Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Апрел, 2026   |   11 Зулқаъда, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:55
Қуёш
05:24
Пешин
12:25
Аср
17:15
Шом
19:22
Хуфтон
20:43
Bismillah
29 Апрел, 2026, 11 Зулқаъда, 1447

Лутф

06.07.2018   6025   1 min.
Лутф

Бир куни Ҳотами Той улуғ ва давлатманд инсонларни меҳмонга чақирди. Зиёфат бош­ланган, меҳмонлар суҳбатлашиб хурсанд бў­либ ўтиришган маҳал бошида эски салла, эгнида юпун кийим, камбағаллиги шундоқ кўриниб турган бир киши кириб келди. Уни кўрган меҳ­монлар ҳайрон бўлиб қолишди. Баъзилар унга но­писандлик назари билан қаради. Аммо Ҳотам бу фақир одамга ўзгача лутф ва карам кўрсатиб, қўлини кўксига қўйиб, эҳтиром ила давранинг энг тўрига ўтказди. Ҳотамнинг кўрсатган эҳтиромидан ҳамма ҳайрон бўлиб:

– Бу инсон ким, бунча эҳтиром қилурсиз? – деб сўрадилар. Уларга ним табассум билан боқ­қан Ҳотам:

– Сизларни қадру қимматингиз, мансабу ҳур­матингиз ва мақомингизга қараб жой бердим. Бу жандапўш, камтар, тавозели инсонни менинг саховатим ва карамим тўрга ўтказди.

Эй азиз фарзанд! Олий мукофот мансаб, мар­таба, бойликка қараб ўлчанмайди, балки у мў­миннинг тавозеш, камтарлиги ва Ҳаққа бўлган қаттиқ ишончи ва муҳаббати баландлиги билан ўлчанади. Барча авлиёлар Аллоҳ таолонинг висолига ошиқ бўлганлар. Унинг висолига етиш учун дунё роҳатини меҳнат ва машаққатларга ал­маштирганлар. Натижа эса, албатта, Ёрнинг вас­лига етиши аниқ. Ўша Ёр муҳаббати ва ихло­си ошиқ­нинг қиёмат кунида улуғ мақомга сазовор бўли­шига бош омил бўлади. Инсон Ҳақнинг му­ҳаб­бати билан яшаб, умрини ҳалол меҳнат, их­лосли тоат-ибодат қилиб, риё ва шуҳратпараст­лик­дан ке­чиб, нафсини жиловлаб ўтса, албатта, маҳбубнинг висолига етмоғи муқаррардир.

 

Шермурод Тоғайнинг “Қасамини бузган қиз” китобидан

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар

Ростгўйлик - қалбнинг хотиржамлиги

28.04.2026   4083   1 min.
Ростгўйлик - қалбнинг хотиржамлиги

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ҳақиқатда тил инсоннинг қадр-қимматини белгилайди. Кимнинг тили тўғри, лафзи ҳалол бўлса, ҳурмати ошади.


Сидқнинг фазилати бобида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу муборак сўзлари кифоя қилади:

“Шубҳали нарсани қўй, шубҳасиз нарсани ушла. Ҳақиқатда тўғрилик бу қалбнинг хотиржамлигидир, ёлғон эса шубҳани оширади” (Имом Термизий, “Қиёмат”, 60).


Шунингдек, Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам яна марҳамат этган эканлар:

“Сидқ – тўғрилик кишини хайрли амалларга ундайди, хайрли амаллар эса  жаннатга элтади. Ёлғон фисқу фужурга ундайди, фисқу фужур эса жаҳаннамга элтади” (Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳдан ривоят қилинган, Имом Бухорий, имом Муслим ривояти).


Луқмони Ҳакимдан сўрадилар:

“Қайси амалингиз сизни бу даражага еткизди?”.

У зот жавоб бердилар:

“Ростгўйлигим ва беҳуда сўзларни тарк этганим”.

 

Сидқ-тўғрилик гарчи кўринишдан гўё бир қийинчилик ё хавф туғдирадиганга ўхшаса ҳам барибир нажот шундадир, деб олимлар иттифоқ қилибдилар. Жумладан, улар айтибдиларки:

“Ҳамиша, ҳар жойда фақат тўғри бўл, менга зиёни етади, деб хафсираган жойингда ҳам, фойдаси тегади. Ёлғонни қўй, гўё фойдаси тегиб турган жойда ҳам, аслида зиёни етади”.


Ёлғон ишлатиб фойда қиламан, деб ўйлаган тожир қаттиқ адашади. Саҳобалардан келтирилган бир хабарда бундай дейилибди: “Тўғрисўз, ҳалол тижоратчи камбағаллашмайди”.

“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.