Бир танишим у билан касалхонага бориб келишимни илтимос қилди. Очиғи, бу таклиф менга унчалик ёқмади. Бугун улфатлар билан ўтирадиган жойимиз бор эди. Маза қилиб, бир отамлашмоқчи эдик. Аммо йўқ дейиш ноқулай бўлди. Чунки унинг оилавий аҳволидан яхши хабардор эдим.”Улгурарман, зиёфатга ҳам” дея рози бўлдим!
Ҳа, унга қийин эди: бир томондан касал онаси...бир томонда ёш болалари....ва касал ётган аёли.
Биз унинг шифохонадаги аёлидан хабарлашгани йўлга чиқдик.
Шифохона атрофида одам кўп. Ҳамма ўз яқинидан хабар олиш учун келган.
Хуллас, палата эшиги олдига етганимизда мени ичкарига киритишмади. Наилож ташқарида кутиб турадиган бўлдим.
Касалхона биқинидаги ўриндиқда ўтирибман. Шу тоб бошига дўппи кийган, маҳзун бир отахон ёнимга келиб ўтирди. Унга салом бердим. У бош силкиганча алик олди. Тушундим: бошига мусибат тушган.
Вақт ўтиб борарди. Мен эса зиёфатга улгуришим керак. Мени бу ерга судраган танишимдан шу қадар жаҳлим чиқдики!....
Ёнимда ўтирган отахон бирдан йиғлаб юборса бўладими?! Мен уни юпатишни ният қилиб:
– Отахон,нима бўлди? Нега йиғлаяпсиз? – деб сўрадим.
У индамади. Аммо кейин кўз ёшини артиб аста жавоб қилди:
– Ўғлимнинг зиёратига келгандим болам! Шунга кўзимга сал ёш келди! Ўтиб кетади...
Ана энди масала бир оз ойдинлашди. Демак, анави ерда, шундоқ йўлнинг нариги томонида қабристон бор экан-да! Мен бу ерда туғруқхона борлигини билардим-у, аммо қабристон борлигини энди кўрдим!
Шу тоб бир хаёл миямга урилди:
“Тавба! Бир томонда туғруқхона, Бир томонда қабристон! Астағфируллоҳ! Ўртада эса мен. Инсон умри бунча қисқа йўл бўлмаса! Туғруқхонадан чиқиб тўғри қабристонга йўл оламиз! Умр ҳам аслида шу бир қисқа йўл! Биз еса шу қисқа йўлга ҳам чидамай, улкан гуноҳлар қилиб қўямиз! Тавба! Ё алҳазар!..”
Зиёфатга эса бормадим.
Шерзод ҲАЙДАРБЕКОВ
Ҳаётда кўпинча тўғри йўналиш эмас, балки тезлашиш ўргатилади. Тезроқ юриш, тезроқ етиб бориш, ҳамма нарсани тезроқ бажариш... Лекин ҳеч ким тўхтаб: “Бунчалик шошилишдан мақсад нима?” деб сўрамайди. Инсон тинимсиз ҳаракатда бўлишни эришиш, табиий ҳаёт тарзи деб ўйлаб, сарфланаётган умри эвазига аслида нимага эришаётгани ҳақида ўйламай қўяди.
Баъзан йўлни йўқотдик, деб ўйлаймиз. Ҳолбуки, йўқоладиган нарса йўл эмас, балки тўғри йўналишдир. Бу йўналиш харитадаги чизиқлар ёки телефондаги йўл кўрсаткич эмас, балки Аллоҳ таоло борлиғимизга жо қилган ички йўналтиргич, яъни фитратимиздир.
Бу ички йўналтиргич баъзан тўғри томонни кўрсатмаётгандек туюлади. Дунё ташвишлари, нафс истаклари кўпайиб кетганида, у сарсон бўлади ё қотиб қолади. Шунда биз уни бузилди деб ўйлаймиз. Лекин фитрат бузилмайди, шунчаки биз унга аҳамият бермай қўйган бўламиз. Баъзилар бу йўналтиргични бошқаларнинг қўлига бериб қўяди...
Йўналишини йўқотган одам тўғри йўлга қайтиши керак. Бу қайтиш шунчаки бир манзилга қайтиб боришмас, балки ички дунёмиздаги тарқоқликни жамлаш, фитратимизга қайтишдир. Шунда инсон дунёнинг “ҳаммасига эришиш” васвасасидан халос бўлади. Ўтмишдаги хато ва синовлардан ибрат олади, аммо уларни ўзига оғир юк қилиб олмайди. Бошқалардан ва ҳаётдан жуда кўп нарса кутишни тўхтатади...
Ҳақиқий хотиржамлик – ҳамма нарса мукаммал бўлиши деганимас. Инсон ўз ҳаракат доираси чегарасига етганида Аллоҳнинг қазо ва қадарига рози бўлса хотиржамлик топади. Бу лоқайдлик эмас.
Мусулмон киши ҳам хурсанд бўлади, қайғуради, бошқалар каби яшайди. Лекин у ўткинчи туйғулар, орзу-ҳаваслар аро сарсон бўлиб қолмайди. Чунки дунёдаги ҳар бир ҳолат вақтинчалик синов эканини яхши англайди.
Инсон ўзлигига қайтганида бошқаларнинг юкини елкасига олишга уринмайди. Ёрдам беради, лекин ҳар ким ўз қисмати ва қилмиши учун ўзи масъул эканини тушунади. Бошқаларнинг айбига қарамай, ўз хатоларини тузатиш билан банд бўлади. Муҳими, ҳар ишида шошқалоқлик қилмайди. Чунки охиратга ва маънавий камолотга элтувчи йўлни шошиб босиб ўтиб бўлмаслигини билади.
Айтилганидек: “Ким ўзини таниса, Раббини танийди”. Бу мартабага эришган қалб эса ҳеч қачон адашмайди.
Абдулатиф АБДУЛЛОҲ