Кечаси бедор бўлиб намоз ўқишнинг, Қуръон тиловат қилишнинг гашти бўлакча, фазилати улуғ. Одамлар айни ширин уйқудалик пайтида ибодат қилган инсон юксак мақомга эришади. Тунда ибодатда қоим бўлиб, Каломуллоҳни ўқийдиган бандалар ҳақида Қуръонда шундай дейилган: «Аҳли Китоб орасида сажда қилган ҳолларида тунлари Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган тўғри (йўлдаги) жамоат ҳам бор. (Ўша зотлар) Аллоҳга, охират кунига имон келтирадилар, яхши амалга буюриб, исён-гуноҳдан қайтарадилар, яхшиликлар қилишга шошиладилар. Ана ўшалар солиҳ бандалардир» (Оли Имрон сураси, 113-114-оятлар).
Ибн Касир оят тафсирида шундай деган: «Улар тунни ибодат билан ўтказадилар, таҳажжуд намозини ўқийдилар, Қуръон тиловат қиладилар».
Ибн Бурайда отасидан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Қуръон қиёмат куни силласи қуриган киши суратида келиб: «Сени тунлари бедор қилган, кугдузлари чанқатган менман», дейди».
Қуръон охират куни соҳибига унинг дунёдаги ҳорғин суратида кўринади. Қори тунлари ширин уйқусидан кечиб Қуръон ўқийди, Аллоҳ йўлида чарчайди. Банда дунёда Аллоҳ йўлида хизмат қилган, Қуръон ўқиган бўлса, Қуръон охиратда банданинг юқори мартабаларга кўтарилишига ҳисса қўшади.
Ривоят қилинишича, қиёмат куни банда қабрдан чиққанидан Қуръон уни ҳолдан тойган киши қиёфасида кутиб олиб:
— Мени танидингми? — дейди.
Банда айтади:
— Сени танимайман.
— Мени танимайсанми?
— Ҳа.
— Сени иссиқ кунларда чанқатган, тунлари бедор қилган дўстинг Қуръонман. Ҳар бир савдогар тижорати орқасидан фойда кўради. Сен ҳам бугун тижоратинг ортидан манфаат оласан.
Шунда қорининг ўнг қўлига мулк, чап қўлига мангулик берилади. Бошига виқор тожи кийдирилади. (Қуръон ўқиган инсоннинг) ота-онасига иккита либос кийдирилади. Унга дунё аҳли тенг келолмайди. Шу пайт (иккиси):
— Бу либос бизга нима учун кийдирилди?! — деб (ажабланиб) сўрашади.
— Фарзандингиз Қуръон ўргангани учун, — дейилади.
Кейин (Қуръон соҳибига):
— Ўқи, жаннат поғонаси ва хоналари томон кўтарил, — дейилади.
У — тез ўқиса ҳам, секин ўқиса ҳам — юқорилаб бораверади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: «Ким тунда «Бақара» сурасини ўқиса, кўп ва хўп қилибди».
Иброҳим Нахаий: «Кечаси озроқ бўлса ҳам Қуръон тиловат қилинглар!» деб тайинларди.
Авзоий: «Ким тунлари бедор бўлиб, кўп Қуръон ўқиса, қиёмат куни ҳисоб бериши осон кечади», деган.
Дилмурод МАМАТОВ
Бахмал тумани «Молгузар» жоме масжиди
имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Намоздан кейин имом «Оятал курсий»ни бошидан ўқиганда жамоат қолганини ичида давом эттирадими ёки бошидан бошлайдими? Зикрларни айтишдачи?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Намоздан кейин оятал курсий ва тасбеҳларни айтиш мустаҳаб амал саналиб, уларни имом ҳам, жамоат ҳам ўқишлари мандуб, яъни гўзал ва савобли иш ҳисобланади. Шунинг учун имом бошлаб берганидан кейин жамоатдагилар ҳам оятал курсийни бошидан ўқийдилар.
Шунингдек, тасбеҳларни 33 тадан айтадилар. Имом уларни овоз чиқариб бошлаб беришининг сабаби жамоатга айтиладиган зикрни эслатиш учундир.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом фарз намозлардан кейин «Оятал курсий»ни ўқишнинг фазилати ҳақида бундай дейдилар: “Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятал курсийни ўқиса, кейинги намозгача Аллоҳ таолонинг зиммасида бўлади” (Имом Табароний ривоятлари).
Бошқа бир ҳадиси шарифда бундай дейилади:
“Ким ҳар бир фарз намознинг ортидан Оятал курсийни ўқиса, уни жаннатга киришдан фақатгина ўлим тўсиб туради” (Имом Насоий ривояти).
Намоздан кейин тасбеҳларни айтиш борасида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта Аллоҳга тасбеҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта Аллоҳу акбар”, деса ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлади. Юзинчисида “Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайьин қодийр”ни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпикларича бўлса ҳам мағфират қилинади”, дейилган (Имом Муслим ривояти).
Шунга кўра имом домла “Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ”, “Аллоҳу акбар” дейиши ўзи учун ҳисобга ўтади. Жамоатдаги намозхонлар 33 тадан ўзлари айтишлари керак бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.