Афсуски, баъзи ота-оналар хорижга кўр-кўрона тақлид қилиб, фарзандларига “Жумонг”, “Ишани”, “Роналдо”, “Месси” деб от қўймоқда. Бу ҳам етмагандек, дилбандининг кўринишини ҳам ўшаларга ўхшатишга интилади. Фарзандининг соч турмаги-ю кийим-кечагини эътиқодимизга, мусулмончиликка мутлақо зид бўлган кўринишга келтиради.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қазаъдан қайтардилар. Нофеъдан: “Қазаъ нима?” деб сўрадим. У: “Ёш бола сочининг бир қисмини олиб, бир қисмини қолдириш”, деди (Имом Муслим ривояти).
Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ўзини бир қавмга ўхшатса, бас, у ўша қавмдандир”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлида собит қадам қилсин.
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
“Ўзингни номаълумлик ерига кўм!” Одамлар эътибори алдамчидир, бу ширин ёлғон, ширин заҳар каби ҳалок қилмасин, умрингни ёқиб кулини кўкка совурмасин.
Вафот қилганингда "Жасад қани?", "Мурда қаерда?" дейишади. Исмингни айтишмайди…
Жаноза намозингни ўқимоқчи бўлишганда "Тобутни ҳозирланглар", дейишади. Исмингни айтишмайди…
Дафн қилишаётганда "Маййитни олиб келинглар", дейишади. Исмингни айтишмайди…
Шундай экан, қавминг, мансабинг, наслу насабинг сени алдаб қўймасин.