Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Август, 2026   |   28 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:58
Қуёш
05:28
Пешин
12:30
Аср
17:24
Шом
19:32
Хуфтон
21:00
Bismillah
11 Август, 2026, 28 Сафар, 1448

Ҳадис шарҳи: Мол – дунё фитнами?

02.08.2018   20555   4 min.
Ҳадис шарҳи: Мол – дунё фитнами?

“Каъб ибн Иёз (р.а.) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (с.а.в.)­нинг бундай деб айтаётганларини эшитдим: “Ҳар бир уммат учун фитна бор, менинг умматим фитнаси мол-дунёдир” (Имом Термизий).

Шарҳ. Имом Термизий саҳиҳлигини айтган ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз (а.с.) мол-дунё мавзусига эътибор қаратганлар. Шарҳчилар ҳадисдаги “фитна”ни залолат ва маъсият, яъни адашиш ва Ҳаққа осийлик деб изоҳлашган. Яъни, бу умматни ҳақ йўлдан оздириб, диндан узоқлаштирадиган энг муҳим омил моддият ва молдир. Ислом душманларининг ошкора ва махфий ташкилотлари мусулмонларни йўлдан тойдириш учун кўпинча моддият ва мол-дунёдан тузоқ сифатида фойдаланишмоқда. Буни кузатиб туриб, Аллоҳ таолонинг: “Кофир бўлганлар мол-мулкларини Аллоҳ йўлидан тўсиш учун сарфлайдилар” (Анфол, 36), деган огоҳлантирувининг амалдаги исботини кўрамиз. Пайғамбаримиз (а.с.)нинг юқоридаги ҳадислари билан ғайбдан хабар беришларига яна бир карра имон келтирамиз.

Айни пайтда, бу ҳадисни нотўғри талқин қилмаслик керак. Ислом дини аслида бойлик ва моддий куч-қудратга қарши эмас. Аксинча, мусулмонларни меҳнат қилишга ва пул топишга тарғиб этадиган кўплаб ҳадислар бор. Динимизнинг муҳим қисми бўлмиш закот, ҳаж, садақа каби фарз ва мандуб амалларни бажариш учун, албатта, мол-дунёга эга бўлиш керак. Шунингдек, “Берувчи қўл олувчи қўлдан яхшидир”, “Аллоҳнинг наздида кучли мўмин кучсиз мўминдан яхшироқ ва суюклироқдир”, “Тақводор кишига бойликнинг ҳеч бир зарари йўқдир” каби ҳадислар мусулмонларни меҳнатга, моддий жиҳатдан бақувват бўлишга ундайди.

Шундай экан, мол ва моддиятни ёмонлашдан мақсад, агар ҳушёр, сергак бўлинмаса, ахлоқий ва диний жиҳатдан тубанлашишга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантиришдир. Унутмайликки, тараққиёт, ривожланиш йўқчилик ва эҳтиёждан келиб чиққани каби, қолоқлик ва танбаллик ҳам бойлик келтирган тўкинлик, исроф сабабли юзага келади. Бунга энг ёрқин мисол Саодат асри ва ундан кейинги саҳобалар давридир. Ўша пайтда очликдан силласи қуриб, қорнига тош боғлаб юрган одамлар қисқа муддатда дунёнинг уч қитъасига Аллоҳнинг ҳақ динини етказишди. Замонлар ўтиб, бутун дунё хазиналари мусулмонларга қараб оқа бошлаганида эса, одамлар бамай­лихотирликка ва дангасаликка берилишди. Оқибатда илм-фан, давлат бошқаруви ва бошқа соҳаларда дунёга устозлик қилган мусулмон олами тараққиётдан орқада қолган, қарам ва боқиманда ҳолга тушиб қолди.

Шундай экан, азалий ва абадий ҳақиқатларни етказувчи бўлган Пайғамбаримиз (а.с.)нинг мол-дунё борасидаги тутум­ларини ушбу ҳадисдан билиб олсак бўлади: «Одамлар мол-дунё борасида тўрт қисмдир: бир банда бор, Аллоҳ унга мол ва илм берган, у моли хусусида Аллоҳдан қўрқади ва уни силаи раҳм учун сарфлайди. Молидаги Аллоҳнинг ҳаққини билади ва уни адо этади. Мана шу одам энг юксак мартабага эришади.

Яна бир банда бор, Аллоҳ унга илм бергану аммо мол бермаган. У яхши ниятда: “Агар молим бўлса эди, фалончига ўхшаб хайрли йўлларга сарфлардим”, деб орзу қилади. Аллоҳ унинг ниятини қабул қилади ва олдингилар билан тенг ажр беради.

Учинчи (хил) банда бор, моли етарли, лекин Аллоҳ унга илм бермаган. У молини шаҳват ва бузуқлик-фитна йўлларига сарфлайди. На Раббидан қўрқади ва на силаи раҳм қилади. Молидаги Аллоҳнинг ҳаққини ҳам билмайди. Бу энг ёмон мартабадир.

Тўртинчи (хил) кимса бор, Аллоҳ унга мол ҳам, илм ҳам бермаган. Аммо у исрофчиларга ҳасад қилиб: “Қанийди, менинг ҳам пулим бўлсайди, фалончига ўхшаб сарфлаб, унга ўхшаб яшардим”, дейди. У ҳам нияти сабаб ўша исрофгарлар билан гуноҳда тенг шерик бўлади».

Манба:irfon.uz

 

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

ЮЗДАН ЗИЁД ОИЛАГА КЎМАК БЕРИЛДИ

10.08.2026   12954   1 min.
 ЮЗДАН ЗИЁД ОИЛАГА КЎМАК БЕРИЛДИ

Сайёр йиғилиш

Бир кишига кўмаклашсангиз, у қанчалик шод бўлади.
Энди бир эмас, ўн эмас, юздан зиёд оилага ҳам маънавий, ҳам маърифий, ҳам моддий кўмак берилса, қанча кишининг кўнгли кўтарилишини, сизни алқашини тасаввур қилиб кўринг-а.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида пойтахтимизнинг Янги ҳаёт туманидаги «Ниёзмат ота» жоме масжидида маънавий-маърифий сайёр йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Эргашали домла Рустамов, Тошкент шаҳар туманлари бош имомлари, имом-домлалар, «Ҳаж 2026» иштирокчилари қатнашдилар.
Тумандаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш мақсадида маҳаллаларга ташриф буюрилди. Адашиб ақидаси бузуқ турли оқимлар таъсирига тушиб қолган шахслар, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан ҳам суҳбатлар олиб борилди.
Катта ҳаёт тажрибасига эга ҳожи оталар, ҳожи оналар имом-хатиблар, отинойилар билан биргаликда олиб борган маърифий тарғиботлари ўз самарасини берди: юздан зиёд хонадонга ҳам маънавий, ҳам моддий ёрдам кўрсатилди.
* * *
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Янги ҳаёт туманидаги маҳаллаларга ташриф буюриб, у ердаги бир қанча хонадонларга кириб, хонадон эгаларининг қалбларига хурсандчилик улашдилар.
Қувонарлиси, янги ўқув йили арафасида ҳомийларни жалб қилган ҳолда 30 та ҳақдор хонадон соҳиблари фарзандларига сумка, ўқув қуроллари ҳадя этилди.
Юздан зиёд хонадон эгаларининг кўнгли кўтарилиб, улар эзгу ишларнинг бошида турган барча азиз инсонларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилишди.

Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари