Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Август, 2026   |   13 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:18
Қуёш
05:43
Пешин
12:25
Аср
17:09
Шом
19:10
Хуфтон
20:30
Bismillah
26 Август, 2026, 13 Рабиъул аввал, 1448

Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)

25.08.2018   45946   15 min.
Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)

Tўлиқ исми: Умар ибн Хаттоб ибн Нуфайл ибн Абдулузза ибн Каъб ибн Луай ибн Фиҳр бўлиб, тўртинчи бобоси Каъб ибн Луайда Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва салламнинг насаблари билан туташади.

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу Қурайш қабиласининг Бану Адий уруғидан. Жоҳилият даврида қабиланинг элчиликка масъул кишиси бўлган.

Фил йилидан ўн уч йил ўтиб туғилган. Набий соллалоҳу алайҳи ва салламга нубувват келганида йигирма етти ёшда бўлган ва нубувватнинг олтинчи йили Исломни қабул қилган. Мўминлар амири бўлганида эллик икки ёшда эди. Унинг амирлик даври ўн йилу олти ою тўрт кун давом этган. Олтмиш икки ёшида вафот этган. Отаси Хаттоб Қурайш бошлиқларидан, онаси Ҳамна бинти Ҳошим эди. Аммасининг ўғли Валид ибн Муғира Холид ибн Валиднинг отаси бўлган.

Болалари: ўғли Абдуллоҳ ибн Умар Набий соллалоҳу алайҳи ва салламнинг феълларига энг кўп эргашган саҳобалардан. Қизи Ҳафса Набий соллалоҳу алайҳи ва салламнинг завжасидир. Умар розияллоҳу анҳунинг Фотима ва Осим исмли фарзандлари ҳам бўлган. Қолган уч фарзандини Набий соллалоҳу алайҳи ва салламнинг: «Аллоҳга энг ёқимли исм “Абдуллоҳ” ва “Абдураҳмон”дир», деган ҳадисларини эшитгач, битта ном билан атаган: “Катта Абдураҳмон”, “Ўртанча Абдураҳмон” ҳамда “Кичик Абдураҳмон”.

Лақаблари: учта лақаби бўлиб, иккитасини Набий соллалоҳу алайҳи ва саллам қўйганлар. Биринчиси: “Абу Ҳафс” шернинг боласи деган маънони англатади.

“Абу Ҳафс” деб қизи Ҳафсага нисбатан айтилган деган фикр ҳам бор. Иккинчи лақаби “Форуқ”. Набий соллалоҳу алайҳи ва саллам: “Сен Форуқсан, яъни: Аллоҳ сен орқали ҳақ билан ботилнинг орасини ажратади”, дея марҳамат қилганлар. Учинчи лақаби эса “мўминлар амири”дир.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу баланд бўйли бўлганидан, келаётганини кўрган одам уни отлиқ деб ўйларди. Мушаклари бақувват, мўйлови энли, ўзи оқ-сариқдан келган, чиройли юзли киши бўлган. Юрганида тез, шахдам-шахдам қадам ташларди. Ўктам овозда гапирар, хаёл билан турган одам товушидан қўрқиб кетиши мумкин эди. Бу унинг одамлар орасидаги ҳайбатидан дарак беради.

Исломни қабул қилишидан илгари Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Аллоҳ, Исломни Умар ибн Хаттоб ёки Амр ибн Ҳишом билан қувватла!”, деб дуо қилганлар.

*  *  *

Мусулмонлар сафи кенгайиб бораётганини кузатиб турган Умар (Исломни қабул қилмасидан илгари) Набий соллалоҳу алайҳи ва салламни ўлдиришга қарор қилади. Макка кўчаларидан қиличини яланғочлаганича Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг уйлари томон юра бошлайди. Уни саҳобалардан бири кўриб қолиб: “Йўл бўлсин, эй Умар”, деб сўрайди. Умар: “Муҳаммаднинг олдига, уни ўлдираман ва Қурайшни ундан қутқараман”, дейди. Саҳоба Набий соллалоҳу алайҳи ва салламга зарар етиб қолишидан чўчиб: “Бани Абдулмуталлиб бунга йўл қўяди деб ўйлайсанми?” дейди. Бу гапни эшитган Умар: “Қарасам, сен ҳам Муҳаммадга эргашганга ўхшайсан, диндан чиқибсан”, деб таҳдид қилади. Саҳоба: “Йўғ-е, бундай эмас. Лекин, эй Умар, олдин ўзингнинг этагингни йиғиштир, Муҳаммаднинг ҳузурига боришдан олдин синглинг ва куёвингни тарбиялаб ол. Улар Муҳаммадга эргашиб кетишган”, дейди. Бу гапдан Умарнинг тепа сочи тикка бўлади ва синглисининг уйига йўл олади. Саҳоба эса тезда Набий соллалоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бориб, у кишини вазиятдан огоҳлантиради.

Умар синглисининг уйида куёви Саидни ушлаб олиб: “Динингдан қайтиб, Муҳаммадга эргашибсан, шундайми?” деб дўқ уради. Саид: “Тўғри йўл сенинг динингдан бошқа динда бўлса-чи?” деб эътироз билдиргани заҳоти кучли зарба ейди. Умар Саиднинг устига ташланиб, аёвсиз ура бошлайди. Юзига ураётган вақтида Фотима бинти Хаттоб келиб қолади ва Умарни эридан нари қилишга уринади. Фотима акасига: “Акажон, тўғри йўл сенинг динингдан бошқа динда бўлса, нима дейсан?!” дейди дадиллик билан. Натижада бир тарсаки ейди. Шу пайтда бехосдан қўлидаги варақ тушиб кетади. Буни кўрган Умар: “Уни менга узат-чи!” дейди буйруқ оҳангида. Синглиси: “Сен нопоксан, бунда эса Аллоҳнинг каломи бор, уни фақат пок кишиларгина ушлайди, бориб ювиниб кел”, дейди. Умар ювиниб келгач, қоғозни ўқий бошлайди. Бу Тоҳо сураси эди: «То, ҳо. (Эй Муҳаммад!) Биз Сизга бу Қуръонни (дин ишида) машаққат чекишингиз учун эмас, балки (Аллоҳдан) қўрқадиган кишилар учун эслатма сифатида нозил қилдик. (У) Ерни ва юксак осмонларни яратган зот (Аллоҳ томони)дан нозил қилингандир. (У) Арш узра “муставий” бўлмиш Раҳмондир. Осмонлардаги, Ердаги ва уларнинг орасидаги ҳамда замин остидаги бор нарса Уникидир. Агар (Сиз) ошкора гапирсангиз ҳам (ёки хуфиёна гапирсангиз ҳам), албатта, У сирни ҳам, энг махфий нарсаларни ҳам билур. Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Унинг “Асмои Ҳусно”си (гўзал исмлари) бордир» (Тоҳо, 1–8). Шундан сўнг Умар: “Бу сўзни фақат оламларнинг Раббиси айта олади. Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ. Мени Муҳаммаднинг ҳузурига олиб боринглар”, дейди. Хабоб ибн Арат унинг олдига чиқиб: “У зот соллалоҳу алайҳи ва саллам Арқам ибн Абу Арқамнинг хонадонидадир. Мен сенда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг: “Аллоҳим, Исломни Умар ибн Хаттоб ёки Амр ибн Ҳишом билан қувватла!”, дея қилган дуоларининг ижобатини кўряпман”, дейди. Умар ибн Хаттоб бу гапдан хурсанд бўлиб кетди ва Арқамнинг уйига бориб эшик қоқади. Умар ичкарига киргач, Пайғамбаримизнинг тиззаларига ўзини ташлайди. Шунда Расулуллоҳ(соллалоҳу алайҳи ва саллам)­: “Энди имон келтирасанми, эй Умар”, дейдилар. Умар ибн Хаттоб: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расули эканига гувоҳлик бераман”, дея шаҳодат калимасини айтади.

*  *  *

Набий соллалоҳу алайҳи ва саллам унга жаннат башоратини берганлар. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу айтади: «Мен Набий соллалоҳу алайҳи ва салламни масжиддан изладим. Тополмагач, у зотнинг қаердаликларини сўрадим. Менга ҳозиргина чиқиб кетганларини айтишди. Арис қудуғига етганимда, у зот оёқларини қудуққа солиб ўтирган эканлар. Эшикбон бўлиб туришни мақсад қилдим. Шу пайт Абу Бакр келди. Унга: “Бугун мен эшикбонман. Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам) рухсат бермагунларича ичкарига кирмайсан”, деб айтдим. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) ҳайрон бўлди ва рухсатни кутиб турди.

Сўнг Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига бориб: “Эй Аллоҳнинг расули, Абу Бакр сиздан киришга изн сўраяпти”, деб айтдим. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам унинг келганидан хурсанд бўлиб, табассум қилдилар ва: “Киришига рухсат бер ва унга жаннат башоратини ҳам бер”, дея марҳамат қилдилар. Айтганларидай қилдим. Абу Бакр ичкарига кириб, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига ўтирди ва у ҳам оёқларини қудуққа солиб олди. Шу вақт ҳазрат Умар келиб қолди. Энди ичкарига кирмоқчи бўлганида “Бугун мен эшикбонман, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам рухсат бермагунларича ичкарига кириш йўқ”, деб айтдим. Набий соллалоҳу алайҳи ва саллам унга ҳам ижозат бериб, жаннат хабарини айтдилар».

*  *  *

Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари орасида ўтирганларида: “Абу Бакр қандай ҳам яхши инсон, Умар қандай ҳам яхши инсон”, дея марҳамат қилдилар. Бошқа бир куни Набий соллалоҳу алайҳи ва саллам масжидга кирибоқ: “Абу Бакр қаерда? Олдимга келсин. Умар қаерда? Олдимга келсин”, деб айтдилар. Олдиларига келганларида эса, иккисининг ҳам қўлидан тутиб: “Қиёмат кунида худди шундай қайта тириламиз”, дедилар. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ бундай ҳикоя қилади: «Қиёмат куни Ислом одам суратида келади. Сўнг одамларга бирма-бир қараб: “Эй Раббим, мана бу менга ёрдам берди, мана бу мени хор қилди”, деб айтади. Сўнгра Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга қараб унинг қўлидан тутади ва: “Эй Раббим, мана шу киши Исломни қабул қилгунига қадар мен ғариб эдим”, дейди». Набий соллалоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Тушимда жаннатда эканим кўрсатилди. У ерда катта қаср кўрдим. Шунда мен: “Бу қаср кимники?” деб сўрадим. Менга: “Бу қурайшлик кишининг қасри”, дейилди. “Меникими?” деб сўрадим. “Йўқ, бу Умар ибн Хаттобнинг қасридир”, дейишди».

Яна бир ҳадисда Набий (соллалоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: «Тушимда жаннатда эканим кўрсатилди. У ерда улкан қасрни кўрдим. Қаср олдида бир аёл таҳорат олаётган эди. Ҳалиги аёлдан: “Бу қаср кимники?” деб сўрадим. У: “Умар ибн Хаттобники” деб жавоб берди. “Шунда Умарнинг рашкини эслаб, у ерга кирмай кетдим”, дедилар. Бу гапни эшитган ҳазрат Умар йиғлаганича: “Мен сиздан рашк қилармидим, эй Аллоҳнинг Расули?!” деди».

*  *  *

Қурайш аёллари Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва салламдан динни ўрганишаётган эди. Гаплашаётган вақтларида товушларини Набий соллалоҳу алайҳи ва салламнинг овозларидан юқори кўтариб юборишди. Шу пайт ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу эшик тақиллатиб қолди. Унинг овозини эшитгач, аёлларнинг дами ичига тушиб, қўрқиб кетишди. Набий соллалоҳу алайҳи ва саллам эса кулиб юбордилар. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу ичкарига кирганида унга: “Биласанми, Умар, анави аёллар менинг ҳузуримда гаплашиб ўтириб, овозларини меникидан баланд кўтараётган эдилар. Сен келишинг билан жим бўлиб қолдилар, нафаслари ичига тушиб кетди”, дедилар. Шунда Умар: “Эй Аллоҳнинг расули, қўрқишларига Сиз ҳақлироқсиз”, деди ва аёлларга қарата: “Эй ўз жонининг душманлари, мендан қўрқасизлар-у, Аллоҳнинг расулидан қўрқмайсизларми?!” деди. Аёллар унга жавобан: “Ахир сен қўполсан-да”, дедилар. Пайғамбар (соллалоҳу алайҳи ва саллам) кулиб юбордилар ва: “Эй Умар, агар шайтон сенга йўлда дуч келиб қолса, ўзига бошқа йўл топиб кетади”, дедилар.

*  *  *

Бир ривоятга кўра, Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам): “Тушимда мен тарозининг бир палласига, умматим эса иккинчи палласига қўйилди. Мен оғир келдим. Сўнгра Абу Бакр бир паллага ва уммат бир паллага қўйилди. Абу Бакр оғир келди. Сўнг Умар бир паллага ва уммат иккинчи паллага қўйилганди, Умар оғир келди”, дея марҳамат қилганлар.

*  *  *

“Нима учун тиланчилик қиляпсан?” дея сўради йўлда гадойчилик қилиб ўтирган бир яҳудийдан ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу кунларнинг бирида. Ҳалиги яҳудий: “Жизя тўлаш учун мол йиғяпман”, деб жавоб қилди. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу: “Биз сендан ёшлигингда жизя олиб, энди қариб-кексайиб қолганингда тиланчилик қилишга ташлаб қўйибмиз-ку! Йўқ, Аллоҳ ҳаққи, сенга албатта нафақа берамиз”, деди ва қарияга бундан олдин тиланчиликдан тушган нарсаларни эгаларига қайтаришини буюрди ва ўша ондан бошлаб барча Ислом ўлкаларига у ерда яшайдиган барча яҳудий ва насороларнинг қария ва ногиронлари, болалари ва аёлларига моддий ёрдам берилсин, деб амр қилди.

*  *  *

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу тунлари Мадина кўчаларини айланиб юришга одатланган эди. Ана шундай сайрларнинг бирида гўдак йиғисини эшитиб қолиб, яқинлашди ва ичкаридан эркак кишининг: “Болага нима бўлди? Аллоҳ ҳаққи, уни эмизгин!” дегани ва аёл кишининг: “Бориб болага егулик олиб келинг”, деб жавоб қайтарганини эшитиб қолди. Умар (розияллоҳу анҳу) яна бир кеча уларнинг эшиги олдидан ўтди. Ичкаридан яна эркак кишининг: “Аллоҳ ҳаққи, болани эмизсанг-чи”, деган танбеҳи эшитилди. Умар (розияллоҳу анҳу) учинчи кеча ана шу уйнинг олдида тунаб қолди ва эрнинг ғазаб аралаш: “Сенга ўхшаган онани ҳеч ҳам кўрган эмасман, нима бўлди ўзи?” деб сўрагани, аёлнинг: “Мени тинч қўйинг, Умар ибн Хаттоб фақат кўкракдан ажраган болалар учун маош тўлайди, менинг болам эса эмади”, деганини эшитди. Бу гапдан сўнг ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) йиғлаб юборди. Кўп йиғлаганидан бомдодда имомликка ўтиб беролмади. Бу ҳолга тушунмай турган мусулмонлар намоздан сўнг шавкатли амирнинг: “Эй Умар, Қиёмат кунида шўринг қурийдиган бўлди. Қанчадан-қанча болаларнинг ҳақига зомин бўлдинг”, дея ўзини маломат қилганини эшитишди. Сўнгра Умар розияллоҳу анҳу: “Эй одамлар, Аллоҳ ҳаққи, бугундан бошлаб, болаларингизни сутдан ажратманг. Қиёмат кунида улар туфайли сўроққа тутилмаслигим учун Исломда туғилган ҳар бир гўдакка маош тайин қиламан”, деди.

*  *  *

Бир куни ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу: “Эй одамлар, агар бошим билан дунёга шўнғиб кетсам нима қиласизлар?” деб сўради. Ҳеч ким бирор сўз айтмади. У бу саволини уч марта қайтарди. Шунда одамлар орасидан бир киши туриб: “Агар бошинг билан дунёга шўнғийдиган бўлсанг, сен билан қиличимиз билан тўғрилаб қўямиз!” деди. Шунда ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу: “Муҳаммад умматидан Умарни тўғрилаб қўядиган кишини пайдо қилган Зотга ҳамду сано бўлсин”, дея Аллоҳга ҳамд айтди.

*  *  *

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан мағлубиятга учраган Ҳирақл мусулмонлар амири билан учрашиш учун элчи жўнатади. Элчи Мадина кўчаларидан юриб, мўминлар амирининг қасрини қидира бошлайди. Бир кишидан сўраганида: “Мана шу йўлдан борсанг, уни учратасан”, деган жавобни олади. Йўлда эканида унга бошқа бир киши: “Дарахт тагида ухлаб ётган кишини кўряпсанми, ана ўша мўминларнинг амиридир”, дейди. Шунда элчи бошининг тагига оёқ кийимини қўйиб, терга ботиб ухлаб ётган Умарни кўради ва: “Адолатли ҳукм суриб, хотиржам ухладинг. Биз эса подшоҳлик қуриб, зулм қилдик ва қўрқиб бедор бўлдик. Эй мусулмонлар, шу сабаб бизнинг устимиздан ғолиб бўлдинглар”, деди.

Юлдуз КОМИЛОВА

тайёрлади.

“Ҳидоят” журналидан

ЎМИ Матбуот хизмати

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Муз нега сувда чўкмайди? Беруний ва Ибн Синонинг минг йил олдинги илмий баҳси

14.08.2026   30138   6 min.
Муз нега сувда чўкмайди? Беруний ва Ибн Синонинг минг йил олдинги илмий баҳси

Хоразмлик ёш мутафаккир Абу Райҳон Берунийнинг Аристотель физикасига билдирган тажрибавий эътирозлари ва Ибн Сино билан ёзишмалари Х-ХI асрлар бўсағасида Марказий Осиёда шаклланган мустақил танқидий илмий фикрнинг энг ёрқин намунаси ҳисобланади, хабар бермоқда ЎзА.

Х асрнинг охири ва ХI асрнинг бошларида Хоразм ва Бухоро илмий муҳитида антик давр юнон фалсафаси ҳамда табиий фанлар меросини қайта кўриб чиқишга бўлган қизиқиш ниҳоятда кучайди. Аристотелнинг “Осмон ва олам ҳақида” ҳамда “Физика” асарларидаги айрим хулосалар ўша давр тадқиқотчилари томонидан сўзсиз ҳақиқат сифатида қабул қилинаётган бир пайтда, тахминан 24–26 ёшлардаги Беруний антик муаллифнинг айрим қарашларини амалий кузатув ва математик мантиқ ёрдамида шубҳа остига олди. Беруний ўз эътирозлари ва саволларини хат орқали Бухорода яшаб ижод қилаётган, ўша вақтда 17–19 ёшларда бўлган Ибн Синога юборди. Ушбу тарихий мулоқотнинг бизгача етиб келган матни Ибн Синонинг Беруний томонидан берилган саволларга қатор жавобларидан иборат. Манбашунос ва шарқшунос Ю.Завадовский ушбу қўлёзма матнини рус тилига ўгирган ва у илк бор 1957 йилда Тошкентда нашр этилган. Кейинчалик, 1973 йилда Беруний таваллудининг 1000 йиллик юбилейи муносабати билан фалсафа фанлари номзоди А.Шарипов томонидан тайёрланган қайта нашрда ушбу ёзишмаларнинг илмий аҳамияти янада аниқроқ ёритилган.

Берунийни Аристотель таълимотидаги баъзи физик қоидаларнинг кузатув ва тажрибага зид келиши алоҳида ташвишга солган эди. Хусусан, “Физика” бўлимига оид саволлар орасида моддаларнинг нур синдириши ва иссиқлик йиғиш хусусиятига оид аниқ тажриба баён қилинади. Хоразмлик олим думалоқ ва шаффоф шиша идишни олиб, уни сув билан тўлдирганда у биллур лупа каби қуёш нурларини бир нуқтага тўплаб, аланга олдириш хусусиятига эга бўлишини кўрсатиб ўтади. Агар ушбу идиш сув ўрнига ҳаво билан тўлдирилса, ҳеч қандай нур йиғилмайди ва олов ҳосил бўлмайди. Беруний Ибн Синога мурожаат қилиб, сувнинг бундай ўзига хос таъсир кўрсатиши сабабини ва нега айнан сув мавжуд бўлганда нурлар тўпланишини сўрайди. Шарқшунос А.Шарипов тадқиқотларида таъкидланганидек, бу каби саволлар Берунийнинг шунчаки назарий мулоҳаза юритмагани, балки аниқ физик ҳодисаларни тажрибада текшириб кўрганини тасдиқлайди.

Ибн Сино Берунийнинг бу саволига жавоб берар экан, сувнинг табиатан тиниқ, зич ва силлиқ жисм эканини, шу сабабли у ўзидан ўтаётган нурни акслантириш ва қайтариш хусусиятига эгалигини тушунтиради. Оптимика масалаларида олимлар ўртасидаги баҳс Платон ва Аристотель мактабларининг қарашларини қиёслаш даражасигача етиб боради. Ибн Сино кўриш жараёни кўздан нур чиқиши орқали юз бермайди деган Аристотель позициясини ҳимоя қилади ва бу борада Платон қарашларидан фарқли ёндашувни илгари суради.

Берунийнинг яна бир эътиборга лойиқ тажрибавий саволи сув ва музнинг зичлиги ҳамда оғирлиги ўртасидаги муносабатга бағишланган. Аристотель назариясига кўра, совуқ ва тошсимон қаттиқ шаклга эга бўлган муз ўз моҳиятига кўра тупроқ элементига яқинроқ бўлиши ва сув тубига чўкиши керак эди. Лекин Беруний амалиётда музнинг сув юзида сузиб юришини кўриб, бу ҳодисанинг физик сабабини сўрайди. Ибн Сино ўз жавобида сув музлаган пайтда унинг таркибида ҳаво зарралари қотиб қолишини ва айнан шу суюқлик ичидаги ҳаво пуфакчалари музни сув тубига чўкишига йўл қўймаслигини таъкидлайди. Ю.Завадовский томонидан ўрганилган ушбу оммавий мунозара ўша давр учун моддаларнинг физик ҳолати ва термодинамика бошланғич тушунчалари бўйича муҳим қадам эди.

Космология ва фазовий геометрия соҳасида ҳам Беруний Аристотель даъволарини жиддий синовдан ўтказади. Аристотель фазода осмон сфераси оғирликка ҳам, енгилликка ҳам эга эмас, чунки у марказга ёки марказдан атрофга ҳаракат қилмайди деб ҳисоблар эди. Беруний эса хаёлий тафаккур нуқтаи назаридан осмон жисми энг оғир жисмлардан бири бўлиши мумкинлигини, унинг марказга тушмаслиги унинг вазнсизлигини англатмаслигини илгари суради. Шунингдек, Беруний фазо шакли борасида ҳам тўхталиб, осмон сфераси мукаммал шарсимон бўлиши шартлиги, у тухумсимон ёки ясмиқсимон шаклда ҳам бўлиши мумкинлигини тахмин қилади. Ибн Сино эса геометрия ва физика далилларини келтириб, агар сфера шарсимон бўлмаса, унинг ҳаракати пайтида бўшлиқ ҳосил бўлиши заруриятини исботлашга уринади.

Аристотелнинг фазода оламнинг ўнг ва чап томонлари ҳақидаги қарашлари ҳам Берунийнинг кескин танқидига учрайди. Аристотель жисмнинг ўнг томони ҳаракат бошланадиган жой деб таъриф бериб, кейинчалик Осмон ҳаракати шарқдан бошланади, демак Шарқ – бу ўнг томон деган хулоса чиқарган эди. Беруний бундай хулоса чиқариш логикада “мантиқий айлана” хатолигига олиб келишини кўрсатиб ўтади. Ибн Сино ўз жавобида Аристотель осмон сферасини тирик жисм сифатида тасаввур қилганини айтиб, антик муаллиф мантиғини ҳимоя қилишга ҳаракат қилади.

Ушбу ёзишмалар матни Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг 2385-рақамли қўлёзмалар фондида сақланиб қолган. Мазкур манбанинг бизгача етиб келишида хатларни кўчириб ёзган фақиҳ Маъсумийнинг хизмати борлиги хат охиридаги қайдларда эслатиб ўтилади. Ю.Завадовский ва А.Шарипов тадқиқотлари шуни кўрсатадики, ХI аср бошидаги бу илмий баҳс нафақат икки мутафаккирнинг шахсий мулоқоти, балки Туронда табиатшунослик фанлари ва кузатув тажрибаларига асосланган янги илмий услуб шаклланганининг тарихий исботидир.

Беруний ва Ибн Сино ўртасидаги ёзишмалар Х-ХI асрларда Хоразм ва Бухорода шаклланган илмий тафаккур даражаси антик давр фалсафасини шунчаки ўзлаштириш билан чекланмай, уни аниқ тажриба ва мантиқий таҳлил воситасида танқидий қайта кўриб чиқиш босқичига кўтарилганини англатади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ибратли ҳикоялар