Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Сентябр, 2026   |   6 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:45
Қуёш
06:05
Пешин
12:18
Аср
16:40
Шом
18:33
Хуфтон
19:49
Bismillah
17 Сентябр, 2026, 6 Рабиъус сони, 1448

Савдонинг тартиби қандай?

03.08.2018   17376   7 min.
Савдонинг тартиби қандай?

Ҳар бир инсон турмуш тақозоси ила молиявий муомалалар иштирокчиси бўлади Айни шу муомалалар одамларнинг кўп вақтини ва фаолиятини ўз ичига олади. Молиявий муомалалар тартибга солинмаса, уларнинг қоидалари бўлмаса, кишилар орасида келишмовчиликлар кўпаяди. Аллоҳ таоло бу ишни Ўз зиммасига олган ва умумий таълимотларни Қуръони каримда баён қилиб берган. Сўнгра Пайғамбаримиз алайҳиссалом орқали бу ишларнинг тафсилотини йўлга қўйган. Шу тариқа, исломий ҳукмлар мусулмонлар ҳаётига татбиқ қилинган. Исломдан олдинги даврдаги нотўғри ҳукмлар бирин-кетин бекор бўла бошлаган. Кейинчалик фуқаҳоларимиз ушбу мавзуда келган оят ва ҳадислардан чиқадиган ҳукмларни тартибга солиб, ижтиҳод даражасига етмаган мусулмонлар учун уларга ёрдам тариқасида осонлаштириб тушунтириб беришган. Молиявий муомалаларда, асосан, ҳалол ва ҳаром масаласи жуда зарур ҳисобланиб, у ёки бу иш ҳалол ёки ҳаром экани суриштирилади. Шунинг учун ҳам бу мавзуга оид ояти карималарни ўрганганимиздан кейин бевосита «Ҳалол касб талаби ҳақида» ва «Ростгўйлик ва карамли бўлиш ҳақида» алоҳида ҳадиси шарифларнинг шарҳи билан танишамиз. Албатта, мусулмон одам нима кўринса сотавермайди ва сотиб ҳам олавермайди. Савдога қўйиладиган нарса шариатимиз шартларига мос бўлиши лозим.

Ҳозирги кунимизда молиявий муомалалардан турли келишмовчиликлар, уруш-жанжаллар ва маҳкамабозликлар чиқаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бу каби нохуш ҳолатларни камайтириш учун нима қилиш лозим?

Бизнингча, шариатимизда кўрсатилган таълимотларни яхшилаб ўрганиб, уларга амал қилиш зарур. Келажак саҳифаларда Аллоҳ таолонинг мадади ила мазкур таълимотларни ўрганишни бошлаймиз. Айтайлик, сотиб олинган нарсанинг айби бор. Бу ҳолатда харидор нима қилади? Албатта, ҳолатга қараб сотиб олинган нарсани айб туфайли қайтаришнинг ҳукмларини билмаган одам қийин аҳволга тушади. Бу ҳолатдан чиқишнинг бирдан-бир йўли – диний ҳукмларни ўрганишдир. Нархни чегаралаб қўйиш мумкинми? Қайси нарсаларни сотиш ман қилинган? Албатта, буларни билиб олиш ҳам ҳар бир мусулмон учун муҳим. Кимошди савдоси ҳақидаги динимиз ҳукмларини ҳам баён қилиб ўтамиз. Нархни кейин белгилаш, гаров ва ижара каби молиявий муомалалар ҳақидаги тушунча ва маълумотлар бор. Иқтисодий фаолиятда шерикчиликнинг ўрни қандай бўлади? Ширкат тузишнинг турлари ва шартлари нималардан иборат? Шериклар бир-бирлари билан бўладиган алоқаларни қай тарзда олиб боришлари керак?

Қарз масаласи ҳам доимий равишда кишиларнинг бошини қотириб келиши сир эмас. «Савдо, зироат ва вақф китоби»да ҳозирги кунимизда кўпчиликни қизиқтириб турган қатор масалаларни иложи борича тушунарли равишда баён қилинган. Аллоҳ таолодан бу камтарона хизматни фойдали қилишини, камчиликларини кечиришини сўраймиз. Аллоҳ таоло: «Аллоҳ савдони ҳалол ва рибони ҳаром қилди», деган (Бақара, 275).

الَّذِينَ يَأْكُلُونَ الرِّبَا لَا يَقُومُونَ إِلَّا كَمَا يَقُومُ الَّذِي يَتَخَبَّطُهُ الشَّيْطَانُ مِنَ الْمَسِّ ذَلِكَ بِأَنَّهُمْ قَالُوا إِنَّمَا الْبَيْعُ مِثْلُ الرِّبَا وَأَحَلَّ اللَّهُ الْبَيْعَ وَحَرَّمَ الرِّبَا فَمَنْ جَاءَهُ مَوْعِظَةٌ مِنْ رَبِّهِ فَانْتَهَى فَلَهُ مَا سَلَفَ وَأَمْرُهُ إِلَى اللَّهِ وَمَنْ عَادَ فَأُولَئِكَ أَصْحَابُ النَّارِ هُمْ فِيهَا خَالِدُونَ

Судхўрлар (қиёмат куни қабрларидан) жин чалиб кетган одам каби (ҳолатда) қўпадилар. Бунинг сабаби – уларнинг: «Байъ (савдо-сотиқ) ҳам судхўрликнинг худди ўзи» деган гаплари (ақидалари)дир. Ҳолбуки, Аллоҳ байъни ҳалол, судхўрликни (эса) ҳаром қилган**.

Бас, ким Раббидан насиҳат етгач, (судхўрликдан) тўхтаса, у ҳолда аввалги ўтгани – ўзига ва унинг иши Аллоҳга (ҳавола). Ким яна (судхўрликка) қайтса, ўшалар дўзах аҳлидирлар ва улар унда абадий қолувчилардир.

Рибо (устама, фоиз) шуки, унда савдолашаётган томонларнинг бири ўзи берган нарсаси баробарига худди шу нарсанинг ўзидан ортиқроғи билан қайтариб олишни шарт қилишидир. Масалан, бир тонна буғдой баробарига биру чорак тонна буғдой беришни шарт қилса, бу рибо ҳисобланиб, у шаръан ҳаромдир. Бу иш билан шуғулланувчи кишини форс-тожик ва ўзбек тилларида судхўр дейилади.

Рибо бир неча хил бўлиб, унинг тақиқланишига қатор сабаблар бор. Масалан, ўзганинг молини эвазсиз ўзлаштиргани, меҳнатсиз осон йўл билан бойлик орттиргани, савоб саналган эвазсиз қарз бериш одатини тарк этгани ва ҳоказо.

Қарз беришда ортиғи билан қайтариш шарт қилинса бу ҳам рибодир.

Ҳанафий мазҳаби бўйича рибога буғдой, арпа, хурмо, туз, олтин, кумуш каби ўлчов ва вазн билан қилинадиган савдо муомалалари киради. Жинси бир хил нарсаларнинг савдосида миқдорнинг бир хил бўлиши шартдир.

«Савдо» деб таржима қилган сўз арабчада «байъ» дейилиб, луғатда «ўзаро бир нарсани алмаштириш»ни англатади. Шариатда эса бир молни иккинчи бир мол муқобилига рози бўлиб қабул қилиб олишга «байъ» деб айтилади. Қисқа қилиб айтганда, «савдо» сўзи «тижорат» сўзидан умумийроқ бўлиб, бугунги куннинг истилоҳида «бозор иқтисоди» маъносига яқинроқ келади. «Аллоҳ савдо (тижорат)ни ҳалол ва рибони ҳаром қилди».

Чунки тижоратда фойда кўришнинг ҳам, куйиб қолишнинг ҳам эҳтимоли бор. Тижоратда инсоннинг меҳнати, маҳорати, атрофдаги табиий ҳолатларнинг фойда кўриш ёки зарар топишга таъсири бор. Савдогар фойда кўришга умид қилгани ҳолда куйиб қолишни ҳам бўйнига олиб иш бошлайди. Харажат қилиб, одамларга керакли молларни олиб келади, сақлайди ва бошқа хизматларни қилади. Судхўр-чи? У ҳеч нарса қилмай жойида ўтиради. Нима бўлишидан қатъи назар, фойда олиши муқаррар. Куйиб қолиш хавфи йўқ. Мазкур сабабларга ва яна зикр қилинмаган бошқа сабабларга кўра, тижорат билан шуғулланиш инсон учун ҳалол, судхўрлик эса ҳаром қилинган.

Аллоҳ таолонинг савдони шариатга киритиши, Қуръонда унинг ҳукмини баён қилиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ҳаётга татбиқ қилишлари ва кўплаб ҳадислар айтиб йўл-йўриқлар кўрсатишлари бежиз эмас. Чунки савдо инсонларнинг бир-бирлари билан муомалаларининг бу дунёдаги асосий жабҳаларидан бири ҳисобланади. У тўғри низомга солинмаса, жамият ҳаётини тартибга солиб бўлмайди. Чиндан ҳам инсон ёлғиз ўзи яшай олмайди. У ўзига ўхшаш бошқа инсонлар билан яшайди. Бошқалар билан яшагач, улар билан муомалада бўлиши, нарсаларини айирбошлаши, олди-берди қилиши керак. Агар бу муомалалар тартибга солинмай одамларнинг ўзларига ташлаб қўйилса, кучли кучсизни, айёр соддани алдаши, ҳақини поймол қилиши турган гап.

Мўминларнинг барчаси учун мазкур иқтисодий муомалалар одоби уларнинг барчаларини яратган, уларга ризқ бераётган ва охиратда ҳар бирларини ҳисоб-китоб қилиб, қилмишига яраша жазо ёки мукофот берадиган Зот – Аллоҳ таоло томонидан жорий қилингандагина айни адолат бўлади, бировга заррача зулм қилинмайди. Ана ўша илоҳий кўрсатмаларга амал қилиш орқали тинчлик ва осонлик билан муродга етилади. Энг муҳими, бу муомалалар ибодатга айланади, бу дунёда топилган ризқнинг ҳалол ва баракали бўлиши таъминланади. У дунёда эса шунга яраша ажру савоб, мақому мартабага эришилади, иншоаллоҳ.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус
ислом билим юрти ахборот хизмати

xadicha.uz

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“The Diplomatic insight”: Ўзбекистон ўтмишининг бой меросини замонавий тараққиёт ва миллий юксалиш билан уйғунлаштираётган давлат

16.09.2026   11923   3 min.
“The Diplomatic insight”: Ўзбекистон ўтмишининг бой меросини замонавий тараққиёт ва миллий юксалиш билан уйғунлаштираётган давлат

Покистоннинг “The Diplomatic insight” порталида Покистон тинчлик ва дипломатик тадқиқотлар институти ижрочи директори Муҳаммад Асиф Нур қаламига мансуб Ўзбекистоннинг маърифатпарвар мероси сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

“Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги фақат Самарқанд, Бухоро ва Хиванинг маҳобатида эмас. Бу қадим юртнинг энг катта бойлиги инсониятга ҳисоблашни, даволашни, осмон жисмларини кузатишни, эътиқодни англашни, адолат билан бошқаришни ва тилга тамаддуний оҳанг бағишлашни ўргатган буюк тафаккур соҳибларининг ворислигидадир”, –деб ёзган муаллиф.

Муҳаммад Асиф Нурнинг таъкидлашича, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бугун Ўзбекистонда музейлар, илмий марказлар, ихтисослаштирилган мактаблар, китобхонлик дастурлари ва маданий дипломатия орқали Учинчи Ренессанснинг пойдеворига тамал тоши қўйиляпти.   

“Бу мақсад 2026 йил 17 март куни Тошкентда Ислом цивилизацияси марказининг очилиши билан янада аниқ ифода топди. 1 июнга қадар марказга ярим миллион киши, жумладан, 150 дан ортиқ хорижий делегация ташриф буюрди. Қарийб 2 000 нафар олим 810 та тегишли лойиҳада иштирок этди, 1 000 дан ортиқ маданий ашё эса хориждан Ўзбекистонга қайтарилди. Расмий маълумотлар мамлакат хотирани таълим ва миллий ишончга айлантираётганини кўрсатади”, – дея қайд этилган нашрда.

Шунингдек, мақолада 2026 йилда Самарқанд яқинидаги Имом Бухорий мажмуаси қайта қурилиб, зиёратчилар учун очилгани эътироқ этилган. Унда 10 минг кишилик масжид, музей ва илмий-тадқиқот муассасалари барпо этилди. Мажмуанинг кунлик ташриф буюрувчиларни қабул қилиш имконияти 65 минг кишига етди ва биринчи ойнинг ўзида мажмуага бир миллиондан ортиқ одам ташриф буюрди. Бу маскан зиёратни билим, тадқиқот ва маънавий тарбия билан уйғунлаштиради.

 Муаллиф ўз мақоласида Амир Темур ва Темурийлар меросининг Ўзбекистон тарихи ва тараққиётида тутган ўрнига алоҳида эътибор қаратган.

“Темурийлар даври нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон тамаддунида ҳам муҳим палла ҳисобланади. Амир Темур Самарқандни қудратли давлат марказига айлантирди ва меъморчилик, илм-фан ҳамда маданият тараққиётини қўллаб-қувватлади. 2026 йилда Ўзбекистонда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланмоқда, Темурийлар тарихи давлат музейи қайта реконструкция қилинди ва апрель – Амир Темур ойи деб эълон қилинди”, – дейилади манбада.

Асиф Нурнинг эътироф этишича, Ўзбекистонда маърифатпарварлик ғоялари  ҳеч қачон фақат қўлёзмалар билан чекланиб қолмаган. У маҳаллада, устоз ва кексаларга ҳурматда, устоз-шогирд анъаналарида ва меҳмондўстликда яшайди. У Шашмақом оҳангларида янграйди, Лазги рақсида намоён бўлади, Аския санъатида тилга киради, бахшилар ижросида ҳикоя қилинади, атлас ва адрас матоларида ўз ифодасини топади. ЮНЕСКО томонидан тан олиниши бу анъаналарнинг жаҳон миқёсидаги аҳамиятини тасдиқлайди.

Муаллиф ўз мақоласини “Ўзбекистоннинг маърифатпарвар меросининг илдизлари қадимий – аммо унинг ҳақиқий манзили – келажакдир”, – деган сўзлар билан якунлаган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари