Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Июн, 2026   |   6 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:50
Пешин
12:29
Аср
17:40
Шом
20:03
Хуфтон
21:46
Bismillah
21 Июн, 2026, 6 Муҳаррам, 1448

Китоб

08.08.2018   8850   2 min.
Китоб

Олимларнинг фикрича, инсоннинг миясида миллиардлаб ақл ҳужайралари бўлиб, инсон ўқиган сари шу заррачалар очилиб бораркан. Инсон илмдан узоқлашиб, ўқимай қўйса, ҳу­жай­ралар ўлиб, ақл қоронғилашиб, жоҳиллик ботқоғи­га ботиб борар экан. Китобни кўп муто­лаа қилиш қалб ойнасини ялтиратиб, сай­қал­лай­ди. Чунки китоб энг содиқ дўст, ишончли сир­дош. Китоб ва илм боис ризқ-рўзимиз мўл бўла­ди. Пировар­дида, юрт ва давлат ҳам кучли бўлади. Одамлар ичида садоқат ва ўзаро оқибат риш­талари мустаҳ­кам бўлади.

Китоб билан онгимизни ўткирлаб, кескир қи­либ турмасак, ақлимиз борган сари ўтмасла­шиб, занглаб боради. Занглаган ақл эса ҳеч нарсага ярамайди.

Бир отахонни танирдим, Аллоҳ раҳмат қил­син, 85 ёшида вафот этди, олдимга тинмай китоб сўраб келаверарди. Кексалигига қарамасдан, ол­ти ойда ўн бештадан ортиқ китобни бошдан охи­ригача ўқиди. Кунларнинг бирида отахон:

– Яна ҳам яхши китобингиз борми? – деди. У кишига мос китоб топгунимча бир оз хижолат чекдим. Аммо яна бир китоб топиб, қўлларига тутқаздим. Тўғриси, отахонга берган китобларни кўпимиз тўлиқ ўқимаганмиз. Бир йил ичида илмлари, онги ва тушунчалари шу қадар ошдики, мен билан илмий мунозаралар қилишга шу қадар шошдики, асти сўраманг. Илм ақлни тезгир айлаши ва илм излаш қабргача бўлиши­нинг ҳикматини кўриб, Парвардигор, қудратинг­га минг тасанно дедим. Отахон вафотига қадар китоб ўқиди. 

Азиз китобхон! Шуни билингки, китоб инсонни улуғликка етаклайди. Китоб ўқисангиз, асар қаҳрамони билан дилдан суҳбатлашасиз. Тушларингизда бирга юриб, унинг яхши фазилат­ла­рини ўзингизда мужассам айлайсиз. Хато ва камчи­ликларингизни тузатасиз, яшашдан мақ­сад нималигини англайсиз. Бу эса улкан бахтдир. Шу сабаб китобга ошно бўлинг, қадрдон!

Ақлни илму ҳикмат айлагай тезгир,

Қиличу ханжардан бўлади кескир.

Фикринг дарёсини гар босса лойқа,

Қалбинг қорайиб, жисминг ҳам эскир.

 

“Қасамини бузган қиз” китобидан

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар

“Эгизак”лар

19.06.2026   6282   3 min.
 “Эгизак”лар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ота-онага яхшилик қилиш билан ҳаётда муваффақиятга эришишни шартли равишда “эгизак”лар дейиш мумкин! Чунки биринчиси бор жойда албатта иккинчиси бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу хонасидан чиқиб, онасининг ҳужраси олдидан ўтаётганида унинг эшиги олдида тўхтар ва: “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ, онажон!” дерди. Онаси жавобан: “Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ, болажоним!” деб алик оларди. Сўнг ўғил: “Мени кичиклигимда тарбиялаганингиздек, Аллоҳ сизга раҳм қилсин!” дер, она: “Кексайганимда менга яхшилик қилганингдек, Аллоҳ сенга раҳм айласин!” дерди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бу ишни ҳар куни қиларди.

Ёдда тутингки, бахт-саодат турлари қанча кўп бўлмасин, улар ичра энг гўзали ота-она дуосидир! Кимки ота-онаси дуосига муяссар бўлиб яшаса, улар хизматида қоим турса, унинг бандалик мақоми кўтарилади, ҳаёти давомида муваффақиятларга ноил бўлади!

Буюк тобеинлардан Ҳужр ибн Адий онасининг тўшагини ўз қўли билан солиб, юмшоқ ва текислигига ишонч ҳосил қилгач, онасини ётқизарди.

Шу замонамизда бир йигит масжид совиткич (кондиционер)ларини созлаш билан шуғулланар экан. Ундан қанча маош олиши ҳақида сўрашганида, онаси унга масжиддаги иши учун маош олмасликни насиҳат қилгани, шу боис у масжидлардан мутлақо ҳақ олмаслигини айтди. Фарзанди онгига шундай гўзал тушунчани сингдирган онага тасанно! Онасининг насиҳатини маҳкам тутиб, унга ҳурмат кўрсатаётган у йигитга офарин!

Энди бунинг мутлақо акси бўлган ҳолат – ота-онага яхшилик қилмаган ҳолатда ҳам бу ёмон иллат билан ютқизиқ, хорлик “эгизак”дир. Ундай банда дунёда ҳам, охиратда ҳам ҳақиқий мақом-мартаба, эҳтиром топмайди.

Бир йигит отаси вафотидан кейин онасини қариялар уйига олиб бориб, бир-бир хабар олиб турадиган бўлибди. Бир куни қариялар уйидан онасининг ўлим ёқасида экани ҳақида хабар келибди. Ўғил онаси тиригида бир кўриб қолиш мақсадида дарҳол етиб борибди. Онасидан сўрабди: “Онажон, сиз учун нима қилишимни хоҳлайсиз?”. Онаси: “Елпаррак олиб беришингни истайман, чунки бу ерда димиқиб кетяпман. Егулик сақлаш учун музлаткич ҳам олиб берсанг. Неча кундан бери оч ухлаяпман”, дебди. Ўғил бу гаплардан ҳайрон қолиб: “Ахир нега бу нарсаларни энди сўраяпсиз? Нега аввалроқ айтмадингиз?” дебди. Онаси маъюс ҳолда: “Ўғлим, мен-ку иссиққа ҳам, очликка ҳам кўникдим. Лекин эртага сен ҳам қариб, болаларинг бу ерга олиб келишганида қийналмагин, деб айтяпман”, дея жавоб берибди.

Ота-онасига етарлича эҳтиром ва яхшилик қилмаётганлар ўзларини ўнглаб, кўзларини очиб олишсин! Шайх Али Тантовий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Онасининг яхшилигини унутган ёки онасига битта гап билан бўлса ҳам озор берадиган одамни кўрсангиз, унга асло ишонманг, ишларингизни унга топширманг! Онасининг яхшилигини билмаган бошқанинг яхшилигини билармиди, қадрига етармиди?!”.


Ҳассон Шамсий Пошонинг “Метин қоялар” китобидан
Неъматуллоҳ Исом, Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси