Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Июн, 2025   |   28 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:05
Қуёш
04:51
Пешин
12:31
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
24 Июн, 2025, 28 Зулҳижжа, 1446

Тунда Қуръон ўқиш фазилати

13.07.2018   2389   3 min.
Тунда Қуръон ўқиш фазилати

Кечаси бедор бўлиб намоз ўқишнинг, Қуръон тиловат қилишнинг гашти бўлакча, фазилати улуғ. Одамлар айни ширин уйқудалик чоғида ибодат қилган инсон юксак мақомга эришади. Тунда ибодатда қоим бўлиб, Каломуллоҳни ўқийдиган бандалар ҳақида Қуръонда шундай дейилган: «Аҳли Китоб орасида сажда қилган ҳолларида тунлари Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган тўғри (йўлдаги) жамоат ҳам бор. (Ўша зотлар) Аллоҳга, охират кунига имон келтирадилар, яхши амалга буюриб, исён-гуноҳдан қайтарадилар, яхшиликлар қилишга шошиладилар. Ана ўшалар  солиҳ бандалардир» (Оли Имрон сураси, 113-114-оятлар).

Ибн Касир оят тафсирида шундай деган: «Улар тунни ибодат билан ўтказадилар, таҳажжуд намозини ўқийдилар, Қуръон тиловат қиладилар».

Ибн Бурайда отасидан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Қуръон қиёмат куни силласи қуриган киши суратида келиб: «Сени  тунлари бедор қилган, кугдузлари чанқатган менман», дейди».

 Қуръон охират куни соҳибига унинг дунёдаги ҳорғин суратида кўринади. Қори тунлари ширин уйқусидан кечиб Қуръон ўқийди, Аллоҳ йўлида чарчайди. Банда дунёда Аллоҳ йўлида хизмат қилган, Қуръон ўқиган бўлса, Қуръон охиратда банданинг юқори мартабаларга кўтарилишига ҳисса қўшади.

 Ривоят қилинишича, қиёмат куни банда қабрдан чиққанидан Қуръон уни ҳолдан тойган киши қиёфасида кутиб олиб:

— Мени танидингми? — дейди.

Банда айтади:

— Сени танимайман.

— Мени танимайсанми?

— Ҳа.

— Сени иссиқ кунларда чанқатган, тунлари бедор қилган дўстинг Қуръонман. Ҳар бир савдогар тижорати орқасидан фойда кўради. Сен ҳам бугун тижоратинг ортидан манфаат оласан.

Шунда қорининг ўнг қўлига мулк, чап қўлига мангулик берилади. Бошига виқор тожи кийдирилади. (Қуръон ўқиган инсоннинг) ота-онасига иккита либос кийдирилади.  Унга дунё аҳли тенг келолмайди. Шу пайт (иккиси):

— Бу либос бизга нима учун кийдирилди?! — деб (ажабланиб) сўрашади.

— Фарзандингиз Қуръон ўргангани учун, — дейилади.

Кейин (Қуръон соҳибига):

— Ўқи, жаннат поғонаси ва хоналари томон кўтарил, — дейилади.

 У — тез ўқиса ҳам, секин ўқиса ҳам — юқорилаб бораверади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: «Ким тунда «Бақара» сурасини ўқиса, кўп ва хўб қилибди».

Иброҳим Нахаий: «Кечаси озроқ бўлса ҳам Қуръон тиловат қилинглар!» деб тайинларди.

Авзоий: «Ким тунлари бедор бўлиб, кўп Қуръон ўқиса, қиёмат куни ҳисоб бериши осон кечади», деган.

Дилмурод МАМАТОВ,

Бахмал тумани «Молгузар» жоме масжиди имом-хатиби

 

Манба: http://vakillik.uz

Қуръони карим
Бошқа мақолалар

Олдинги сафдаги намозхоннинг белига сажда қилиш мумкинми?

23.06.2025   1515   1 min.
Олдинги сафдаги намозхоннинг белига сажда қилиш мумкинми?

Савол: Биз томонларда қаттиқ ёмғир ёғиб, Жума ва икки ҳайит намозларида одамлар ташқарида намоз ўқий олмай, масжид ичига тиқилиб кетади. Суннатни алмашиб ўқиб олишади, аммо фарз намозда бунинг имкони йўқ-ку. Бу ҳолатда қандай йўл тутилади?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу каби узрли ҳолларда яъни саволда зикр қилинганидек, Жума ва икки ҳайит намозларида орқадагилар олдинги сафдаги намозхонларнинг белларига сажда қилиб, намозни адо этсалар бўлади.

Бунинг кайфияти шундай: Аввалги сафдагилар одатдагидек руку ва сажда қиладилар. Уларнинг орқасидагилар эса, рукуда имкон қадар эгиладилар, сўнг саждада олдинги сафдаги одамларнинг орқа белларига бошларини қўйиб, сажда қиладилар. Фарзни шундай ўқисалар, суннатларни саволда айтилгандек алмашиб ўқиб олаверадилар. Чунки белга сажда қилиш зарурат туфайли жоиз бўлади. Суннат намозни ўқишда эса, бундай зарурат бўлмайди.

Бундан ташқари, бу каби узрли ҳолатларда олдиндаги одамнинг оёқлари устига ёки ўзининг сонига ҳам сажда қилиш мумкин. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.