Савол: Сажда қилганида қуймичи, белининг паст қисми очилиб қолган кишининг намози дуруст бўладими?
Жавоб: Намозда аврат аъзоларининг тўртдан бири ёки ундан кўп қисми очилиб қолишининг ҳукми ўша аъзонинг ҳаммаси очилиб қолганининг ҳукми кабидир. Намозда ёпилиши керак бўлган аврат аъзоларининг тўртдан бири очилиб қолса ва шу ҳолда бир рукнни адо этса, намоз бузилади. Агар иккита аврат аъзонинг тўртдан биридан ками очилиб қолиб, улар қўшилганида бир аъзонинг тўртдан бирига тўғри келса, намоз бузилади. Аммо очилган авратни дарҳол ёпиб олган кишининг намози билиттифоқ бузилмайди. Аврат бўлган аъзонинг тўртдан биридан кам қисми очилиб қолса, зарари йўқ. Авратининг тўртдан бири очилиб, бир рукн адо этилиши муддатича турган кишининг, Имом Абу Юсуф наздида, намози бузилади. Имом Муҳаммад эса бузилмаслигини айтган (“Фатовойи Ҳиндия”).
Демак, сажда қилганида қуймичи, белининг киндикдан пастки қисми очилиб қолган одамнинг намози дуруст бўлмайди.
“СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...” китобидан
Сабрсизлик мусулмонлар орасида турли ихтилофлар, уруш-жанжаллар келиб чиқишига сабаб бўлади. Аллоҳ Таоло сабр қилувчилар билан бўлади. Уларни турли ёмонликлардан асрайди. Сабр қилмай, чидамсиз бўлганлар эса, ихтилоф гирдобига дучор бўладилар.
Ояти кариманинг охирида Аллоҳ таоло: “Ва сабр қилинг. Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар биландир”, деб марҳамат қилган.
Шунингдек, Аллоҳ таоло “Рум” сураси 31-32 оятларда мўмин-мусулмонларга қуйидаги хитобни қилади: “...Ва мушриклардан бўлманг. Динларида тафриқага тушган, гуруҳ-гуруҳ бўлиб олиб, ҳар бир жамоа ўз олдидаги нарсадан шод бўлганлардан бўлманг”.
Демак, динда тафриқага тушиш мушрикларнинг иши бўлиб танилган экан. Гуруҳ-гуруҳ бўлиб олиб, ихтилоф чиқариш, талашиб-тортишиш ҳам мушрикларнинг иши экан. Ҳар бир жамоа ўз олдидаги нарсадан шод бўлиб, бошқаларни паст санаши ҳам мушрикларнинг иши экан.
Аллоҳ таоло “Анъом” сураси 109-оятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб: “Динларини тафриқа қилиб, ўзлари гуруҳбозлик қилганлар билан ҳеч бир алоқанг йўқ. Албатта, уларнинг иши Аллоҳнинг Ўзига ҳавола. Сўнгра қилган ишларининг хабарини берур”, деган.
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло тафриқа ва гуруҳбозликка олиб борадиган низо ҳамда ихтилофларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларидан бошқа, ул ҳидоят йўлига тескари йўл ҳисобламоқда. Аллоҳ таоло бу оятда тафриқа ва гуруҳбозлик Пайғамбаримизнинг умматларига муносиб эмаслигини қаттиқ таъкидламоқда.
Аллоҳ таоло “Оли Имрон” сурасида сиз билан биз мусулмонларга хитоб қилиб: “Ўзларига очиқ баёнотлар келганидан кейин бўлиниб, тафриқага тушганларга ўхшаш бўлманглар! Ана ўшаларга улуғ азоб бордир”, деган.
Тафриқага тушиб бир-биримиз ила тортишиш низолар урчиб, файзу барака кўтарилишига сабаб бўлади.
Янгиқўрғон тумани "Сайид бобо Термизий" жоме масжиди
имом-хатиби Абдували Маҳмудхонов
@SOFTALIMOTLAR