Муҳаммад деган бир дўстим тоғда яшайди. Яқинда уникига меҳмонга бордим. У билан техникумда бирга ўқиганмиз. Қўйлари кўп. Уларни тонг саҳардан қир-адирларга ҳайдайди. Мусаффо тонг ҳавосида қўйларини яйловда айлантириб боқади.
Кечки овқатни тановул қилиш пайти бўрининг увиллаган товуши ўтовга яқин ердан эшитилди. Дўстим бўрининг увиллашидан заррача ташвиш чекмай, бемалол ўтирарди. Тонгда унга қўшилиб, мен ҳам қўй боқишга чиқдим. Қўйларни ҳайдаб бир оз юрганимиздан сўнг, адирда бир бўрини кўриб қолдим. Қўзидек ўлжасини тишлаб, елкасида кўтариб борарди.
– Қаранг, қаранг, бўри! Уни отиш керак, милтиғингизни беринг, қочиб кетмасин, – дедим. Дўстим бўлса, хотиржамлик билан:
– Асло! Бу бўри қўшним бўлади. Бўри йиртқич бўлса-да, қўшничилик ҳақини яхши билади. Шу боис, бирор марта бўлса-да, қўйларимга ҳужум қилгани йўқ. Овни бошқа жойдан қилиб, болаларини боқади. Ҳатто қўйларимни бошқа йиртқичлардан ҳимоя қилади, деб бўрига қараб, сўзида давом этаркан:
– Бир ваҳший йиртқич қўшничилик ҳақига шунчалик риоя қилса-ю, мен ақлли инсон дўстликка нега хиёнат қилишим керак! Ахир биз ақлли жонзотмиз, биз қўшничилик ҳақини гоҳо мана шундай йиртқичлардан ўргансак бўлади.
Ҳа, азизлар! Қўшничилик ҳақи улуғ, чунки қўшни яхши ва ёмон кунларингизда доимо ёнингизда елкадош бўлади. Баъзи мусибат кунимизда узоқдаги қариндошимиз етиб келгунича қўшнимиз ёнимизда бўлади. Моддий ва маънавий ёрдам беради. Шу боис, қўшничилик ҳақига риоя қилишимиз лозим. Қиёматда яхши ёки ёмонлигимизни қўшнидан сўрашар экан...
Озодлик нелигин бўрида кўргин,
Ундан ҳамияту мардликни сўргин.
Ажабки, қўшнилик ҳурматин қилар,
Ёвуз нафс амридан ўзини тияр.
“Қасамини бузган қиз” китобидан олинди
Шу йилнинг 20–25 апрель кунлари Татаристон пойтахти Қозон шаҳрида нуфузли Халқаро Қуръон мусобақаси бўлиб ўтмоқда. Ушбу нуфузли анжуманда юртимиз шарафини Ўзбекистон халқаро ислом академияси битирувчиси, хушовоз қори Низомиддин Исмоилов ҳимоя қилади.
Бугун, 23 апрель куни Низомиддин қори маслаҳат ва кўрсатмалар олиш мақсадида сафари олдидан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қуръони карим ва тажвид бўлимида бўлди.
Тажрибали устоз Шайх Али Файзуллоҳ Махдум ёш қорига тажвид нозикликлари бўйича қимматли тавсияларини бериб, унинг ҳақига хайрли дуолар қилди.
Аллоҳ таоло юртимиз байроғини баланд кўтаришга отланган қоримизга зафарлар ёр бўлишини ва Қуръон нури ила юзини ёруғ қилишини насиб этсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати