Хонамга бир йигит кириб келди. Нимадандир жуда хижолат, ийманибгина:
– Сиздан бир нарсани сўрасам майлими? Хотиним билан бир иш қилмоқдамизки, кўнглимизда хотиржамлик йўқ! Бу қилаётган ишимиз учун Аллоҳ жазоламасмикан, шундан ташвишдамиз, – деди ерга қараб. Хаёлимга бу инсон катта бир гуноҳга қўл урдимикан, шу даражада хижолат чекмоқда, деган фикр келди.
– Қандай иш эканки, сизларни бунчалик ташвишга солибди? – дедим.
– Мен кўп қаватли уйда яшайман. Қўшним кекса рус кампир, фарзандлари Россияга кетиб қолишган, ҳеч ҳолидан хабар олишмайди. Шу кампир бетоб, фарзандларига оналари касаллиги тўғрисида бир неча бор хабар жўнатдим, улар келишмади. Хотиним иккаламиз кампирга овқат берамиз, уйини тозалаймиз, хотиним кирларини ювади. Бу кампир бошқа диндан бўлса, унга хизмат қилаётганимиз тўғрими, шуни билмоқчи эдим, – деб гапини якунлади.
– Бу хизматни уй-жойига эга чиқиш ёки бирор дунёвий нарса илинжида қилмоқдасизларми? – дедим.
– Худо асрасин! Уйимиз ўзимизга етарли, унинг уйига ҳеч эҳтиёжимиз йўқ. Қолаверса, бу ёрдамни астойдил, кампирнинг қийинчиликларини енгиллатиш учун қиляпмиз, тама учун қилмаяпмиз, шу ишимиз тўғрими ёки йўқми? Ғайридинга хизмат қилиб, гуноҳ қилмаяпмизми? – деб саволини яна қайтарди.
– Бечора, ғариб, касал, кекса кампирнинг фарзандлари туққан онасига хизмат қилишдан қочишса, сиздек етти ёт бегоналар, улуғ савоб ишга қўл уриб, гуноҳ иш қилмаяпмизми, дейишингизнинг ўзи улкан савоб. Сизлар энг олижаноб, ҳақиқий одамийлик бурчингизни адо қиляпсизлар, бунинг учун эса мукофот ва ажр бор, деб қўшни ва бошқа диндагиларга яхшилик қилиш, ёрдам бериш тўғрисидаги ҳадислардан тушунтирдим.
Йигит: “Худога шукр!” деб қилаётган савоб ишларидан мамнун бўлиб, ташаккур айтиб кетди.
Азиз қардошларим! Бизнинг халқимиз мана шундай ажойиб халқ. Иккинчи жаҳон урушида ота-боболаримиз миллионлаб етимлар, уй-жойидан жудо бўлган турли миллат халқларига ёрдам берган. Уларнинг ичида рус, немис, япон, корейс, месхети турк, татар, доғистонлик, чеченлар ва бошқа кўплаб миллатлар бўлган. Бизнинг оталаримиз уларга ўзлари еб турган бир бўлак нонини ярмини беришган. Уларнинг бошини силашган. Биз авлодлар ҳам уларнинг гўзал амалларини давом эттираётганимизга юқоридаги ҳикоямиз яққол далилдур.
“Қасамини бузган қиз” китобидан
Термизий ҳикматлари
Президентимизнинг жорий йил 7 июлдаги “Буюк ватандошимиз, ҳадис ва тасаввуф илмининг етук намояндаси Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ шу йил ноябрь ойида Термиз шаҳрида “Ҳаким Термизий илмий-маънавий меросининг бугунги кундаги аҳамияти” мавзуига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтади. Айни пайтда Сурхондарё вилоятида ислом оламининг энг таниқли олим ва уламоларини жамлайдиган анжуманга катта ҳозирлик кўрилмоқда.
– Вилоятда улуғ аждодимиз таваллудларининг 1200 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик ишлари давом этмоқда, – дейди Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигига бағишланган тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ташкилий қўмита котиби Музаффар Жониев. – Ул зотнинг “Наводирул усул” ва “Баҳрут тафсир” асарлари, алломанинг илмий меросига оид бошқа манбаларнинг ўзбек ва хорижий тиллардаги илмий-изоҳли академик таржималари нашрга тайёр бўлиб қолди. Илмий меросига оид туркум рисолаларни чоп этиш мўлжалланмоқда. Шунингдек, Ҳаким Термизийнинг ҳаёти ва илмий меросини ёритиб берадиган турли кўргазмали ахборот воситалари туркуми яратилмоқда.
