Қуръони каримнинг Моида сурасида бундай дейилган: “Сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан бошқанинг номи ила сўйилган, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, йиқилиб ўлган, сузиб ўлдирилган, йиртқич еган ҳайвонлар ҳаром қилинди. Фақат (ўлмай туриб) сўйиб олсангиз (ҳалол). Ва бутларга атаб сўйилган ҳайвонлар ҳам, чўплар ила фол очишингиз ҳам ҳаром қилинди. Бундай қилишингиз фосиқликдир… Ким гуноҳга мойил бўлмаган ҳолида очликда музтар бўлса, албатта,
Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир” (3-оят). Аллоҳ таоло бандаларига кўплаб неъматларни тановул қилишни ҳалол қилиб қўйган, барчасининг асли ҳалол. Модомики, ҳаром нарса аралашмаса, истеъмол қилинаверади. Инсон шахси ёки амалининг унга таъсири йўқ. Мисол учун, нонни олайлик. Унинг буғдойини ким эккан, ким ўрган, қандай янчилган ёки қандай қилиб нонга айлантирилган – буларнинг аҳамияти йўқ, ҳаммаси истеъмол қилинаверади. Аммо, гўшт маҳсулотлари ҳақида бундай деб бўлмайди. Чунки гўшт тирик ҳайвондан олинади. Тирик жониворни гўштга айлантириш жараёни ва ундаги ният ҳамда эътиқод унинг ҳалол ёки ҳаромга айланишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам, бу жараёнга, яъни, тирик ҳайвонни гўштга айлантириш жараёнига шариатда алоҳида эътибор берилади. Бир қанча шартлар қўйилади. Ўша шартлар вужудга келгандагина ўша ҳайвон гўшти ҳалол ҳисобланиб, истеъмолига рухсат берилади. Бу шартларнинг бошида ҳайвоннинг жонини чиқариш пайтида унга жон берган Аллоҳ номини
зикр қилиш туради. Бу иш қилинмаса, катта маънавий жиноят содир бўлган бўлади, шу сабабли унинг гўшти ҳаромга айланади. Ушбу оятда гўшти ҳаромга айланиб қоладиган ҳайвонлардан бир неча тоифаси зикр этилган. Ўлимтик (ўзи ўлиб қолган ҳайвон), ҳайвон сўйилганда ундан оқадиган қон ва чўчқа гўшти шулар жумласидандир. Буларнинг ҳаром қилингани ҳикматлари, тиббий сирлари ҳақида «Бақара» сураси тафсирида батафсил сўз юритилган. «Аллоҳдан бошқанинг номи ила сўйилган» ҳайвон гўштининг ҳам ҳаром бўлиши, олдин айтганимиздек, унинг иймон тақозосига тўғри келмаганидандир, уни яратган ва унга жон берган Зот номини қўйиб,
бошқанинг номи ила сўйилганидандир. «Бўғилиб ўлган» ҳайвон бўғилиш оқибатида ўлган бўлса, гўшти ҳаромдир. Унга ҳам Аллоҳнинг номи айтилмаган, ҳам қони ичига тарқаб, гўшт зарарли ҳолга келган бўлади. «Уриб ўлдирилган» ҳайвонда ҳам аввалги ҳолдаги ҳикмат туфайли ҳаромлик ҳукми бор. Бирор ҳайвонни тош, ёғоч ёки шунга ўхшаш нарсалар билан уриб ўлдирилган бўлса, унинг гўшти ҳаромга айланади. «Йиқилиб ўлган»га келсак, тоғданми, баланд жойданми йиқилиб ўлган ҳайвонларнинг гўшти ҳам
ҳаром саналади. «Сузиб ўлдирилган» – икки ҳайвон бир-бири билан сузишсаю, бири ўлиб қолса, унинг гўшти ҳам ҳаромдир. «Йиртқич еган ҳайвон ҳаром қилинди». Яъни, бир йиртқич ҳайвон мазкур гўшти ҳалол ҳайвонга ҳужум қилиб еса, ўлдирса, ундан ортиб қолган гўшт ҳаром ҳисобланади. «Магар (ўлмай туриб) сўйиб олсангиз (ҳалол)» Мазкур ҳолатларга дучор бўлган ҳайвонлар ўлмай туриб сўйиб юборилса, гўшти ҳалол бўлади. «Бутларга атаб сўйилган ҳайвонлар ҳам».
Жоҳилий арабларнинг турли бутлари бўлиб, уларга атаб жонлиқ сўйишар ва қонини ўша бутларга суртишар эди. Бундай ҳайвонларнинг гўшти, гарчи Аллоҳнинг номини айтиб сўйилган бўлса ҳам, бутларга аталгани учун ҳаромдир. Оят давомида катта маънавий ҳаром иш ҳам зикр этилган: «чўплар ила фол очишингиз ҳам ҳаром қилинди».
Жоҳилият даврида бутхоналарда хизмат қилувчи коҳинлар ҳузурида бир махсус идишда учта ёки еттита чўп турар эди. Уларга турли иборалар,
жумладан, «Роббим буюрди» ёки «Роббим қайтарди» деган иборалар ёзилган бўларди. Бирор ишни қилиш ёки қилмасликда иккиланган одам коҳинга у-бу нарса бериб, фол очишни сўрарди. Шунда коҳин идишдаги чўпларни аралаштириб, фол очирувчига тутар, у идишдаги чўплардан бирини тортганда «Роббим буюрди» деб ёзилган чўп чиқса, ишни қилишга, «Роббим қайтарди» деб ёзилгани чиқса, ишни қилмасликка амр этар эди. Бошқа чўп чиқса, яна пул олиб, қайтадан фол очарди. Худди шу услуб қиморнинг бир турида ҳам қўлланар эди. Буларнинг ҳаммаси ҳаром қилинди. «Бундай қилишингиз фосиқликдир». Аллоҳ ҳаром қилган ишларни қилишингиз фосиқлик, яъни, дин амридан чиқишдир. Юқоридаги ҳукмларда айрим ҳолатлардаги гўштларнинг ҳаром экани таъкидланган эди. Охирги жумлада эса, истисно тариқасида музтарлик (заруратлик) ҳолатида ҳукм нима бўлиши ўргатилмоқда. Яъни, айтайлик, инсон очликдан музтар бўлди – қийин ҳолга тушиб қолди, егани овқати йўқ, фақат ҳаром қилинган гўштлар бор, холос. Булар ҳаром, деб улардан истеъмол қилмаса, ҳалок бўлади.
Нима қилиши керак? Мана шундай ҳолда, гуноҳга мойил бўлмаган ҳолда, яъни, ўзини ҳалокатдан сақлаб қоладиган миқдорда ўша ҳаром нарсадан истеъмол қилса, бўлади. Ночорликдан қилинган бу иш учун Аллоҳ уни маломат қилмайди, жазога тортмайди. Зотан, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли Зотдир.
манба: xadicha.uz
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Афв – ўч олишга қодир бўла туриб, тойилиш ва хатолардан ўтиб кечириб юбориш демакдир. Бунинг яна бир маъноси адоват ва нафрат каби иллатларни қалбдан кетказиш бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада: “Қиёмат кунида жарчи нидо қилиб: “Аллоҳнинг зиммасида савоби борлар турсин ва жаннатга кирсин”, дейилади, дедилар. Саҳобалар: “Аллоҳнинг зиммасида ажри борлар кимлар?” – деб сўрашди. Набий алайҳиссалом: “Одамларни афв қилиб юборувчилар” [1], деб жавоб бердилар.
Агарда сиз ҳам Аллоҳнинг зиммасида ажри борлар қаторида бўлишни истасангиз сизга ёмонлик қилган, сизнинг ҳаққингиз борасида хато қилган кишининг хато ва камчиликларини кечириб юборинг. Ахир Аллоҳ таоло: «...Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У золим (тажовузкор)ларни севмас»[2], дейди.
Сизга нисбатан хато қилган кишиларга юмшоқ муносабатда ва сабрли бўлиш, сизни улушингиздан маҳрум қилганларга ҳам зиқналик қилмаслик, сиз билан алоқани узмоқчи бўлганлар билан ҳам алоқани ушлаб қолиш, узилганларини тезлик билан қайта йўлга қўйиш – буларнинг бари қандайин ахлоқ эканини кўрингки, улар ўз соҳибини қиёмат кунида юксак мартаба ва мақомларга эриштиради.
Ривоятларда келишича, бир аъробийни туҳмат қилгани сабабли султоннинг ҳузурига келтиришибди. У йўл-йўлакай «Мана менинг китобимни ўқинглар» деган ояти каримани тиловат қилиб борибди. Атрофдагилардан бири унга қарата: “Бу қиёмат куни айтилади, бугун эмас”, дебди. Аъробий жавоб бериб: “Худо ҳаққи, бу кун қиёмат кунидан-да ёмонроқ. Чунки қиёмат кунида менинг ёмонликларим билан бирга яхшиликларим ҳам кўрсатилади ва ҳисобга олинади. Бугун менинг ёмонликларимни эътиборга оляпсизлар-у, яхшиликларимни инобатга олармидингиз?!” – дебди.
Сиз отасиз! Фарзандингиз бир маротаба хатога йўл қўйдими, бундай вазиятда унинг барча яхшиликларини унутиб юборманг.
Мабодо дўстингиз сизга нисбатан бир гал хато иш қилиб қўйса, сиз у билан бирга елкама-елка туриб ўтказган яхши кунларингиз ва унинг чиройли дўстлиги ва садоқатини эсдан чиқарманг.
Муҳаммад ибн Абу Бакр раҳматуллоҳи алайҳ бундай дейдилар: “Эй инсон! Сен ва Роббинг ўртасида Ўзидан бошқаси билмайдиган хато ва камчиликларинг бор. Аллоҳ уларни кечириб юборишини хоҳлайсан. Агар ростдан ҳам шу гуноҳларинг афв этилиши иштиёқида бўлсанг, у ҳолда У Зотнинг бандаларидан ўтган хатоларни кечир ва афв эт. Аллоҳ сенинг хатоларингдан кечишини истасанг, сен ҳам бандаларининг хатоларини ўтиб юбор”.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Табароний ҳасан санад билан ривоят қилган.
[2] Шуро сураси, 40-оят.