Хонамга бир йигит кириб келди. Нимадандир жуда хижолат, ийманибгина:
– Сиздан бир нарсани сўрасам майлими? Хотиним билан бир иш қилмоқдамизки, кўнглимизда хотиржамлик йўқ! Бу қилаётган ишимиз учун Аллоҳ жазоламасмикан, шундан ташвишдамиз, – деди ерга қараб. Хаёлимга бу инсон катта бир гуноҳга қўл урдимикан, шу даражада хижолат чекмоқда, деган фикр келди.
– Қандай иш эканки, сизларни бунчалик ташвишга солибди? – дедим.
– Мен кўп қаватли уйда яшайман. Қўшним кекса рус кампир, фарзандлари Россияга кетиб қолишган, ҳеч ҳолидан хабар олишмайди. Шу кампир бетоб, фарзандларига оналари касаллиги тўғрисида бир неча бор хабар жўнатдим, улар келишмади. Хотиним иккаламиз кампирга овқат берамиз, уйини тозалаймиз, хотиним кирларини ювади. Бу кампир бошқа диндан бўлса, унга хизмат қилаётганимиз тўғрими, шуни билмоқчи эдим, – деб гапини якунлади.
– Бу хизматни уй-жойига эга чиқиш ёки бирор дунёвий нарса илинжида қилмоқдасизларми? – дедим.
– Худо асрасин! Уйимиз ўзимизга етарли, унинг уйига ҳеч эҳтиёжимиз йўқ. Қолаверса, бу ёрдамни астойдил, кампирнинг қийинчиликларини енгиллатиш учун қиляпмиз, тама учун қилмаяпмиз, шу ишимиз тўғрими ёки йўқми? Ғайридинга хизмат қилиб, гуноҳ қилмаяпмизми? – деб саволини яна қайтарди.
– Бечора, ғариб, касал, кекса кампирнинг фарзандлари туққан онасига хизмат қилишдан қочишса, сиздек етти ёт бегоналар, улуғ савоб ишга қўл уриб, гуноҳ иш қилмаяпмизми, дейишингизнинг ўзи улкан савоб. Сизлар энг олижаноб, ҳақиқий одамийлик бурчингизни адо қиляпсизлар, бунинг учун эса мукофот ва ажр бор, деб қўшни ва бошқа диндагиларга яхшилик қилиш, ёрдам бериш тўғрисидаги ҳадислардан тушунтирдим.
Йигит: “Худога шукр!” деб қилаётган савоб ишларидан мамнун бўлиб, ташаккур айтиб кетди.
Азиз қардошларим! Бизнинг халқимиз мана шундай ажойиб халқ. Иккинчи жаҳон урушида ота-боболаримиз миллионлаб етимлар, уй-жойидан жудо бўлган турли миллат халқларига ёрдам берган. Уларнинг ичида рус, немис, япон, корейс, месхети турк, татар, доғистонлик, чеченлар ва бошқа кўплаб миллатлар бўлган. Бизнинг оталаримиз уларга ўзлари еб турган бир бўлак нонини ярмини беришган. Уларнинг бошини силашган. Биз авлодлар ҳам уларнинг гўзал амалларини давом эттираётганимизга юқоридаги ҳикоямиз яққол далилдур.
“Қасамини бузган қиз” китобидан
#Сайёр_йиғилиш
Дўстимиз, биродарадимиз, маҳалладошимиз, қўйингки, ҳар бир инсон юзига табассум ила боқиш садақа эканини Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
إنَّ تبسُّمَك في وجهِ أخيك يُكْتَبُ لكَ به صَدَقةٌ،
«Биродаринг юзига табассус қилишинг сен учун садақадир» (Имом Табароний ривояти), дея таъкидлаганлар.
Шу йил 17 сентябрь куни пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур тумани «Хўжа Аъламбардор» жоме масжидида сайёр йиғилиш ўтказилди. Тадбирни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов олиб бордилар.
Йиғилишда пойтахтда фаолият юритаётган имом-хатиблар, «Ҳаж 2026» зиёратчилари, маҳалла фаоллари, нуроний отахону онахонлар иштирок этди.
Сайёр йиғилишда беш йўналиш бўйича 100 дан зиёд оилага кирилди. Шахсан Абдуқаҳҳор домланинг ўзлари ҳам кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиб, уларга совғалар улашдилар.
Шу билан бирга, адашиб турли оқимлар таъсирига тушиб қолган, ичкиликка ружу қўйган шахслар билан ҳам яккама-якка мулоқотлар қилинди. Уларга зарур кўрсатма ва йўл-йўриқлар берилди.
Маънавият тарғиботчилари – имом-хатиблар, ҳожиларни кўрган ўзгалар кўмагига муҳтож кишиларнинг кўнгли тоғдек кўтарилди.
Хайрли ишларнинг бошида турган азиз инсонларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилинди.
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати