Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати жавоб беради.
Савол: Ассалому алайкум. Саволим шуки жунуб бўлган киши ғусл қилмасдан олдин бировга гапириши, кўчага чиқиши, овқат ейиши, сув ичиши мумкин эмасми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.
Жавоб: Ва алайкум ассалом. Шу ишлардан олдин ғусл қилиб олган яхшидир.
Савол: Ассалому алайкум мен яна сизга савол билан мурожаат қилмоқчиман Южный Корея давлатида яшайман намоз ўқимоқчиман, дуо қилмоқчиман лекин қиблани ҳеч аниқлаб ололмаяпман компас юклаб олдим, аниқ кўрсатмаяпти, қайси тарафга қараб ўқишни билмаяпман. Сўраб суриштирдим ҳамма айтдики, муслим про дастурида компас бор дейишди, лекин компас аниқ кўрсатмаяпти. Жавоб учун олдиндан катта раҳмат
Жавоб: Ва алайкум ассалом. Агар қиблани биладиган инсон йўқ бўлса, шуни бошқа йўл билан ҳам аниқлашнинг имкони топилмаса, унда ўзингиз ўз фикрингизга таяниб бир тарафни қибла деб қасд қиласиз ва шу тарафга қараб намоз ўқийсиз.
Савол: Ассалому алайкум. Саволим қўйидагича, 2017 йилнинг июнь ойида ўғиллик бўлган эдик шунга қарамай аёлим яна ҳомиладор бўлиб қолибди. Гап шундаки болани дунёга келтиришни соғлиги кўтара олармикин деб қўрқаяпмиз. Аёлимда белининг икки жойида грижаси (диск чурраси) бор. Ҳар доим белида оғриқ бор. Болани олдириш гуноҳ аммо соғлигини ҳам ўйлашимиз керак. Сизлардан илтимос маслаҳат берсангизлар.
Жавоб: Ва алайкум ассалом. Агар бирор ишончли омонатдор шифокор ҳомилани она ёки бола ҳаётига жиддий хавфи борлигини айтса ва шу пайтда ҳомила бир юз йигирма кунлик бўлмаган бўлса унда уламоларимиз бундай ҳомилани олдириб ташлашга рухсат берганлар.
Сўнгги пайтларда “Мазҳаб нимага керак?”, “Ўзимиз Қуръон ва суннатдан ҳукм олсак бўлмайдими?” дегувчи тоифаларга раддия бўладиган китобларга юртимизда эҳтиёж катта эди.
Бу борада Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Устоз Ҳомиджон қори Ишматбековнинг “Ислом фиқҳи асослари. Тўрт мазҳаб имомлари” китоби айни шу саволларга ечим саналади.
Ушбу китобда Ислом фиқҳининг пайдо бўлиш тарихи ва илдизлари, мавжуд тўрт мазҳабнинг айнан Қуръон ва суннатга асослангани ва динимизнинг замонлар оша юзага келадиган муаммоларни ҳал қилишда айнан мазҳаб уламолари жорий қилган усул ва қоидаларга асосланиши баён этилган.
Шунингдек, китобда “Қуръоннинг бўлак-бўлак ҳолда нозил қилиниш ҳикмати”, “Маккий ва маданий сураларнинг бир-биридан фарқи”, “Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўз саҳобаларига ижтиҳод қилишга рухсат беришлари”, “хулафои рошидин даврида шариат”, “Ислом шариатининг учинчи манбаси ижмоъ”, “тобеъинлар ва табаа тобеъинлар даврида ижтиҳод” каби мавзулар ҳам баён этилган.
Бир сўз билан айтганда, “Ислом фиқҳи асослари” китобини ҳар бир мўмин-мусулмон ўқиб чиқиши шарт бўлган китоблар сирасига киритиш мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати