Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакиллиги ҳамкорлигида 24 июль куни Қашқадарёдан муборак ҳажга кетаётган зиёратчиларнинг 150 нафари сафар олдидан Бухорои шариф шаҳрига зиёратга боришди.
Зиёратчилар кеча эрта тонгда Қарши шаҳридаги “Хўжаи Жарроҳ” мажмуасида йиғилиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси бепул ташкил этган махсус автобусларда Бухоро шаҳрига йўл олдилар. Зиёратчиларга ҳажга гуруҳ раҳбари бўлиб кетаётган элликбошиларидан уч нафари ҳамда вилоят ҳокимлиги ва ОАВ вакиллари ҳамроҳлик қилишди.
Зиёратчилар Бухородаги “Мир Кулол” зиёратгоҳи, “Баҳоуддин Нақшбанд” мажмуаси, “Абу Ҳафс Кабир” ва “Чор Бакр” мажмуаларини зиёрат қилиб, бу хайрли тадбирларни ташкил этган мутасаддиларга миннатдорчиликларини изҳор этиб, жонажон Ўзбекистонимиз тинч, осмонимиз доимо мусаффо бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб дуолар қилишди, деб хабар беради Қашқадарё вилояти вакиллиги Матбуот хизмати.






ЎМИ Матбуот хизмати
Жиззах шаҳридаги “Яккасарой” тантаналар мажмуасида ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, эҳтиёжманд оилалар фарзандларига меҳр-эътибор кўрсатиш мақсадида уларнинг хатна тўйи ўтказилди.
“Вақф” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Жиззах вилоятидаги вакиллиги ҳамда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган хайрия тадбирида 2 ёшдан 11 ёшгача бўлган 35 нафар болажонларга хурсандчилик улашилди.
Болаларга байрам муносабати билан велосипед, костюм-шим, кўйлак, оёқ кийимлари ҳамда яна бошқа турли хил совға-саломлар тақдим этилди.
Болаларнинг яқинлари ва жамоатчилик вакиллари учун байрам дастурхони ёзилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Жиззах вилояти матбуот хизмати