Қўшнимнинг болалари қизларим билан тенгқур, доим бирга ўйнашарди. Бир куни қўшним Анора норози оҳангда, тўсатдан: “Ислом динининг кўп қоидалари менга тўғри келмайди, шунинг учун биз масиҳийликка эътиқод қиляпмиз”, деб қолди. Кутилмаган бу сўзлардан ҳайрон қолдим. Наҳотки, қўшним миссионерларнинг тузоғига илиниб қолган бўлса?! Афсуски, шундай экан!
У билан бўлиб ўтган қисқа суҳбатимиз асносида динимизнинг софлиги ва гўзаллигини Қуръон ва ҳадислар билан ишончли далиллар ила астойдил қувватлаб, тушунтирдим. Миссионерларнинг мақсадларини имкон қадар очиб бердим. Лекин у сўзларимдан хулоса чиқарадиган даражада эмасди. Қайтанга: “Сиз Инжилни ўқиб кўринг, гапларимга шоҳид бўласиз”, деб, мени-да ўз эътиқодига даъват қиларди... Уни гапларига эътибор бермай, у билан хайрлашдим.
Тахминан икки ҳафта у билан кўришмадим. Орадан бир ой ўтар-ўтмас уйимга йиғлаб кириб келди:
– Опа, мен қаттиқ адашдим, гапларингизни жиддий ўйлаб кўрсам, қилган амалларимдан қўрқиб кетяпман, Аллоҳ мени кечирармикан? – деб кўзёш тўкди.
Уни тинчлантириб:
– Агар чин дилдан афсус-надоматда бўлсангиз, тавба қилсангиз, иншоаллоҳ, Аллоҳ кечиради, – дедим.
Шу-шу бўлдию, қўшним билан алоқаларимиз яна тикланди. Бир куни суҳбатида уларни бу йўлга даъват қилган акаси ва келинойисининг аҳволи ҳақида қайғурди. “Қанча гапирмайлик, ҳеч бу йўлдан қайтишмаяпти, бунга қандай чора топсак экан”, деб ёзғириб қолди.
Орадан анча вақт ўтди, қўшним Чирчиқ шаҳрига оиласи билан кўчиб кетди. Бир куни нимадир юмуш билан унинг уйига борганимда келинойисини учратдим. Салом-алик қилгандан сўнг қизчаси қўлига ширинлик бериб:
– Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм, деб егин, дедим. Сўзимни тугатар-тугатмас:
– Ундай сўзни айтмагин, “Исога ҳамд бўлсин”, дегин, – деб ўргатди қизалоғига.
– Нега ундай дейсиз? Ахир боланинг тарбиясига зид сўзлар айтяпсиз, яна бу катта ширкдир”, – дедим. У эса:
– Исо Аллоҳнинг ўғли, Исога сиғиндик нима, отасига сиғиндик нима, бари бир. Ҳеч бир хато томони йўқ, – дея таъкидлади.
Унга тушунча бериш ниятида: “Аллоҳ ягонадир. У туғмаган ва туғилмаган ҳам” (Ихлос сураси, 1-3-оятлар) оятини келтириб ўтдим. Унга қанча мисолларни келтирмай, барибир ўз фикридан қайтмасди. Аксинча менга:
– Сизга жуда ачинаман, эътиқодда мустаҳкам аёл экансиз, аммо адашгансиз, тўғри йўлни танлашингиз учун яна бир ўйлаб кўринг. Сиз ҳам худомиз бўлган Исога сиғининг, нажот топасиз, – деди.
Мен унинг айтган сўзларидан ўзимни жуда ёмон ҳис қилдим, гўё нафасим қайтгандек бўлди. У адашганини англаш ўрнига ўз тўрига мени ҳам чорлаб: “Биз биргина Инжилни тан оламиз, бошқа китобларни тан олмаймиз”, деб сўзида қаттиқ туриб олди. Ўзимни тортишишдан қанча олиб қочмай:
– Агар гапларингиз ўринли бўлганда, шунча одам масиҳийликка эътиқод қилармиди? – деб тортишишга киришди:
Аёл тилидан сўзланаётган баъзи сўзларни гапириш у ёқда турсин, эслашга ҳам юрагим дош бермайди. Одам шунчалар қабоҳатга ботиши мумкинми?
Пок динимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳақида айтган сўзларидан қаттиқ қалбим оғриди:
– Илтимос бошқа ҳақорат қилманг, ортиқ бардош қилолмайман, – дедим охири. Гапириш бефойдалигини билиб, кетишга чоғландим. Афсуслар бўлсинки, унинг бу эгри ақидасидан қайтаролмадим. Уйни тарк этарканман, обдон ўйладим. Бу ҳолатга қандай чора кўриш мумкин? Кимнинг лоқайдлиги сабаб бунга?
***
Ишини тез ва сифатли қиладиган уста қидирганимизда бизга бир йигитни тавсия қилишди. Ҳақиқатан, устанинг иши бизга маъқул келди, аммо...
Унга ёрдамчи сифатида ишлаётган укам менга ўрталаридаги бўлган савол-жавобни сўзлаб берди: “Устанинг вазминлиги ва ўз ишига масъулият ва моҳирлик билан ёндошишига ҳавасим келди. Ишини ўрганиш учун диққат билан уни кузатдим. Тушлик вақти, “Аллоҳга шукр” калимасини айтганимда уста:
– Мен Аллоҳ демайман, Худо деб мурожаат қиламан, – деди. “Худога сиғинаркан-ку”, дедим ичимда. Баъзи ҳаракатларини кўриб:
– Ҳаттоки “бисмиллаҳ” лафзини ишлатмас экансиз? – дедим ажабланиб.
– Мен мусулмон эмасман, масиҳийман. Ёлғиз Исога сиғинаман. У мени асрайди, доим ҳамроҳимдир, деди.
– Ўлганингизда қабрингиз қаерда бўлади, сизга ким жаноза ўқийди, шулар ҳақида ҳам ўйладингизми? – дедим таажжубим тобора ортиб.
– Одам ўлгандан кейин қаерга кўмилишининг аҳамияти йўқ, жанозага келсак, ўқилмаса ҳам бўлаверади, – деди хотиржам. Юрагим тарс ёрилгудек бўлиб:
– Ака бу ҳақда оилангиз, яъни ота-онангиз билишадими? – деб сўрадим.
– Ҳа нафақат билишади, балки улар ҳам, аёлим ҳам менинг йўлимда, аллақачон, – деб жавоб берди уста.
Минг таассуфлар бўлсинки, орамизда шундай инсонлар борлиги ачинарли ҳолат. Ахир ўз динидан қайтгани етмагандай, бемалол ўз ғояларини тарғиб қилишига қандай кўз юмиш мумкин?! Баъзилар ўз динини яхши билмаганидан Аллоҳга ширк келтириб, адашяпти. Сўнг бошқаларни ҳам насронийликка чорлаяпти.
Аллоҳ таоло китобида инсонларни огоҳлантириб шудай дейди: “Эй, аҳли китоблар! (Исони илоҳийлаштириб) динингизда ҳаддан ошиб кетмангиз! Аллоҳ (шаъни)га эса фақат ҳақ (гап)ни айтингиз! Албатта, Исо Масиҳ ибн Марям фақат Аллоҳнинг пайғамбари ва Унинг Марямга туширган “Калимаси” ҳамда Унинг томонидан (келмиш) руҳдир, холос. Бас, Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига имон келтирингиз! “(Илоҳлар) учта” демангиз! Қайтингиз – ўзларингизга яхши бўлур! Албатта, Аллоҳ ягона илоҳдир! У фарзандли бўлишдан покдир. Осмонлардаги-ю Ердаги нарсалар Уникидир. Аллоҳ вакилликка кифоядир” (Нисо сураси, 171-оят).
Демак, Исо (а.с.) Аллоҳнинг ўғли эмас, балки бандаси ва пайғамбари, Марям ҳам Аллоҳнинг хотини эмас, бир солиҳа банда. Исо (а.с.)ни “Аллоҳнинг калимаси” деб аталишига боис у зот Аллоҳнинг “Бўл!” деган сўзи туфайли дунёга келгани ёки у зотга айтилган сўз билан ҳидоятга йўллаш жоиз бўлгани учундир.
“Эй, (Исога) имон келтирган зотлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва Унинг пайғамбари (Муҳаммад)га ҳам имон келтирингиз, (шунда) У сизларга ўз раҳматидан икки баробар ато этур ва сизларга (қиёматда ёритувчи) нур пайдо қилур ҳамда сизларни мағфират қилур. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир” (Ҳадид сураси, 28-оят).
Нилуфар БОЗОРБОЙ қизи
Айрим илмсиз ёшлар энг нозик ва қалтис масалаларни кўтариб, мусулмонлар бирлигига рахна солиш билан шуғулланмоқда. Динда ғулувга кетиб, ғайридинлар ҳақидаги оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилган ҳолда уларни мусулмонларни кофирга чиқаришга қурол қилмоқдалар. Бу жуда ҳам хатарли ва қалтис йўл. Бу йўлда кўпчилик тойилиб, адашиб кетган. Шундай паллада ёшларни хатарлардан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг бирламчи вазифалари сирасига киради.
“Такфир” тушунчаси “бировни кофирга чиқариш”, “кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан “кофир” деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, асло мумкин эмас.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:
﴿ولا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلامَ لَسْتَ مُؤْمِناً﴾
“...Сизга салом берган кимсага мўмин эмассан, деманглар” (Нисо сураси, 94-оят).
Демак, Аллоҳ таоло бу ояти каримада шошмашошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқаришдан қайтармоқда.
Шариатда мусулмон инсонни унинг мусулмон эканига қарши далил топилмагунича мусулмон деб ҳукм қилинади. Мўмин киши иймон асосларини очиқ инкор этиши ёки куфр калимасини билиб туриб, ўзи хоҳлаб талаффуз қилиши, Исломдаги қатъий фарз қилинган амаллардан бирини инкор қилиши ёки дин шиорларидан бирини масхара қилиши билан диндан чиқади. Шунда ҳам дарҳол унинг кофирлигига ҳукм чиқарилмайди. Балки бу шаръий масала бўлиб, муфтий ва қозиларнинг ишидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан, Расули акрам алайҳиссалом бундай дедилар:
ثَلاَثَةٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ: الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلاَ نُخْرِجُهُ مِنَ الإِسْلاَمِ بِعَمَلٍ.
«Уч нарса иймоннинг аслидандир. “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз» (Имом Абу Довуд ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.
Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
وَمَنْ قَذَفَ مُؤْمِناً بِكُفْرٍ فَهُوَ كَقَتْلِهِ.
“Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: «Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмон инсонни “кофир” деб ҳукм қилган кимса ҳам худди шундай гуноҳкор бўлади», деганлар. Ваҳоланки, мусулмонни ўлдириш қандай гуноҳ экани ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:
﴿وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا﴾
“Ким бир мўминни қасдан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).
Кофирга чиқаришнинг хатари ҳақидаги машҳур ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
أَيُّمَا امْرِئٍ قَالَ لأَخِيهِ: يَا كَافِر فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُمَا إِنْ كَانَ كَمَا قَالَ وَإِلا رَجَعَتْ عَلَيْهِ.
«Агар киши ўз биродарига: “Эй кофир” деса, иккисидан бири кофир бўлади. Агар биродари ҳақиқатан ҳам кофир бўлса, тўғри айтган бўлади, акс ҳолда бу гапи кофир дегувчини ўзига қайтади» (Имом Муслим ривояти).
Шу маънодаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчасида инсон бошқа мусулмонларни кофирга чиқаришга шошмаслиги, айбланган шахс у айтганидек бўлмаса, ўзи ўша сифатга дохил бўлиб қолиши таъкидланган.
Расулуллоҳнинг таълимларини олган саҳобаи киромлар ва улардан кейинги уламоларимиз ҳам мусулмонни “кофир” дейишдан қаттиқ ҳазир бўлганлар. Чунки улар бу ишда катта гуноҳ борлиги ва бу гап ўзига қайтиб қолишидан хабардор эдилар.
Ислом тарихидан маълумки, мусулмонни гуноҳи сабабли “кофир” дейишга биринчи бўлиб журъат этганлар хавориж фирқаси бўлди. Улар: “Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофир бўлади, Исломдан чиқади”, деди. Бора-бора хаворижларнинг мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа қиладиган ишлари қолмади. Уларнинг шариатга зид бу ишлари мусулмонлар орасида ихтилоф ва зиддиятларни чиқариб, қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг қонлари тўкилишига олиб келди. Уламоларимиз хаворижларчалик Исломга катта зарар етказган фирқа бўлмаганини таъкидлайдилар.
Афсуски, ҳозирги кунда ҳам хаворижларнинг ғоявий издошлари чиқиб турибди. Замонамиз хаворижлари ҳам қадимги маслакдошларидан “ўрнак” олиб, фитна-фасод қилмоқдалар. Буларнинг ҳам, ўтмишдаги маслакдошлари каби, мусулмонларни айблашдан бошқа “ғам”лари йўқ. Булар иложи борича кўпроқ мусулмонни гуноҳи сабабли кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар.
Айни пайтда булар ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда давлат раҳбарларидан бошлаб, ўзларига ҳамфикр бўлмаган ҳар бир мусулмонни осонгина кофирга чиқарадилар. Уларнинг сохта фатволарида ҳозирда мусулмонман деб юрганларнинг кўпчилиги мушрик ва кофир бўлиб кетган, дейилади (Аллоҳ асрасин!). Уларнинг бу сохта “фатвоси”нинг пуч эканига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикри келган ҳадисларидаги: “Мусулмонни гуноҳи туфайли кофир демаймиз”, деган қоиданинг ўзи кифоя қилади.
Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Машҳур саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан бу масала борасида сўралди: «“Гуноҳлардан бирортасини куфр, ширк ёки нифоқ деб билармидинглар? У: “Аллоҳ сақласин! Биз гуноҳ қилган кишини гуноҳкор мўмин деб биламиз”, деди» (“Мажмаъуз завоид ва манбаул фавоид”).
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, барча уламолар бир овоздан ҳаром иш қилган киши, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқарилмайди, балки фосиқ, гуноҳкор бўлади, дейдилар.
Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар” китобида бундай деган:
وَلاَ نُكَفِّرُ مُسْلِمًا بِذَنْبٍ مِنَ الذُّنُوبِ وَاِنْ كَانَتْ كَبِيْرَةً اِذَا لَمْ يَسْتَحِلَّهَا.
“Мусулмон киши катта гуноҳлардан бирини қилса ҳам, модомики ўшани ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз”.
Буюк муҳаддис олим Абу Жаъфар Таҳовий Ҳанафий “Ақидату-Таҳовия” асарида бундай деганлар: “Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз”.
Бу масалада Мулла Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар:
قَالَ عُلَمَاؤُنَا: إِذَا وُجِدَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ وَجْهًا تُشِيْرُ إِلَى تَكْفِيْرِ مُسْلِمٍ وَوَجْهٌ وَاحِدٌ إِلَى إِبْقَائِهِ عَلَى إِسْلاَمِهِ
فَيَنْبَغِي لِلْمُفْتِي وَالْقَاضِي أَنْ يَعْمَلاَ بِذَلِكَ الْوَجْهِ.
Уламоларимиз айтадилар: “Агар (бирор сўз ёки иш устида) мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади” (“Шарҳуш шифо”).
Аммо ҳозирги кундаги адашган кимсалар бу масалада: “Мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизтасини четга суриб қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, дейишгача бориб етдилар. Бу эса барча аҳли сунна уламоларимизнинг тутган йўлларига бутунлай зиддир.
Ҳозирги кундаги мусулмонларни кофирга чиқарувчиларнинг асосий хатолари – динни пухта билмаслик, оят-ҳадисларни енгил-елпи тушуниш, мўътабар мужтаҳид уламолар, муфассирлар ва ҳадисларга шарҳ ёзган буюк олимларнинг сўзларини билмасликлари ёки билсалар ҳам, эътиборга олмасликларидир. Мисол учун айрим жоҳил тоифалар
﴿فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلَا تَكْفُرُونِ﴾
“Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз” (Бақара сураси, 152) оятидаги وَلَا تَكْفُرُونِ деган жойини “Менга кофир бўлманглар” деб тафсир қилишади. Яъни, гапни кофирликка бурадилар.
Ваҳоланки, бирор муфассир бу сўзни “куфр” деб тафсир қилмаган, балки, “ношукрлик” деб тафсир қилганлар. Масалан, Имом Қуртубий буни шундай тафсир қилган: فَالْكُفْرُ هُنَا سَتْرُ النِّعْمَةِ яъни, “бу жойдаги “куфр” сўзи Аллоҳ берган неъматни яшириш – ношукрлик қилишдир”, деган.
Бундай мисолларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан кўплаб келтириш мумкин.
Шундай экан, Қуръони каримда ёки ҳадиси шарифларда “куфр” сўзи ёки унга ўзакдош калималар келганда, ундан фақат кофирлик назарда тутилган деб тушунмасдан, балки мўътабар муфассир ва муҳаддис уламоларимизнинг тафсир ва шарҳларига қараб хулоса чиқаришимиз шарт бўлади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мусулмонни кофирга чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уларга эргашган уламоларимиз гуноҳкор мусулмонларни муртад ёки кофирга чиқармаганлар.
Шундай экан, мусулмон шахс ўзини суннатга ҳамда салафи солиҳлар йўлига эргашишини даъво қилар экан уларнинг йўлини маҳкам тутиши лозим.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси