Алламаҳал уйғондим.
Аллақандай нур кўринди, аммо хона эшиги ёпиқ эди.
Қарасам, соат 3.30, саҳар вақти.
Менга кўринаётган нур қайдан тушаётир?
---
Бирдан қўрқиб кетдим, чунки қўлимнинг ярми девор ичига ботиб кетган эди.
Шошиб қўлимни тортиб олдим, ваҳима ичра ўтириб қўлимга қарадим.
Қўлимни яна деворга тирадим, қўлим яна девор ичига кириб кетди!!!
---
Бир кулги овозини эшитгандек бўлдим.
Укамнинг ётган жойига ўгирилиб қарадим, ухлаб ётибди.
Қўрққанимдан ўрнимдан туриб укамни уйғотгани бордим.
Аммо жавоб бермади.
Тўғри онамнинг хонасига бордим.
Отамни уйғотмоқчи бўлдим.
Бирортасининг менга жавоб беришини истар эдим, лекин кимса жавоб бермас эди.
Онамни уйғотмоқчи бўлган эдим, қарасам, онам уйқудан уйғонди.
Уйғонди-ю, аммо мен билан гаплашмади.
---
“Бисмиллаҳир роҳманир роҳим” дерди ва яна шу иборани такрорлар эди.
Отамни уйғотди. “Туринг, бир болалардан хабар олиб келайлик”, деди.
“Ҳозир-а, айни уйқунинг вақти-ку, бир оз ёт, тонг ёришади”, деди отам.
Аммо онам ғишава қилаверганидан кейин отам ҳам ўрнидан турди ва улар олдин-кейин бўлиб хонамизга кириб келишди.
---
“Отажон, онажон”, дея бақира бошладим, аммо ҳеч бири жавоб бермади.
Онам эгнидаги кийимини ғижимлади, унинг мени тинглашини истаётган эдим, бироқ у мени ҳис этмаётганди.
Онамнинг орқасидан эргашиб юра бошладим, у бизнинг хонамизга келиб эшикни очди.
Бироқ менга фарқи йўқ эди, менга ҳар тараф эшик эди.
Айни ўша вақтда жуда қизиқарли бир ҳодисага юзлашдим.
---
Ўзимнинг вужудимни кўрдим!
Ҳа, ўз вужудимни.
Ўтириб ўзимни ўзим томоша қилардим. икки киши эдим.
Ўзимдан ўзим, ким бўлди бу ажабо? деб сўрар эдим.
Бу ваҳимали тушдан қутулай, дея ўзимни ўзим уйғота бошладим.
Аммо уйғона олмадим.
---
Отам: “Ана ётишибди-ку, юр кетдик, хонамизга”, деди.
Лекин онам хотиржам бўла олмади ва мен ётган ўринга яқин келиб,
Мени уйғота бошлади. “Тур, Муҳаммад, турақол, менга жавоб бер”.
Аммо жавоб йўқ эди!!!
Бир неча марта уриниб кўрди, бўлмади.
Дафъатан, отамнинг кўзларидан ёш оқаётганини кўриб қолдим.
Шу вақтга қадар ҳеч қачон отамнинг йиғлаганини кўрмаган эдим.
Бақир-чақир, йиғи-сиғи бошланиб кетди, укам уйғонди ва: “Нима бўлди?” деб сўради. отам аччиқ йиғи орасида: “Аканг Муҳаммад ўлди”, деди.
---
Йиғи-сиғи бошланди.
Онамнинг олдида туриб, “ойижон, йиғламанг, қаранг, мана қаршингизда турибман”, дейман.
Бироқ негадир ҳеч ким гапимга қулоқ солмайди.
Ўтириб олиб “мен бу ердаман”, дея бақира бошладим.
Қанча баланд овозда бақирсам ҳам ҳеч ким эътибор қилмади.
Ё Раббий, мени бу қўрқинчли тушдан ва бу азобдан халос эт, дея илтижо қила бошладим.
---
Узоқдан бир сас эшитдим, яқинлашгани сайин баландлашарди.
У – Аллоҳ таолонинг бир ояти каримаси эди:
(Албатта, сен бундан ғафлатда эдинг. Бас, Биз сенинг пардангни очдик ва бугун кўзинг ўткирдир).
Қўққисдан икки киши келиб, мени тутди, улар инсон эмасди.
Жуда қўрқиб кетдим!
“Қўйиб юборинг мени, кимсиз ўзи, мендан нима истайсиз?” дея бақира бошладим.
“Қабрга қадар сенинг қўриқчиларингизмиз”, дедилар.
----
“Мен ўлмадим, ҳали яшаяпман”, дедим.
“Нега мени қабрга олиб кетяпсиз, қўйиб юборинг! Мен ҳис этяпман, гаплашяпман ва кўряпман, мен ўлганим йўқ”.
Менга кулимсираб жавоб бердилар.
Дедиларки, “Эй инсонлар, сизлар жуда ҳам ажойиб яратиқсиз, ўлимни ҳаётнинг сўнгги деб ҳисоблайсиз, аммо билмайсизки, аслида сиз яшаган ҳаёт рўёдан иборат бўлиб ўлганингиз заҳоти уйғонасиз”.
Мени ҳали ҳам қабрга қаратиб олиб бораётган эди.
Йўлда бораётиб кўрдимки, мен каби инсонлар ва уларнинг ёнларида ҳам айни мени олиб кетаётганга ўхшаган иккитадан яратиқ бор, қайси бири куляпти ва қайси бири бақириб йиғлаяпти.
Улардан: “Нега бундай қиляпти, ановилар?” деб сўрадим.
Дедиларки, “Бу инсонлар ҳайрат ичидадирлар, қаёққа кетаётганини биладилар, қайси бирлари залолатдалар...” қўрқув ичида сўзларини бўлиб сўрадим:
“Оташга кетяптиларми?”
“Ҳа”, дедилар.
Сўзларида давом этиб анови кулаётганлар жаннатга кетаётганларини айтдилар. Дарҳол: “Хўп, мен қаёққа кетаман?” деб сўрадим.
“Сен баъзан, яхши эдинг, баъзан ёмон эдинг, – дедилар. – Баъзида тавба қилиб, эртасига гуноҳ ишлар қилар эдинг ва бораётган манзилингни ўзинг аниқ билмас эдинг, бу ердаги аҳволинг шу одатингга монанд бўлади”.
Даҳшатга тушиб яна гапини бўлиб сўрадим:
“Яъни, мен оташга кетяпманми?”
Улар: “Аллоҳнинг раҳмати кенг ва йўлчилик узундир”, дедилар.
---
Юзимни ўгириб қўрқув ичида ортимга боқтим, оилам: отам, амаким, қариндошларим ҳаммаси
тобутга солиб менинг жасадимни кўтариб келаётган эди.
Уларнинг олдига югуриб бордим ва “Мен учун дуо қилинг, илтимос”, дея ёлвордим.
Аммо кимса менга жавоб бермади,
қайси бири йиғлаётган эди, бошқаси маҳзун эди.
Укамнинг олдига бориб: “Диққатли бўл, дунёнинг фитнаси сени чалғитмасин”, дедим.
Мени эшитишини жон-жонимдан истадим.
У икки фаришта мени қабрдаги жасадимга боғладилар.
Қарасам, отам устимга тупроқ ташлаяпти.
Қариндошларим ҳам тупроқ ташлаяпти.
У ердаги инсонларнинг ҳаммаси устимга тупроқ ташлаяпти.
----
Дедимки, “Оҳ, кошкийди уларнинг ўрнида бўлсам-да, Аллоҳга тавба этсам эди”. Кечалари ва кундузлари намозларимни ўқисам эди.
Кошкийди ҳар куни Раббимга дуо этсам эди.
Кошкийди ҳар куни тавбамни янгиласам эди.
Кошкийди ёмонликлардан узоқ бўлсам эди.
Қабримнинг тепаси ёпилаёзган чоқда:
“Эй инсонлар! ҳушёр бўлинг, дунё ҳаёти сизни алдаб қўймасин”, дея бақира бошладим.
Бақириғимни озгина бўлса-да эшитишларини жуда ҳам истадим.
Сиз мени эшитяпсизми?..
Дамин ЖУМАҚУЛ
таржимаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ашуро – Муҳаррам ойининг ўнинчи куни бўлиб, Исломда фазилатли кунлардан саналади. Бу куннинг шарафи ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида яҳудийларнинг Ашуро куни рўза тутаётганини кўриб: “Нима бу? (яъни, нима учун бу кун рўза тутяпсиз?)” дедилар. Улар: “Бу яхши кундир. Бу кунда Аллоҳ таоло Бани Исроилга душманларидан нажот берган. Шунинг учун Мусо рўза тутган”, деб жавоб беришди. Шунда у зот алайҳиссалом: “Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман”, дедилар ва шу куни рўза тутдилар ҳамда бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар (Имом Бухорий ривояти).
Ашуро кунининг энг катта фазилатларидан бири — бу кунда тутилган рўзанинг улкан савобидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси ўтган бир йилнинг гуноҳларига каффорат бўлишидан Аллоҳдан умид қиламан”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ашуро куничалик бирор куннинг рўзасини ҳамда ушбу рамазон ойичалик (бирор ойни) савоб талабида бошқасидан афзал билганларини кўрмаганман”, деди (Имом Бухорий ривояти).
Уламолар бу ҳадисдаги гуноҳлар кичик гуноҳлар эканлигини баён қилганлар. Катта гуноҳлар учун эса тавба қилиш лозим. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутиб, бошқаларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, ахир, бу – яҳудийлар ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку?”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар келаси йили бўлса, албатта, тўққизинчи куни ҳам рўза тутамиз”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Ҳофиз ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар: “Бу воқеа охирги вақтларда бўлган. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам авваллари бирор нарсага буюрилмаган ишларда аҳли китобларга мувофиқ бўлишни хоҳлардилар. Айниқса, мушрикларга хилоф бўлган ишларда шундай эдилар. Макка фатҳ бўлиб, Ислом машҳур бўлганидан сўнг аҳли китоблардан ҳам фарқли бўлишни хоҳладилар. Шунинг учун аввалда: “Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман”, деган бўлсалар, кейинчалик улардан ҳам ажралиб туришни истадилар ва Ашуро кунидан олдин ёки кейин яна бир кун рўза тутиб қўйишга буюрдилар”.
Шу сабабли уламолар Ашуро рўзасини 9-10 ёки 10-11 муҳаррам кунлари тутишни мустаҳаб деб билганлар.
Ашуро куни мўмин учун Аллоҳнинг неъматларига шукр қилиш, гуноҳлардан тавба этиш, зикр ва ибодатни кўпайтириш учун яхши фурсатдир. Бу муборак куннинг фазилатидан фойдаланиб, рўза тутиш ва солиҳ амалларни кўпайтириш ҳар бир мусулмон учун катта манфаатдир.
Аллоҳ таоло барчамизни Ашуро кунининг фазилатидан баҳраманд бўладиган бандаларидан қилсин.
Аслиддин МИРЗАМИДДИНОВ,
Тошкент Ислом институти “Қуръон илмлари” кафедраси ўқитувчиси