Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Июн, 2026   |   26 Зулҳижжа, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:28
Аср
17:38
Шом
20:01
Хуфтон
21:38
Bismillah
13 Июн, 2026, 26 Зулҳижжа, 1447

Табассум

27.06.2018   6755   1 min.
Табассум

Жажжигина қизалоқ маҳзун мусофирга қараб жилмайиб қўйди. Бу майин жилмайиш мусофирнинг кўнглини чоғ қилди ва бир вақтлар ўзига ёрдам берган дўстига миннатдорчилик билдириб қўйиши лозимлигини хотирлатди.

Дарҳол бир СМС ёзиб унга жўнатди. Дўсти бу ташаккурномадан шу қадар хурсанд бўлдики, ҳар куни тушлик қиладиган ресторанда хизмат кўрсатадиган официант қизга хийлагина ҳадя қолдириб кетди.  Официант қиз умри бино бўлиб биринчи марта бундай катта ҳадя олаётган эди. Кечқурун уйига қайтаркан, қўлига тушган пулнинг бир қисмини ҳар замон кўча бошида ўтирадиган фақир одамнинг кепкасига ташлади. 

Фақр одам шу қадар кўп пулни кўриб шунчалар миннатдор бўлдики, икки кундир томоғидан бир луқма таом ўтмаган эди. Қорнини илк дафъа росмана тўйдирди, кўпқаватли уйнинг подвалидаги биттагина хонасига олиб борадиган йўлдан масрурона  юриб келди, кайфияти шу қадар чоғ эдики, совуқда ангиллаб дийдираб турган кучук боласини кўриб қолгани заҳоти уни кўтариб олди.

Кучуквачча кечанинг совуғидан қутулганидан хурсанд эди. Иссиққина хонада саҳарга қадар чопқиллаб ўйнади. Туннинг ярмида уйни тутун қоплади, ёнғин бошланган эди. Тутунни кўрган кучукча шу қадар баланд овозда ҳура бошладики, унинг кўтарган шовқинидан дастлаб фақир одам уйғонди. Кейин барча қаватлардаги хонадондагиларни уйғотди. Ота-оналар тутундан буғилишига сал қолган фарзандларини қучоқлаб, ўлимдан қутқариб қолдилар. Уларнинг ҳаммаси бир тийинлик моддий қиймати бўлмаган бир табассум шарофати эди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар

Нега Аллоҳ таоло “Бандам Менга яқин” демади, балки “Мен унга яқинман” деди?

10.06.2026   6372   2 min.
Нега Аллоҳ таоло “Бандам Менга яқин” демади,  балки “Мен унга яқинман” деди?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Қуръони каримда савол ва жавоб кўринишида бир нечта оятлар зикр қилинган:

“Сиздан ҳаром ой ҳақида сўрайдилар” (Бақара сураси, 217-оят);
Сиздан нимани инфоқ қилишларини сўрайдилар (Бақара сураси, 219-оят);
“Сиздан хамр ва қимор ҳақида сўрайдилар” (Бақара сураси, 219-оят);
“Сиздан етимлар ҳақида сўрайдилар” (Бақара сураси, 220-оят);
“Сиздан ҳайз ҳақида сўрайдилар” (Бақара сураси, 222-оят);
“Сиздан фатво сўрайдилар” (Нисо сураси, 176-оят);
“Сиздан ўлжалар ҳақида сўрайдилар” (Анфол сураси, 1-оят);
«Сиздан: “Бу ҳақми?” деб сўрайдилар» (Юнус сураси, 53-оят);
“Сиздан руҳ ҳақида сўрайдилар” (Исро сураси, 85-оят);
“Сиздан Зулқарнайн ҳақида сўрайдилар” (Каҳф сураси, 83-оят);
“Сиздан тоғлар ҳақида сўрайдилар” (Тоҳа сураси, 105-оят);
“Сиздан қиёмат қачон бўлур, деб сўрайдилар” (Назиъаат сураси, 42-оят).


Ушбу саволларга жавоб бериш услуби уч хил кўринишда келади. Энг кўп учрайдиган кўриниш шуки, Аллоҳ таоло саволни зикр қилгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга “Қул” (айт) деб амр қилади. Баъзи ўринларда эса жавоб фа ҳарфи билан бошланади: Фа қул.

Қолган саволлар эса ёрдамчи масалалар бўлгани учун уларда фа ҳарфи зикр қилинмаган.

Учинчи кўринишга келсак, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: Агар бандаларим сиздан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи дуо қилганда, ижобат қилурман (Бақара сураси, 186-оят).

Бу ерда Айт: Мен яқинман дейилмаган. Бу эса дуо мақомининг улуғлигини кўрсатади. Бунинг бир неча нозик жиҳатлари бор.

 

Биринчиси: Аллоҳ таоло гўёки: Эй бандаларим! Бошқа ишларингизда воситачига муҳтож бўласиз. Аммо дуо пайтида Мен билан сизнинг орангизда ҳеч қандай воситачи йўқ, демоқда.

Иккинчиси: Бандаларим сиздан Мен ҳақимда сўрасалар деган оятда Аллоҳ таолонинг бандага меҳрибонлиги ва унга яқинлиги ифода этилган.

Учинчиси: Аллоҳ таоло Бандам Менга яқин демади, балки Мен унга яқинман деди. Банда ўз кучи билан Ҳақ таолога яқин бўла олмайди. Аммо Ҳақ субҳанаҳу ва таоло Ўз фазли ва раҳмати билан бандасига яқинлашади. Шунинг учун Аллоҳ таоло: “Албатта, Мен яқинман”, деб марҳамат қилган.

Тўртинчиси: дуо қилувчининг қалби Аллоҳдан бошқа нарсалар билан машғул экан, у ҳақиқий маънода Роббига юзлана олмайди. Банда ўз ҳавойи нафси ва шахсий мақсадларидан воз кечиши билан Аллоҳга яқин бўлади. Дуо инсонни Аллоҳга яқинлаштиради. Шу боис дуо ибодатларнинг энг афзалларидан бири ҳисобланади.

 

Даврон НУРМУҲАММАД