Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Октябр, 2026   |   2 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:14
Қуёш
06:32
Пешин
12:09
Аср
16:02
Шом
17:50
Хуфтон
19:04
Bismillah
13 Октябр, 2026, 2 Жумадул аввал, 1448

Чаён

02.08.2018   19781   1 min.
Чаён

Ҳосид ҳар куни кимнидир чақиб турмаса, ҳасад қилмаса туролмайди. Бу шундай дардки, ўзи бировга қишда қор бермайди, ўзгалар берганини эса кўролмайди. Гоҳо ўзига-ўзи ҳасад қилур, бу дардга уни кибру ҳаво солур. Ҳасад заҳрини солишга кимса топилмаса, ўзини-ўзи чақур. Нақадар аянчли!

Дунёда юрак хасталигидан оғриганларнинг аксари ҳасад сабаб ушбу дардга йўлиқади, ёруғ олам нурига ҳасад-ла боқиб, жон таслим қилади.

Аллоҳнинг қудрати билан чаённинг болалари ўз оналарини еб каттарар экан. Ҳасад ҳам, ҳасадчини еб битирар экан.

Эй азиз фарзанд! Ўзингни ҳасаддан сақла, ҳа­сад шундай дардки, у гўё аччиқ алаф кабидир, у алаф асалга қўшилса, унинг таъми ва рангини бузади. Ҳасад қалбнинг ва имоннинг кушан­да­сидир. Бу дунёда ҳавас билан яшагин, ҳасад би­лан эмас. Шунда орзуингдаги бахтга эришасан.

Илону чаёндек чақма ҳар кимни,

Боласи чаённи ейди қилиб ем.

Қалбингда тўпласанг лим-лим ҳасадни,

Бир кун келиб, ўзинг йиғлайсан юм-юм.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“OTS”: Ўзбекистон маданий меросни сақлаш ва тарғиб қилишда халқаро ҳамкорликни кенгайтирмоқда

22.09.2026   65907   2 min.
“OTS”: Ўзбекистон маданий меросни сақлаш ва тарғиб қилишда халқаро ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Австриянинг “OTS” ахборот сервисида Ўзбекистоннинг тарихий-маданий меросини сақлаш ва оммалаштириш соҳасидаги халқаро ҳамкорлигига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё”  АА мухбири.

Мақолада “Universal Art Group” компанияси вакилларининг Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ ва янги кашфиётлар” мавзусидаги Халқаро медиафорумдаги иштироки ҳақида сўз юритилган.

Алоҳида эътибор Марказий Осиё ва ислом дунёсининг бой маданий мероси билан боғлиқ қўшма нашриёт ташаббусларига қаратилди.

Яна бир муҳим йўналиш Амир Темур давридаги Самарқандга оид тарихий манбаларга мурожаат қилиш бўлди. Хусусан, Кастилия қироли томонидан Темур саройига юборилган испан дипломати Руй Гонсалес де Клавихонинг эсдаликларига эътибор қаратилди. Унинг тавсифлари XV аср бошларидаги Самарқанд ва Марказий Осиёни европалик саёҳатчи нигоҳи билан кўриш имконини берувчи қимматли манба ҳисобланади.

“Universal Art Group” асосчиси ва бош директори Шарлотта Крамернинг таъкидлашича, тарихий ҳужжатлар нафақат ўтмиш, балки бугунги кунга таъсир ўтказишда давом этаётган инсонлар, ғоялар ва учрашувлар ҳақида ҳикоя қилади. Унинг сўзларига кўра, муҳим вазифа бундай манбаларни авайлаб-асраш ва кенг халқаро жамоатчиликни улар билан таништириш учун янги имкониятлар яратишдан иборат.

Ташриф доирасида “UAG” вакиллари Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида таълим учрашувлари ўтказди. Унда маданий меросни сақлаш, ўрганиш ва тарғиб қилишда замонавий нашриёт саноатининг роли муҳокама қилинди. “Universal Art Group” операцион директори Александр Вильгельмнинг сўзларига кўра, талабалар билан ўтказилган мулоқотлар ёш авлоднинг тарихий хотирани сақлаш ва маданий қадриятларни келажак авлодларга етказиш масалаларига бўлган юқори қизиқишини кўрсатди.

“Компаниянинг Тошкент ва Самарқанддаги тадбирларда иштирок этиши Ўзбекистоннинг маданият, таълим ва креатив индустрия соҳаларида халқаро ҳамкорлиги кенгаяётганининг яна бир исботи бўлди. Замонавий нашриёт технологиялари, тарихий манбалар билан илмий ишлаш ва рақамли форматлар мамлакатнинг ўзига хос меросини халқаро аудитория учун янада очиқ қилишга хизмат қилади ва Ўзбекистон ҳамда хорижий ҳамкорлар ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашга ёрдам беради”, — дейилади хулосада.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати