Хонамга бир йигит кириб келди. Нимадандир жуда хижолат, ийманибгина:
– Сиздан бир нарсани сўрасам майлими? Хотиним билан бир иш қилмоқдамизки, кўнглимизда хотиржамлик йўқ! Бу қилаётган ишимиз учун Аллоҳ жазоламасмикан, шундан ташвишдамиз, – деди ерга қараб. Хаёлимга бу инсон катта бир гуноҳга қўл урдимикан, шу даражада хижолат чекмоқда, деган фикр келди.
– Қандай иш эканки, сизларни бунчалик ташвишга солибди? – дедим.
– Мен кўп қаватли уйда яшайман. Қўшним кекса рус кампир, фарзандлари Россияга кетиб қолишган, ҳеч ҳолидан хабар олишмайди. Шу кампир бетоб, фарзандларига оналари касаллиги тўғрисида бир неча бор хабар жўнатдим, улар келишмади. Хотиним иккаламиз кампирга овқат берамиз, уйини тозалаймиз, хотиним кирларини ювади. Бу кампир бошқа диндан бўлса, унга хизмат қилаётганимиз тўғрими, шуни билмоқчи эдим, – деб гапини якунлади.
– Бу хизматни уй-жойига эга чиқиш ёки бирор дунёвий нарса илинжида қилмоқдасизларми? – дедим.
– Худо асрасин! Уйимиз ўзимизга етарли, унинг уйига ҳеч эҳтиёжимиз йўқ. Қолаверса, бу ёрдамни астойдил, кампирнинг қийинчиликларини енгиллатиш учун қиляпмиз, тама учун қилмаяпмиз, шу ишимиз тўғрими ёки йўқми? Ғайридинга хизмат қилиб, гуноҳ қилмаяпмизми? – деб саволини яна қайтарди.
– Бечора, ғариб, касал, кекса кампирнинг фарзандлари туққан онасига хизмат қилишдан қочишса, сиздек етти ёт бегоналар, улуғ савоб ишга қўл уриб, гуноҳ иш қилмаяпмизми, дейишингизнинг ўзи улкан савоб. Сизлар энг олижаноб, ҳақиқий одамийлик бурчингизни адо қиляпсизлар, бунинг учун эса мукофот ва ажр бор, деб қўшни ва бошқа диндагиларга яхшилик қилиш, ёрдам бериш тўғрисидаги ҳадислардан тушунтирдим.
Йигит: “Худога шукр!” деб қилаётган савоб ишларидан мамнун бўлиб, ташаккур айтиб кетди.
Азиз қардошларим! Бизнинг халқимиз мана шундай ажойиб халқ. Иккинчи жаҳон урушида ота-боболаримиз миллионлаб етимлар, уй-жойидан жудо бўлган турли миллат халқларига ёрдам берган. Уларнинг ичида рус, немис, япон, корейс, месхети турк, татар, доғистонлик, чеченлар ва бошқа кўплаб миллатлар бўлган. Бизнинг оталаримиз уларга ўзлари еб турган бир бўлак нонини ярмини беришган. Уларнинг бошини силашган. Биз авлодлар ҳам уларнинг гўзал амалларини давом эттираётганимизга юқоридаги ҳикоямиз яққол далилдур.
“Қасамини бузган қиз” китобидан
Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитасида “Air Arabia” авиакомпанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси матбуот хизмати кўра, мулоқотда Ўзбекистон ва “Air Arabia” ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, мавжуд авиақатновлар, янги йўналишларни йўлга қўйиш ҳамда авиакомпаниянинг кенг халқаро тармоғидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистоннинг туристик имкониятларини хорижий бозорларда илгари суриш масалалари кўриб чиқилди.
Бугунги кунда “Air Арабиа”нинг Ўзбекистондаги йўналишлар тармоғида Тошкент ва Наманган шаҳарлари мавжуд бўлиб, Тошкентдан Шаржа ва Абу-Даби йўналишларида ҳафтасига 13 та авиақатнов амалга оширилмоқда.
Учрашув давомида Самарқанд, Бухоро, Хива ва бошқа туристик марказларга янги тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш, Тошкент–Шаржа ва Тошкент–Абу-Даби рейслари частотасини ошириш, Европа, Яқин Шарқ, Осиё ва Шимолий Африка бозорларидан Ўзбекистонга транзит туристларни жалб қилиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, “Air Арабиа”нинг рақамли платформалари ва мақсадли бозорларида Ўзбекистон туризмини тарғиб қилиш, махсус туристик пакетлар ва қўшма маркетинг кампанияларини ишлаб чиқиш, блогерлар, инфлюенсерлар, туроператорлар ҳамда ОАВ вакиллари учун инфотурлар ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, “Air Arabia” томонидан Ўзбекистонга инфотурларни ташкил этишда инфлюенсерлар ва блогерларнинг авиачипта харажатларини қоплаш бўйича амалий кўмак кўрсатилиши маълум қилинди.
Шунингдек, Европадан Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар оқимининг ортиб бораётгани қайд этилиб, ушбу бозорларда мамлакатнинг туристик имкониятларини янада фаол тарғиб қилиш муҳимлиги билдирилди. Томонлар, авиакомпания бортларида Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти ва мамлакатдаги туристик йўналишлар ҳақида ахборот материалларини жойлаштириш ҳамда уларни Европа ва бошқа мақсадли бозорлардаги йўловчилар орасида тарғиб қилиш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олди.
Компания “Умра плюс” лойиҳасини қўллаб-қувватлаш ва ушбу йўналишни туристик маҳсулот сифатида ривожлантириш бўйича ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.
“Air Arabia” вакиллари Ўзбекистоннинг сўнгги 10 йил давомида туризм соҳасида тубдан ўзгарганини қайд этди. Мамлакатда замонавий ва юқори тоифали меҳмонхоналар сони кўпайгани, жойлаштириш воситалари тармоғи кенгайгани ҳамда туристик объектлар инфратузилмаси сезиларли даражада яхшилангани таъкидланди.
Учрашув якунида туристик оқимни ошириш ва авиақатновлар орқали туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган қатор амалий келишувларга эришилди. Эришилган келишувлар “Air Арабиа”нинг халқаро маршрутлар тармоғидан самарали фойдаланган ҳолда Ўзбекистонга янги туристик бозорлардан ташриф буюрувчиларни жалб қилиш, авиақатновлар географиясини кенгайтириш ва мамлакатнинг туристик имкониятларини халқаро майдонда янада кенг тарғиб этишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, “Air Arabia” вакиллари ноябрь ойида бўлиб ўтадиган «Ипак йўлида туризм» 31-Тошкент халқаро туризм ярмаркасида иштирок этишга таклиф этилди. Компания вакилларига ярмарка доирасида ўтказиладиган Инвестиция форуми ҳамда MICE-туризм конференциясида иштирок этиш бўйича ҳам таклифлар билдирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати