Имом Бухорий айтади: “Бизга Абу Осим (Набил) Язид ибн Абу Убайдаддан, Язид Салама ибн Аква (р.а.)дан ҳадис айтди:
“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанозага (жанозани) ўқиш учун келдилар ва: “У (жанозаси ўқиладиган киши)нинг зиммасида қарзи борми?”–деб сўрадилар.
Саҳобалар: “Йўқ”,–деб жавоб беришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг жанозасини ўқидилар. Кейин бошқа бир жанозани келтиришди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Унинг зиммасида қарзи борми?”–деб сўрадилар. Саҳобалар: “Ҳа”,–деб жавоб беришди. Расулуллоҳ: “Биродарингизга ўзларингиз жанозани ўқинглар,”–дедилар. Абу Қатода: “Унинг қарзини ўз зиммамга оламан, эй, Расулуллоҳ!”–деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга жаноза ўқидилар.”
Абу Осим Набил Имом Бухорийнинг устозларидан ҳисобланиб, тўлиқ исми Заҳҳок ибн Муслим Шайбоний Басрийдир. Набил унинг лақаби бўлиб. “паҳлавон” деган маънони англатади. У 212 ҳ. санада вафот этган, баъзи манбаларда бу сана 240 ҳ. йил эканлиги айтилади.
Ҳадиснинг умумий маъноси:
Ҳадисда марҳумнинг қарздор эмаслиги сўралмоқда. Рисолат соҳибининг “Умматимдан вафот этган кишининг мулки, мероси унинг ворисларига, қарзи эса менинг зиммамгадир” мазмунидаги ҳадислари ҳам мавжудлигини эътиборга олсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазкур ҳадисдаги “Биродарингизга ўзларингиз жанозани ўқинглар,” деган сўзлари марҳумга жаноза ўқимаслик учун эмас, балки дунёдан ўтган киши ортида қарз қолдиришини дуруст эмаслигини умматга уқтириш учун айтилганлиги маълум бўлади. Шундай бўлса-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уммат учун вафот этган кишини дафн этиш тартиблари борасида буюк бир намунани суннат қилиб қолдирдилар. Расулуллоҳдан қолган бу анъана то ҳозиргача ўз кўринишини йўқотмасдан давом этиб келмоқда. Марҳум жаноза ўқиш учун келтирилганда имом: “Дунёдан ўтган марҳум ҳоли ҳаётда бирортамизни билиб-билмай кўнглимизни оғритган бўлса, ҳамма розими?”–деб сўрайди. Зеро, қарз маънавий ва моддий бўлади. Маънавий қарз бировнинг кўнглига озор бериб ёки ғийбат қилиб, ундан кечирим сўрашни ортга суриш кабилардан иборат. Моддий қарз эса бировдан бирор нарсани қарзга олиб, беролмасликни ўзида қамрайди.
Таъзияга келган жамоатнинг розилигидан сўнг: “Марҳумнинг моддий қарзи бўлса, даъвогар сўраб келганда кафилликка олувчи кимса борми?”–деб сўралади. Марҳумнинг яқинларидан бири буни ўз зиммасига олганидан сўнг, унга жаноза ўқилади. Эътибор қилинса, инсон зотига нисбатан у дунёдан ўтиб кетаётган паллада ҳам нақадар улкан ҳурмат бажо қилинмоқда. Бу юксак эҳтиром ўз шаклини 14 асрдан бери ўзгартирмасдан, асл ҳолида сақланиб келмоқда.
Шу ўринда бир масалага ҳам эътибор қаратмоқчимиз. Мазкур ҳадис фақат “Кафолат китоби” замирида келиш билан чекланиб қолмасдан, ундаги “Ким бирор маййитнинг қарзини ўз бўйнига олган бўлса, ундан қайта олмас!”бобига киритилдики, бу марҳумнинг қарзини ўз зиммасига олувчи киши бу масъулиятни гарданига олишдан олдин ўзининг моддий ҳолатларини ҳам эътиборга олиб қўймоғи лозим эканлиги келиб чиқади. Чунки, моддий қарзнинг турли кўриниши мавжуд бўлиб, бировни қарзини ўз зиммасига олувчи киши бунинг масъулиятларини яхши англаб етмоғи лозим бўлади.
Моддий қарз мулкий ёки маблағ кўринишида бўлиб, у қарз шахсдан ёки жамиятдан, ёки давлатдан ҳам бўлиши мумкин;
1). Кишилар ўртасидаги ўзаро қарз олди-бердилари бир шахснинг иккинчи бир ёки ундан кўпроқ шахсдан қарздорлигига киради.
2). Жамоат мулкини ўзлаштириш, ёки истифода қилиш учун вақтинча олиб туриш бир шахснинг жамиятдан қарздорлигига киради.
3). Давлатга тегишли нарсани ёки маълум маблағни қарзга олиш, солиқ ва коммунал тўловларни ўз вақтида бермаслик шахсни давлатдан қарздорлини вужудга келтиради.
Марҳум қарзларини ўз зиммасига олувчи киши мана шу уч хил турдаги қарзларни, агар даъвогар далил исбот билан келса тўлаб беришни ўз зиммасига олади. Бу ўринда моддий қарзнинг кимдан ёки қанақа эканлигини аҳамияти йўқ. Марҳум қарзи зиммага олиндими марҳумдан соқит бўлиб кафилликка олувчи зиммасига ўтади ва у бу сўзидан қайта олмайди. Ҳақ эгаси қарзни сўраб, талаб қилиб келадими ёки келмайдими қатъий назар, кафилликка олувчи марҳум қарзни мавжудлигини билдими, унга қарзни тўлаши лозим бўлади.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
А). Мусулмон киши зиммасидаги қарзни тириклигида адо этишини лозимлиги.
Б). Марҳум қарздор бўлса, унинг қарзи тўлангунча ёки яқинларидан бири зиммасига олгунга қадар жанозасини кечиктириб туришнинг суннат амал эканлиги.
В). Марҳумнинг яқинлари марҳумнинг қарзини ўз зиммасига олишларини мумкинлиги.
Г). Марҳум қарзини ўз зиммасига олган киши бу сўзидан қайта олмаслиги.
Нодир ҚОБИЛОВ
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқотлар маркази илмий ходими,
“Соғиш ота” жомеъ масжиди имом-хатиби
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хабар беришича, май ойининг 13-санасида бир кунда 3 млрд сўмлик энергоресурсларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланган. Афсуски, бугун бундай газ ва электр энергияга яширинча уланиб, давлатга миллиардлаб зарар етказган кимсалар ҳақидаги хабарларни тез-тез ўқиб қоламиз.
Бировнинг, айниқса, халқ ҳақидан қўрқмай ўғрилик орқали манфаат топмоқчи бўлаётган инсонлар орамизда кўплаб топилади. Бундайларнинг наздида газ, сув, электр энергия туганмас бойлик. Ундан ҳар ким ўз манфаати йўлида фойдаланиши мумкин. Бироқ бу неъматлар хонадонларга кириб бориши учун минглаб инсонлар меҳнат қилишини, давлат эса миллиардлаб маблағ сарфлашини, улар ҳам бир кун тугаб қолишини хаёлига ҳам келтирмайди.
Аслида ушбу неъматлардан оқилона фойдаланиш, исроф қилмаслик нафақат фуқаролик мажбуриятимиз, балки инсоний вазифамиз, мўминлик бурчимиздир.
Айтиш жоизки, уйда, ишда, кўчада коммунал тўловлар атрофида айланаётган қатор муаммолар ҳақида кўп эшитамиз, баъзан ўзимиз унинг гувоҳи ёки бевосита иштирокчисига айланамиз. Лекин бу муаммолар тўловни ўз вақтида амалга оширмаслик ёки айрим нобоп кимсаларнинг қилмиши оқибатида юзага чиқаётгани ёдимизга ҳам келмайди. Тўловларни имкон бўла туриб асоссиз баҳоналар ёки ўз вақтида тўламаслик ёки ҳисоблагич жиҳозларини тескарига айлантириш ёхуд ҳар хил ҳийлалар ишлатиб, уларни тўлашдан қочиш давлатнинг ва халқнинг ҳақини ейиш ҳисобланади. Чунки табиий бойликлар давлат ва халқ мулкидир.
Қолаверса, коммунал хизматлардан фойдаланиш учун ҳар бир хонадон таъминотчилар билан шартнома тузиб, қўл қўйган ва ўзаро келишувда тўловни ўз вақтида адо этишга келишган. Шу боис тўловларни вақтида адо этишимиз шаръан ҳам жоиз.
Таъкидлаш лозимки, халқнинг мулкида барча фуқаролар, хусусан, кам таъминланганлар, ногиронлар, етим-есирлар, кексаларнинг ҳақи бор. Улардан фойдаланишга келганда фаол бўлиб, тўловга келганда қочаётган, пайсалга солаётганлар юқорида зикр этилган қатламларнинг ҳам ҳақини ўзлаштириб, ноҳақ еяётганини билиб олсинлар. Зеро, Қуръони каримда: “Эй иймон келтирганлар, бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманглар” (Нисо сураси 29-оят), дея огоҳлантирилган. Шундай бўлгач, ҳар бир фуқаро ўзгаларнинг молига, айниқса, жамоат мулкига хиёнат этмаслиги даркор! Бунга эътиборсизлик охиратда ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.
Ҳавла бинти Амр розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Баъзи бир одамлар Аллоҳнинг мулки (жамоат пуллари)га хиёнат қилади. Қиёмат куни улар жаҳаннамга равона бўлишади” (Имом Бухорий ривояти). Шундай экан, бу масалага жиддий ёндашишимизга тўғри келади.
Шунингдек, газ, электр энергия ва сув каби неъматлардан оқилона фойдаланиш ҳам динимиз талабидир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Иқтисод қилган кимса камбағал бўлмас, маслаҳат қилган пушаймон бўлмас” (“Мушкотул насобиҳ”), деб тавсия берганлар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Солиҳ ҳидоят, гўзал кўриниш ва иқтисодли бўлиш набийликнинг етмишдан бир жузидир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Демак, доим аҳли солиҳлардан бўлиб, тежамкор бўлиш, исрофга йўл қўймаслик, ҳар бир нарсани ўз ўрнида, меъёрида тасарруф қилиш, керагидан ортиқ, беҳудага сарфламаслик набийликнинг етмиш жузидан бир жуз, етмиш бўлагидан бир бўлак экан. Буни ҳар бир мўмин-мусулмон яхши англаб, ҳаётига татбиқ қилиши лозим.
Хулоса қилиб айтганда, ҳалоллик инсон ҳаётини хотиржам, осойишта ва фаровон қилади. Шундай экан, коммунал тўловларни ўз вақтида тўлаб, халқ ҳақига хиёнат қилмайлик, азизлар!
Ғайрат БОЗОРОВ,
Деҳқонобод тумани
“Оқработ ота” жоме масжиди
имом-хатиби
"Ҳидоят" журналининг 6-сонидан олинди