Манбаларда ҳадис ва тасаввуф илмининг буюк намояндаси, йирик олим ёзган асарлардан 60 га яқини бизгача етиб келгани қайд этилган. Асарларида илгари сурилган ёшликдан илм олишнинг аҳамияти, тўғрилик, адолат, поклик, юксак ахлоқий фазилатлар қадр-қиммати ҳозирги даврда ҳам ошиб бормоқда.
Беназир аллома “Бадувв уш-шаън Абу Абдуллоҳ” асарида ўзининг ҳаёт тарзини ёритган. Илм қучоғига кириб келган даврини “Саккиз ёшда бўлганимда барчанинг шафқатли ва меҳрибони бўлмиш Аллоҳ таоло ўз иноятини мендан дариғ тутмади, – дея бошлаган Ҳаким Термизий. – Шайх менга илм сирларини ўргатиб, тинмай илм олишни тарғиб қилди. Иш шу даражага етиб бордики, бутун вужудим билан сабоқ олишга интилдим. Гўдаклик чоғимданоқ ўйин ўрнини китоб мутолаа қилиш машғулоти эгаллади. Шу тариқа ёшликдан ҳадис илмини ўрганишни бошлаган эдим. Йигирма етти ёшда бўлганимда ирфоний илмларни чунон ўргандимки, қалбимда Аллоҳ таоло уйи – Маккани зиёрат қилиш ишқи уйғонди. Сафарга чиқиш имкони туғилганиданоқ, йўлга отландим. Ироқда муҳаддис сифатида танилдим. Сўнг Басрага, Басрадан ражаб ойида Макка сари йўл олдим. Шаъбон ойининг охирларида Маккатуллоҳга етиб келдим ва Худонинг амри билан ҳаж ойигача ўша ерда бўлдим.
Ҳар эрта тонгда дуо сеҳри билан уйғонар эдим. У ерда қалбим замирида тавба қилиш, озми-кўпми дунёвий молу мулкдан воз кечиш ҳисси уйғонди. Ҳаж зиёратини бажо этиб, Ватанга қайтдим. Қалбим савоб йўлини топган эди...”.
Эл орасида ҳаётини илмга бағишлаган улуғ файласуф ва мутасаввиф ҳақида ўта ҳиссиётли ривоятлар ҳам юради. Улардан бирида айтилишича, Ҳаким Термизий икки дўсти билан ўқиш илинжида сафарга отланганида онаси шундай деган экан:
– Эй фарзанди аржумандим, мен бир кимсасиз, нотавон ва заифаман. Суянчиғим ўзингсан, мени кимга ташлаб кетмоқчисан?
Онанинг бу сўзларидан ўғлининг қалбига титроқ тушиб, сафарни қолдиради. Кунларнинг бирида у қабристонда ўтириб, мен бу ерда зое қолдим. Эрта-индин дўстларим олим бўлиб қайтади, дея афсус билан йиғлаётганида бир нуроний келиб, йиғининг сабабини сўрайди. Ёш Ҳаким бошидан кечирганларини сўзлаб беради.
Уни тинглаган нуроний “агар истасанг, мен ҳар куни сенга сабоқ бераман ва тезда олимликда дўстларингдан ўзиб кетасан” дейди.
Шу зайлда Ҳаким Термизий нуронийдан уч йил таълим олади.
Ривоятда таълим берган ул зотнинг Хизр алайҳиссалом бўлгани ҳам тахмин қилинади.
Ҳаким Термизийнинг ўзлари “мен бу давлатга онам ризолигини қозонганим туфайли эришдим” деган эканлар.
Буюк мутафаккир, улуғ сўфий, ҳадисшунос ва фиқҳ олими ислом оламида “Ҳаким” (донишманд, ҳикмат соҳиби) унвони ва “Термизий” нисбаси билан машҳур бўлган.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири