Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Август, 2026   |   21 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:48
Қуёш
05:16
Пешин
12:34
Аср
17:30
Шом
19:41
Хуфтон
21:11
Bismillah
04 Август, 2026, 21 Сафар, 1448

Байрамингиз муборак бўлсин!

27.06.2018   8497   6 min.
Байрамингиз муборак бўлсин!

Бугун, Ўзбекистон мусулмонлари идорасида “27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда уламолар, имом-хатиблар ва диний-маърифий йўналишда ижод қилаётган бир гуруҳ ижодкорлар иштирок этди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари барча ижод аҳлини касб байрами билан қутлаб, қуйидаги илиқ сўзларни баён қилдилар.

بسم الله الرحمن الرحيم
الحَمْدُ للهِ الَّذِي نَوَّرَ قُلُوبَ العَارِفِينَ باِلمَعْرِفَةِ وَ رَفَعَ شَأْنَهُم بِتَعْلِيمِ الخِطَابِ وَ الكِتَابَةِ كَمَا قَالَ تَعَالَى: ﴿ادْعُ إِلَى سَبِيلِ رَبِّكَ بِالْحِكْمَةِ وَالْمَوْعِظَةِ الْحَسَنَةِ﴾. وأَشْهَدُ أَنَّ سَيِّدَنا وحَبِيبَنا محمَّدًا عَبْدُهُ ورَسُولُهُ الَّذِي قال: " إِنَّ مِنَ الشِّعْرِ لَحِكْمَةٌ". وصَلّى اللهُ عَلى سَيِّدِنا محمَّدٍ وعَلى آلِهِ وأصَحابهِ الطَّيِّبِينَ الطاهِرِين أما بعد:

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу!
Ҳурматли меҳмонлар ва жонкуяр ижодкорлар!
Аввало, барча ижодкорларни “27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” билан чин қалбимдан, самимий муборакбод этиб, ўзимнинг чексиз ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдираман.
Ҳақ таолога шукрки, пок динимиз ва мусаффо эътиқодимизни тарғиб этиш, диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишларни тўғри тушунтириш, тинчлик ва осойишталикни қадрлаш, бир сўз билан айтганда, зиё-маърифат улашиш ишида сиз ижод аҳлининг муносиб ўрнингиз бор, албатта.
Сиз каби ижодкорлар диний идорамизнинг асосий таянчи ва энг яқин кўмакчисига айланди. Кейинги пайтларда ҳар бир иш ёки тадбиримиз оммавий ахборот воситалари вакиллари иштироки билан янада чиройли ўтмоқда. Масалан, Рамазони шариф бу йил ҳар қачонгидан ҳам файзли ўтди. Мана шундай ҳузурбахш кунларни ижодкорларимиз кеча-ю кундуз, тиним билмай бутун дунёга намойиш этишда жонбозлик кўрсатишганини алоҳида таъкидлаш керак. Юртимиздаги Рамазон шукуҳини кўрган хорижликлар “Мана шундай диёрни бир бориб кўрсам эди”, деб ўз ҳайратларини яширишмади.
Бундай юксак эътирофларга мўмин-мусулмонлар манфаати, дин ғами ва Ватан тақдирини юрагидан ўтказиб ишлайдиган сиз, ижод аҳлининг таъсирчан сўзи, ибратли фаолияти сабабли эришилди. Буларнинг ҳаммасини биз диний идора раҳбарлари кўриб, билиб турибмиз. Ҳалол меҳнатларингизни вақти-вақти билан тақдирлаймиз, энг олий мукофот эса Парвардигори олам ҳузурида бўлади, иншоаллоҳ.
Маълумки, бугунги тезкор замонда газета, журнал ва интернет сайтларини ҳамма кузатиб бормоқда, хабар ва мақолаларни мутолаа қилиб, улардаги панду насиҳатларга амал қилишмоқда. Қуръони азимуш-шаънда шундай марҳамат қилинади:


ادْعُ إِلَى سَبِيلِ رَبِّكَ بِالْحِكْمَةِ وَالْمَوْعِظَةِ الْحَسَنَةِ وَجَادِلْهُمْ بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ
إِنَّ رَبَّكَ هُوَ أَعْلَمُ بِمَنْ ضَلَّ عَنْ سَبِيلِهِ وَهُوَ أَعْلَمُ بِالْمُهْتَدِينَ


«(Эй Муҳаммад,) Раббингиз йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг! Албатта, Парвардигорингизнинг ўзи Унинг йўлидан чалғиган кимсаларни яхши билувчи ва ҳидоят топганларни ҳам У билувчироқдир» (Наҳл, 125).
Шунинг учун ҳам сиз ижод аҳли илм-маърифатни тарқатишда янада собитқадам бўлиб, имкониятлардан тўла фойдаланиш даври келди.
Эртанги кундаги энг муҳим вазифалар ҳақида гапирганда, энди ҳаёт аста-секин эмас, жуда шиддат билан ўзгармоқда. Мана шуни ҳеч қачон эсдан чиқармасдан, ҳар бир воқеа-ҳодисага ҳозиржавоблик ила тўғри ва ҳаққоний муносабат билдиришни бугун замоннинг ўзи талаб қилмоқда.
Шу ўринда Давлатимиз раҳбарининг қуйидаги сўзларини келтиришни лозим деб топдим: – “Биз доимо зиёлиларни, ижодкорларни қўллаб-қувватлашимиз керак. Улар яратган ибратли асарларни, шеърларни ёшларимиз қанча кўп ўқиса, маънавияти, маърифати юксалади, демакки, ватанпарвар бўлади. Ватанпарварлар қанча кўп бўлса, мамлакатимиз ҳам шунча тез равнақ топади.”

