Бир киши балиқ консерва заводида ишларди. Бир куни у иш тугаганидан кейин музлатгич ичига кириб атрофни кўздан кечираётганда тўсатдан музлатгич эшиги ёпилиб қолди. Энди унга ким ёрдам беради? У бор кучи билан эшикни тепар, овозини борича бақирар эди. Лекин… Бари бефойда. Шу алфозда беш соат музлатгич ичида қолди. Дунё билан хайрлашиши аниқ бўлиб қолди. Тўсатдан бир киши эшикни очиб ичкарига кирди. Қараса, бир киши ўлим билан олишиб ётарди. Унга тезда ёрдам кўрсатилди. Киши дунёга қайтадан келди. Ёрдам қўлини чўзган киши шу заводнинг қоровули эди. Ундан сўрадилар: “Музлатгич ичида одам борлигини қаердан билдингиз?”
– Мен бу ерда ўттиз беш йилдан бери ишлайман. Хизматчилар орасида бир киши мен билан эрталаб табассум ила саломлашар, қайтаётиб яна шу алфозда хайрлашар эди. Шу куни иш тугаганидан сўнг ўша кишини кўрмадим. Кўнглимда нима бўлди экан деган савол пайдо бўлди. Уни излай бошладим. Ниҳоят уни музлатгич ичидан топдим.
Суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Биродаринг юзига табассум қилишинг САДАҚАДИР»
Мана сизга ҳадисга амал қилишни мукофоти. Мана сизга табассумнинг таъсири.
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Воқеа сурасини 40 кун ўқиш ҳақида сўрамоқчи эдим. Унда ҳар куни ўша куннинг сони бўйича ўқилади дейилган, яъни биринчи кун битта, иккинчи кун иккита, шу тарзда ўқиб борилиб, қирқинчи кун 40 та, жами 818 марта ўқилар экан. Шундай қилинса, ҳожатлар раво бўлар экан. Шу ҳақида маълумот берсангиз.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Динимизда бундай шаклда кўрсатма келмаган. Яъни, Воқеа сурасини 40 кун давомида муайян ададда ўқилсин ёки шундай қилинса, ҳожатлари раво бўлади каби гаплар ишончли диний манбаларда зикр қилинмаган. Албатта, шом намозидан кейин воқеа сурасини ўқиган одам камбағаллик кўрмаслиги ҳақида машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис бор. Лекин мазкур ҳадисда бир марта ўқиш ҳақида гап боради.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар кеча Воқеа сурасини ўқиса, унга зинҳор фақирлик етмайди”, деганлар.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу қизларига ҳар кеча у(сура)ни ўқишга буюрар эди (Имом Байҳақий “Шўъабул иймон”да ривоят қилган).
Ўқимоқчи бўлган одам мана шу ҳадисга амал қилиб, ҳар кеча мазкур сурани ўқишга одатланса, мақсадга мувофиқ йўл тутган бўлади ҳамда ҳадисдаги фазилатга ноил бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.