frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Табассум

27.06.2018   6796   1 min.
Табассум

Жажжигина қизалоқ маҳзун мусофирга қараб жилмайиб қўйди. Бу майин жилмайиш мусофирнинг кўнглини чоғ қилди ва бир вақтлар ўзига ёрдам берган дўстига миннатдорчилик билдириб қўйиши лозимлигини хотирлатди.

Дарҳол бир СМС ёзиб унга жўнатди. Дўсти бу ташаккурномадан шу қадар хурсанд бўлдики, ҳар куни тушлик қиладиган ресторанда хизмат кўрсатадиган официант қизга хийлагина ҳадя қолдириб кетди.  Официант қиз умри бино бўлиб биринчи марта бундай катта ҳадя олаётган эди. Кечқурун уйига қайтаркан, қўлига тушган пулнинг бир қисмини ҳар замон кўча бошида ўтирадиган фақир одамнинг кепкасига ташлади. 

Фақр одам шу қадар кўп пулни кўриб шунчалар миннатдор бўлдики, икки кундир томоғидан бир луқма таом ўтмаган эди. Қорнини илк дафъа росмана тўйдирди, кўпқаватли уйнинг подвалидаги биттагина хонасига олиб борадиган йўлдан масрурона  юриб келди, кайфияти шу қадар чоғ эдики, совуқда ангиллаб дийдираб турган кучук боласини кўриб қолгани заҳоти уни кўтариб олди.

Кучуквачча кечанинг совуғидан қутулганидан хурсанд эди. Иссиққина хонада саҳарга қадар чопқиллаб ўйнади. Туннинг ярмида уйни тутун қоплади, ёнғин бошланган эди. Тутунни кўрган кучукча шу қадар баланд овозда ҳура бошладики, унинг кўтарган шовқинидан дастлаб фақир одам уйғонди. Кейин барча қаватлардаги хонадондагиларни уйғотди. Ота-оналар тутундан буғилишига сал қолган фарзандларини қучоқлаб, ўлимдан қутқариб қолдилар. Уларнинг ҳаммаси бир тийинлик моддий қиймати бўлмаган бир табассум шарофати эди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар

Ҳожилар "Ҳаж-2026" ташкилотчиларига миннатдорлик мактублари йўллашмоқда

11.06.2026   9489   2 min.
Ҳожилар

Муқаддас ҳаж амалларини аъло даражада адо этиб, қалблари қувонч ва шукроналикка тўлиб қайтган, қайтаётган ҳожиларимиз “Ҳаж – 2026” ташкилотчилари номига самимий ташаккурномалар йўллашмоқда. Қуйида баъзиларидан парчалар келтирамиз.
 
"Ҳаж-2026" мавсумини чиройли ташкил этганлардан миннатдормиз
 
Муқаддас Мадина, Макка шаҳарларига келишимиздан бошлаб, Мино, Арафот, Муздалифа водийлари ва Жамаротда ибодатларни тўла-тўкис адо этишимиз учун жуда катта хизмат қилинди. Жазирама иссиқда чодирлардаги совуткичлар мунтазам ишлаб турди. Шинам меҳмонхоналар, уч маҳал иссиқ таомлар ва шифокорларнинг беғараз ёрдами тизимли ташкил этилди. Бизга мана шундай юксак шароитларни яратиб берган муҳтарам Юртбошимизга, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятига, барча ташкилотчиларга гуруҳимиз номидан чексиз раҳмат айтаман.
Жиззах вилояти 13-гуруҳ зиёратчилари номидан
Аббосхон Сирожиддинов

Ташкилотчиларнинг оғир ва машаққатли меҳнати таҳсинга лойиқ
 
Ҳаж амалларини хотиржам бажаришимизда кеча-кундуз хизмат қилган "Ҳаж-2026" ишчи гуруҳидан Аллоҳ рози бўлсин. Муқаддас қадамжоларда намозларимиз ўз вақтида адо этилишини таъминлаган гуруҳ раҳбарлари, илмли шайхларимиз ва қориларимиз сафаримиз файзини оширди. Биз учун бундай фидоийлик кўрсатган ташкилотчиларга ва давлатимиз раҳбарига чуқур миннатдорчилик билдирамиз. Қилган хизматларингиз ажрини Яратган кўпайтириб берсин!
Наманган вилояти 24-гуруҳ
ҳожи оталари ва ҳожи оналари

Ҳар бир қадамда ғамхўрлик ва эътиборни ҳис қилдик
 
Ватанимиздан чиқиб то яна қайтиб келгунимизга қадар ҳар бир қадамда Юртбошимиз раҳнамолигида ҳаж ишларини ташкил қилган мутасаддилар томонидан ғамхўрлик ва эътиборни ҳис қилиб турдик. Меҳмонхоналардаги шароитлар, шифокорларнинг беминнат тиббий хизмати, иссиқ таомларнинг ўз вақтида етказиб берилиши бор эътиборимизни ибодатга қаратишга имкон берди. Бизга шундай қулайликлар қилиб берган барчага самимий ташаккур айтамиз. Илоҳим, нима яхши ният қилган бўлсалар, Аллоҳ ижобат қилсин!
 Самарқанд вилояти ҳожилари
 
Мино ва Арафотдаги шароитлар юқори даражада бўлди
 
Бу йилги Ҳаж сафари ташкилотчилик жиҳатидан жуда юқори даражада ўтди. Айниқса, Саудиянинг иссиқ иқлимида Мино ва Арафотда ҳозирланган шароитлар, қайнатиб қўйилган чойлару музлатгичлардаги салқин сувлар бизга жуда қўл келди.
Уламоларимизнинг гўзал маърузалари билан қалбларимиз нурга тўлди. Ушбу улуғвор ишлар замирида жуда катта меҳнат, заҳматли хизматлар қилинишига ўзимиз гувоҳ бўлдик. Бу ишларда бош-қош бўлган раҳбарлар, ишчи гуруҳ, элликбошилар, ошпазлару шифокорларга катта раҳматлар айтамиз.
 Андижон вилояти зиёратчилари


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Ҳожилар Ҳожилар