Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Ноябр, 2025   |   21 Жумадул аввал, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:46
Қуёш
07:07
Пешин
12:12
Аср
15:25
Шом
17:10
Хуфтон
18:25
Bismillah
12 Ноябр, 2025, 21 Жумадул аввал, 1447

Фатво ҳайъатига келган саволлар (20-қисм)

23.07.2018   11937   1 min.
Фатво ҳайъатига келган саволлар (20-қисм)

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати жавоб беради.

Савол: Ассалому алайкум. Саволим шуки жунуб бўлган киши ғусл қилмасдан олдин бировга гапириши, кўчага чиқиши, овқат ейиши, сув ичиши мумкин эмасми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.

Жавоб: Ва алайкум ассалом. Шу ишлардан олдин ғусл қилиб олган яхшидир.

Савол: Ассалому алайкум мен яна сизга савол билан мурожаат қилмоқчиман Южный Корея давлатида яшайман намоз ўқимоқчиман, дуо қилмоқчиман лекин қиблани ҳеч аниқлаб ололмаяпман компас юклаб олдим, аниқ кўрсатмаяпти, қайси тарафга қараб ўқишни билмаяпман. Сўраб суриштирдим ҳамма айтдики, муслим про дастурида компас бор дейишди, лекин компас аниқ кўрсатмаяпти. Жавоб учун олдиндан катта раҳмат

Жавоб: Ва алайкум ассалом. Агар қиблани биладиган инсон йўқ бўлса, шуни бошқа йўл билан ҳам аниқлашнинг имкони топилмаса, унда ўзингиз ўз фикрингизга таяниб бир тарафни қибла деб қасд қиласиз ва шу тарафга қараб намоз ўқийсиз.

Савол: Ассалому алайкум. Саволим қўйидагича, 2017 йилнинг июнь ойида ўғиллик бўлган эдик шунга қарамай аёлим яна ҳомиладор бўлиб қолибди. Гап шундаки болани дунёга келтиришни соғлиги кўтара олармикин деб қўрқаяпмиз. Аёлимда белининг икки жойида грижаси (диск чурраси) бор. Ҳар доим белида оғриқ бор. Болани олдириш гуноҳ аммо соғлигини ҳам ўйлашимиз керак. Сизлардан илтимос маслаҳат берсангизлар.

Жавоб: Ва алайкум ассалом. Агар бирор ишончли омонатдор шифокор ҳомилани она ёки бола ҳаётига жиддий хавфи борлигини айтса ва шу пайтда ҳомила бир юз йигирма кунлик бўлмаган бўлса унда уламоларимиз бундай ҳомилани олдириб ташлашга рухсат берганлар.

 

Барча жавобларга ўтиш

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Бағрикенглик – динлар тарихини ўрганишда муҳим омил

12.11.2025   1274   3 min.
Бағрикенглик – динлар тарихини ўрганишда муҳим омил

Мамлакатимизда истиқомат қилаётган фуқаролар қайси динга мансуб бўлишидан қатъий назар биргаликда, тинч ва осойишта шароитда, юртимиз равнақи учун фаолият юритиб, бутун жаҳонга намуна бўлаётгани қувонарли. Бош Қомусимизда ҳам мамлакатда яшаётган барча миллат вакиллари миллати, тили, эътиқоди, ижтимоий холатидан қатъий назар Ўзбекистон ҳалқини ташкил қилиши, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, эътиқод эркинлиги таъминлангани қайд этилган. Жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик каби олийжаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга уйғун яшаш тамойили тобора мустаҳкамланиб бораётгани юртимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элат вакиллари жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда. 

Инсоният тарихида кишилар орасидаги тенг ҳуқуқликнинг бузилишига, ўзаро зиддиятларга, кучли тўқнашувларга сабаб бўлган омиллардан бири турли дин вакилларининг бошқа динга эътиқод ва амал қилувчиларга диний айирмачилик кайфиятида қараши, ўз динига бўлган тарафкашлик туйғуси, мутаассиблигидир.

Муқаддас динимизнинг мўътабар манбаси бўлган Қуръони каримда бундай дейилади: “Сизлар учун диндан Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга (Муҳаммадга) ваҳий қилган нарсани, (шунингдек) Биз Иброҳим, Мусо ва Исога буюрган нарсани шариат қилиб: “Динни барпо қилингиз ва унда тафриқага тушманглар!”, – дедик”.  

Мана шундай маънодаги оятлар дунё динлари тарихини мукамал ўрганиш, ўзаро ҳамкорлик қилиш, бағрикенглик тамойилларига асосланиб фаолият олиб боришга замин яратади. Мусулмонларда бошқа дин вакилларига нисбатан тоқатсизлик ва ғараз, адоват, нафрат эмас, ҳурмат ва бағрикенглик, ўзаро ҳамкорлик, иноқлик ва бошқа эзгу амаллар қарор топди.

Мантиқан олиб қараганда, турли дин вакилларининг бир жамият, бир ҳудуд, бир муассаса аъзолари бўлиб жамланишларига табиий ҳол, деб қараш керак. Агар илоҳий кўрсатмаларни инобатга олмасдан ҳамда диннинг моҳиятини тўғри тушунмасдан бу борада турли тафриқачиликка йўл қўйилса, жамият фуқаролари орасида парокандалик юзага келиши эҳтимолдан холи эмас. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилган пайтларида у ердаги яҳудийлар билан аҳднома тузиб, тинч-тотув ва жамият манфаатлари учун ҳамкорликда яшаш асосларини белгилаб, унга амал қилиб келганлар. Жумладан, уларга ҳадялар бериб, улар томонидан берилган ҳадяларни қабул қилардилар.  У зотнинг бошқа дин вакиллари томонидан ҳадя қилинган кийимларни кийиб юрганлари бир неча ҳадисларда зикр этилади. Бу эса диний бағрикенгликка ёрқин мисол бўлади.

Бир неча ҳадисларида ҳам инсон қайси динга мансублигидан қатъий назар, аввало, уни инсонийлик нуқтаи назаридан ҳурмат  қилиш лозимлиги таъкидланади. Жумладан: Абдураҳмон Абу Лайло ривоят қилади: “Саҳл ибн Наниф ва Қайс ибн Саъд Қодисияда ўтиришган эди, ёнларидан бир маййитнинг тобутини кўтариб ўтдилар. Шунда икковлари ўринларидан туришди. Буни кўрганлар улардан: “Бу маййит зиммийлардан-ку?!”–дейишди. Шунда улар бундай деб жавоб қилдилар: “Бир куни Расулуллоҳнинг ёнларидан бир маййитнинг тобутини кўтариб ўтиб қолдилар. Шунда у зот ўринларидан турдилар. Кейин унинг яҳудий эканини айтишди. Расулуллоҳ: “У руҳ эмасми?!” – дедилар”.

Исломнинг бош манбаларида таъкидланган ҳамда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан қандай амал қилиниши ифода этилган кўрсатмалар бугунги кунимизга қадар давом этиб келмоқда. Жамиятимизда турли конфеция вакилларнинг тинч-тотув ҳаёт кечириши, динлар орасида ҳамжиҳатлик тамойилларини қўллаб-қувватловчи дўстона мулоқотлар қилиниши қадимий анъаналаримизнинг доимий барқарорлигига далолат қилади.

Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтиш лозимки, динлар тарихини ўрганишда бағрикенглик, динлараро тотувлик тамойилларининг ҳаётимиздаги аҳамияти унинг тутган ўрни жуда муҳим.

Исомиддин АҲРОРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими

 

МАҚОЛА