Ҳакимлардан бири ғийбатдан қутулишнинг чорасини қидириб-қидириб, ўзининг ҳаётида татбиқ этган йўлини қуйидагича келтиради: «Ғийбатдан қутулиш учун ўз нафсимни тарбиялаш мақсадида бир марта ғийбат қилсам, унинг бадалига бир кун рўза тутиб беришни қасд қилдим. Амалан шундай қилдим, аммо рўза тутаверсам ҳам тўсатдан ғийбат қилиб қўйишни тўхтата олмадим.
Бу услуб менга тўлалигича қаноатлантирмагач, бир марта ғийбат қилиб қўйсам, унинг бадали сифатида бир дирҳам садақа қилишни қасд қилдим. Ажабки, тезда ғийбат қилишдан қутилиб кетдим».
Ривоят қилинишича бир киши ўз қўшнисини ғийбат қилди. У ғийбати тезда оммага тарқалиб кетди. Киши ўз қилмишидан қаттиқ афсусланиб, қилмишини тўғирламоқчи бўлиб, бир донишмандга мурожаат қилибди. Донишманд киши унга бозорга бориб, бир товуқ оласан ва уни сўйдирасан. Йўл-йўлакай уйга кетаётиб товуқни патларини юлиб, йўлингга ташлаб кетасан, дебди.
У киши донишманднинг нима учун бундай ишга буюрганини гарчи тушуна олмаса-да, ҳурмати юзасидан айтганидек қилибди. Эртаси куни донишманд ўша кишининг уйига келибди ва кечаги вазифани бажарилганлигини билиб, иккинчи топшириқни берибди. Топшириқ шундан иборат эдики, кеча юлиб йўлга ташлаб кетган патларнинг барини тўплаб олиб келиши буюрилганди. Бояги киши юрган йўлидан патларни йиғиб, ахтариб-ахтариб 3-4 донасини топиб келибди, холос. Қолганини шамол учириб кетган экан. Донишмандни олдига келганида донишманд ундан «Битта товуқнинг 3-4 дона пати бор холосми?» деб сўрабди. Киши эса, қолган патларни топа олмаганини, шамол учириб кетганини айтибди. Донишманд шунда, «Ғийбат ҳам шунақа, тилингдан чиқдими учиб кетади. Уни йиғиб ололмайсан...» дебди.
Дарҳақиқат, ғийбат деган бу иллат шундай нарсаки, у кишининг оғзидан чиқиши биланоқ, атрофга ёйилиб кетади. У шундайин ёмон нарсаки, тиллардан чиқиб, дилларни хуфтон қиладиган иллатдир.
О.Саъдуллаев
Бухоро шаҳар «Халифа Худойдод»
масжиди имом-хатиби
Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва вилоят бош имом-хатиблиги ҳамкорлигида Каттақўрғон туманида аҳолини қўллаб-қувватлаш ва маънавий муҳитни мустаҳкамлашга қаратилган амалий ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур тадбирлар Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан эълон қилинган «Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги» доирасида (бунга қадар Қўшработ туманида ўтказилган эди) ташкил этилди.
Тадбирнинг асосий йўналишлари:
– Хонадонларга кирилиб, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш ҳамда муаммоларни жойида ҳал этиш.
– Инсон қадрини улуғлаш, маҳаллаларда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва саховат ғояларини кенг тарғиб қилиш.
Жараён аввалида вилоят бош имом-хатиби в.в.б. Н.Абдуманнонов, ўринбосар Х.Саттаров ва ДИҚ вакили С.Боймуродов иштирокида шаҳар ва туман имом-хатиблари ҳамда ҳожи оталар билан йиғилиш ўтказилиб, ишчи гуруҳларга устувор вазифалар белгилаб берилди.
Айни пайтда мутасаддилар томонидан маҳаллаларда сайёр учрашувлар ва маърифий суҳбатлар изчил давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати