Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Апрел, 2026   |   20 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:32
Қуёш
05:54
Пешин
12:30
Аср
17:02
Шом
19:00
Хуфтон
20:16
Bismillah
09 Апрел, 2026, 20 Шаввол, 1447

Қайтар дунё (ибратли ҳикоя)

26.08.2018   11726   2 min.
Қайтар дунё (ибратли ҳикоя)

Қадим замонда донишмандлиги билан юксак обрў-эътибор қозонган киши бор эди. У барчага меҳрибон, тўғри йўл кўрсатувчи, ҳамдард ва ҳамсуҳбат эди.

Бир куни донишманднинг ҳузурига сув сотувчи ғамгин ҳолда келди. Унинг маҳзунлигини кўрган донишманд:

– Болам, бирор мусибатинг борми? – деб сўради.

– Йўқ, ...аммо... қандай айтишни билмай турибман – деб жавоб берди сув сотувчи.

– Гапиравер, уялма, дардингни айт, – деди донишманд куйиниб.

– Кечирасиз, деб гап бошлади сотувчи минг хижолат ила. Сизнинг фарзандингиз бугун олтинчи мешимни жуволдиз (бигиз) билан тешди. Биласиз, фақир одамман, нима қилишни билмай қолдим. Янгисини олишга пулим ҳам қолмади.

Донишманд:

– Хафа бўлма, болам, бир чорасини топаман. Ҳозирча мана бу пулни олиб, бошқа меш сотиб ол, – деди.

Ота “нега фарзандим бундай ишга қўл урди?” деган саволнинг жавобини ўйлаб ўйига ета олмади. Шундан сўнг, аёлига бўлган воқеани айтиб:

– Қандай қилиб ўғлимиз бу хунук ишга қўл урди. Хатоимни ҳеч ўйлаб топа олмадим. Сен ҳам яхшилаб ўйлаб кўр, – деди.

Орадан бироз вақт ўтиб, аёли:

– Эсимга тушди, – деди ҳаяжонланиб. Ўғлимизга ҳомиладор бўлганимда меҳмонга борган эдим. Дастурхондаги апелсинга кўзим тушиб, жуда ҳам егим келди. Бироқ дастурхонга қўл узатишга тортиндим. Катта ёшдаги қария онахонларнинг: “Ҳомиладор аёлнинг кўнгли бирор нарсани тусаганда ундан тотиб кўрмаса, туғилажак фарзандига салбий таъсир кўрсатади”, дейишгани ёдимга тушди. Боламизга путур етишидан қўрқиб, мезбондан сув сўрадим. Сув олиб келишга чиқиб кетганида, ёқамдаги тўғноғични олиб, апелсинга тиқиб яладим.

Донишманд:

– Тез бориб уй эгасидан узр сўра, – деди.

– Уларга нима дейман? Шу арзимаган иш учун ҳам узр сўраш шартми? – деди аёли эътироз билдириб.

– Хонадан аҳлидан розилик сўра. Фарзандимиз олти ёшга тўлди. Ўша воқеадан олти йил ўтиб, тўғноғичинг ўғлимиз қўлида бигиз бўлди. Сенинг қилган ишинг давом этмоқда. Кейин кеч бўлмасин, – деди донишманд.                                                                      

Ўрол ТУРОБОВ,     

Бахмал туманидаги “Лаби-ҳовуз” жоме масжиди имом-хатиби

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

"Имом Термизий" билим юрти битирувчилари ишга тақсимланди

08.04.2026   10550   1 min.

Шу йилнинг 8 апрель куни "Имом Термизий" ўрта махсус ислом таълим муассасасида битирувчи курс талабаларининг келгуси фаолияти ва ишга тақсимотига бағишланган тадбир ташкил этилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг масъул ходимлари Абдуносир Бобомирзаев, Муҳаммадяҳё Ходжаев ҳамда Дилмурод Раҳимов иштирок этди.


Таълим муассасаси директори К.Исламов ҳамроҳлигида меҳмонлар дастлаб ўқув жараёнлари, дарс сифати ва талабалар билимини оширишга қаратилган методик ёндашувлар билан яқиндан танишдилар. Шундан сўнг битирувчи курс талабалари билан юзма-юз мулоқот ўтказилди. Учрашув давомида бўлажак мутахассисларга уларнинг ишга тақсимоти, фаолият бошлайдиган масжид ва муассасалардаги вазифалари ҳамда касбий масъулияти юзасидан атрофлича маълумот берилди.


Ташриф якунида мутахассислар томонидан таълим сифатини янада ошириш, тарбиявий ишларни кучайтириш ҳамда талабалар учун шароитларни такомиллаштириш бўйича муҳим тавсиялар билдирилди. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, 2025-2026 ўқув йилида мазкур таълим муассасасини 24 нафар талаба тамомлаб, диний-маърифий соҳада ўз хизмат фаолиятини бошлаш арафасида турибди. 

“Имом Термизий” ЎМИТМ

Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари