Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Июл, 2025   |   28 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:32
Қуёш
05:10
Пешин
12:35
Аср
17:37
Шом
19:53
Хуфтон
21:23
Bismillah
23 Июл, 2025, 28 Муҳаррам, 1447

Ҳаж сафари учун танланадиган пойабзал ҳақида тавсиялар

24.07.2018   15829   3 min.
Ҳаж сафари учун танланадиган пойабзал ҳақида тавсиялар

Бу йил муборак Ҳаж сафарига бориш бахтига муяссар бўлиб, сафар арафасида турганлар учун муҳим маълумотларни тақдим қилишда давом этамиз.
Ҳаж зиёрати ҳар бир мусулмон киши ҳаётида жуда муҳим аҳамиятга эга. Зеро, бунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом яшаган, Қуръони карим нозил бўлган жойларни ўз кўзимиз билан кўриб, ана шу ерларда зиммамиздаги фарзни адо этамиз. Шу сабаб ҳам, Мадинаю Мунаввара ва Маккаю Мукаррамада ўтадиган ҳар лаҳза жуда қимматли ҳисобланади. Шунинг учун, Ҳаж сафарига йўл олишдан аввал барча ишларни ҳал қилиб олиш лозим, токи сизни у ерда ҳеч нима чалғитмасин. Бу оёқ кийимларга ҳам дахлдор. Ушбу мақоламизда Ҳаж сафари учун қандай поябзал олиш яхшироқ эканлиги, уларни танлашда нималарга аҳамият бериш даркорлиги ҳақидаги тавсиялар билан ўртоқлашамиз:


1. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, аёллар учун ҳажда, эҳром вақтида оёқ кийимлар учун ҳеч қандай шаръий талаблар йўқ. Эркакларда эса, эҳромда тўпиқ, товон ва бармоқлар очиқ бўлиши керак. Эҳромда қоидаларни бузмаслик учун олдиндан тайёргарлик кўриш мақсадга мувофиқ бўлиб, ана шунга мос оёқ кийимни ўша ердан сотиб олмаслик ёинки, оёқ кийимни шундай қилиб кесмаслик учун бу ҳақида олдиндан ўйлаш лозим.
2. Сафарга йўлга чиқишдан икки-уч кун аввал сотиб олиб, ҳали кийишга ҳам улгурмаган оёқ кийимни ўзингиз билан олманг, чунки бу сизга кўплаб ноқулайликлар туғдиради. Масалан, оёқда қадоқ ҳосил қилиши мумкин. Бу эса ибодат вақтида қийинчиликларга сабаб бўлади. Агар ҳозир мос оёқ кийимингиз бўлмаса, уни аввалроқ сотиб олиб, кийиб улгурганингиз маъқул.
3. Шуни ёдда тутингки, кўп юришингизга тўғри келади. Жамарот (шайтонга тош отиш жойи)да бир ва бир неча км юришга тўғри келади. Шу сабабдан, ўзингиз билан қулай ва юмшоқ, синалган оёқ кийимларингизни олинг.
4. Балетка, мокасина цингари текис таглик оёқ кийимларда бироз қийналишингиз мумкин, чунки уларда тез чарчаб қоласиз. Унча баланд бўлмаган тагликли оёқ кийим танлашга ҳаракат қилинг. Масалан, очиқ турдаги спорт оёқ кийимлари ёки матоли кедалар бўлиши мумкин, уларда бир мунча қулайроқ.
5. Ўзингиз билан бир неча турдаги оёқ кийимлар олинг. Масжидгача боришда ҳамда Мино ва Арофатда ибодатларни бажаришда киядиган оёқ кийимдан ташқари, ўзингиз билан меҳмонхона ва Мино водийси учун шиппак олганингиз маъқул, унда таҳорат олиш, душ қабул қилиш қулайроқдир.
6. Оёқ кийимингизни масжидда қолдирманг, кейин уни топиш учун кўп вақт йўқотасиз. Олдиндан оёқ кийим учун мўлжалланган қопчалардан олинг.
Ушбу маълумотлар сизга фойдали бўлади ҳамда муборак сафарингиз мобайнида асқотади деб умид қиламиз.



Нигина Ботирова тайёрлади

 

Бошқа мақолалар

Жаннатга биринчи кирадиганлар

19.12.2024   23136   5 min.
Жаннатга биринчи кирадиганлар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Муборак айтади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдларига келди ва: «Эй Расулуллоҳ, қиёмат кунида Аллоҳ таоло билан ҳамсуҳбат бўлувчилар ҳақида хабар беринг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Улар Аллоҳдан қўрқувчилар, Аллоҳга бўйсунувчилар, ўзларини камтар олувчилар, Аллоҳ таолони кўп зикр қилувчилар», дедилар. У киши: «Эй Расулуллоҳ, жаннатга биринчи кирувчилар ҳам ўшаларми?» деб сўради. У зот: «Йўқ», дедилар. У кейин: «Унда, жаннатга биринчи кирадиганлар кимлар?» дея сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Фақирлар жаннатга киришда бошқалардан ўзиб кетади. Шунда уларнинг олдидан фаришталар чиқиб: «Ҳисоб-китобга қайтинглар!» дейди. Фақирлар: «Нимамизга ҳисоб-китоб қилинамиз? Аллоҳга қасамки, бизларда мол-давлат бўлмаган бўлса, уни баъзилардан қизғаниб, баъзиларга исрофларча сарф қилмаган бўлсак. Шунингдек, бизлар амир ҳам эмасдик, баъзиларга адолат қилиб, баъзиларга зулм этган бўлсак. Бироқ бизларга Аллоҳнинг амри келди, биз Унга ибодат қилдик ва то ҳузурига келгунимизга қадар Унга тоатда бўлдик», дейди. Шунда уларга: «Жаннатга киринглар, амал қилувчиларнинг ажр-мукофоти нақадар яхши!» дейилади».

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Фақирлар ҳақида Аллоҳ таолодан қўрқинглар! Чунки Аллоҳ таоло қиёмат кунида: «Бандаларим ичидан танлаганларим қани?» дейди. Фаришталар: «Эй Парвардигор, улар кимлар?» деб сўрайди. Шунда Аллоҳ таоло айтади: «Улар қадаримга рози бўлган, сабр қилган фақирлардир, уларни жаннатга киргизинглар!» Бас, улар жаннатга киритилади. Фақирлар еб-ичиб турганида, бойлар ҳали ҳисоб қилинаётган бўлади».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Фақирлар жаннатга бойлардан беш юз йил олдин кирадилар, у ярим кундир». Ровийларнинг бошқа силсиласидан келган ҳадисда: «Мусулмонларнинг фақирлари жаннатга бойлардан ярим кун, яъни, беш юз йил олдин киради», дейилган (Ҳасан саҳиҳ).

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Мусулмонларнинг фақирлари жаннатга бойларидан ярим кун олдин киради», деганларини эшитдим. Шунда: «Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ярим кун қанча?» деб сўрашди. У зот: «Беш юз йил», дедилар. «Бир йили неча ой?» дейишди. «Беш юз ой», дедилар: «Бир ой неча кун?» дейишди сўнг: «Беш юз кун», дедилар. «Бир куни қанча?» деб сўрашган эди, «Сизлар санайдиган кундан беш юзтаси», дедилар Расулуллоҳ».

Абу Али Даққоқдан: «Қайси сифат афзал: бой-беҳожатликми ёки фақирлик?» деб сўрашди. У киши: «Бой-беҳожатлик, чунки у Аллоҳнинг сифати, фақирлик эса, банданинг. Аллоҳнинг сифати банданинг сифатидан афзал, Аллоҳ таоло: «Эй инсонлар, сизлар Аллоҳга муҳтождирсизлар. Аллоҳнинг Ўзи (барча оламлардан) беҳожат ва (барча) мақтовга лойиқ зотдир» (Фотир, 15), деган», деди.

Банданинг шарафи Аллоҳга муҳтожлиги, Уни улуғлаши, Унга бўйсуниши биландир. Агар бўйин Аллоҳга тавозеъ билан эгилса, шу эгилиш унинг азизлигидир.

Бойлик ҳам, фақирлик ҳам мол-давлатнинг кўп ёки камлигида эмас. Бу ерда энг олий учинчи даража ҳам бор. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўраган «каффоф», яъни, инсонларга муҳтож бўлмайдиган даражадаги ўртача ризкдир. У зот: «Эй Аллоҳим, Муҳаммад оиласининг ризқини етарли қил», деб сўраганлар. Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамиша ҳолатларнинг афзалини, даража ва амалларнинг олийини сўраганлар.

Шунингдек, ҳамма олимлар ўта фақирлик ҳам, туғёнга олиб борувчи бойликнинг ҳам ёмонлигига иттифоқ қилишган.

Ибн Можанинг «Сунан»ида Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қиёмат куни фақир ҳам, бой ҳам, дунёда менга етарли даражада ризқ берилганида эди, деб орзу қилиб қолади».

Етарли ризқ эса, ночорлик билан беҳожатликнинг ўртасидир.

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ишларнинг яхшиси ўртачасидир», деганлар. Чунки ўртаҳоллик туғёнга олиб борувчи бойлик офатидан ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам паноҳ сўраган ўта ночорликдан ҳам саломат бўлишдир.

Соҳиби каффоф – ўртаҳол одам дунё неъматлари-ю шодликларида дабдаба қилмайди. Унинг ҳолати фақирникига яқин. Унга ҳам сабри учун фақирга бериладиган савоб берилади. Шунга кўра ўрта ҳол кишилар ҳам, иншааллоҳ, жаннатга фақирлар қаторида бойлардан беш юз йил олдин киради. Чунки улар ўртача ҳаёт кечирадилар, бой эмаслар. Ўртачалик эса, айни адолатдир. Аллоҳ таоло:

«Шунингдек, сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик» (Бақара, 143), деган.

Имом Қуртубийнинг «Тазкира»сидан