Бугунги кунда мамлакатимиз мусулмонларига Ҳаж зиёратини адо этиш учун бир қатор қулайликлар яратилмоқда. Уларни Саудия Арабистонига етказилиши, саломатликларини доимий назорат қилиш, иссиқ иқлим шароитларидан келиб чиқиб таомланишлари масаласида тайёргарлик ишлари олиб борилган. Етти минг нафардан зиёд ўзбекистонликлар жорий йилда Ҳаж ибодатини ўтайдилар. Уларнинг хавфсизлиги, ибодатларининг тўла-тўкис бўлишида ҳукуматимиз томонидан олиб борилган ишлар таҳсинга сазовордир.
Айни пайтда мамлакатимиз зиёратчиларининг бир неча гуруҳи Саудия Арабистонида бўлиб турибдилар ва уларнинг кайфиятлари юқори эканини кўриш мумкин.
Кеча, 1 август куни Наманган вилояти ва Тошкент шаҳридан 468 нафар зиёратчи Мадина шаҳрига етиб боришган бўлса, улар Мадина шаҳрида Масжидун Набавийдан юз метр узоқликдаги «Жавҳарат ал-Рашид» меҳмонхонасига жойлаштирилган.
Шу кунларда ушбу муборак шаҳарда 934 нафар юртдошларимиз ўз ибодатларини адо этмоқда.
Мадина шаҳрида ҳожиларимиз муқаддас зиёратгоҳлар: Масжиди Қубо, Масжиди қиблатайн ва Уҳуд тоғларини зиёрат қилгач, уч кечаю тўрт кундуздан кейин Макка шаҳрига йўл оладилар.
Бугун, 2 август куни Тошкент шаҳри ва Андижон вилоятидан 460 нафар зиёратчилар Мадина шаҳридан Макка шаҳрига жўнаб кетдилар. Ҳозирда Макка шаҳрида 912 нафар зиёратчи ибодатларини адо этмоқдалар.
Ҳожиларимиз Макка шаҳрида Масжидул Ҳарамдан 8000 метр узоқликда жойлашган тўрт юлдузли “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасига жойлашишдилар.
Мадина ва Макка шаҳарларида меҳмонхоналарда 24 соат давомида хизмат кўрсатиш ташкил этилган бўлиб, зиёратчиларимиз учун барча шароитлар муҳайё қилинган.
ЎМИ Матбуот хизмати
2025 йилги Ҳаж сафарида иштирок этган юртдошларимиз “Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари” ташаббуси доирасида фаол иш олиб бормоқдалар. Ушбу ташаббус доирасидаги навбатдаги намунавий-амалий тадбир Фарғона вилояти Данғара туманида бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев иштирок этиб, тадбирга бошчилик қилди. “Саййид Аҳмадхон ҳожи” жоме масжидида ўтказилган йиғилишда тажрибали имом-хатиблардан иборат Ишчи гуруҳ тузилиб, устувор вазифалар белгилаб олинди.
Ишчи гуруҳ уч йўналишда фаолият олиб борди. Жумладан:
– Ҳаждан қайтган зиёратчилар маънавий-маърифий тадбирларга жалб этилди;
– 65 та оилага борилиб, маънавий суҳбат ва амалий ёрдамлар кўрсатилди;
– 9 та хонадондаги руҳий-маънавий қийинчиликлар ўрганилиб, маслаҳатлар берилди.
– Оилавий келишмовчилик сабабли нотинч бўлиб турган оилаларга суҳбат ва насиҳатлар ўтказилди. Натижада 2 та аразлашган оила яраштирилиб, 1 та ажримнинг олди олинди;
– Судланганлар, жазо муддатини ўтаётганлар ҳамда уларнинг оилалари билан мулоқот қилинди.
– Ногирон ва эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиниб, моддий-маънавий кўмак кўрсатилди.
Туманнинг Таптиқсарой маҳалласида ёнғин оқибатида зарар кўрган хонадонни қайта таъмирлаш ишлари ҳомийлар ва ҳожилар кўмагида бошлаб юборилди. Бош имом-хатиб Убайдуллоҳ домла ушбу хонадонга ташриф буюриб, мулоқот қилди ҳамда тавсиялар берди.
Бундан ташқари, “Доимобод” маҳалласидан бўлган, ногиронлиги бор фуқаронинг уйига ҳам ташриф уюштирилиб, тугалланмаган уй қурилиши учун зарур қурилиш материаллари етказилди.
Пешин намозидан сўнг Ишчи гуруҳ таркибидаги иқтидорли имом-хатиблар жамоатга маъруза қилиб, тинчлик, осойишталик ва халқ фаровонлиги учун дуо қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати