Кечаси бедор бўлиб намоз ўқишнинг, Қуръон тиловат қилишнинг гашти бўлакча, фазилати улуғ. Одамлар айни ширин уйқудалик чоғида ибодат қилган инсон юксак мақомга эришади. Тунда ибодатда қоим бўлиб, Каломуллоҳни ўқийдиган бандалар ҳақида Қуръонда шундай дейилган: «Аҳли Китоб орасида сажда қилган ҳолларида тунлари Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган тўғри (йўлдаги) жамоат ҳам бор. (Ўша зотлар) Аллоҳга, охират кунига имон келтирадилар, яхши амалга буюриб, исён-гуноҳдан қайтарадилар, яхшиликлар қилишга шошиладилар. Ана ўшалар солиҳ бандалардир» (Оли Имрон сураси, 113-114-оятлар).
Ибн Касир оят тафсирида шундай деган: «Улар тунни ибодат билан ўтказадилар, таҳажжуд намозини ўқийдилар, Қуръон тиловат қиладилар».
Ибн Бурайда отасидан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Қуръон қиёмат куни силласи қуриган киши суратида келиб: «Сени тунлари бедор қилган, кугдузлари чанқатган менман», дейди».
Қуръон охират куни соҳибига унинг дунёдаги ҳорғин суратида кўринади. Қори тунлари ширин уйқусидан кечиб Қуръон ўқийди, Аллоҳ йўлида чарчайди. Банда дунёда Аллоҳ йўлида хизмат қилган, Қуръон ўқиган бўлса, Қуръон охиратда банданинг юқори мартабаларга кўтарилишига ҳисса қўшади.
Ривоят қилинишича, қиёмат куни банда қабрдан чиққанидан Қуръон уни ҳолдан тойган киши қиёфасида кутиб олиб:
— Мени танидингми? — дейди.
Банда айтади:
— Сени танимайман.
— Мени танимайсанми?
— Ҳа.
— Сени иссиқ кунларда чанқатган, тунлари бедор қилган дўстинг Қуръонман. Ҳар бир савдогар тижорати орқасидан фойда кўради. Сен ҳам бугун тижоратинг ортидан манфаат оласан.
Шунда қорининг ўнг қўлига мулк, чап қўлига мангулик берилади. Бошига виқор тожи кийдирилади. (Қуръон ўқиган инсоннинг) ота-онасига иккита либос кийдирилади. Унга дунё аҳли тенг келолмайди. Шу пайт (иккиси):
— Бу либос бизга нима учун кийдирилди?! — деб (ажабланиб) сўрашади.
— Фарзандингиз Қуръон ўргангани учун, — дейилади.
Кейин (Қуръон соҳибига):
— Ўқи, жаннат поғонаси ва хоналари томон кўтарил, — дейилади.
У — тез ўқиса ҳам, секин ўқиса ҳам — юқорилаб бораверади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: «Ким тунда «Бақара» сурасини ўқиса, кўп ва хўб қилибди».
Иброҳим Нахаий: «Кечаси озроқ бўлса ҳам Қуръон тиловат қилинглар!» деб тайинларди.
Авзоий: «Ким тунлари бедор бўлиб, кўп Қуръон ўқиса, қиёмат куни ҳисоб бериши осон кечади», деган.
Дилмурод МАМАТОВ,
Бахмал тумани «Молгузар» жоме масжиди имом-хатиби
Манба: http://vakillik.uz
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Падари бузрукворим қоддасаллоҳу сирроҳ айтар эдилар: "Уйда баъзи нарсалар умумий бўлади, улардан ҳамма фойдаланади. Фақат уларни ишлатиб бўлгач, тайин қилинган жойга қўйиш керак. Мисол учун чойнак, пиёла, совун...".
Ҳаммасининг тайин жойи бор. Шу ўринда муҳим гап бор — бу нарсаларни ишлатиб бўлгач, жойига қўймаслик гуноҳдир! Аммо биз бу гуноҳдан бехабармиз. Чунки ҳар куни такрорланавериб, одатий ҳолга айланиб қолган. Кимдир ўша керакли нарсани ишлатмоқчи бўлиб, топа олмаса, табиий, машаққат ва озор чекади. Бирор мусулмонга азият бериш эса, гуноҳи кабирадир. Ҳеч биримизнинг хаёлимизга бу ишнинг ҳам гуноҳ экани келмаган бўлса керак. Биз нарсаларни жойига қўйишни динга алоқасиз, балки дунёга тегишли, уйни тартиблашга оид иш деб ўйлаб келганмиз.
Ёдда тутинг! Дин кўрсатмаси бўлмаган ҳаётнинг бирор гўшаси йўқ. Барчамиз холис қарайлик, шу нарсага эътибор берамизми, ўзгаларга азият етмаслиги учун умумий нарсаларни ишлатгандан кейин уларни тайин қилинган жойига қўямизми? Аслида, бу нарсалар арзимагандек туюлади, лекин унга беэътиборлик сабабли гуноҳларга мубталомиз. Сабаби, биз динни тўла тушунмаймиз, унинг учун қайғурмаймиз, кўпчилигимизда Аллоҳ таолонинг ҳузурида туриш ҳисси йўқ. Иккинчи тарафдан, жоҳиллик ва бехабарлик ҳам анча урчиган.
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан