Масжид ҳовлиси токлардан осилиб турган узум билан тўла. Мени учрашувга чақирган опани кутиб турарканман, беихтиёр атрофни томоша қилардим. Қизиқ, масжид узумларининг ҳеч бирига чумчуқ тугул меваларнинг, айниқса, узумларнинг кушандаси бўлган афғон қарғаси ҳам тегмабди. Балки кўпнинг ризқи бўлгани учундир?! Ёки улар ҳам Худойимнинг уйларига ҳурматлари боис бу ердаги меваларга нафс панжаларини ботиришга журъат этмаганмикинлар?! Дунё тафаккурга тўла. Сир-у синоат билан омухта бу очун ақл эгаларининг фикрлаши учун битмас-туганмас манбадек гўё... Шу фикрлар оғушида ўтирарканман, кутаётганим отинойининг келиб қолганларини сезмабман ҳам.
Саломлашиб сўрашгач, чуқур нафас олган опа асл муддаога кўча қолдилар: “Сингилжон, сизни озми-кўпми билганимиз бор. Бизга айрим масалаларда озроқ ёрдам берсангиз. Рости, ҳозир айтмоқчи бўлганим сўзлардан кўнгил уйингиз хуфтон бўлса, маъзур тутасиз. Билмадим, ҳаётингиз давомида ҳаётнинг бу тахлит синовларига енгилган ҳамжинсларимизни кўрганмисиз-йўқми?! Халқ хизматида бўлган отинойилар халқнинг ичида, уларнинг муаммоларини ҳис эта оладиган, керакли вақтларда маънавий ёрдам бера оладиган инсонлар – Худойимнинг қул-бандалари бўлади ва шу боис бошқаларга нисбатан кўпроқ халқнинг назарида ҳам бўлади. Буни яхши биласиз. Айтмоқчи бўлганим воқеаларнинг қаҳрамонларини айтмай қўя қолай. Яқинда маҳалла маслаҳатчиси жуда муҳим иш чиқиб қолди деб, мени кеч бўлганига қарамай қўнғироқ қилиб чақириб қолди. Қандай муаммо эканлигини билгач эса, таажжуб ва таассуфдан ўзимга келолмадим. 50 ёшли аёлнинг 38 ёшли эркак оиласига раҳна солиб юргани ва бу ишидан заррача бўлса-да ҳаё қилмаётгани томирларимдаги қоннинг-да қотиб қолишига олиб келгандек бўлди гўё. Бизга шу ва шунга ўхшаш масалаларда ёрдамингиз керак.
Опа билан хайрлашар эканман, масжид ҳовлисидаги узумларга яна бир қур назар ташладим: пок маконнинг ҳосили ҳам, ризқи ҳам, насибадори ҳам, шукрона келтирувчиси ҳам кўп бўларкан.
Бу воқеага уч-тўрт кун бўлган бўлса-да, негадир отинойи айтган воқеа хаёлимдан сира нари кетмади, саволлар эса бошимда ғужғон ўйнарди: нега?! Нима учун?! Бундай ҳолатларнинг бошланиши қайда-ю, охири нима билан тугайди?! Наҳот аёл деган хилқат, мўъжиза, яралмиш шу қадар тубан кетса?! Ўзини, ўзлигини шу қадар поймол этса?! Тўғри, ҳаётда ҳамма ҳам адашиши мумкин. Ўзлигидан тониши, ўзлигига хиёнат қилиши мумкин. Ахир ҳеч ким бегуноҳ фаришта эмас. Ахир ҳеч ким тақдирининг ёзуғи нима эканини билмайди. Бу фақат Яратганнинг ўзигагина маълум бўлган Унинг хазинасидаги илми ладунний холос. Аммо ҳар қандай осий, адашган инсон учун то Қиёмат ёпилмайдиган эшик – Тавба эшиги бор. Бу эшик токи инсоният яшар экан, ризқи етиб турар экан, ёпилмайди! Унга етмоққа нега жидду жаҳд қилмаймиз?! Нега бошимиз гуноҳ деворларига қайта-қайта урилса-да, ўзимизга кела қолмаймиз?! Нега гуноҳларимизга пушаймон бўлмаймиз?! Қани ҳаё? Қани аёлликнинг ибо пардаси?! Ҳаёсизлик чоғиридан ича-ича нега қонмаймиз?! Бу чоғир қон-қонимизга сингиб кетдимикан ё?! Қачон Тавбага келамиз?!
Кайковус ўз “Қобуснома”сини “Писарам, ман пир шудам”, яъни қаридим деб бошлайди. Энди қаридим, сенга насиҳат қиладиган ёшга етдим демоқчи балки. Аммо наҳот бошқаларга насиҳат берадиган ёшга етган аёл ҳар қандай ҳаёсизликка “қаригани”ни идрок этолмаса?! Умуман олганда, ҳаёсизликнинг ёши бормикан?! Йўқ ахир! Йўқ! Ҳаё инсоннинг фитратида яратилган бўлади. Фитратидаги ҳаёни идрок этолмаслик, нафсини тиёлмаслик шармандали вазиятларга етаклаши табиий.
Фаридуддин Атторнинг “Тазкиратул авлиё”сида, Абу Нуаймнинг “Ҳулйа”, Ибн Жавзийнинг “Сифат ус сафва”, Имом Шўронийнинг “Ат-табақот ул кубро”, Абдураҳмон Жомийнинг “Нафаҳот ул-унс”, Алишер Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат” асарларида бутун борлиқ аёлларига ўрнак бўла оладиган, домони пок, суврат-у сийрати покиза авлиё аёллар ҳақида сўз юритилади. Баҳриддин Умрзоқнинг “Солиҳа аёллар” китобида шундай ривоят келтирилади:
“Ато ибн Абу Рабоҳ ривоят қиладилар: Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Сенга бир жаннати аёлни кўрсатайми?” деди. Мен: “Ҳа”, дедим. Ибн Аббос: “Мана шу қора танли аёл”, деди. Ўша хотин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига бориб: “Мен (ичда ел тўплангани боис шифо берсин) гоҳо ҳушимдан кетиб, гоҳо ўзимга келиб тураман. Аллоҳ таолога илтижо айлаб, мени дуо қилинг, дардимга шифо берсин!” деди. Жаноб Расулуллоҳ: “Истасанг, сабр-тоқат қилгин, жаннатга кирурсан, истасанг дуо айлай, Аллоҳ таоло сенга шифо ато этгай”, деб жавоб қилдилар. Аёл: “Яхшиси, сабр қилганим афзал, дуо қилинг, дардимдан фориғ бўлмай!” деб айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилдилар. Ато ибн Абу Рабоҳ ибн Язидга бундай деган: “Мен Умму Зуфарни кўрганман, у новча, қора танли аёл бўлиб, ўшанда Каъбанинг деворига суяниб турган эди (Имом Бухорий ривояти).
Чиройли якун учун аёлларнинг бу қадар жидду жаҳди наҳот бизларга ибрат бўла олмайди?! Наҳот шундай буюк ҳамжинслари бор аёл зоти уларнинг илм-у маърифатидан, ибо-ю ҳаёсидан зарра қадар бўлса-да насибадор бўлмасак?! Наҳот босган ҳар бир қадамимиз, айтган ҳар бир сўзимиз, қилган ҳар бир амалимиз фарзандларимизга тирик ўрнак, тарбия эканини ҳис этмасак?! Наҳот бировнинг оиласи нотинчлиги эвазига ўз “тинч” ҳаёти-ю, “бахти”ни ҳис қила оладиган аёллар сафи шунчалар кенгайган бўлса?! Ҳаёсизнинг ошиғи олчи, андишанинг номи қўрқоқми?!
Отинойи опанинг таклифига розилик билдириш ва улар билан ҳаммаслак, яъни аёллар-у оилалар муаммолари билан шуғулланмоқ мақсадида масжид биноси томон кетар эканман, қалбимни чуқур умидворлик қоплади, унга қуйидаги сўз илоҳий бир нур сунгандек бўлди: “Тавба эшиклари ҳамиша очиқ!”
Гулноз Сатторова,
Навоий шаҳар “Истиқлол” маҳалласи “Қайноналар кенгаши” раиси
Сайёр йиғилиш
Бир кишига кўмаклашсангиз, у қанчалик шод бўлади.
Энди бир эмас, ўн эмас, юздан зиёд оилага ҳам маънавий, ҳам маърифий, ҳам моддий кўмак берилса, қанча кишининг кўнгли кўтарилишини, сизни алқашини тасаввур қилиб кўринг-а.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида пойтахтимизнинг Янги ҳаёт туманидаги «Ниёзмат ота» жоме масжидида маънавий-маърифий сайёр йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Эргашали домла Рустамов, Тошкент шаҳар туманлари бош имомлари, имом-домлалар, «Ҳаж 2026» иштирокчилари қатнашдилар.
Тумандаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш мақсадида маҳаллаларга ташриф буюрилди. Адашиб ақидаси бузуқ турли оқимлар таъсирига тушиб қолган шахслар, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан ҳам суҳбатлар олиб борилди.
Катта ҳаёт тажрибасига эга ҳожи оталар, ҳожи оналар имом-хатиблар, отинойилар билан биргаликда олиб борган маърифий тарғиботлари ўз самарасини берди: юздан зиёд хонадонга ҳам маънавий, ҳам моддий ёрдам кўрсатилди.
* * *
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Янги ҳаёт туманидаги маҳаллаларга ташриф буюриб, у ердаги бир қанча хонадонларга кириб, хонадон эгаларининг қалбларига хурсандчилик улашдилар.
Қувонарлиси, янги ўқув йили арафасида ҳомийларни жалб қилган ҳолда 30 та ҳақдор хонадон соҳиблари фарзандларига сумка, ўқув қуроллари ҳадя этилди.
Юздан зиёд хонадон эгаларининг кўнгли кўтарилиб, улар эзгу ишларнинг бошида турган барча азиз инсонларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилишди.
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати