Дарҳақиқат, ёлғончилик муқаддас динимизда қораланадиган кабира гуноҳлардан биридир. Одатда ёлғони билан танилган кишилар ҳеч бир жамиятда қадр топмаган.
Ҳақиқатдан ҳам, бор нарсанинг тескарисини хабарини олиб келишлик бу - ёлғончиликдир.
Бир куни саҳобалар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашди: "Эй Аллоҳнинг Расули, мўмин одам бахил бўлиши мумкинми?". Пайғамбаримиз: "Ҳа бўлиши мумкин", дедилар. Яна улар: "Эй Аллоҳнинг Расули, мусулмон одам қўрқоқ бўлиши мумкинми?". Пайғамбаримиз: "Ҳа қўрқоқ ҳам бўлади", дедилар. Саҳобалар: "Эй Аллоҳнинг Расули, мусулмон одам ёлғончи бўладими?". Пайғамбар алайҳиссалом: "Йўқ", деб жавоб бердилар.
Аслида бахиллик билан қўрқоқлик битта бўлганида ҳам, гуноҳи ёлғончичалик бўлмайди.
Наҳл сурасининг 105-оятида Аллоҳ таоло шундай деб хабар беради: "Ёлғон сўзларни фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиган кимсаларгина тўқурлар. Ана ўшаларнинг ўзлари ёлғончидирлар".
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мўмин киши хиёнат, ёлғончиликдан бошқа барча хислатларга тобеъ бўлади", деганлар.
Мазкур ҳадиси шарифни уламоларимиз қуйидагича таҳлил қиладилар: "Мўмин кишида хиёнаткорлик ҳамда ёлғончилик хусусиятларининг мавжуд бўлишлиги унинг мўминлик табиатига хилоф ишдир, мусулмон киши бундай хулққа эга бўлмайди. Аммо шундай бўлса-да мазкур салбий хусусиятлар инсон табиатига хилоф эмасдир, инсоний хилқатда бу каби иллатлар учраб туради.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қачонки бир банда ёлғон гапирса, фаришта у гапнинг сассиқлиги учун у бандадан бир мил масофага узоқлашади", дедилар.
Аллоҳ таоло Наҳл сурасининг 116-оятида шундай деб марҳамат қилади: "Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиш учун тилларингизга келган ёлғонни гапириб, бу ҳалол, бу ҳаром деманглар. Чунки Аллоҳ шаънига ёлғон тўқувчи кимсалар ҳеч қачон нажот топмаслар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Мунофиқлик белгиси учта: ёлғон сўзлаш, ваъдасининг устидан чиқмаслик ва омонатга хиёнат қилишдир".
Аллоҳ наздида энг яхши гап - рост гапиришдир.
Бошқа бир ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: "Гуноҳларнинг энг каттаси Аллоҳга ширк келтирмоқлик, ноҳақ қон тўкмоқлик, ота-онага оқ бўлмоқлик ва ёлғон гувоҳлик бермоқлик", деганлар.
Демак, гапларнинг энг ёмони бу - ёлғончиликдир. Ҳаттоки, ёлғонни ҳазил билан ҳам, жиддий ҳам гапириб бўлмайди. Насиҳатимиз шуки, оталар ўз болаларига бирон нарсани ваъда қилиб, кейин уни бажармай қўймасинлар.
Ростгўйлик эзгуликка бошлайди, эзгулик эса жаннатга. Ёлғончилик бузуқликка бошлайди, бузуқлик эса жаҳаннамга. Ростгўй одамга яхши баҳо, ёлғончи одамга эса ёмон баҳо берадилар. Ростгўй одам чин сўзи билан бориб-бориб Аллоҳ ҳузурида сиддиқ яъни сўзига содиқ деб ёзиб қўйилади. Ёлғончи ҳам бориб-бориб Аллоҳнинг ҳузурида каззоб яъни ёлғончи деб ёзиб қўйилади.
Хулоса ўрнида шуни айтмоқчимизки, ёлғон сўзлаш ёки ёлғон гувоҳлик бериш Ислом динида қатъий қораланади. Қуръони Каримда ёлғон ҳақида бир юз олтмиш еттита оят бор. Ёлғоннинг жамиятга ҳам, шахсга ҳам зарари шунчалар кўпки, буларни санаб тугатиш қийин. Ёлғон уни гапирган одамни кўпчилик орасида шармандаи шармисор қилади, гапининг субути қолмайди, ёлғон узоқни яқин, яқинни узоқ қиладиган саробдир. Ёлғон ақл ўғрисидир, ёлғон кишининг дин ва диёнатини бузади.
Каримов Олимжон
Пешку туман "Хўжа Пешку" жоме
масжиди имом хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳикоя қилишадики, Маъруфи Кархий қуддиса сирруҳу таҳорат олиш учун Дажла дарёси қирғоғида тўхтаб, Қуръон ва кийимларини бир тарафга қўйдилар. Шу пайт қандайдир бир аёл келиб Маъруф Кархий қуддиса сирруҳунинг либослари ва Қуъонини олиб жўнаб қолди. Шайх аёлнинг изидан етиб олиб айтдилар:
– Синглим, мен Маъруф бўламан, сизни ҳеч бир нарсада айбламоқчи эмасман. Фақат, Қуръон ўқий оладиган фарзандингиз борми ё йуқми, шуни билмоқчи эдим, холос?
Аёл “йуқ” деб жавоб қайтаргач, Маъруф:
– Балки Қуръон ўқувчи эрингиз бордир – деб сўрадилар. Аёл яна “йуқ” деб рад жавоби бергач, Маъруф унга:
– Ундай бўлса, майли, уст-кийимларимни ўзингизда олиб қолинг-да, Қуръонни менга қайтариб беринг! – дедилар.
Бир гал Шайх Абу Абдураҳмон ас-Суламий қуддиса сирруҳунинг уйини ўғрилар босиб, бор нарсасини олиб кетишди.
Нақл қилишларича, у зот қуддиса сирруҳу бир дўстларига бундай дебдилар:
– Бозорга бориб, ўғирланган яктагимга кўзим тўшиб қолди. Шунда дарҳол ўзимни билмаганга солиб юзимни ўгириб олди.
Бир гал Молик ибн Динор қуддиса сирруҳунинг аёллари у кишига “Эй риёкор!” дея танбеҳ берибди. Шунда у киши: “Эй хотин, сен менга басраликлар билмайдиган хўб муносиб бир ном топдинг-да!”– дея кайфиятлари очилиб кетган экан.
Яҳё ибн Зиёд ал-Ҳорисийда бир бадхулқ хизматкор бор экан. У зотдан:
– Нега бундай ёмон қулни ушлаб турибсиз? – деб сўраганларида, у зот:
– Ўзимга ҳалим бўлишни таълим қилмоқдаман, – дея жавоб берибдилар.
Нақл этишларича, бир гал Иброҳим ибн Адҳам қуддиса сирруҳу чўлга чиққанларида бир аскарни учратиб қолдилар. Аскар сўради:
– Бу ернинг аҳолиси қани?
Иброҳим Адҳам қабристон томонга ишора қилдилар. Навкар бу одам менинг устимдан куляпти деган ўйга бориб, у кишининг бошларига уриб жароҳатлади. У киши кетганларидан кейин эса навкарга бу зотнинг хуросонлик машҳур сўфий Иброҳим Адҳам эканларини айтишди. Навкар ортларидан бориб, кечирим сўрай бошлади. Бунга жавобан Иброҳим Адҳам қуддиса сирруҳу бундай дедилар:
– Сен мени урганингда Аллоҳдан сенга жаннат ато этишини сўрадим.
Навкар бундай хайрли дуонинг сабабини сўради ва Иброҳим Адҳам қуддиса сирруҳу жавоб бердилар:
– Шуни билдимки, сен мени урганинг учун Аллоҳ менга ажру мукофот беради. Сен туфайли яхшилик топганим сабабли мен туфайли ёмонлик кўришингни истамадим.
Ҳикоя қилишадиларки, қандайдир киши Шайх Абу Усмон ал-Ҳирий қуддиса сирруҳуни меҳмонга таклиф этди ва Шайх дарвозага яқинлашганларида уй эгасининг шундай деганини эшитдилар:
– Ё Шайх, ҳозир менинг уйимга киришнинг вақти эмас, қилган таклифимдан афсусдаман, кетсанг маъқулроқ!..
Абу Усмон қуддиса сирруҳу қайтиб кетдилар ва ҳовлиларига етдим деганларида кетларидан ҳалиги кишининг овозини эшитдилар:
– Ё Шайх, айтганларимдан афсусдаман, кечиргин, қайтадан меникига ташриф буюрсанг яхши бўларди...
Шунда тақводор зот уникига яна боришларини айтдилар. Иккинчи марта борганларида ҳам уй эгаси аввалгидай муомала қилди. Худди шу ҳол учинчи, тўртинчи бор ҳам такрорланди. Шайх эса гўё ҳеч нарса бўлмагандай бориб, эшик олдидан яна қайтардилар. Ниҳоят, ҳалиги киши:
– Ё Шайх, мен сизни синаб кўрмоқчи эдим холос, – дея узр сўраб, у кишини мақтай бошлади, шунда Абу Усмон ал-Ҳирий қуддиса сирруҳу дедилар:
– Мени итларда ҳам бўлиши мумкин бўлган сифат билан мақташингга не ҳожат, ахир улар ҳам чақирсанг келадилар, ҳайдасанг кетадилар-ку?!
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси