Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Июн, 2025   |   29 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:06
Қуёш
04:51
Пешин
12:31
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
25 Июн, 2025, 29 Зулҳижжа, 1446

Қуръонни неча ёшдан бошлаб ёдлаган маъқул? Бу китобнинг шифо бўлиши ҳақида биласизми?

14.07.2018   3715   9 min.
Қуръонни неча ёшдан бошлаб ёдлаган маъқул? Бу китобнинг шифо бўлиши ҳақида биласизми?

Рамазон фазилатларидан бири бу ойда Қуръони карим нозил қилинганидир. Мўминларнинг Қуръонга бўлган муносабати ҳам бу ойда янада гўзал аҳамият касб этади. Уни ўқиш, тинглаш, ўрганишга бўлган иштиёқ ортади. Минглаб қориларимиз Рамазон кечаларида хатми Қуръон ўтказилиши учун хизматда камарбаста бўлишади. Қуръон ўқилган жойга эса ҳисобсиз қут-барака инади. Қуръон ўқиган, уни тушуниб, риоя қилган  кишидан эса ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди.

— Қуръон ҳофизларини тайёрлаш, уларни саралаб, рағбатлантириб, қўллаб-қувватлаб бориш ишига бугун алоҳида эътибор кўрсатилаётир, — дейди Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ўқитувчиси, пойтахтимиздаги Хожа Аҳрор Валий жоме масжиди имом-хатиби Собиржон РУСТАМОВ. — Бу йил юртимиз тарихида биринчи марта республика қорилар мусобақасининг ўтказилиши ҳам ҳаётимизда улкан воқеа бўлди.  Қуръони каримни ўрганиш, уни ёдлаш, қироат қоидаларини ўзлаштириш бугун бир қадар юқори босқичга кўтарилди.

 

— Кўпчилик Қуръони каримни ёдлашни қачондан бошлаш кераклигига қизиқади. Баъзилар бу ёш болага оғирлик қилади, деб ҳисоблашади. Бу гап қанчалик асосли?

 

— Болаликда зеҳн жуда ўткир бўлади. Фарзандини ҳофизи калом қилишни истаганлар ана шундан унумли фойдаланиб қолишни исташади. Ўзим тажрибамда мактаб ёшига етмасдан ёдлаганларни ҳам кўрдим. Қори бўламан деган киши ҳар куни такрордан узилмаслиги керак. Тонгда ва кечқурун бир сидра такрор қилинса, хотирага мустаҳкам ўрнашиб боради. Ўзим шогирдлар ва фарзандларимга худди шу усулни қўллаганман. Яқинда республика бўйича бўлиб ўтган қорилар мусобақасида қизим ғолиб бўлиб, умра сафарига йўлланма олди. Ҳозир пойтахтда Хожа Аҳрор Валий жоме масжидида хатми Қуръон қилиб бераётган Абдулҳафиз Аъзамжонов ва Хасибуллоҳ Захадуллаев ҳам эндигина йигирмадан ошган бўлишса-да, қарийб ўн йилдан бери хатмга ўтишади.

Қуръони каримни ёдлагандан кейин уни хотирада мустаҳкам тутиб туриш учун қорининг хулқ-атвори, аввало, Қуръонга мувофиқ бўлиши зарур. У нафақат гуноҳ ишлар, балки беҳуда гап-сўзлардан ҳам ўзини тийган, илм ва тақвода мустаҳкам, бошқаларга ҳар жиҳатдан ўрнак бўладиган инсон бўлиши керак. Шундагина Қуръон унинг хотирасига мустаҳкам ўрнашади. Яна мунтазам такрор қилиш ҳам зарур. Қори бирон кунгина такрор қилмаса, бу унинг ҳифзига албатта таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳар қандай дангасалик ва эринчоқлик қорига ёт бўлиши керак. Қори илм ўрганиш, ўз устида ишлашдан тўхтаса, хотирасидаги каломни бой бериб қўяди.   

 

  Ўзингиз илм олишга катта иштиёқ билдириб, 44 ёшингизда ҳам  талаба бўлгансиз. Оила тутуми, фарзандлар тарбияси, иш ва тирикчиликдан ортиб, шу ёшда илм учун вақт ажратиш мумкинлиги кўпчилик учун ноодатий ҳолат. Шундай эмасми?

 

— Жаноб Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бизни бешикдан қабргача илм олишга чақирганлар. Илмни ҳатто Чиндан бўлса ҳам ўрганиб келишга ундаганлар. Қуръони каримни ўқиш, ёдлаш, тушуниш ҳар биримизнинг биринчи галдаги энг муҳим ва давомий вазифамизга айланиши керак. Қуръони каримни қанча кўп ўқиб-ўргансак, унинг фазли ва баракасидан шунча кўп баҳраманд бўламиз.    

Бугун, мана, алҳамдулиллаҳ, Рамазони шариф муносабати билан мамлакатимизнинг ҳамма масжидларида таровиҳлар ўқил­япти, уларда хатми Қуръон қилиняпти. Қуръон тинглашга келганлар ҳатто масжидларимизга сиғмай кетяпти. Бу — халқимизнинг Қуръони каримга муҳаббати, ихлоси ва эҳтиромининг бир кўриниши. Ахир ёшу кексани бир неча соатлар давомида намозда тик туриб Қуръони каримни тинглашга ундаган нарса шу эмасми?.. Бизнинг масжидимизда ёши улуғ отахонлар ҳеч қийналмасдан, малолланмасдан, ва аксинча, ғайрат-шижоат билан тиловатни тинглаётганларини кўриб тўлқинланиб кетасан киши. Улар билан гаплашганимизда хатми Қуръондан сўнг ўзларида ажиб бир енгиллик ҳис қилишганини айтишади. Улар орасида ёши тўқсонга чиққанлари ҳам бор. Аслида кексаликнинг ўзи бир тузалмас дард. Лекин инсон Алллоҳ таоло берган умрни буюрилганидек тасарруф қилса, ҳеч нарса қийин ва оғир бўлмайди. Яқинда бир юз беш ёшли отахон ҳақида эшитдим. У инсон шу ёшда ҳам ўзларини тетик-бардам ҳис қилиб, Рамазоннинг фарз қилинган рўзасини тутаётган эканлар. Мана шижоат! Агар қалбда бирон бир яхшиликни қилишга ният ва ихлос бўлса, у иш қанча мураккаб бўлишидан қатъи назар Аллоҳ бандасига уни осон қилиб, бандани унга муваффақ қилиб қўяди.

 

 Яъни, Қуръони карим хасталикларга ҳам даво бўлади, шундайми?

 

— Йўқ, даво эмас, шифо бўлади. Аслида даво — касалликнинг муолажаси учун бирон ҳаракат қилишдир. Даво воситасида касаллик қисман ёки тамоман бартараф қилиниши мумкин. Шифо эса ҳеч қандай шак-шубҳасиз хасталикни буткул тузатадиган нарса. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони карим Исро сурасининг 82-оятида шундай марҳамат қилади:

«Биз Қуръонни шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз».

Аҳамият беряпсизми? Қуръон даво дейилмаяпти. Оятда айнан шифо сўзи бор. Қуръони карим нафақат инсон жисми, ҳатто жонсиз ва қаттиқ жисмларни ҳам тозалаб-покловчи энг буюк шифо манбаидир. Шунинг учун Қуръон ўқилаётган жойга кўпинча бирон идишда сув қўйиб қўйишади. Боиси — ўша тиловат сувга катта ижобий таъсир ўтказади ва уни ичган кишида ҳам шу таъсир сезилади.

Қуръони каримдан чинакам шифо топиш учун инсоннинг ўзига боғлиқ бўлган жиҳатлар ҳам бор.

 Улар ҳақида ҳам айтиб бера оласизми?

 

— Бу ҳар бир инсоннинг Қуръони каримга бўлган муносабатида акс этади. Мен Миср, Саудия Арабистони, Туркия каби қатор давлатларда бўлганимда Қуръонга ҳар бир халқнинг ўз ёндашуви борлигига гувоҳ бўлганман. Булар Китобни ўқиш-тиловат қилиш, тушуниш — маъно таржималар ва тафсир қилиш, унга амал қилиш ҳамда Қуръони каримга бўлган эҳтиромда кўринади. Уламоларимиз Қуръони каримга муносабатда бир юз элликдан ортиқ одоб борлигини айтишган. Масалан, Қуръон ўқувчи, аввало, бадан ва кийим поклигидан ташқари, хушбўй бўлишга ҳам алоҳида эътибор қаратиши, Мусҳафни ҳамиша тепада тутиши, қиблага юзланиб, тепароқ жойда ўтириб тиловат қилиш, ўқиганини тушуниб тафаккур қилишга интилиши ҳамда унга амал қилишда бошқаларга ўрнак бўлиши кабиларни санаб ўтишган. Шунингдек, хонанинг Қуръон турган тарафига оёқ узатиш, ўша хонада ухлаш ҳам беодоблик саналади.

 

 Бу йил тарихимизда биринчи марта юртимизда Қуръони карим нашр этилди. Сотувга чиқарилган куни уни харид қилмоқчи бўлганларнинг узун навбати ҳосил бўлди. Кўпчилик одамларимизнинг бу илоҳий китобга бўлган муҳаббатини олқишласа, баъзилар шунча Қуръон ўқисак ҳам ҳаётимизда унинг таъсири кўп эмаслигини ҳам мулоҳаза қилишди. Бу борада сизнинг фикрингиз қандай?

 

— Иккала мулоҳазанинг ҳам ўз навбатида, ўринли жиҳатлари бор. Юқорида айтганимиздай, маъноларини тушунмасдан ўқиш ва эшитишнинг ҳам катта фойдаси бор. Шу билан бирга, Қуръони карим фақатгина тинглаб ё ўқиб қўявериш учунгина эмас, инсониятга то қиёматгача дастуриламал сифатида нозил қилинган. Ана шу буюк ҳақиқатни англаш ва англатиш — вазифамиз. Биргина оят ёки ундаги биргина сўз ҳақиқатига етиш учун аждодларимиз бутун бошли катта-катта фан соҳаларига пойдевор қўйиб кетишган. Барча китобларга Қуръоннинг ҳошияси сифатида қарашган. Бу дегани ҳамма илмларнинг асоси Қуръони каримга бориб тақалади, деганидир. Ёзилган китобларнинг барчаси Қуръони каримдаги қайсидир ҳақиқатни изоҳлаш-тушунтириш йўлидан боради. Афсуски, ўтган асрда бундай қарашлар бизга унуттирилди. Натижада, кўплаб илмлар илдизсиз дарахтдек муаллақ, тушунарсиз бўлиб қолди. Масалан, математиканинг асоси мерос тақсимоти ҳақидаги тўрт-бешта оят эканини бугун кўпчилик билмайди.

Имом Замахшарий, Беруний, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби олимларимиз Қуръони каримни ҳар бир фаннинг асоси сифатида тушунишган. Алломаларимиз жаҳон илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшишганининг боиси ҳам шунда.

Бу йил юртимизда республика миқёсида Қуръони карим мусабоқаси ўтказилди. Унда турли ёш тоифалари бўйича барча хоҳловчилар иштирок этди. Олдинги йиллари бундай мусобақалар тор доирада, фақатгина диний таълим муассасалари талабалари ва диний ходимлар орасида ўтказиларди. Бу йилгиси эса Қуръонни ўрганишда салмоқли бир қадам бўлди. Энди эса унинг маъноларини ўрганиб, буюк аждодларимиз ишларининг давомчисига айланишимиз керак.  

 

Ғуломжон БОБОЖОНОВ

 суҳбатлашди.

манба: http://od-press.uz

Қуръони карим
Бошқа мақолалар

«Бисмиллаҳ»ни айтиш эсидан чиқиб қолса...

23.06.2025   4705   5 min.
«Бисмиллаҳ»ни айтиш эсидан чиқиб қолса...

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا أَكَلَ أَحَدُكُمْ فَلْيَذْكُرِ اسْمَ اللهِ، وَإِنْ نَسِيَ أَنْ يَذْكُرَ اسْمَ اللهِ فِي أَوَّلِهِ فَلْيَقُلْ بِسْمِ اللهِ أَوَّلَهُ وَآخِرَهُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирортангиз таом еса, Аллоҳнинг исмини зикр қилсин. Агар аввалида Аллоҳнинг исмини зикр қилишни унутиб қўйса, «Бисмиллаҳи аввалаҳу ва ахироҳу» десин», дедилар» (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар).


Баъзан таом тановул қилиш пайтида инсон шошилиб, «Бисмиллаҳ»ни айтиш эсидан чиқиб қолади. Бир оз еганидан кейин «Бисмиллаҳ»ни айтмагани эсига тушиб қолади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифларига биноан, ана шундай вақтда «Бисмиллаҳи аввалаҳу ва ахироҳу» демоғи лозим.

Бу жумланинг маъноси «аввалида ҳам, охирида ҳам Бисмиллаҳ» дегани бўлиб, таомнинг баракасини қайтаради ва унга шайтон шерик бўлишини қирқади.

وَعَنْهَا قَالَتْ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَأْكُلُ فِي سِتَّةٍ مِنْ أَصْحَابِهِ فَجَاءَ أَعْرَابِيٌّ فَأَكَلَهُ بِلُقْمَتَيْنِ، فَقَالَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَمَا إِنَّهُ لَوْ سَمَّى كَفَاكُمْ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَصَحَّحَهُ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг олтита саҳобалари билан таом емоқда эдилар. Бир аъробий келиб, икки луқмада (ҳаммасини) еб қўйди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар у тасмия айтганида, ҳаммангизга етар эди», дедилар» (Термизий ривоят қилган ва саҳиҳ, деган).

Бу ҳадиси шарифда ҳар бир одам таомни «Бисмиллаҳ»ни айтиб еса, у баракали бўлишига далолат бор.


Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг олти саҳобалари албатта «Бисмиллаҳ»ни айтиб, сўнг таом ейишни бошлаганлар. Аммо ҳалиги аъробийнинг «Бисмиллаҳ»ни айтмай таом егани баракани қочирди.

وَكَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ جَالِسًا وَرَجُلٌ يَأْكُلُ فَلَمْ يُسَمِّ حَتَّى لَمْ يَبْقَ مِنْ طَعَامِهِ إِلَّا لُقْمَةٌ، فَلَمَّا رَفَعَهَا إِلَى فِيهِ قَالَ: بِسْمِ اللهِ أَوَّلَهُ وَآخِرَهُ، فَضَحِكَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ثُمَّ قَالَ: مَا زَالَ الشَّيْطَانُ يَأْكُلُ مَعَهُ، فَلَمَّا ذَكَرَ اسْمَ اللهِ اسْتَقَاءَ مَا فِي بَطْنِهِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган эдилар. Бир киши таом ер эди. У тасмия айтмади. Фақат бир луқма таом қолгандагина «Бисмиллаҳи аввалаҳу ва ахироҳу» деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар ва:

«Шайтон у билан таом еб турди. Аллоҳнинг исмини зикр қилганида қорнидаги нарсани қусиб юборди», дедилар» (Абу Довуд ва Насоий ривоят қилганлар).

Бу ҳам барчамиз учун дарс. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бор жойдаги ҳар бир ўтириш, ҳаракат ва сакинат ҳамманинг диққат эътиборида бўлиши маълум.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган жойда бир одам «Бисмиллаҳ»ни айтмай, таом тановул қила бошлади. Ҳамма дамини ичига ютиб, нима бўлар экан, деб кутиб турди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эса индамас эдилар. Ҳалиги киши эса таом ейишда давом этар эди. Энди нима бўлади? Атиги бир луқма таом қолганда бирдан эсига тушиб қолиб:

«Бисмиллаҳи аввалаҳу ва ахироҳу» деди».


Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар ва: «Шайтон у билан таом еб турди. Аллоҳнинг исмини зикр қилганда қорнидаги нарсани қусиб юборди», дедилар».

Демак, таомни «Бисмиллаҳ»ни айтмай еган одам билан бирга шайтон ҳам унинг таомидан қўшилишиб еб турар экан.

Бу эса ҳам гуноҳ, ҳам таомнинг баракасини қочиришдир. Шунинг учун бу масалага жуда эҳтиёт бўлмоқ керак. Мабодо аввалида айтиш эсдан чиқиб қолган бўлса ҳам, эслаган заҳоти айтиш лозим.

Аллоҳнинг исмини зикр қилиб, сўнг таом ейишни бошлаш исломий овқатланиш маданиятининг бошида туради.

Албатта, таом Аллоҳ таоло томонидан бандага бериладиган улкан неъмат эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Доимо Аллоҳни эслаб туриши лозим бўлган банда учун неъматга эришган пайтда неъмат берувчи Зотни эслаш зарурати яна ҳам ортади. Ана шундай пайтда Аллоҳни – неъмат берувчи Зотни эсидан чиқарган одам хато қилган бўлади. Агар ўзи эслаб, хатосини тўғриласа, яхши. Агар унинг эсига тушмаса, атрофдагилар унга эслатиб қўйишлари лозим. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо шундай қилганлар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби 16-жузидан