Аллоҳ таоло жаннатда бандалари учун шундай неъматларни тайёрлаб қўйганки, у неъматларни кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган, инсоннинг хаёлига келмагандир. Жаннатдаги неъматлар орасида мевалар ҳам бор. Биз шу мевалар ҳақида сўз юритсак.
Дунёда олма, анор, беҳи, анжир, узум каби мевалар бор. Худди шу номдаги мевалар жаннатда ҳам бор. Аммо уларнинг таъми дунё мевалариникидан тубдан фарқ қилади.
Дунёда мева ейиш учун бозорга бориш, мевани сотиб олиш, уйга келиб, уни ювиб, кейин ейилади. Агар олдимиздаги дастурхонда тайёр ювилган мевалар турган бўлса ҳам, барибир, уларга қўл чўзишимиз керак. Жаннат мевалари эса ундай эмас. Қўл чўзишга, интилишга, қийналишга ҳожат йўқ. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:
وَجَنَى الْجَنَّتَيْنِ دَانٍ
“Икки жаннат мевалари яқин бўлган...” (Роҳман сураси, 54-оят).
Яна бир оятда бундай деган:
قُطُوفُهَا دَانِيَةٌ
“Унинг мевалари яқиндир” (Ҳааққаҳ сураси, 23-оят).
Бошқа бир оятда бундай дейилган:
وَدَانِيَةً عَلَيْهِمْ ظِلَالُهَا وَذُلِّلَتْ قُطُوفُهَا تَذْلِيلاً
“Ва устиларига у(жаннат)нинг соялари яқиндир ҳамда унинг мевалари жуда ҳам осон қилингандир” (Инсон сураси, 14-оят).
Оятлардан кўриниб турибдики, жаннат мевалари уни еювчиларга яқин ва осон қилиб қўйилган. Улар ҳеч бир қийинчиликсиз, муаммосиз улардан ейдилар.
Дунёдаги мевалар еган сари тугайди. Бозорга бориб мева сотиб олсак ҳам бозордаги барча меваларни сотиб олмаймиз, балки ўзимизга керакли миқдордагисини сотиб оламиз. Мабодо бозордаги барча меваларни сотиб олган тақдиримизда ҳам улар барибир тугайди. Аммо жаннат мевалари ҳеч қачон тугамайди. Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай деб марҳамат қилган:
وَفَاكِهَةٍ كَثِيرَةٍ لَّا مَقْطُوعَةٍ وَلَا مَمْنُوعَةٍ
“Сероб мевалардадир. Тугамайдиган ва ман қилинмайдиганлардадир” (Воқеа сураси, 32-33-оятлар).
Яъни жаннат меваларини шох ҳам, тикан ҳам, узоқлик ҳам ман қилмайди. Уларни ейишда ҳеч қандай тўсиқ ва муаммо бўлмайди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисда шундай деганлар:
“Агар киши (жаннатда) бир мевани узиб еса, (ейилган меванинг) ўрнига бошқаси келади” деганлар. Имом Ҳоким ривояти.
Бозорда баъзан биз истаган мева топилмай қолиши мумкин. Қиш фаслида ёғингарчилик кам бўлиши ёки совуқ қаттиқ келиши сабаб бўлиб, мевалар нобуд бўлиши мумкин. Натижада биз кўнлимиз тусаган, яхши кўрган мевани тополмаслигимиз ҳеч гап эмас. Жаннатда эса бундай бўлмайди. Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай деб марҳамат қилади:
وَفَاكِهَةٍ مِّمَّا يَتَخَيَّرُونَ
“Ва улар хоҳлаган мевалар билан” (Воқеа сураси, 20-оят).
Аллоҳ таоло бу оятда жаннат аҳли жаннатда истаган, егилари келган, кўнгиллари тусаган меваларни ейишлари, жаннатда хизмат қиладиган йигитлар уларга истаган меваларини ҳозирлаб туришлари ҳақида хабар беряпти.
Бу каби битмас-туганмас, еювчига яқин келадиган мевалардан истаганча ейиш учун нима қилишимиз керак? Бу ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай баён қилган:
إِنَّ الْمُتَّقِينَ فِي ظِلَالٍ وَعُيُونٍ وَفَوَاكِهَ مِمَّا يَشْتَهُونَ كُلُوا وَاشْرَبُوا هَنِيئاً بِمَا كُنتُمْ تَعْمَلُونَ إِنَّا كَذَلِكَ نَجْزِي الْمُحْسِنينَ
“Албатта тақводорлар соялар ва булоқлардадир. Ва ўзлари хоҳлаган мевалардадир. Енглар ва ичинглар, ош бўлсин. Қилган амалларингиз сабабидандир. Албатта, Биз муҳсинларни шундай мукофотлармиз” (Мурсалот сураси, 41-44-оятлар).
Оятдан кўриниб турибдики, жаннатдаги гўзал неъматлар, мевалардан истеъмол қилишимиз, абадий роҳатга эришишимиз учун тақводор бўлишга, яъни Аллоҳнинг буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтишга, муҳсин бўлишга, яъни яхшилик қилишга, эҳсон қилишга, Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қилишга ҳаракат қилмоғимиз лозим.
Аллоҳ таоло барчамизни тақводор, муҳсин бандаларидан қилсин ва жаннат неъматлари билан ризқланишимизни насиб айласин!
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
عن جابر بن عبد الله رضي الله عنهما قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم:
« المجالس بالأمانة إلا ثلاثة مجالس: سفك دم حرام، أو فرج حرام، أو اقتطاع مال بغير حق »
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мажлислар омонатдир. Фақат уч мажлис бундан мустасно: ноҳақ қон тўкиш, ҳаром шаҳвоний алоқа (зино) ва ноҳақ молни тортиб олиш ҳақидаги мажлислар” (Имом Абу Довуд ривояти).
“Мажлислар омонатдир”, яъни одамлар йиғилган ҳар қандай мажлисда айтиладиган гаплар омонат ҳисобланади. Агар суҳбатдошлар маълум бир гапнинг сир сақланишини истасалар ёки вазият шуни тақозо этса, у ҳолда у гапни бошқаларга тарқатиш жоиз эмас.
Бунга қуйидагилар киради: шахсий сирлар; оилавий маслаҳатлар; ишхона ёки ташкилот йиғилишлари; давлат ишларига оид махфий суҳбатлар; фақат иштирокчиларга тегишли бўлган маълумотлар.
“Омонат” дегани фақат мол-мулкни сақлаш эмас, балки сирни, маълумотларни ва эшитилган гапни ҳам сақлашни ўз ичига олади.
Нима учун мажлис омонат деб аталган? Чунки одамлар бир-бирига ишониб, эркин маслаҳатлашиши ва дардини айтиши учун уларнинг гаплари ташқарига чиқмаслиги зарур. Агар мажлисда ёки бирор йиғинда қатнашган киши эшитганларини бошқаларга тарқатаверса, одамлар бир-бирига ишонмай қўяди, ғийбат ва чақимчилик кўпаяди, муносабатлар бузилади, жамиятда ўзаро ишонч йўқолади. Шу боис солиҳ салафлар мажлис сирини ошкор қилишни омонатга хиёнат деб ҳисоблашган.
“Фақат уч мажлис бундан мустасно...” яъни баъзи ҳолларда сир сақлаш мумкин эмас. Агар бир киши: “Мен фалончини ўлдирмоқчиман ёки унга зарар етказмоқчиман” деса ва унинг бу иши жиддий экани маълум бўлса, уни яшириш жоиз эмас. Балки қотилликнинг олдини олиш учун тегишли масъулларни ёки ҳуқуқни музофаза қилувчи ташкилотлар вакилларини огоҳлантириш шарт.
“Ҳаром шаҳвоний алоқа (зино)”. Агар бир киши зино қилиш ёки бировнинг номусига тажовуз қилиш нияти борлигини билдирса, бу ҳақда ҳам сукут қилиш мумкин эмас. Бундай ҳолда жабрланувчини ёки бунинг олдини оладиган масъул шахсларни огоҳлантириш лозим бўлади.
“Ноҳақ молни тортиб олиш”. Агар кимдир ўғрилик, фирибгарлик қилишни, бировнинг ҳақини тортиб олишни режалаштираётганини айтса, бу сирни ҳам сақлаб туриш жоиз эмас. Чунки бу бошқаларнинг ҳақига тажовуздир.
Хўш, шундай вазиятга дуч келган киши қандай йўл тутиши лозим?
Аввало, ўша одамга насиҳат қилинади ва Аллоҳдан қўрқиши эслатилади. Агар у фикридан қайтмаса ва хавф ҳақиқий бўлса, зарарнинг олдини олиш учун тегишли шахсларга хабар берилади. Бу хабар бериш фақат жиноятни тўхтатиш бўлиши керак, одамни шарманда қилиш ёки обрўсини тўкиш эмас.
Хулоса қилиб айтганда, барча ҳадислар каби мазкур ҳадис ҳам мўмин-мусулмонларга жуда муҳим ахлоқий қоидани ўргатади: мажлисда эшитилган гаплар омонат ҳисобланади ва уларни эгасининг розилигисиз тарқатиш асло мумкин эмас. Бироқ агар бу сирни сақлаш оқибатида инсоннинг жонига, номусига ёки мол-мулкига катта хавф туғилса, зарарнинг олдини олиш учун шу ҳақда хабар бериш баъзи ҳолларда вожиб бўлади. Шу тариқа Ислом ҳам омонатни сақлашни, ҳам одамларнинг ҳаёти, номуси ва мол-мулкини муҳофаза қилишни таъминлайди.
Манбалар асосида
Т.НИЗОМ тайёрлади.