Ҳосид ҳар куни кимнидир чақиб турмаса, ҳасад қилмаса туролмайди. Бу шундай дардки, ўзи бировга қишда қор бермайди, ўзгалар берганини эса кўролмайди. Гоҳо ўзига-ўзи ҳасад қилур, бу дардга уни кибру ҳаво солур. Ҳасад заҳрини солишга кимса топилмаса, ўзини-ўзи чақур. Нақадар аянчли!
Дунёда юрак хасталигидан оғриганларнинг аксари ҳасад сабаб ушбу дардга йўлиқади, ёруғ олам нурига ҳасад-ла боқиб, жон таслим қилади.
Аллоҳнинг қудрати билан чаённинг болалари ўз оналарини еб каттарар экан. Ҳасад ҳам, ҳасадчини еб битирар экан.
Эй азиз фарзанд! Ўзингни ҳасаддан сақла, ҳасад шундай дардки, у гўё аччиқ алаф кабидир, у алаф асалга қўшилса, унинг таъми ва рангини бузади. Ҳасад қалбнинг ва имоннинг кушандасидир. Бу дунёда ҳавас билан яшагин, ҳасад билан эмас. Шунда орзуингдаги бахтга эришасан.
Илону чаёндек чақма ҳар кимни,
Боласи чаённи ейди қилиб ем.
Қалбингда тўпласанг лим-лим ҳасадни,
Бир кун келиб, ўзинг йиғлайсан юм-юм.
ЎМИ Матбуот хизмати
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан юртимиз бўйлаб маърифат улашувчи заҳматкаш устозларимизга юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилмоқда. Шу муносабат билан “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан диний таълим муассасалари педагог ва ходимлари ҳолидан хабар олиниб, байрам туҳфалари улашилди.
Хусусан:
Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасаси устоз ва ходимларига 40 миллион сўмлик моддий кўмак ҳамда озиқ-овқат жамланмалари топширилди.
Ҳадис илми мактабида соҳа фидойилари иштирокида маърифий давра суҳбати ташкил этилиб, мударрис ва ходимларга байрам эҳсонлари улашилди, хайрли дуолар қилинди.
“Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасасида 6 нафар устозга 5 миллион сўмдан (жами 30 миллион сўмлик) хайрия сертификатлари, яна 16 нафар муаллима ва ходимларга эсдалик совғалари тақдим этилди.
Таълим муассасалари жамоалари кўрсатилаётган бундай эътибор ва ғамхўрлик учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда “Вақф” фондига самимий миннатдорлик билдирдилар.
Аллоҳ таоло келажак авлодни тарбиялаш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган барча азиз устозларимизнинг илм ва амалларига барака берсин, касб байрамингиз муборак бўлсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати