Исломда фарзандларнинг ҳуқуқлари риоя қилинган бўлиб, булар уларнинг ота-оналари ёки яқин қариндошлари, яшаётган жамиятларига вазифа қилиб юклатилгандир. Бу ҳақларни адо этиш вожиб бўлиб, унга амал қилмоқлик мажбурийдир.
Фарзандларнинг қандай ҳуқуқлари бор? Уламоларимиз бу саволга жавоб тарзда, жумладан, қуйидагиларни зикр қиладилар:

Никоҳнинг асл мақсадларидан бири ҳам наслу насабни сақлашдир. Бусиз оила ҳам, жамият ҳам бўлмайди. Фарзанднинг ота-онаси никоҳдан ўтган, ҳалол-пок яшагандагина, насаби аниқ ва пок бўлади.

Ислом бола ҳақида у ҳали дунёга келмасдан анча олдин, оила қуришга тайёргарлик кўрилаётган пайтдан бошлаб қайғура бошлайди.
«Талхис» номли китобда Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Сизлар ўз нутфангизга муносиб жуфти ҳалолни ихтиёр қилинглар. Ўзингизга муносибларга никоҳланинг ва уларга никоҳлаб беринг».
Ибн Можа ва Дора Қутний ривоят қилган.
Оила қурилар экан, ота-онанинг диндорлиги, ахлоқи, одобига, инсонийлигига алоҳида эътибор берилади. Сабаби улардаги хислат, фазилатлар ҳам, ёмон одатлар ҳам болага кўчиши – исбот талаб этилмайдиган ҳақиқатдир.
3. Эмизиш.

Туғилган фарзанд, аввало, эмизишга муҳтож. Бу эса онасининг вазифаси. Шаръий узр сабабли она эмиза олмаса, эмизувчи топиш ва уни рози қилиш отанинг иши ҳисобланади. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Ким эмизишни батамом қилишни ирода қилса, оналар фарзандларни тўлиқ икки йил эмизурлар», деган (233 — оят).
Гўдакнинг ҳақларидан бири ва оналарнинг энг мўътабар вазифаси фарзандни икки йил эмизишдир. Янги туғилган гўдак жисми ва руҳининг ўсишига онасининг сутидан афзал озуқа йўқ. Боланинг суяги онанинг сути билан шаклланади, шунингдек, унинг бошқа тарафлари, руҳий ровожланишига ҳам она сути зарур озуқа ҳисобланади. Ушбу озуқанинг муддати тўлиқ икки йил бўлиши керак. Бу қуръоний ҳақиқатни адашган инсоният минг тўрт юз йилдан кейин тушуниб этди. Ҳозирги пайтда илмий текширишлардан сўнг гўдак бола учун энг яхши озуқа онанинг сути ва уни тўлиқ икки йил эмизиш керак, деган гапни айтишмоқда.
Тарихдан маълумки, дунёга довруғ солган аксари буюк алломаларга, фозилу уламоларга болалик пайтида оталари ҳаром касб билан топилган бирор луқма ҳам таом эдирмаган, оналари уларни бетаҳорат эмизишмаган.
Ота-онанинг вазифаларидан бири фарзандга маънодор, чиройли исм қўйишдир.
Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазий ўзининг «Китобул бирри вас силати»сида Абул Мўътамирдан келтирган ривоятда:
«Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурида масалаларни эслашди. Бас, бир киши:
«Менга этиб келган хабарга қараганда, туғилган болага исм қўймай туриб ўлган бўлса, қиёмат куни отасига, мени исмсиз тарк қилдинг-ку!» дейди», деди.
Шунинг учун ҳар бир мусулмон ота-она бу муҳим ишга алоҳида эътибор ила ёндашмоғи лозимдир. Фарзанд катта бўлиб, оқ-қорани таниганда ўз исмидан уяладиган бўлмасин. Балки исми унга зийнат бўлиб турсин.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, исмларнинг яхшиси, бандалик ва ҳамдни билдирувчисидир, деганлар. Шунинг учун, Аллоҳ таолога бандалик маъносини англатувчи, Абдуллоҳ, Абдурроҳман, Абдуссаттор ва Аллоҳ таолога ҳамд маъносини англатувчи, Ҳамидуллоҳ каби исмлар яхши исмлар ҳисобланади.
Шунингдек, Пайғамбарларнинг, саҳобаларнинг ва салафи солиҳларимизнинг исмлари яхши исмлари ҳисобланади.
Қизларга ҳам ўтган аҳли иймон момоларимиз, саҳобия аёллар ва эзгулик маъносини англатувчи исмлар қўймоқ керак.

«Ақиқа» луғатда ёрди маъносини англатиб, аслида янги туғилган боланинг сочига айтилади.
Шариат таълимотларига мувофиқ туғилишнинг эттинчи куни боланинг сочини олиб, ўша соч оғирлигида кумуш садақа қилмоқ тавсия қилинади.
Ана ўша соч бошдан ажратиб олингани учун «ақиқа» дейилади.
Ўша муносабат ила сўйиладиган қўй ҳам «ақиқа» дейилади.
Истеъмолда шу маънода кўп ишлатилгани учун «ақиқа» деганда фақат янги фарзанд туғилиши муносабати ила сўйиладиган қўй англанадиган бўлиб қолган.
Салмон ибн Омир аз-Зоббий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ғулом ила ақийқа бордир. Бас, унинг учун қон чиқаринг ва ундаги нопокликни кетказинг», – дедилар».
Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган. Ҳадисдаги бу жумлани, янги туғилган боланинг ақиқаси ўзи билан, деб тушунилади. Яъни ҳар бир янги туғилган болага ақиқа лозим, деганидир.
«Бас, унинг учун қон чиқаринг».
Яъни янги фарзанд туғилгани шарафига сўйиш сўйинг. Бу муносабат ила қон чиқариш қандоқ бўлишини келаси ҳадиси шарифлар баён қилади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумоларга биттадан қўчқор сўйиб ақиқа қилдилар».
Сунан эгалари ривоят қилган.

Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Фотима розияллоҳу анҳонинг туққан боласи Ҳасан ибн Алининг қулоғига азон айтаётганларини кўрдим».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Ушбу ҳадиси шарифга биноан янги туғилган фарзанднинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқома айтмоқ мандубдир. Аллоҳнинг зикри янги туғилган боланинг қулоғига кирган биринчи нарса бўлиши қандоқ ҳам яхши. Албатта, бу улуғ нарсанинг ўзига яраша баракаси бўлади.
Ривоятлардан бирида:
«Кимнинг боласи туғилса-ю, унинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқома айтса, унга Умму Сибён зарар этказа олмас», дейилган.
Умму Сибён болаларга зиён этказадиган жин тоифасидир.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Менинг ўғлим туғилганда уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордим. У Зот уни Иброҳим, деб номладилар, хурмо ила танглайини кўтардилар ва унга барака тилаб дуо қилиб, менга тутқаздилар. У болаларимнинг каттаси эди».
Икки шайх ривоят қилган.
Кўпчилик саҳобалар ўзларининг янги туғилган фарзандларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борар эдилар. У Зот алайҳиссалом ёш болаларни кўрсалар, жуда хурсанд бўлар эдилар. Янги туғилганларга Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг ўғлига қилган муносабатни қилар эдилар.
Ана шу ишга тақлид қилиб янги туғилган фарзандни аҳли солиҳ кишилар ҳузурига олиб бориш мусулмонлар ичида доимий одатга айланган.
«У Зот уни Иброҳим, деб номладилар»
Демак, аҳли фазл, олим ва муқтадо кишилар томонидан янги туғилган фарзандларга исм танланиши ҳам яхши иш. Чунки ундоқ кишилар бунга ўхшаш ишларга боғлиқ масалаларни, шаръий ҳукмларни яхши биладилар ва тўғри тасарруф қиладилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг ўғилларига Иброҳим номини қўйганлари ҳам бунинг бир мисоли.
«хурмо ила танглайини кўтардилар»
Ёш боланинг танглайини кўтариш, катта одам бир нарсани олдин ўзи чайнаб туриб боланинг оғзига қўли билан солиб қўйишидир. Бу нарса мева бўлгани афзалдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, деярли, доимо болаларнинг танглайини хурмо билан кўтарганлар. Бу ҳам яхши ният аломатидир. Аҳли солиҳ, фазилатли кишиларнинг бу ишни қилишлари марғубдир.
«ва унга барака тилаб дуо қилиб, менга тутқаздилар»
Бу иш энг марғуб ишдир. Аҳли солиҳ, дуогўй кишиларнинг янги туғилган болалар учун дуо қилишлари, айниқса, барака тилаб дуо қилишлари жуда ҳам яхши ишдир. Барча ота-оналар бунга катта эътибор бермоқлари керак.

Бола этти ёшга киргунча бировнинг ҳимоясига муҳтож. Яъни доимо овқатланиш, кийиниш, ювиниш ва бошқа ҳолатларда катталарнинг ёрдамига муҳтож. Бу ишларни унинг ота-онаси, улар бўлмаса яқин қариндошлари амалга оширишлари вожибдир.
Етти ёшдан балоғат ёшига этгунча бўлган болалар валийга, ўзидан катта раҳбарга муҳтождирлар. Бу ҳам ота-она бўлмаса, яқин қариндошларига юклатилади.
Болаларнинг нафақаси. Уларни озиқ-овқат, кийим кечак, турар-жой билан таъмин этиш отанинг бурчидир. Бу нарсалар ҳалол пок бўлиши матлубдир.
Фақир ёш боланинг нақафаси отасига вожиб бўлади.
Бу ҳукмнинг далили. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:
«У(она)ларни яхшилаб эдириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир», деган(233-оят).
Боланинг сабабидан онага нафақа бериш вожиб бўлганидан кейин боланинг ўзига нафақа бериш вожиб бўлишида ҳеч шубҳа қолмайди.
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Ҳинд бинти Утба: «Ей Аллоҳнинг Расули, Абу Суфён – ўта бахил одам, менга ва боламга кифоя қиладиган нарсани бермайди. Магар унга билдирмай олсамгина бўлур», деди. «Ўзингга ва болангга этарлисини тўғриликча ол», дедилар у Зот. Икки Шайх ривоят қилишган. Унга бу ишда худди ота-онаси ва хотинининг нафақасидаги каби бирор киши шерик бўлмайди. Яъни боланинг нафақси фақат отага, ота-онанинг нафақаси фақат ўғилга ва хотиннинг нафақаси фақат эрга вожиб бўлади. Унга бу нафақада ҳеч ким шерик бўлмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳузурларида ал-Ақраъ ибн Ҳобис Таймий ўтирганда Ҳасан ибн Алини ўптилар. Шунда у: «Менинг ўнта болам бор. Улардан бирортасини ўпганим йўқ», деди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга назар солдилар ва: «Раҳим қилмаганга раҳим қилинмас», дедилар». Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўта болажон Зот эдилар. У Зот болалар ичида ўз набиралари имом Ҳасан ва имом Ҳусайнларни жуда ҳам яхши кўрар ва уларга меҳибонлик кўрсатар эдилар. Ушбу ривоятда у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг имом Ҳасан розияллоҳу анҳуга кўрсатган меҳрлари, саҳобалардан бирларининг бунга бўлган муносабатлари ва бу муносабатни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан баҳоланиши ҳақида сўз кетмоқда. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени олиб сонларига ўтқазар эдилар. Ҳасанни эса бошқа сонларига ўтқазар эдилар. Сўнгра сонларини бир-бирига қўшиб туриб: «Ей Аллоҳим! Иккисини раҳим қилгин, мен уларга раҳим қилурман», дер эдилар». Бухорий ривоят қилган. Ойша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва: «Сизлар болаларни ўпасизларми? Биз уларни ўпмаймиз», деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ қалбингдан раҳматни суғуриб олган бўлса, мен нима ҳам қила олар эдим», дедилар». Икки шайх ривоят қилган. Қизларга алоҳида ҳурмат ва меҳр билан муносабатда бўлиш ҳақида Расулуллоҳнинг кўрсатмалари ҳам бор. Сабаби қизлар меҳрга муҳтож, ўзлари ожиза бўлишади. Шу боис улар тарбиясида кўпроқ эътибор ва меҳр, эҳтиёткорлик зарур бўлади.

Кўриниб турибдики, оилада фарзандларнинг алоҳида ҳуқуқлари бўлиб, унга амал қилиш шарт этиб қўйилмоқда. Шу ўринда оила раҳбари зиммасига катта масъулият юклатилишини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Маълумки, ўз фарзандларининг, аҳли-аёлининг ахлоқи, хулқ-атвори, юриш-туриши учун оила бошлиғи масъулдир.
Аллоҳ таоло «Таҳрим» сурасида: «Ей, иймон келтирганлар, ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлар ва тошлардан бўлган ўтдан қўрқитинг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмайдилар ва нима буюрилса шуни бажарадилар»,деган (6-оят). Аҳли аёлини, фарзандларини диндор қилиб тарбиялаш оила бошлиғининг Аллоҳнинг олдидаги бурчи эканлигига юқоридаги ояти Карима ёрқин далилдир. Одамлар орасида ўзингни бил, ўзгани қўй, деган номаъқул гап юради. Лекин шариат бўйича эр хотин учун, ота болалар учун масъулдир. Қиёматда Аллоҳнинг ҳузурида жавоб беради.Ушбу оят маъносида ҳадиси шарифлар ҳам бор. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ёш болани этти ёшида намоз ўқишга буюринг, ўн ёшга этганда ҳам ўқимаса, уринг», деганлар.
Ҳазрати Умар юқорида зикр қилинган ояти Карима нозил бўлгандан сўнг:
«Ей Расулуллоҳ! Ўз нафсимизни-ку сақлаймиз, аҳлимизни қандай сақлаймиз?» деб сўраган эканлар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Аллоҳ сизларни нимадан қайтарган бўлса, уларни ҳам қайтарасизлар. Аллоҳ сизларни нимага буюрса, уларни ҳам буюрасизлар», деб жавоб берган эканлар. Ҳазрати Али: «Ўзингизга ва аҳлингизга яхшиликни таълим беринглар ва уларни одобли қилинглар», деб айтганлар.
Демак, ҳар биримиз ўғил-қизимизни, оила аъзоларимизнинг барчаларини динга даъват қилишимиз, диний аҳкомларни доимо бажаришларини қатъият билан талаб қилиб, иймон-еътиқоди, одоб-ахлоқи ва бошқа жиҳатларини тарбиясига аҳамият бериб туришимиз керак. Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:
Лутфуллоҳ ЖАМАЛОВ
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ниҳоят, Амр ибн Оснинг қалби ислом нурини кўрди. Маккадан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида Исломга кириш учун Мадина сари йўлга тушди. Йўлда Холид ибн Валидга учради. У ҳам Мадинага мусулмон бўлиш учун кетаётган экан. Қурайшнинг энг ақлли ва закийси ҳамда унинг бемисл қаҳрамони бир кунда Исломга киришди.
Динимизнинг ажойиблигига қаранг! Шаҳарлардан олдин қалбларни фатҳ қилади. Қўрғонлардан олдин кўнгилларни эгаллайди!
Амр ибн Ос масжидга бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга деди:
- Эй Аллоҳнинг Расули! Қўлингизни очинг, байъат қиламан!
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини очдилар. Аммо Амр қўлини мушт қилиб олди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўрадилар:
- Сенга нима бўлди, Амр?
- Шартим бор!
- Шартинг нима экан?
- Менинг мағфират қилинишим!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
Билмайсанми, Ислом олдинги гуноҳларни йўқотиб ташлайди! - дедилар.
Тавба янгидан исломга киришдир. Аллоҳ томон юзланинг. Гуноҳингиз ҳар қанча катта бўлмасин, афвдан умид узманг. Ширкдан кўра катта гуноҳ йўқ. Зино, ўғирлик, рибо ейиш қанчалар катта гуноҳ бўлмасин, ширкнинг олдида кичикдир. Шундай бўлса-да, мушрик агар ширкини тарк қилиб, Аллоҳга қалби билан юзланса, унинг олдинги гуноҳлари кечирилади. Энди осий мусулмонни кечириши унинг гуноҳлари қанчалик катта бўлмасин, албатта, лойиқ ва муносиб бўлади!
Инсонларнинг гуноҳлари қанчалар катта бўлмасин, Аллоҳнинг мағфирати ундан-да, каттадир!
Тавбанинг учта шарти бор:
1. Дарҳол ўша гунохдан сақланиш.
2. Пушаймон бўлиб ўша гуноҳга қайтмасликка азм этиш. Агар заифлик қилиб, яна гуноҳга қайтиб қолса, яна тавба қилиш.
Менинг қалбимга ўрнашиб қолган бир ҳадис бор, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: «Мўмин банданинг вақти-вақти билан қилиб турадиган гуноҳи бўлади. Дунёдан ўтгунича ажрала олмайдиган гуноҳи бўлади. Мўмин киши синовдадир (Аллоҳ уни бало, гуноҳ ва фитналар билан синайди), у кўп тавба қилувчи бўлади, у (қилган гуноҳларини) унутувчи бўлади. Агар унга эслатилса, эслайди (яъни Аллоҳнинг азоби эслатилса, эслаб гуноҳидан қайтади)».
Имом Табароний ривоят қилган, саҳиҳ.
3. Агар бировларнинг ҳаққини еган, ерини тортиб олган ёки меросда бошқанинг улушини эгаллаб олган бўлса, уларни қайтариб тавба қилинади.
Агар бир кунда минг марта гуноҳ қилсангиз, Аллоҳга минг марта тавба қилинг. Шайтон энг кўп истайдиган нарса банданинг ноумидлигидир. Умидни узишдан сақланинг!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди