҳли-аёли, яқинлари ва жамиятга фойдали инсон бўлишга ҳаракат қилиши лозим. Бунинг учун ўзига юклатилган вазифани чиройли адо қилиши даркор. Биз бир пайтнинг ўзида ҳам фарзанд, ҳам ота, ҳам иш жойларимизда масъул вазифани бажарувчи фуқаромиз. Мана шу мажбуриятларни масъулият билан бажаришимиз, ҳеч бўлмаса атрофдагиларга ва жамиятга зарар етказмаслигимиз даркор. Зеро, Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُما قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "أَحَبُّ النَّاسِ إِلَى اللهِ أَنْفَعُهُمْ لِلنَّاسِ"

(رَوَاهُ الْإِمَامُ الطَّبَرَانِىُّ).

яъни: “Одамларнинг Аллоҳга энг севимлиси – бошқаларга фойдаси кўпроқ тегадиганидир” (Имом Табароний ривояти).

            Барчамизга маълумки, ўтган йили “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” давлат дастури асосида Республика миқёсида аҳолини турмуш тарзини ўрганиш, муаммоларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш юзасидан тизимли ишлар йўлга қўйилди. Натижада, нафақат шаҳар ва вилоят марказлари, балки чекка ҳудудларда ҳам “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бу эса фуқароларда давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ишлардан мамнунлик ҳиссини ошириши билан бирга, уни қўллаб-қувватлашларига, келажакка катта ишонч билан боқишларига сабаб бўлмоқда.

            Ҳақ таоло барчамизни Ватанимиз тараққиёти ва фаровонлиги йўлида олиб бораётган хайрли ишларимизга ривож берсин! юртимиз Мустақиллигини бундан ҳам мустаҳкам айлаб, жонажон диёрда олам-олам орзу-ҳаваслар билан униб-ўсаётган фарзандларимизни буюк аждодларимизга муносиб, ўз Ватани ва халқига фидойи, юрт корига ярайдиган авлодлар бўлиб етишишларини насиб айласин. Барчамизга Мустақиллик байрами муборак бўлсин! Омин!

 

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Меҳр-саховат ва инсон қадри — эзгуликка йўғрилган хайрли ташаббус

14.08.2026   50701   3 min.
Меҳр-саховат ва инсон қадри — эзгуликка йўғрилган хайрли ташаббус

Инсонга меҳр кўрсатиш, муҳтожнинг ҳолидан хабар олиш, беморга тасалли бериш ва эҳтиёжмандларга кўмак қўлини чўзиш халқимиз маънавиятининг азалий фазилатларидандир. Ислом таълимотида ҳам саховат, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш энг улуғ амаллардан бири сифатида эътироф этилган. Чунки бир инсоннинг кўнглини кўтариш, унинг қалбига умид ва ишонч бағишлаш жамиятда меҳр-муҳаббат, ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлайди.

Шу эзгу қадриятларни ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва юртдошларимиз қалбида меҳр-шафқат туйғуларини янада кучайтириш мақсадида 2026 йил 13 август куни Самарқанд вилояти Ургут туманида кенг кўламли маънавий-маърифий ҳамда хайр-саховат тадбирлари ўтказилди.

Мазкур хайрли тадбирларда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби вазифасини вақтинча бажарувчи Нурсултонхон домла Абдуманнонов, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров, ВАҚФ хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти филиали раҳбари Ёқубжон домла Мансуров, унинг ўринбосари А.Султонов, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, «Ҳаж–2026» зиёратчилари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган ушбу хайрли акция доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисидан айрилган 300 та оила ҳолидан хабар олинди. Уларнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, турмуш шароитлари ўрганилди, оилаларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

Ташрифлар давомида бемор ва кексаларнинг ҳолидан хабар олиниб, улар билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларнинг ҳаққига шифо, хонадонларига файзу барака, юртимизга тинчлик-хотиржамлик тилаб дуолар қилинди. Зеро, муҳтожнинг кўнглини кўтариш ва уни ёлғиз эмаслигини ҳис эттириш ҳам инсонпарварликнинг юксак кўринишидир.

Шу билан бирга, ҳаётида турли ижтимоий қийинчиликларга дуч келган ҳамда ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиш хавфи мавжуд бўлган айрим фуқаролар билан якка тартибда мулоқотлар ташкил этилди. Суҳбатларда соф эътиқод, оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, ҳалол меҳнат, Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат, шунингдек, турли бузғунчи ғояларга нисбатан маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш масалалари ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди.

Тадбирлар доирасида Ургут туманидаги жоме масжидларда пешин намозидан сўнг маънавий-маърифий учрашувлар ҳам ўтказилди. Уларда меҳр-оқибат, қўни-қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва диний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, оила тинчлигини асраш, жамиятда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини қарор топтириш каби долзарб мавзулар атрофлича ёритилди.

Учрашувлар якунида мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақи ва ёш авлоднинг илмли, одобли ҳамда ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етиши ҳақида хайрли дуолар қилинди.

Бугун юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-саховат ва ўзаро ғамхўрлик муҳитини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ургут туманида ўтказилган мазкур хайрли тадбирлар ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиб, аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлади.

Меҳр бор жойда ишонч, саховат бор жойда барака, инсон қадри улуғланган жамиятда эса тинчлик ва фаровонлик қарор топади. Ана шундай эзгу амаллар халқимиз ўртасидаги бирдамлик ришталарини мустаҳкамлаб, юртимизнинг янада обод ва файзли бўлишига хизмат қилади.

Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари