Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Сентябр, 2026   |   6 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:45
Қуёш
06:05
Пешин
12:18
Аср
16:40
Шом
18:33
Хуфтон
19:49
Bismillah
17 Сентябр, 2026, 6 Рабиъус сони, 1448

Қуръони каримда Қуръон васфи

15.08.2018   32073   10 min.
Қуръони каримда Қуръон васфи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Қуръон – ҳидоят каломи. “Ушбу Китоб (Қуръон) шубҳадан холи ва (у шундай) тақводорлар учун ҳидоят (манбаи)дирким”... (Бақара сураси, 2-оят).

 

Қуръон – Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилган каломи. “Агар бандамизга (Муҳаммадга) туширган нарсамиздан (Қуръондан) шубҳада бўлсангиз, бас, сиз ҳам унга ўхшаш (биргина) сура (ёзиб) келтиринг ва Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринг – агар ростгўй бўлсангиз” (Бақара сураси, 23-оят).

 

Қуръон – тасдиқловчи калом. “Ўзингиздаги нарса (Таврот ва Инжил)ни тасдиқ этувчи ҳолда нозил қилган нарсам (Қуръон)га имон келтирингиз” (Бақара сураси, 41-оят).

 “Қачонки, уларга Аллоҳ ҳузуридан ўзларидаги нарсани (Тавротни) тасдиқ этувчи Китоб (Қуръон) келганида, илгари кофирларга қарши (худди шу китоб воситаси билан) ёрдам сўраб юрар эдилар” (Бақара сураси, 89-оят).

 “(У) Сизга (эй Муҳаммад!) Китобни (Қуръонни) ҳақиқатан ўзидан олдинги (илоҳий китоблар)ни тасдиқловчи ҳолида нозил қилди” (Оли Имрон сураси, 3-оят).

 “Балки, у (бутун) оламлар Парвардигори томонидан (келган), шубҳасиз, ўзидан олдинги нарса (илоҳий китоблар)ни тасдиқловчи ва батафсил (баён этилган) китобдир” (Юнус сураси, 37-оят).

 

Қуръон – Аллоҳнинг каломи. “Аллоҳ томонидан улардаги нарсани тасдиқ этувчи Пайғамбар (Муҳаммад) келиши билан, китоб (Таврот) берилганлардан бир гуруҳи Аллоҳнинг китоби (Қуръон)ни худди билмагандек ортларига улоқтирдилар” (Бақара сураси, 101-оят).

 

Қуръон – ҳақ ва ботилни ажратувчи калом.(Энди эса) Фурқонни (ҳақ билан ноҳақликни ажрим этувчи Қуръонни) нозил қилди” (Оли Имрон сураси, 4-оят).

 

Қуръон – мўминлар учун насиҳатдир. “Бу (Қуръон ёки мазкур гаплар) одамлар учун баёнот ҳамда тақводорлар учун ҳидоят ва насиҳат (манбаи)дир” (Оли Имрон сураси, 138-оят).

 “Албатта, Биз Сизга ушбу Китоб (Қуръон)ни одамлар орасида Аллоҳ кўрсатган йўл билан ҳукм этишингиз учун барҳақ нозил этдик” (Нисо сураси, 105-оят).

 

Қуръон – нурдир. “Эй одамлар! Сизларга Роббингиздан ҳужжат (Пайғамбар ва мўъжизалар) келди. Сизларга яна равшан нур (Қуръон)ни ҳам нозил этдик(Нисо сураси, 174-оят).

 “...нозил қилинган нур (Қуръон)га эргашганлар, айнан ўшалар (охиратда) нажот топувчи кишилардир” (Аъроф сураси, 117-оят).

 “Биз нозил қилган Нурга (Қуръонга) имон келтирингиз!” (Тағобун сураси, 8-оят).

 

Қуръон – ҳақиқатдир. “Уларга ҳақиқат (Қуръон) келиши билан уни ёлғонга чиқардилар” (Анъом сураси, 5-оят).

 “Айтинг: (Бу Қуръон) Роббингиз (томони)дан (келган) Ҳақиқатдир” (Каҳф сураси, 29-оят).

 Қуръон – огоҳлантирувчи каломдир. “Бу (Қуръон) бир муборак, ўзидан олдинги (илоҳий китоблар)ни тасдиқловчи, Уммул-қуро (деб аталмиш Макка аҳли)ни ва унинг атрофидаги кишиларни огоҳлантиришингиз учун Биз нозил қилган Китобдир” (Анъом сураси, 92-оят).

 

Қуръон – муборак каломдир. “Мана бу Биз нозил қилган муборак Китоб (Қуръон)дир, унга эргашингиз ва тақволи бўлингиз, токи раҳм қилингайсиз” (Анъом сураси, 155-оят).

 “(Эй Муҳаммад! Ушбу Қуръон) оятларини тафаккур қилишлари ва ақл эгалари эслатма олишлари учун Биз Сизга нозил қилган муборак Китобдир (Сод сураси, 29-оят).

 

Қуръон – эслатмадир. “У (Қуръон) мўминлар учун (илоҳий) эслатма ҳамдир” (Аъроф сураси, 2-оят).

“Сиз улардан бу (даъватингиз) учун бирор ажр (ҳақ) сўрамайсиз. У (Қуръон) фақатгина (барча) оламлар учун бир эслатмадир, холос” (Юсуф сураси, 104-оят).

 “Албатта, бу Қуръонда уларнинг эслатма олишлари учун (турли масал ва ҳикматларни) баён қилдик. (Лекин бу эслатмалар) уларни янада (ҳақдан) йироқлаштирмоқда” (Исро сураси, 41-оят).

(Эй Муҳаммад!) Биз Сизга бу Қуръонни (дин ишида) машаққат чекишингиз учун эмас, балки (Аллоҳдан) қўрқадиган кишилар учун эслатма сифатида нозил қилдик” (Тоҳо сураси, 2-3-оятлар).

 “Бу (Қуръон) Биз нозил қилган муборак эслатмадир. Ҳали сиз уни инкор қилувчимисиз?! (Анбиё сураси, 50-оят).

“Ҳолбуки, у (Қуръон барча) оламлар учун эслатмадир” (Қалам сураси, 52-оят).

 “Ҳақиқатан, у (Қуръон) тақводорлар учун эслатмадир” (Ҳоққа сураси, 48-оят).

 “Йўқ! У (Қуръон) бир эслатмадир (Муддассир сураси, 54-оят).

 “У (Қуръон), ҳақиқатан, бутун олам (халқи) учун эслатмадир (Таквир сураси, 27-оят).

 

Қуръон – раҳматдир. “Бу (Қуръон) имон келтирадиган қавм учун Раббингиздан кўрсатмалар, ҳидоят ва раҳмат (манбаи)дир” (Аъроф сураси, 203-оят).

 “(Ушбу Қуръон) тўқиб чиқариладиган гап эмас, балки ўзидан олдинги нарсаларни (яъни самовий китобларни) тасдиқ этувчи, унга имон келтирадиган қавм учун барча нарсаларни муфассал баён қилиб берувчи ҳидоят ва раҳмат (манбаи бўлган бир Китоб)дир” (Юсуф сураси, 111-оят).

 “Албатта, у (яъни Қуръон) мўминлар учун ҳидоят ва раҳматдир (Намл сураси, 77-оят).

 

Қуръон – зулматдан нурга олиб чиқувчи каломдир. “Алиф, Лом, Ро. (Эй Муҳаммад! Бу Қуръон) Парвардигорларининг изни билан одамларни зулматлардан нурга, яъни қудрат ва ҳамд эгасининг йўлига олиб чиқишингиз учун Сизга Биз нозил қилган Китобдир (Иброҳим сураси, 1-оят).

 

Қуръон – Аллоҳ таоло Ўзининг ҳимоясига олган каломдир. “Албатта, бу зикрни (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва уни Ўзимиз асрагувчидирмиз” (Ҳижр сураси, 9-оят).

 

Қуръон – мўминлар учун башоратдир. “...ҳидоят, раҳмат ва мусулмонлар учун башорат бўлган Китоб (Қуръон)ни нозил қилдик” (Наҳл сураси, 89-оят).

 (Эй Муҳаммад! Уларга) уни (яъни Қуръонни) Руҳул-Қудус (Жаброил) Раббингиз (тарафи)дан имон келтирганларни (динда) собитқадам қилиш учун мусулмонларга ҳидоят ва башорат бўлган ҳолида барҳақ нозил қилганини (уларга) айтиб қўйинг!” (Наҳл сураси, 102-оят).

 “Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят этур ва эзгу ишларни қиладиган мўминларга катта мукофот борлиги ҳақида башорат берур” (Исро сураси, 9-оят).

 “Албатта, бунда (Қуръонда) ибодат қилувчилар қавми учун хушхабар бордир (Анбиё сураси, 106-оят).

 

Қуръон – тақводорларга шифодир.(Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз. (Лекин бу оятлар) золим (кофир)ларга фақат зиённи орттирур” (Исро сураси, 82-оят).

 

Қуръон – мисли йўқ каломдир. Айтинг: “Қасамки, агар инсу жин ушбу Қуръоннинг ўхшашини келтириш учун бирлашиб, бирбирларига ёрдамчи бўлсалар-да, унинг мислини келтира олмаслар” (Исро сураси, 88-оят).

 

Қуръон – турфа масаллар баён этилган калом. “Аниқки, (Биз) ушбу Қуръонда одамлар учун турли масал (маъно)лардан баён қилдик. Лекин одамларнинг кўплари фақат инкор этишнигина ихтиёр этдилар” (Исро сураси, 89-оят).

 

Қуръон – бўлиб-бўлиб нозил қилинган калом. “Қуръонни одамларга вақти-вақти билан ўқиб беришингиз учун уни бўлакларга бўлдик ва бўлиб-бўлиб нозил қилдик” (Исро сураси, 106-оят).

 

Қуръон – ҳикмат ила нозил бўлган калом. “Биз уни (Қуръонни) ҳақиқат (ҳикмат) билан нозил қилдик ва (у ҳам) ҳақиқат билан нозил бўлди” (Исро сураси, 105-оят).

 

Қуръон – Аллоҳ таоло нозил қилган калом.(Ўз) бандаси (Муҳаммад)га Китоб (Қуръон)ни нозил қилган зот (Аллоҳ)га – ҳамд!” (Каҳф сураси, 1-оят).

 “Албатта, (бу Қуръон) оламлар Парвардигорининг нозил қилган (китоб)идир (Шуаро сураси, 192-оят).

 “Бу Китобнинг (Қуръоннинг) нозил қилиниши, шубҳасиз, (барча) оламларнинг Парвардигори (томони)дандир (Сажда сураси, 2-оят).

 “(Ушбу Қуръон) Қудратли ва Билимли Аллоҳ (томони)дан нозил қилинган Китобдир (Ғофир сураси, 2-оят).

(Бу Қуръон) Қудратли ва Ҳикматли Аллоҳ (томони)дан нозил қилинган китобдир” (Жосия сураси, 2-оят).

 

Қуръон – муборак кечада нозил бўлган калом. “Аниқ Китоб (Қуръон) билан қасамёд этурманки, албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик...” (Духон сураси, 2-3-оятлар).

 

Қуръон – Аллоҳ таолонинг ваҳийсидир.(Эй Муҳаммад!) Сизга ваҳий қилинган Раббингизнинг Китоби (Қуръон)ни тиловат қилинг!” (Каҳф сураси, 27-оят).

 “У (ваҳий) фақат зикр (эслатма) ва аниқ Қуръондир (Ёсин сураси, 69-оят).

 

Қуръон –тиловати осон қилинган каломдир.(Эй Муҳаммад!) Албатта, Биз тақво эгаларига хушхабар беришингиз учун ва саркаш қавмни огоҳлантиришингиз учун уни (Қуръон тиловатини) Сизнинг тилингизга осон қилиб қўйдик” (Марям сураси, 97-оят)

 

Қуръон – араб тилида нозил бўлган калом. “Шунингдек, Биз уни араб тилидаги Қуръон шаклида туширдик ...” (Тоҳо сураси, 113-оят).

 

Қуръон – Аллоҳ таолонинг зикридир. “Ҳолбуки, уларнинг ўзлари Раҳмоннинг зикри (Қуръон)ни инкор этувчилардир (Анбиё сураси, 36-оят).

 

Қуръон – оятлари батафсил ёритилган каломдир. “У биладиган кишилар учун арабий Қуръон ҳолида (нозил қилиниб), оятлари муфассал баён қилинган Китобдир (Фуссилат сураси, 3-оят).

 

Қуръон – зикри осон этилган каломдир. “Ҳақиқатан, Биз Қуръонни зикр (эслатма) учун осон қилиб қўйдик” (Қамар сураси, 17-оят).

 

Қуръон – фақат покизаларгина қўлига олувчи каломдир. “Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар” (Воқеа сураси, 79-оят).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Бошқа мақолалар
Мақолалар

ХI асрда Самарқандда тиббиёт муассасалари фаолияти қандай бўлган?

16.09.2026   9523   5 min.
ХI асрда Самарқандда тиббиёт муассасалари фаолияти қандай бўлган?

XI аср ўрталарида Самарқанд заминида барпо этилган табобат маскани ҳамда унинг мукаммал молиявий-иқтисодий таъминоти ўрта асрлар Шарқ давлатчилигида ижтимоий ҳимоя ва халқ саломатлигини муҳофаза қилиш юқори даражада ташкил этилганини намоён этади.

Шарқшунос тадқиқотчи М.Хадр томонидан эълон қилинган ва кейинчалик таниқли олим О.Большаков томонидан атрофлича тадқиқ этилган XI аср ўрталарига оид иккита вақф ҳужжати Ғарбий Қорахонийлар хоқонлигининг ҳукмдори Иброҳим Тамғачхон даврига тааллуқлидир. Ўрта асрлар араб муаррихи Ибн Фуватийнинг гувоҳлик беришича, Иброҳим фақиҳларнинг қатъий хулосасисиз бирор кимсага жазо тайинламаган ҳамда ҳеч кимнинг мол-мулкини мусодара этмаган одил ҳукмдор тимсоли бўлган. Шу боис у Бағдод халифаси Қоим томонидан “Давлат таянчи” ҳамда “Шарқ ва Чин подшоҳи” каби олий даражали унвонлар билан шарафланган.

Ушбу маърифатпарвар ҳукмдор ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида фаолият бошлаган “Дор ал-марзо”, яъни Беморлар уйи шаҳар фуқаролари билан бирга мусофирлар учун ҳам бепул тиббий ёрдам кўрсатувчи йирик ижтимоий марказ бўлган. Вақфнома матнида мазкур дорушшифонинг жўғрофий ўрни, ички меъморий тузилиши, хизматчилар сафи, уларга ажратиладиган маош ҳамда муассасани муттасил маблағ билан таъминлаб турувчи кўчмас мулклар тафсилоти баён этилган.

Тарихий ҳужжатларга кўра, шифохона Самарқанднинг гавжум савдо чорраҳаларидан бирида – Сўғд бозори ва Заргарлар маҳалласи туташган ҳудудда қад ростлаган. Хастахонанинг кундалик харажатларини, беморларнинг тўлақонли овқатланиши ва зарур дори-дармонлар таъминотини кафолатлаш мақсадида хоқон ўз шахсий мулки ҳисобланган “Тими палос” карвонсаройини ҳамда бешта ёрдамчи хона, учта ҳужра ва уч дўкондан иборат савдо расталарини вақф мулки сифатида муассаса ихтиёрига топширган. Вақфнома шартига биноан, ушбу тижорат иншоотларидан тушадиган барча ижара даромадлари муайян ҳиссаларга – тенг юз қисмга тақсимланиб, шифо маскани эҳтиёжларига йўналтирилган.

Мазкур масканда фаолият юритган мутахассислар таркиби ва хизмат ҳақининг тақсимланиш тартиби ўша давр жамиятининг маънавий ва табақавий қиёфасини англашда қимматли далилдир. Жумладан, умумий тушумнинг юз қисмдан иборат ҳисобидан энг катта улуш – нақ ўн қисми бевосита бош табибга тайинланган. Эътиборга молик жиҳати шундаки, шифохонанинг умумий маъмурий бошқарувчиси ва молиявий назоратчиси бўлган мутасаррифга саккиз қисм маош ажратилган. Илм ва амалиёт соҳиби бўлмиш ҳозиқ табибга ижрочи бошқарувчидан юқорироқ ҳақ тўлангани қорахонийлар жамиятида юқори малакали тиббиёт мутахассислари меҳнати юксак қадрланганини кўрсатади. Бундан ташқари, муассасада қон олувчи муолажачи – фассод, моҳир пазандалар ҳамда хизматчилар ҳам меҳнат қилган. Вақф тушумидан алоҳида хизматчига беш қисм, ошпазга уч қисм маош белгиланган.

Ҳужжатда хасталарнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилишга устувор аҳамият қаратилган. Вақфнома талабига кўра, даволанаётган кишилар хасталикдан бутунлай фориғ бўлгунига қадар уларни шифохонадан чиқариб юбориш ёки безовта қилиш қатъиян ман этилган. Шаҳарнинг ерлик фуқароси ва ташриф буюрган мусофирлар бирдек бепул тиббий кўмак олиш ҳуқуқидан фойдаланган. Бемор соғайгачгина ўрнини бошқа муҳтож хастага бўшатиб бериши лозим бўлган. Мазкур низом талабларини ўзгартириш ёки бекор қилиш тақиқланиб, вақф шартларининг абадий кучда қолиши муҳрланган.

Таниқли тарихчи ва тангашунос олим Е.Давидович вақфномадаги пул муомаласига оид тафсилотларни тадқиқ этар экан, ҳужжат тасдиқланган пайтда Самарқандда амалда бўлган тангаларнинг аниқ қиймати қайд этилганини таъкидлайди. Унга мувофиқ, бир мисқол соф олтин қиймати айнан қирқ етти кумуш дирҳамга тенглаштирилган. Ҳужжатда тангалар харид қувватининг пасайиши, яъни пул қадрсизланиши эҳтимолига қарши махсус муҳофаза банди киритилган бўлиб, агар истиқболда дирҳамнинг бозор баҳоси ўзгарса, ходимларнинг иш ҳақи ва шифохона харажатлари ҳужжат тузилган кундаги соф олтин ўлчов мезони бўйича янги муомаладаги дирҳамларда қайта ҳисоблаб тўланиши шарт қилиб қўйилган. Бу эса ўрта асрлар ҳуқуқий амалиётида молиявий барқарорликни асраш ва муассасани моддий таназзулдан ҳимоя қилишнинг илғор тизими мавжуд бўлганини кўрсатади.

Иброҳим ташаббуси билан расмийлаштирилган иккинчи вақф ҳужжати Самарқанднинг “Бобулҳадид”, яъни Темир дарвоза мавзесида барпо қилинган мадрасага тегишлидир. Атрофида Хотун Малика майдони ва хонақоҳлар жойлашган мазкур таълим даргоҳи ҳам талабалар ва мударрислар учун моддий шароитларни кафолатлаган. Агар даврлар ўтиб шифохона ёки мадраса бинолари табиий офат ёки замонлар эврилиши сабаб яроқсиз ҳолга келса ва уларни тиклаш имконсиз бўлиб қолса, вақфнома шартига кўра, ажратилган кўчмас мулкларнинг барча даромадлари абадий равишда Самарқанддаги бева-бечора ва камбағал қатлам эҳтиёжларига сарфланиши белгилаб қўйилган.

Манбашунос олимларнинг қайд этишича, фақиҳ Бурҳониддин Маҳмуднинг “Муҳит ал-Бурҳоний” асари таркибида сақланиб қолган мазкур вақф ҳужжатлари XI асрда Туронда шаҳарсозлик маданияти, ижтимоий институтларни барқарор молиялаштириш ва тиббий ёрдам тизими юқори даражада бўлганидан далолат берувчи муҳим тарихий ёдгорликдир. Иброҳим Тамғачхоннинг бу хайрли амали ўзбек давлатчилиги тарихида ижтимоий адолат ва фуқаролар муҳофазаси бош мезон бўлганини намоён этади.

Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА

Ўзбекистон янгиликлари