Муҳаммад деган бир дўстим тоғда яшайди. Яқинда уникига меҳмонга бордим. У билан техникумда бирга ўқиганмиз. Қўйлари кўп. Уларни тонг саҳардан қир-адирларга ҳайдайди. Мусаффо тонг ҳавосида қўйларини яйловда айлантириб боқади.
Кечки овқатни тановул қилиш пайти бўрининг увиллаган товуши ўтовга яқин ердан эшитилди. Дўстим бўрининг увиллашидан заррача ташвиш чекмай, бемалол ўтирарди. Тонгда унга қўшилиб, мен ҳам қўй боқишга чиқдим. Қўйларни ҳайдаб бир оз юрганимиздан сўнг, адирда бир бўрини кўриб қолдим. Қўзидек ўлжасини тишлаб, елкасида кўтариб борарди.
– Қаранг, қаранг, бўри! Уни отиш керак, милтиғингизни беринг, қочиб кетмасин, – дедим. Дўстим бўлса, хотиржамлик билан:
– Асло! Бу бўри қўшним бўлади. Бўри йиртқич бўлса-да, қўшничилик ҳақини яхши билади. Шу боис, бирор марта бўлса-да, қўйларимга ҳужум қилгани йўқ. Овни бошқа жойдан қилиб, болаларини боқади. Ҳатто қўйларимни бошқа йиртқичлардан ҳимоя қилади, деб бўрига қараб, сўзида давом этаркан:
– Бир ваҳший йиртқич қўшничилик ҳақига шунчалик риоя қилса-ю, мен ақлли инсон дўстликка нега хиёнат қилишим керак! Ахир биз ақлли жонзотмиз, биз қўшничилик ҳақини гоҳо мана шундай йиртқичлардан ўргансак бўлади.
Ҳа, азизлар! Қўшничилик ҳақи улуғ, чунки қўшни яхши ва ёмон кунларингизда доимо ёнингизда елкадош бўлади. Баъзи мусибат кунимизда узоқдаги қариндошимиз етиб келгунича қўшнимиз ёнимизда бўлади. Моддий ва маънавий ёрдам беради. Шу боис, қўшничилик ҳақига риоя қилишимиз лозим. Қиёматда яхши ёки ёмонлигимизни қўшнидан сўрашар экан...
Озодлик нелигин бўрида кўргин,
Ундан ҳамияту мардликни сўргин.
Ажабки, қўшнилик ҳурматин қилар,
Ёвуз нафс амридан ўзини тияр.
“Қасамини бузган қиз” китобидан олинди
Ҳаётда кўпинча тўғри йўналиш эмас, балки тезлашиш ўргатилади. Тезроқ юриш, тезроқ етиб бориш, ҳамма нарсани тезроқ бажариш... Лекин ҳеч ким тўхтаб: “Бунчалик шошилишдан мақсад нима?” деб сўрамайди. Инсон тинимсиз ҳаракатда бўлишни эришиш, табиий ҳаёт тарзи деб ўйлаб, сарфланаётган умри эвазига аслида нимага эришаётгани ҳақида ўйламай қўяди.
Баъзан йўлни йўқотдик, деб ўйлаймиз. Ҳолбуки, йўқоладиган нарса йўл эмас, балки тўғри йўналишдир. Бу йўналиш харитадаги чизиқлар ёки телефондаги йўл кўрсаткич эмас, балки Аллоҳ таоло борлиғимизга жо қилган ички йўналтиргич, яъни фитратимиздир.
Бу ички йўналтиргич баъзан тўғри томонни кўрсатмаётгандек туюлади. Дунё ташвишлари, нафс истаклари кўпайиб кетганида, у сарсон бўлади ё қотиб қолади. Шунда биз уни бузилди деб ўйлаймиз. Лекин фитрат бузилмайди, шунчаки биз унга аҳамият бермай қўйган бўламиз. Баъзилар бу йўналтиргични бошқаларнинг қўлига бериб қўяди...
Йўналишини йўқотган одам тўғри йўлга қайтиши керак. Бу қайтиш шунчаки бир манзилга қайтиб боришмас, балки ички дунёмиздаги тарқоқликни жамлаш, фитратимизга қайтишдир. Шунда инсон дунёнинг “ҳаммасига эришиш” васвасасидан халос бўлади. Ўтмишдаги хато ва синовлардан ибрат олади, аммо уларни ўзига оғир юк қилиб олмайди. Бошқалардан ва ҳаётдан жуда кўп нарса кутишни тўхтатади...
Ҳақиқий хотиржамлик – ҳамма нарса мукаммал бўлиши деганимас. Инсон ўз ҳаракат доираси чегарасига етганида Аллоҳнинг қазо ва қадарига рози бўлса хотиржамлик топади. Бу лоқайдлик эмас.
Мусулмон киши ҳам хурсанд бўлади, қайғуради, бошқалар каби яшайди. Лекин у ўткинчи туйғулар, орзу-ҳаваслар аро сарсон бўлиб қолмайди. Чунки дунёдаги ҳар бир ҳолат вақтинчалик синов эканини яхши англайди.
Инсон ўзлигига қайтганида бошқаларнинг юкини елкасига олишга уринмайди. Ёрдам беради, лекин ҳар ким ўз қисмати ва қилмиши учун ўзи масъул эканини тушунади. Бошқаларнинг айбига қарамай, ўз хатоларини тузатиш билан банд бўлади. Муҳими, ҳар ишида шошқалоқлик қилмайди. Чунки охиратга ва маънавий камолотга элтувчи йўлни шошиб босиб ўтиб бўлмаслигини билади.
Айтилганидек: “Ким ўзини таниса, Раббини танийди”. Бу мартабага эришган қалб эса ҳеч қачон адашмайди.
Абдулатиф АБДУЛЛОҲ