Халқимиз қадим-қадимдан қалам аҳлини доимо эъзозлаб келган. Темурий ҳукмдор Ҳусайн Бойқаро, “Хамса” битган дўсти Алишер Навоийни ўзининг оқ отига миндириб, Ҳирот кўчаларидан ўтиши ана шундай эъзоз намунаси ўлароқ тарихда из қолдиргандир. Бинобарин, ижодкорларга муносиб шарт-шароит берилса, улар эркин ижод қилади, кўзлаган мақсадларга етилади.
Футсатдан фойдаланиб, бир муҳим масалани айтмоқчиман, оммавий ахборот воситалари, айниқса, интернет тармоғининг кенг халқ оммасига бўлган таъсир кучи кундан-кунга ошиб бормоқда. Мана шу нуқтаи назардан, сиз азизлардан талабим ҳам, илтимосим ҳам шуки, ислоҳотларни, ижроотларни ва воқеа-ҳодисаларни тўғри, ҳаққоний ва ҳусни зон билан ёритишингизни сўрайман. Турли асоссиз гап-сўзлар ва миш-мишларни тарқатмасликни талаб қиламан. Бунинг ўрнига юртимиздаги мўмин-мусулмонларга берилаётган кенг имкониятлар, туҳфалар ва кенгчиликлар ҳақида ёзиш керак.
Бу ҳақда аллома Ҳусаин Воиз Кошифий ҳазратлари шундай сўзларни келтирганлар: “Тўрт нарса саодат далилидир: тўғри сўз, тавозеъ, ҳалол касбу ҳунардаги меҳнат ва сир сақлаш”. Мана шу ажойиб ҳикмат сизларнинг иш мезонингиз бўлиши керак.
Ижод аҳли меҳнатининг нақадар машаққатли ва масъулиятли эканини чуқур англаган киши сифатида камина, сизларнинг саъй-ҳаракатингиз ва ташаббусларингизни доимо қўллаб-қувватлашга тайёр эканимни, сизларни энг асосий таянчим ва энг яқин ёрдамчим деб билишимни, сизларни доимо яхши кўриб қолишимни изҳор қиламан.
Диний идора тизимидаги ижодий ходимларга байрам муносабати билан мукофотлар тақдим этилади. Биз билан доимо ҳамкор бўлиб келаётган сайтлар, “Ҳидоят сари” ва “Зиё” кўрсатувлари ходимларига ҳам ҳадяларимиз ҳам бор.
Қаламингиз ўткир, сўзларингиз равон, чиқишларингиз таъсирчан бўлиб, доимо эътибор ва мўмин-мусулмонларимиз ардоғида бўлинг, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, ижодий ютуқлар тилайман.
Яна бир бор касб байрамингиз муборак бўлсин.
Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Дин хизмати ва касбга садоқат — имом-хатиб фаолиятининг бош мезони

03.08.2026   7021   2 min.
Дин хизмати ва касбга садоқат — имом-хатиб фаолиятининг бош мезони

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Андижон вилояти туман-шаҳар бош имом-хатиблари иштирокида таҳлилий йиғилиш ўтказдилар.

Муфтий ҳазратлари мамлакатимизда Давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янги жоме масжидларнинг барпо этилаётгани, кўплари қайта бунёд этилаётгани ва соҳага қаратилаётган юксак эътиборга алоҳида урғу қаратдилар. Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари имом-хатибларни мана шундай эътиборга ва ишончга муносиб бўлиб, давр ва мўмин-мусулмон халқимиз талабларига ҳамнафас ҳолда фаолият юритишга чақирдилар.

Мажлисда имом-хатибларни ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, уларнинг илмий салоҳиятларини юксалтиришга катта эътибор қаратилаётгани, хусусан, магистратура, докторантурада таҳсил олишлари ҳамда АҚШ, Англия, БАА каби давлатларда илмий сафар ва малака ошириш имкониятлари яратилаётгани мамнуният ила қайд этилди.

Шунингдек, вилоятдаги ярим йиллик иш фаолият таҳлил қилиниб, 41 мингдан ортиқ маърифий тадбир ўтказилгани, 4 800 нафар фуқаронинг мурожаати ижобий ҳал этилгани, 5 600 та меҳнат мигранти оиласи билан мулоқот ташкил қилингани, эҳтиёжманд оилаларга 3,5 миллиард сўм ва мадрасаларга 809 миллион сўм хайрия ёрдамлари кўрсатилгани ижобий баҳоланди.

Йиғилишда Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги ҳамда "Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги" муносабати билан масжидларни ободонлаштириш, аҳоли орасида тарғибот ишларини кучайтириш, фуқаролар мурожаатларини ижобий ҳал этиш ва маънавий муҳит соғломлигини янада яхшилаш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Бундан ташқари, иш фаолиятни рақамлаштириш, muftiy.uz иловасидан самарали фойдаланиш, интернет маконида сифатли ва муаллифлик медиа-контентлари билан фаол иштирок этиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Муфтий ҳазратлари нуқтлари ниҳоясида ҳар бир имом-хатиб ўзини шариат ходими ва миллат фидоийси сифатида теран англаши, ташаббускорлик ва касбга садоқат билан халқимизга хизмат қилишлари лозимлигини қайд этдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари