Хонамга бир йигит кириб келди. Нимадандир жуда хижолат, ийманибгина:
– Сиздан бир нарсани сўрасам майлими? Хотиним билан бир иш қилмоқдамизки, кўнглимизда хотиржамлик йўқ! Бу қилаётган ишимиз учун Аллоҳ жазоламасмикан, шундан ташвишдамиз, – деди ерга қараб. Хаёлимга бу инсон катта бир гуноҳга қўл урдимикан, шу даражада хижолат чекмоқда, деган фикр келди.
– Қандай иш эканки, сизларни бунчалик ташвишга солибди? – дедим.
– Мен кўп қаватли уйда яшайман. Қўшним кекса рус кампир, фарзандлари Россияга кетиб қолишган, ҳеч ҳолидан хабар олишмайди. Шу кампир бетоб, фарзандларига оналари касаллиги тўғрисида бир неча бор хабар жўнатдим, улар келишмади. Хотиним иккаламиз кампирга овқат берамиз, уйини тозалаймиз, хотиним кирларини ювади. Бу кампир бошқа диндан бўлса, унга хизмат қилаётганимиз тўғрими, шуни билмоқчи эдим, – деб гапини якунлади.
– Бу хизматни уй-жойига эга чиқиш ёки бирор дунёвий нарса илинжида қилмоқдасизларми? – дедим.
– Худо асрасин! Уйимиз ўзимизга етарли, унинг уйига ҳеч эҳтиёжимиз йўқ. Қолаверса, бу ёрдамни астойдил, кампирнинг қийинчиликларини енгиллатиш учун қиляпмиз, тама учун қилмаяпмиз, шу ишимиз тўғрими ёки йўқми? Ғайридинга хизмат қилиб, гуноҳ қилмаяпмизми? – деб саволини яна қайтарди.
– Бечора, ғариб, касал, кекса кампирнинг фарзандлари туққан онасига хизмат қилишдан қочишса, сиздек етти ёт бегоналар, улуғ савоб ишга қўл уриб, гуноҳ иш қилмаяпмизми, дейишингизнинг ўзи улкан савоб. Сизлар энг олижаноб, ҳақиқий одамийлик бурчингизни адо қиляпсизлар, бунинг учун эса мукофот ва ажр бор, деб қўшни ва бошқа диндагиларга яхшилик қилиш, ёрдам бериш тўғрисидаги ҳадислардан тушунтирдим.
Йигит: “Худога шукр!” деб қилаётган савоб ишларидан мамнун бўлиб, ташаккур айтиб кетди.
Азиз қардошларим! Бизнинг халқимиз мана шундай ажойиб халқ. Иккинчи жаҳон урушида ота-боболаримиз миллионлаб етимлар, уй-жойидан жудо бўлган турли миллат халқларига ёрдам берган. Уларнинг ичида рус, немис, япон, корейс, месхети турк, татар, доғистонлик, чеченлар ва бошқа кўплаб миллатлар бўлган. Бизнинг оталаримиз уларга ўзлари еб турган бир бўлак нонини ярмини беришган. Уларнинг бошини силашган. Биз авлодлар ҳам уларнинг гўзал амалларини давом эттираётганимизга юқоридаги ҳикоямиз яққол далилдур.
“Қасамини бузган қиз” китобидан
Марғилон шаҳридаги «Робия ҳожи она» жоме масжиди замонавий меъморчилик талаблари асосида қайта қурилмоқда. Мазкур хайрли ташаббус масжид жамоати учун янада қулай ва муносиб шароитлар яратиш, зиёратчилар ва намозхонларга хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Бугун масжиднинг янги хонақоҳ биносига илк ғишт қўйилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев, уламолар, нуронийлар иштирок этдилар.
Маросимда кейинги йилларда юртимизда масжидларни обод қилиш, намозхонлар учун муносиб шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди. Хусусан, муҳтарам Юртбошимиз томонидан диний-маърифий соҳага, жумладан, масжидларни ободонлаштириш ва фаолияти учун қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Бундай эзгу ишлар юртимизда диний ва миллий қадриятларга, аждодлардан мерос бўлиб келаётган маънавий анъаналарга бўлган юксак эҳтиромнинг амалий ифодаси сифатида намоён бўлаётгани қайд этилди.
Маросим якунида янги масжид қурилишининг хайрли ва баракали бўлиши, унинг тез фурсатларда сифатли тарзда битказилиши ҳамда ушбу масканда кўплаб намозхонлар ибодат қилиб, маънавий-маърифий озуқа олишлари сўраб дуойи хайрлар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилоятидаги вакиллиги матбуот хизмати