Ибодатлар орасида афзали – Қуръони карим тиловатидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини бунга қизиқтирганлар. Қуръони Карим соҳибини шафоат қилади. Шайтон васвасаларидан қўрғон бўлади. Унинг тиловати гуноҳларни ўчирадиган, савобларни кўпайтирадиган гўзал амалдир. Аммо кейинги вақтларда намозлардан кейин ўқиладиган Қуръон тиловатини бидъат дейдиган, уни эшитишдан юз ўгирадиган кишилар пайдо бўлмоқда. Тиловат ўқилиб турган ҳолатда одобсизлик билан чиқиб кетаётганлар бўлиб, улар Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида қилинмаган экан, деган асоси йўқ гапларни айтиб, ўзларини оқлашга уринадилар.
Ҳанафий мазҳаби уламолари намоздан кейин тиловат қилиш қандай амал ва унга келтирилган ҳужжатлар, тиловатнинг одоблари қандай бўлиши керак? деган саволларга жавоб бериб ўтганлар.
Энг аввало фиқҳ ва ҳадис китобларида «Намоздан кейинги зикрлар» боби мавжуд бўлиб, уларда намоздан кейин зикр қилиш, Қуръони карим суралари ёки оятларининг тиловати буюрилгани маълум қилинади. Бу далиллар асосида намоздан кейин ўтириб зикрга ёки Қуръон тиловатига машғул бўлиш бидъат амал бўлмаслигини тушунамиз. Бундан эса бидъат деган фикрга бориш гуноҳ экани маълум бўлади. Ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳони ҳар куни Қуръони карим ҳаққини адо этишга буюрганлар. Буни 200-250 оят ўқиш ёки 100 оят ва Ихлос сурасини уч бора ўқиш билан адо этиш, деб тушунтирганлар. Қуръони каримдаги кўпгина суралар ва баъзи оятларнинг фазилатлари зикр қилинган. Ушбу тиловатнинг Қиёмат куни шафоат қилиши, савоблар кўпайтириб ёзилиши, ҳожатларнинг раво бўлиши, беморларга шифо бўлиши, дуоларнинг ижобат бўлиши, тетиклик ва ақлга мусаффолик бериши ва бошқа кўпгина фазилатлари баён қилинган. Шундай суралардан Ёсин, Фатҳ, Ар-Роҳман, Воқеа, Духон, Мулк, Набаъ, Каҳф ва бошқаларни санаш мумкин. Оятлардан Ал-Курсий, Бақара сурасининг охирги икки ояти, Тавба сурасининг охирги икки ояти, Ҳашр сурасининг охирги уч ояти ва бошқалар бор.
Мўмин киши ҳар куни Қуръони карим ҳаққини адо этиш учун алоҳида вақт ажратиши керак. Аммо кўпинча имкон топилмайди. Ёки шунчаки бу вазифа борлиги ёддан кўтарилади. Ҳар қандай хасталикни даволовчи моҳир табиб каби уламоларимиз беш вақт намозда қуйидаги сураларнинг тиловатини тавсия қиладилар: Бомдоддан кейин Ёсин сураси – 83 оят, Пешиндан кейин Ар-Роҳман сураси – 78 оят ёки Фатҳ сураси – 29 оят, Асрда Набаъ (Амма) сураси – 40 оят, Шомдан сўнг Воқеа сураси – 96 оят, Хуфтондан сўнг Мулк сураси – 30 оят. Жами 350 оят атрофида ҳар куни ўқилади. Демак, мўминлар намоздан сўнг ушбу сураларнинг тиловати сабабли Қуръони каримнинг ҳар кунлик ҳаққини адо этиш билан бирга мазкур сураларнинг фазилатларидан ҳам баҳраманд бўладилар.
Имом Исмоил Ҳаққий раҳматуллоҳи алайҳ машҳур «Руҳ ул-баён» асарида Тоҳо сурасининг 124-оятини шундай тафсир қиладилар:
«Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, унинг учун танг (бахтсиз) турмуш (қабр азоби) бўлиши муқаррар ва Биз уни Қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз».
«Қуръони каримдаги «зикр» лафзи Қуръон, намоз, тасбеҳ-таҳлиллар ва бошқа шу каби маъноларда келади. Яъни Мени доимо ёдига солиб турувчи шу Китобдан ва Менга чақирувчи бўлган мана шу элчимдан юз ўгиришидир. Зеро, унга бу дунёда ниҳоятда тор ва қийинчилик машаққатлари кўп бўлган ҳаёт бордир. Оятда икки масдар, яъни ўзак сўзлар бир-бирига сифат бўлиб келтирилган. Бу эса муболағани, яъни ҳаёт торлигининг қўша-қўша машаққатлари борлигини ифодалайди. Бунинг сабаби, банда дунё орзу-ҳаваслари билан алданиб қолади. Ваҳоланки, дунёга интилиш инсонни ҳалокатга етаклайди. Ўзини назорат қила олмагани боис орзу-ҳаваслари, бойлик ва бошқа зийнатлар билан овора бўлиб қолиши кучаяди. Унинг камайиб қолишидан ёки йўқотишдан хавфда бўлади, кўнгил хотиржамлиги олинади. Зикрдан юз ўгирмаган кишида эса бунинг акси бўлади. У охират талабида экан, иймонининг баракаси билан бу дунёда унга кенглик ва хотиржамлик берилади. Билгинки, ҳаётнинг торлиги, машаққатларга бойлиги маъсият-у гуноҳларнинг жазоси ва уқубатидан бўлиши мумкин».
«Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, яъни Мени ёд этишни лозим тутмай, Менинг ҳидоятимга юрмаса, тўғри йўлдан юришни хоҳламаса, бас, унга жуда машаққатли ҳаётни берурмиз».
Бу машаққатлар унинг қалбини азоблаш билан бўлади, ҳар бир ишига, йўлларига парда ташлаб қўйиш, эшикларни унга ёпиб қўйиш билан амалга оширилади. Зеро, Аллоҳнинг зикри қалб калитидир, ундан юз ўгириш эса қалб эшигини ёпишдир.
Зокиржон Шарифов
Энг кўп қандай дуо қиласиз?
Марвазий: “Энг кўп қайси дуони қиласиз?”.
Имом Аҳмад: “Аллоҳ таоло бизни одамлар ўйлаганларидек солиҳлардан қилсин ва биз ҳақимизда билмаганларини мағфират этсин”[1].
Қандай тонг оттирдингиз?
Имом Аҳмад Аллоҳдан қаттиқ қўрқарди, Унинг азоби ва иқобидан доимо хавфдан бўларди.
Кунларнинг бирида талабаларидан бири Нажийб Марвазий устозининг ҳолидан хабар олиш учун унинг олдига кириб: “Қандай тонг оттирдингиз?” деб сўради.
Имом Аҳмад лаблари титраб: “Роббиси фарз ибодатларни, Набийи суннат амалларни, фаришталар солиҳ амалларни, иблис фаҳш ишларни, ўлим фариштаси жон олишни, аҳли-аёли нафақасини талаб қилган ҳолда тонг оттирдим”.
Улар учун рухсат этилган нарса сенга рухсат этилмайди-ми?
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи Халиф Восиқнинг ҳузурига кирди.
Имом Аҳмад: “Ассалому алайкум, эй мўминлар амири”.
Восиқ: “Сенга Аллоҳнинг саломи бўлмасин”.
Имом Аҳмад: “Эй мўминлар амири, жуда беодоб экансиз. Ахир Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай буюрган-ку: “Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз” (Нисо сураси, 86-оят).
Аллоҳга қасамки мен учун бундан гўзалроқ ва яхшироқ нарса йўқ.
Имом Аҳмад: “Қуръон ҳақида нима дейсиз?”.
Восиқ: “Махлуқ”.
Имом Аҳмад: “Қуръон махлуқ эмаслигини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Ҳазрат Абу Бакр, Умар, Усмон, Али розияллоҳу анҳум билишган-ку?! Ёки улар билмаган деб ўйлайсиз-ми?”.
Восиқ: “Улар билишмаган”.
Имом Аҳмад: “Субҳаналлоҳ! Набий алайҳиссалом, хулафои рошидийн розияллоҳу анҳум билмаган нарсани сиз биласиз-ми?”.
Халифа бироз хижолат бўлиб: “Билишган, аммо одамларни унга даъват этишмаган”, деди.
Имом Аҳмад: “Улар учун рухсат этилган нарса сенга рухсат этилмайди-ми?”.
Шундан сўнг, Восиқ ўзи ёлғиз ўтирадиган хонасига кириб кетди. Имом Аҳмад айтган гапларни ҳаёлидан такрор-такрор ўтказди. Ниҳоят, унга айтилган гапларнинг ростлиги аён бўлди. Халифа дарҳол ўрнидан туриб, имомдан кишанларни ечишни, тўрт юз динор танга беришни ҳамда озод қилишни буюрди.
Ғийбатчини афв этди
Мўминлар амири Мутаваккил Имом Аҳмадни кўп ғийбат қилувчи бир кишини тутиб олди. Ва имомга: “Агар истасанг ўзим унинг адабини бераман, хоҳласанг уни сенга бераман”, деди.
Имом Аҳмад: “Уни кечирдим”, деди.
Мутаваккил: “Наҳотки, сени шунча ғийбат қилиб, чақимчилик қилган одамни кечирсанг?!” деди.
Имом Аҳмад: “Эҳтимол, унинг ёш фарзандлари бўлса, уларга бундан махзунлик етади”[2].
Мукофоти Аллоҳнинг зиммасида
Кеч тушди. Атрофни зимистон эгаллади. Имом Аҳмад уйғониб, кун ёришгунча хўнграб йиғлади. Шогирдларидан бири: “Устоз нима сабабдан кечаси кўп йиғладингиз?” деб сўради.
Имом Аҳмад: Муътасимнинг берган азоблари Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларини тиловат қилганимда ёдимга тушди: “(Ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаш ёмонликдир. Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У золим (тажовузкор)ларни севмас” (Шуро сураси, 40-оят).
Шунда Аллоҳга сажда қилиб уни кечиришини дуо қилиб сўрадим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочлари
Фазл ибн Робиънинг фарзандлари зиндонда ётган Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳни кўргани келишди. Имом Аҳмадга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочларидан учта тола беришди. Буни кўрган имомнинг кўзлари ёшга тўлди. Чуқур-ҳурмат ва эҳтиром билан сочларни кўзларига суртди. Агар имом бемор бўлса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочларини сувга солиб ичар ва тезда тузалиб кетарди.
Имом Аҳмад вафотидан олдин: “Вафот этсам, икки кўзимга ва тилимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг соч толаларини қўйинг!” деб васият қилди. Имом оламдан кўз юмганда унинг васияти бажарилди.
Ношукрлик бўлади
Фаҳиқлар имоми, муҳаддислар шайхи Имом Аҳмадга беморлик етди. Тўшакка михланиб қолди. Оғриқнинг азобидан имом “оҳ, оҳ” деб инграрди.
Шунда унга: “Товус ибн Кайсон раҳматуллоҳи алайҳини беморни инграши ношукрлик бўлади деб айтгани эслатилди”.
Шундан сўнг, Имом Аҳмаднинг то вафот этгунига қадар бирорта овози чиқмади[3].
Фақат сажда қиларди
Кеч тушди. Имом Аҳмаднинг шогирди Сулаймон ибн Абу Матор уйқуга кетди. Устози унга кечаси туриб таҳорат олиши учун сув тайёрлаб қўйди.
Тонгда отди. Имом Аҳмад сув ишлатилмаганини билди. Шунда у: “Субҳаналлоҳ, ахир талабани кечаси бажарадиган вазифаси (вирди) йўқ-ми?” деди насиҳат овозда.
Шогирди Сулаймон: “Мусофирман-ку”, деди.
Имом Аҳмад: “Мусофир бўлсанг ҳам! Масруқ ҳаж ибодатини адо этганда, ҳар кечани ибодат билан ўтказган эди”, деди[4].
Қайтаришни ният қилганман
Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ дўстидан икки юз дирҳам қарз олди. Бироз муддат ўтгандан сўнг Имом Аҳмад қарзини қайтарди. Шунда дўсти: “Сендан бу пулларни қайтариб олиш ниятим йўқ эди”, деди.
Имом Аҳмад қатъиятлик билан: “Лекин мен қайтариб беришни ният қилганман”, деб қарзини узиб, жўнаб кетди.
Икки ярим миллион жамоат қатнашган жаноза
Имом Аҳмад бемор бўлганларида бутун Ислом олами ташвишга тушди. У киши яшаётган шаҳар одамга тўлиб, юриб бўлмай қолди. Миршаблар фақат Имомнинг ўзлари истаган одамнигина кўришга қўйишар эдилар.
Имом Аҳмад ҳижрий 241 сана 12 робиъул аввал жума куни вафот этдилар. Жанозаларига келган жамоат масжидларни, кўчаларни тўлдириб юборди.
Тарихчиларнинг маълумотларига кўра, у зотнинг жанозаларига икки ярим миллион одам қатнашган.
Аллоҳ таоло улуғ имомни раҳмат этсин, Ислом ва мусулмонлар учун қилган хизматларини муносиб мукофотласин[5].
Даврон НУРМУҲАММАД
[1] Маноқибул Имом Аҳмад. 251.
[2] Маноқибул Имом Аҳмад. 318.
[3] Маноқибул Имом Аҳмад. 353.
[4] Маноқибул Имом Аҳмад. 191.
[5] Маноқибул Имом Аҳмад. 361.