Ўзбекистонда бир одам соқол олишга ўртача 20 литр сув сарфлайди. Бу ҳақда 2000 йил Олий Мажлисда бўлиб ўтган йиғилишда айтилган эди. Ўтган ўн саккиз йил мобайнида қанчадан қанча йигитларимизнинг соқоли чиқди-ю, аммо ўша сарфланаётган 20 литр сув 21 литрга чиқса чиққандир, аммо 19 литрга тушгани йўқ.
Европаликлар эса соқол олишга 200 грамм сув сарфлайди. Бунинг сабаби бизнинг соқолимиз европаликларнинг соқолидан 100 баробар кўплигида эмас, биз шунчаки сув жўмрагини очиб қўйиб 100 баробар кўп сувни оқизиб юборишимизда, холос.
Лекин бунинг акси ўлароқ Европа чучук сув захираларига қуруқ иқлимли бизнинг минтақадан кўра, 100 баробар бўлмаса ҳам анчагина бой.
Аллоҳ таолонинг иродаси ила бу йил нафақат бизнинг минтақада, балки қуруқ иқлимли барча ҳудудларда сув танқислиги кузатилди. Ҳатто баъзи ўлкаларда шиддатли қурғоқчилик кузатилмоқда. Шукрлар бўлсинки, Раббимиз бизнинг юртимизда ҳам сув неъматини бир оз тортиб қўйди-ю, қаттиқ қурғоқчилик билан синамади. Бунда Ватанимиз бўйлаб ўтказилган Қуръон мусобақасида қилинган тиловатлар, дуоларнинг ҳиссаси катта бўлди, албатта...
Аслида намчил ўлкаларда вақти-вақти билан сув тошқинлари бўлиб туриши – АҚШ, Британия, Япония... қуруқ иқлимли ҳудудларда қурғоқчиликлар, сув танқисликлари бўлиб туриши табиий ҳодиса. Уларнинг машҳурлари ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу даврида Арабистон ярим оролида юз берган даҳшатли қурғоқчилик, Амир Темур ҳазратлари даврида Мовароуннаҳрда бўлган шиддатли қурғоқчилик, 1932-33 йиллардаги миллионлаб одамнинг ёстиғини қуритган очарчилик, собиқ шўро давридаги 1985-86 йиллардаги қурғоқчилик, 2000-2001 йил юртимизда содир бўлган қурғоқчиликлардир.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу, Амир Темур раҳматуллоҳи алайҳ, Ислом Каримов раҳматли даврида қурғоқчилик сабабли аҳоли унчалик зарар кўрмади. Бу синовдан давлат раҳбарининг омилкорлиги сабабли мамлакат ва халқ беталофат чиқди. Бироқ собиқ шўро давридаги қурғоқчиликлар сабабли халқнинг бошига кўп офатлар ёғилди.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу йил об-ҳавонинг унчалик ўнғай келмаганига вегетация даврининг бошиданоқ эътибор қаратиб, сувнинг боридан самарали фойдаланиш, деҳқонларимизнинг беҳуда меҳнат сарф-харажатлар қилиб қўйишининг олдини олишга алоҳида аҳамият берди. Хусусан, 28 май куни Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистонда сув танқислиги сабабли шоли экиладиган майдонлар 162 мингдан 94 минг гектаргача қисқартирилиши айтилди. Гуруч савдоси билан шуғулланувчи, бозорнинг авзойини тез англайдиган учар савдогарларимиз ўша куниёқ гуручнинг нархини икки баробарга оширди. Бозордаги гуручнинг нархи кечагина олганидан нақд икки баробар ошиб қолганини кўриб содда харидорлар ҳайрону лол бўлиб, ўзи ҳамишаги бозоримиздаманми, дея атрофни кўздан кечириб ёқа ушлаб қолди.
Шунингдек, ўша кунги видеоселекторда сув танқислиги кутилаётган Қашқадарё вилоятида такрорий экин майдонлари 30 минг гектарга, Самарқанд вилоятида 42 минг гектарга, Бухоро вилоятида 20 минг гектарга, Навоий вилоятида 14 минг гектарга ва Қорақалпоғистонда 10 минг гектарга камайтирилиши маълум қилинди. Бунинг ҳисобига дуккакли ўсимликлар нархи ҳам юқори сапчиди.
Ҳа, майли, бошлари омон бўлсин, ҳар қандай имкониятдан одамлар ўзларининг феъл-атворидан чиқиб фодаланади-да, бунинг учун бировни маломат қилиш – нега ҳамма ҳар тарафга қараб юради, ҳамма бир тарафга қараб тартиб билан юрсин дея кўчага калтак кўтариб чиққан дарвешнинг ишига ўхшаб қолади...
Сўлим Фарғона вилоятида Бештерак деган маҳалла фуқаролар йиғини, ўша ерда Ўртақишлоқ деган қишлоқ борлигини кўпчилик юртдошларимиз билмас эди. Ана шу қишлоқда яшовчи пири бадавлат отахону онахон Мамарасул ака ва унинг турмуш ўртоғи Мунаввара опа муборак ҳаж сафарига бориш учун йиллар давомида мисқоллаб 44 миллион сўм йиққан эдилар. Улар ана шу маблағини Ўртақишлоқ аҳолиси учун қудуқ қазиб, минорасини ўрнатишга сарфладилар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда сувни ҳаёт манбаи қилиб қўйганини таъкидлаб кўплаб оятлар келтирган. Жумладан, «Биз осмондан баракотли сув — ёмғир ёғдириб, унинг ёрдамида боғ-роғларни ва ўриб олинувчи дон-дунларни ҳамда тизилган (мевали) новдалари бўлган баланд хурмоларни ундириб-ўстирдик. Бандаларга ризқ бўлсин учун (мана шундай қилдик). Яна у (сув) ёрдамида ўлик шаҳарни − ерни тирилтирдик (Ўликларнинг ўз қабрларидан қайта тирилиб) чиқишлари ҳам мана шундай бўлур» (Қоф сураси, 9-11-оятлар).
Дарҳақиқиат, сув экинларимизни, чорвамизни суғорадиган, ўзимизнинг чанқоғимизни босиб, танимизни поклайдиган, турли касалликлардан ҳимоя қиладиган неъмат бўлиш баробарида унинг яна бир гўзал фазилати бор экан: Мичиган университети олимлари етарлича сув ичмаслик ортиқча вазн йиғишга сабаб бўлиши мумкинлигини кўрсатувчи янги маълумотларга эга бўлишди. Бу эса ичимлик суви семизлик билан курашишда ёрдам бериши мумкинлиги тўғрисидаги фикрни қўллаб-қувватлайди.
Раббимиз Мўминун сурасида сувни аниқ ўлчов билан қор-ёмғир қилиб ерга жойлаб қўйганини айтган. Демак, бу йилги ўлчовда юртимизга одатдагидан камроқ сув тақсим қилинганки, бунинг ҳикмати – сув неъматининг қадрини янада теранроқ ҳис этиб, ақлимизни кўпроқ ишлатиб, одатдагидан-да омилкор бўлайлик, сувдан тежаб-тергаб фойдаланайлик. Ана шунда Парвардигоримиз бу бебаҳо неъматни яна мўл-кўл қилиб беради, иншоаллоҳ.
Дамин ЖУМАҚУЛ,
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Саҳобаи киромлар иймону Ислом, шариату тариқат, ахлоқу одоб ва шунга ўхшаш барча керакли нарсаларда ҳар бирлари биз учун муқтадо бўлган ажойиб инсонлар жамоасидир.
Ушбу мавзуга киришдан аввал «саҳоба» ва «фазл» сўзларининг маъноларини яхшилаб ўрганиб олишимиз лозим.
«Саҳоба» сўзи «саҳиба» ўзагидан олинган бўлиб, луғатда «суҳбатдош бўлмоқ» ва «соҳиб бўлмоқ» деган маъноларни англатади.
Истилоҳда эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни мусулмонлик ҳолларида кўрган одамга саҳоба дейилади.
Мусулмон одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрса бўлди, суҳбатлашиб ўтирмаса ҳам саҳоба бўлаверади.
Уламолар бу масалада кўплаб батафсил баёнотлар, турли фикр-мулоҳазаларни келтирганлар. Лекин мазкур тортишувларнинг барчасининг натижаси юқоридаги таърифга бориб тақалади.
«Фазл» сўзи луғатда «зиёда», «ортиқлик», «устунлик» деган маъноларни англатади.
Шундан «Саҳобаларнинг фазли» иборасининг маъносини тушуниб олиш мумкин.
Пайғамбар алайҳиссалом ҳазрати Жобир розияллоҳу анҳуга ва «Байъатир-Ризвон»да иштирок этган бошқа саҳобийларга қарата: «Сизлар ер юзидаги энг яхши одамсизлар», деганлар.
Шунга биноан, ҳар бир мусулмон мазкур бахтиёр шахсларни севиши, ҳурматлаши ва эъзозлаши лозимдир.
Аллоҳ таоло уларга «яқин фатҳ»ни мукофот қилиб берди. Ҳудайбиядан сўнг тезда бутун дунёни фатҳ қилиш бошланди. Икки ойдан кўп вақт ўтмай, биринчи, энг муҳим фатҳлардан бири – Хайбар фатҳи бўлди. Ундан кейин эса навбатдаги фатҳлар кетма-кет содир бўлаверди.
Мусулмонлар Ислом жамиятининг асл мағзини, жавҳарини ташкил этар эдилар. Улар уч қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисм пешқадам муҳожирлар эди.
«Биринчи пешқадам муҳожирлар».
Улар Маккаи Мукаррамада ҳеч ким иймонга келмаган пайтда иймонга келган, кофирларнинг озорларига чидаган, уларнинг зулмларига бардош берган улкан саҳобийлардир.
Уламолар: «Ушбу оятда «олий мақом эгалари» деб сифатланаётган муҳожирлар Бадр урушига қадар Маккаи Мукаррамадан Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилган саҳобалардир», дейдилар. Чунки улар энг қийин вақтда иймонга келиб, энг қийин вақтда ҳижрат қилган шахслардир. Бадр урушида мусулмонлар ғолиб келиб, Ислом жамияти юзага чиқиб, ўз таянчига эга бўлганидан кейин ҳижрат қилиш ҳам осон бўлиб қолган.
Иккинчи қисм – «ансорийлар», яъни Мадина аҳлларидан биринчи бўлиб Исломга келган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга «Ақаба»да байъат қилган, дин қардошларини ўз юртлари – Мадинага таклиф этган, маккаликлар ҳижрат қилиб борганларида ўзлари емай, уларга едирган, ўзлари киймай, уларга кийдирган, уйларини, молу мулкларини бўлиб берган, дину диёнатлари учун молу жонларидан кечишга тайёр турган мадиналик пешқадам мусулмонлардир.
Учинчи қисм – «уларга яхшилик билан эргашганлар», яъни пешқадам муҳожир ва ансорийларга яхшилик билан эргашганлардир. Улар васф қилинмиш пешқадам муҳожир ва ансорийлардан кейин, мазкур машҳур воқеалардан кейин мусулмон бўлиб, худди пешқадам мусулмонлар каби ихлосли, ибодатли ва тақводор кишилар бўлганлар. Уларга фақат пешқадамлик, яъни энг қийин дамда сафда бўлмаганликлари етишмайди, холос. Аллоҳ ана шу уч тоифадаги мусулмонларнинг барчасидан «рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар».
Банда эришиши мумкин бўлган энг юқори мартаба Аллоҳнинг розилигидир. Зотан, ҳар бир банданинг олий мақсади ҳам мана шу. Банданинг Аллоҳдан розилиги Унинг қадарига ишониши, қазосидан яхшилик кутиши, неъматларига шукр қилиши, бало-офатларига сабр қилишидир.
Аллоҳ улардан рози эканлиги учун: «Уларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни… тайёрлаб қўйди».
Улар мазкур жаннатга вақтинчаликка кирмаслар, балки «улар у (ер)ларда абадий мангу қолувчи бўлган ҳолларида».
Аллоҳ таоло улардан рози бўлмаганида, уларни бундай икромга сазовор қилмас эди.
«Ана ўша улкан ютуқдир».
Бундан ортиқ ютуқ бўлиши мумкинми?
Аллоҳ «Ҳашр» сурасида саҳобаи киромларни шундай мадҳ этади:
«Диёрларидан ва мол-мулкларидан жудо қилинган, Аллоҳдан фазл ва розилик умид қиладиган ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига ёрдам берадиган фақир муҳожирларгадир. Ана ўшалар содиқлардир» (8-оят).
Муҳожирлар аслида маккалик кишилар бўлиб, дину иймон йўлида она юртларини, мол-мулкларини, қариндош-уруғларини ташлаб, Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилганлар (кўчиб ўтганлар). Шу сабабли уларнинг кўпчилиги мискин, фақирга айланганлар.
Улар фақатгина Аллоҳ берадиган фазлни деб, Унинг розилигини топамиз, деб бу машаққатларга бўйин эгдилар. Қийин аҳволга қарамасдан, Аллоҳнинг ва Расулининг ишига қўлларидан келган барча ёрдамларини аямадилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ уларни «Иймонларида содиқ кишилар» деб мақтамоқда.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 21-жузидан олинди