بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Бугунги кунда долзарб муаммолар қаторида ўз жонига қасд қилиш муаммоси ҳанузгача кишини ташвишга солиб келмоқда. Инсон ҳаёти давомида дуч келадиган ҳар қандай синов, қийинчилик, муваффақиятсизлик, мусибатларга сабр қилиб, Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлиб яшаса, Яратганнинг раҳматини топган бўлади. Турли шайтоний васваса, тушкунлик ва умидсизликка берилмай, Инсон деган улуғ номга мувофиқ иш тутиши керак бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло Одам фарзандларини мукаррам қилиб яратган бўлиб, Қуръони каримда бу ҳақда бундай дейилади:
وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آَدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ
وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَى كَثِيرٍ مِمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلًا (سورة الإسراء/70).
яъни: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро сураси, 70-оят).
Шунга қарамай, кейинги вақтларда жамиятимизда айрим кишилар билиб-билмай, айниқса, хотин-қизлар ўзларининг жонларига қасд қилиб, Аллоҳ таоло ато этган ҳаёт нурини бевақт ўчиришга, икки дунёда абадий лаънатга ва дўзах азобига дучор бўлишдек оғир гуноҳ қилишга ўтмоқдалар. Динимиз таълимотида инсоннинг ўз жонига қасд қилиши жуда ҳам қаттиқ қораланади.
Аллоҳ таоло айтади:
"… لَا تَقْتُلُوا أَنْفُسَكُمْ إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا " )سورة النساء /29(
яъни: “...ўзларингизни ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир” (Нисо сураси, 29-оят).
Қолаверса, кўплаб саҳиҳ ҳадисларда ўз жонига қасд қилиш оғир гуноҳ экани ва уни амалга оширган осий банда жаҳаннам ўти билан абадий азобланиши таъкидланади.
عَنْ أَبي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: "مَنْ تَرَدّي مِنْ جَبَلٍ فَقَتَلَ نَفْسَهُ فَهُوَ فِى نَارِ جَهَنَّمَ يَتَرَدّي فِيهَا خَالِدًا مُخَلَّدًا فِيهَا أَبَدًا وَ مَنْ تَحَسّى سَمًّا فَقَتَلَ نَفْسَهُ فَسَمُّهُ فِى يَدِهِ يَتَحَسَّاهُ فِى نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدًا مُخَلَّدًا فِيهَا أَبَدًا وَ مَنْ قَتَلَ نَفْسَهُ بِحَدِيدَةٍ فَحَدِيدَتُهُ فِى يَدِهِ يَتَوَجَّأُ بِهَا فِى نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدًا مُخَلَّدًا فِيهَا"
(ﺭَﻭَﺍﻩُ الامَامُ ﺍﻟﺒُﺨَﺎﺭِﻱ ﻭَالامَامُ ﻣُﺴْﻠِﻢٌ(
яъни: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дейдилар: “Ким тоғ тепасидан ташлаб, ўзини-ўзи ўлдирса, ўлгандан сўнг жаҳаннамда ҳам шу хил азобга гирифтор бўлади. Агар заҳар ичиб ўзини-ўзи ўлдирса, жаҳаннамда ҳам абадий шу азобга мубтало бўлади. Ким ўзини темир парчаси билан ўлдирса, ўша кимса темир парчаси қорнига суқилган ҳолда жаҳаннам ўтида абадий қолади” (имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Яна бошқа бир ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ أَبي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: "الَّذِي يَخْنُقُ نَفْسَهُ يَخْنُقُها فيِ النَّارِ وَالَّذِي يَطْعَنُ نَفْسَهُ يَطْعَنُها فيِ النَّارِ" (ﺭَﻭﺍﻩ الامَامُ ﺍﻟﺒُﺨَﺎﺭِﻱ)
яъни: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ўзини-ўзи бўғиб ўлдирса, дўзахда ҳам шу хил азобга қолади ва ким ўзини олов билан ўлдирса, дўзах оловида ҳам худди шундай азобга қолади”, – деганлар (имом Бухорий ривояти).
Муҳтарам жамоат! Инсон борки унинг бошига турли хил мусибат ва муаммолар тушиши табиий ҳол. Бу мусибатларни енгиб ўтиш ҳақиқий мусулмон инсоннинг ишидир. бирор синов келса, осмону фалакни бошига кўтариб аййуҳаннос солиб, дод-фарёд қилиш, ўз жонига қасд қилишни барча ташвишлардан қутилишнинг ягона йўли деб билиш – имоннинг заифлигидандир. Ваҳоланки, бу услуб ечим эмас, балки энг буюк азоб-уқубатнинг бошланишидир.
عَنْ جُنْدَبُ بْنُ عَبْدِ اللَّهِ عَنْ النَّبِي صلى الله عليه وسلم قَالَ: "كَانَ مِمَّنْ كَانَ قَبْلَكُمْ رَجُلٌ بِهِ جُرْحٌ فَجَزَعَ، فَأَخَذَ سِكِّيْنًا فَحَزَّ بِهَا يَدَهُ، فَمَا رَقَأَ الدَّمُ حَتَّى مَاتَ، قَالَ اللهُ تَعَالَى: "بادَرَني ابْنُ آدَمَ بنَفْسِهِ فَقَتَلَها، فَقَدْ حَرَّمْتُ عَلَيْهِ الجَنَّةَ" (مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ).
яъни: Жундаб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг ривоят қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Сизлардан олдин ўтган қавм орасида бир яраланган кимса бор эди. У оғриққа чидай олмасдан, қўлига пичоқ олиб, яраланган қўлини кесди. Натижада у қон йўқотиш туфайли вафот этди. Шунда Аллоҳ таоло: “Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”, – деди ” (имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ушбу ҳадиси қудсий мазмунига кўра, ўзини-ўзи ўлдирган банда жаннатдан абадий маҳрум қилинар экан.
Шу муносабат билан афсус ила зикр қилиб ўтиш лозимки, шу кунларда юртимизнинг турли ҳудудларида ҳар-хил йўллар ила ўз жонига қасд қилиш воқеалари айниқса аёллар ва ёшлар ўртасида рўй бериб турибди. Бу мудҳиш ҳолатлар Ислом шариатида қоралангани баробарида Аллоҳ таолонинг қазойи қадарига ҳам туғён қилиш саналади. Қолаверса киши ўз хешу-ақраболарини ва ота-оналарини ҳам оғир кулфатга солиб қўйишга сабаб бўлади. Бунинг оқибатида болалар етим қолмоқда, оилалар пароканда бўлмоқда.
Жаҳондаги нуфузли ислом муассасалари, чунончи Миср Араб Республикаси Фатво Бошқармаси ва Саудия Арабистони уламолари ўзини-ўзи ўлдирувчилар ҳақида махсус фатволар эълон қилганлар. Шунингдек, фиқҳ китобларимизда ўз жонига қасд қилиб ўзини-ўзи ўлдирган шахсларга айрим уламо ва фуқаҳолар жаноза намози ўқимаслик тўғрисида фатво ҳам берганлар.
Жорий йилнинг 27 июль куни муҳтарам Президентимиз иштирокида жиноятчиликни олдини олиш бўйича бўлиб ўтган видеоселекторда таъкидланишича, ўтган 6 ойда 2066 та ўз жонига қасд қилиш ҳолати содир бўлган. Шундан ярми вафот этган. Охирги икки ҳафта ичида 79 та шундай ҳодиса рўй берди. Андижон вилояти Жалақудуқ туманида бир она ўзини икки фарзанди билан каналга ташлаб юборган. Ўзи омон қолган, лекин икки фарзанди ҳалок бўлган. Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида бир аёл ўз уйини ёқиб юборган, оқибатда болалари ҳалок бўлган. Бир аёл поезднинг тагига чақалоғи билан ўзини ташлаган.
Юқоридаги мудҳиш воқеалар ҳар қандай мўмин-мусулмоннинг қалбини ларзага солмай иложи йўқ. Сабрсизлик эса, ана шундай оқибатларга олиб келишлигини воқеълик кўрсатмоқда.
Аллоҳ таолога шукрки, биз, мусулмонлар, яшаш учун ҳамма шароитлар тўлиқ муҳайё қилинган, тўкин, тинч ва фаровон жамиятда яшамоқдамиз. Биров-бировнинг ҳақ-ҳуқуқини камсита олмайди. Бундай адолатли жамиятда яшаш айни саодатдир. Бинобарин, бизнинг Ватанимизда ўзини-ўзи ўлдиришга ҳеч қандай сабаб йўқ. Ҳар қандай ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни сабру қаноат ва ҳусни тадбир билан ҳал қилса бўлади. Аммо бесабрлик ила ношукрлик қилинса, оқибати хайрли бўлмайди!
Аллоҳ таоло бизга омонат қилиб берган ҳаёт неъматини ва умримиз йилларини чиройли солиҳ амаллар қилишга, савобли ишлар билан ўтказишга, кундалик ҳаётий қийинчилик ва муаммоларимизни ақл-заковат билан ҳал этишга ҳаракат қилиш ва Аллоҳ таолонинг раҳматидан доимо умидворлик билан яшашга интилиш – ҳақиқий иймонли инсоннинг баркамол фазилати ҳисобланади.
Ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама кучли, бақувват, баркамол қилиб вояга етказишга барчамиз масъулмиз!
Аллоҳ таоло ҳар бир бандасига ато этган неъматларига шукр қилишни ва синов учун етган мусибатларга сабр қилишни насибу рўзи айласин! Омин!
Шу кунларда жойларда Ватанимиз давлат мустақиллигининг 35 йиллигини нишонламоқда. О‘тган йилларга назар ташласак, истиқлол нафақат сиёсий ва иқтисодий мустақиллик, балки буюк аждодлар мероси ва ма’навий илдизларига қайтиш имконини берганини янада чуқур ҳис этамиз.
Айниқса, кейинги йилларда Янги О‘збекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илм-ма’рифат, диний та’лим ва буюк алломаларимиз меросини о‘рганиш соҳасида амалга оширилаётган кенг ко‘ламли ислоҳотлар бу борада мутлақо янги босқични бошлаб берди.
Президентимиз 2017 йилдаёқ юртимизда шаклланган буюк илмий мактабларни қайта тиклаш, хусусан, Самарқандда ҳадисшунослик мактабини ташкил этиш ташаббусини илгари сурган эди. Орадан ко‘п о‘тмай бу эзгу г‘оя амалий ифодасини топди. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-ма’рифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари то‘г‘рисида»ги Фармони асосида Самарқандда Ҳадис илми мактаби ташкил этилди. Шу йилнинг 1 ноябрида қабул қилинган Ҳукумат қарори билан унинг фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари белгилаб берилди.
Бу воқеа, бизнингча, шунчаки янги та’лим муассасасининг очилиши эмас эди. Бу – Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий каби буюк муҳаддисларни етиштирган заминда ҳадис илмининг узоқ асрлик ан’аналарини замонавий асосда давом эттириш ё‘лидаги тарихий қадам бо‘лди.
Ҳадис илми мактаби олдига Қур’они карим ва ҳадисларнинг асл моҳиятини теран англайдиган, ҳадис илмининг илмий-назарий асосларини пухта эгаллаган, буюк муҳаддисларимиз меросини чуқур о‘рганадиган ва мустақил илмий тадқиқот олиб бора оладиган етук мутахассисларни тайёрлаш вазифаси қо‘йилди. Энг муҳими, ҳадисларда мужассам бо‘лган эзгулик, ҳалоллик, адолат, баг‘рикенглик, ватанпарварлик, ота-онага эҳтиром, инсон қадрини улуг‘лаш сингари умуминсоний г‘ояларни халқимиз, айниқса, ёш авлодга то‘г‘ри ва илмий асосда етказиш та’лим даргоҳининг муҳим вазифаларидан бирига айланди. Бугун Ҳадис илми мактабида та’лим жараёни назарий билим бериш билан чекланиб қолмай, амалий машг‘улотлар билан ҳам узвий бог‘ланган. Талабалар ҳадисларни тахриж қилиш, я’ни уларнинг асл манбаларини аниқлаш, ривоят ё‘ллари ва санадларини о‘рганиш, ҳадис матнларини шарҳлаш ва илмий таҳлил қилиш, уларни мавзу ва мазмунига ко‘ра таснифлаш, шунингдек, ҳадис манбалари ва илмий асарларни тадқиқ қилиш бо‘йича амалий ко‘никмаларни эгалламоқдалар.
Айни пайтда, Ҳадис илми мактабининг Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ёнма-ён фаолият юритаётгани ҳам о‘зига хос илмий-ма’рифий муҳитни юзага келтирмоқда. Буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳазратларининг бой илмий меросини о‘рганиш, уни жаҳон илм аҳлига етказиш, замонавий тадқиқотлар билан бойитиш ё‘лида амалга оширилаётган ишлар ёшларимиз учун улкан илмий мактаб вазифасини о‘тамоқда.
Бугун Самарқанд заминида Имом Бухорий номи билан бог‘лиқ улкан бунёдкорлик ишларининг амалга оширилиши ҳам халқимизнинг о‘з буюк аждодига бо‘лган юксак эҳтиромининг ифодасидир. Имом Бухорий мажмуасининг замон талаблари асосида қайта бунёд этилиши, уни илм-ма’рифат, тарбия ва зиёрат масканига айлантиришга қаратилган ишлар нафақат юртимиз, балки бутун ислом олами учун катта аҳамиятга эга.
Янги О‘збекистонда диний-ма’рифий соҳага бо‘лган муносабатнинг энг муҳим жиҳати шундаки, аждодлар мероси фақат тарихий фахр сифатида эмас, балки бугунги ва келажак авлод тарбиясига хизмат қиладиган улкан ма’навий хазина сифатида о‘рганилмоқда. Имом Бухорийнинг илмга садоқати, ҳақиқатни излашдаги матонати, ҳадисларни қабул қилишдаги юксак илмий мезонлари бугунги ёшларимиз учун ҳам ибрат мактабидир.
Со‘нгги йилларда юртимизда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Баҳовуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби каби қатор илм ва ма’рифат масканларининг ташкил этилгани ҳам ушбу сиёсатнинг узвий натижасидир.
Буларнинг барчаси замирида битта буюк мақсадни ко‘риш мумкин: ма’рифатли, о‘з тарихини биладиган, аждодлари мероси билан фахрланадиган, айни пайтда замонавий билим ва тафаккурга эга авлодни вояга етказиш. Биз, Ҳадис илми мактаби жамоаси, яратиб берилаётган бундай имкониятларни катта ишонч ва юксак мас’улият сифатида қабул қиламиз. Чунки буюк муҳаддислар юртида ҳадис илмини о‘рганиш ва о‘ргатиш фақат касбий вазифа эмас, балки аждодлар олдидаги ма’навий бурч ҳамдир.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида ортга назар солиб, бугунги натижаларни сарҳисоб қилар эканмиз, истиқлолнинг қадрини яна бир бор теран ҳис этамиз. Агар мустақиллик халқимизга о‘з тақдирини о‘зи белгилаш ҳуқуқини берган бо‘лса, Янги О‘збекистондаги ислоҳотлар миллий ва диний-ма’рифий меросимизни чуқур о‘рганиш, уни дунёга муносиб тарзда намоён этиш учун янги имкониятлар эшигини очди. Эндиликда бизнинг вазифамиз – ана шу имкониятлардан самарали фойдаланиб, Имом Бухорий ва бошқа буюк алломаларимиз қолдирган илмий меросни янада чуқур тадқиқ этиш, унинг инсонпарварлик ва ма’рифатпарварлик г‘ояларини ёш авлод қалбига етказишдир. Зеро, о‘з о‘тмишини англаган, илмни қадрлаган ва ма’рифатга таянган халқнинг келажаги ҳамиша порлоқ бо‘лади.
Барот Амонов, Ҳадис илми мактаби ректори.
О‘збекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати