“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро, 70).
Аллоҳ таоло одамзодни азизу мукаррам қилган, уни энг гўзал ва мукаммал шаклда яратган. Қуръони каримнинг “Тин” сураси тўртинчи оятида марҳамат қилинади: “Ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим (шаклда) яратдик”. Аллоҳ таоло одамни тик оёқда юрадиган, қўли билан овқат ейдиган қилиб яратди. Унга қулоқ, кўз, кўнгил берди. Инсон улар воситасида кўради, эшитади ва нарсаларни бир-биридан фарқлайди. У нарсаларнинг яхшисини ва чиройлисини билади. Дин ва дунё ишларида ўзига нима фойдаю нима зарар эканини ажрата олади.
“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик”. Уламолар ушбу оятни турлича тафсир қилишган. Ибн Аббосга (розияллоҳу анҳу) кўра, инсоннинг ўзга жонзотлардан мукаррамлиги овқатни қўли билан ейишидир.
Муҳаммад ибн Каъб “Инсоният орасидан Ҳазрат Муҳаммаднинг (алайҳиссалом) бўлишлари уларнинг мукаррамлилигидир”, деб тафсир қилган бўлса, Заҳҳокка кўра, одамзод нутқ ва фаросати билан мукаррам бўлган. Муфассир Ибн Жарир Табарий “инсонларнинг кўпчилик махлуқот устидан ҳукмронлик қилиши ва борлиқнинг одамзодга бўйсундирилгани унинг азизлигидандир”, деган. Яна айрим олимларнинг тафсир қилишларича, инсоният гапириши ва ёза олиши билан бошқа махлуқлардан азиздир.
Тафсирчи Қуртубий айтади: “Одам болаларининг азизлигига сабаб улардаги ақлдир. Зеро, ақл таклифнинг (ибодат ва муомалага лаёқатнинг) асосидир. Инсон ақл билан Аллоҳ таолони танийди, Унинг каломини тушунади, неъматларига эришади, пайғамбарларини тасдиқлайди. Фақат ақл бандани барча мақсадларига етказолмаслиги сабаб пайғамбарлар юборилган, китоблар туширилган. Шариат бамисоли қуёш, ақл эса бамисоли кўздир. Кўз, агар соғлом бўлса, очилиши билан қуёшни кўради, нарсаларнинг тафсилотларини идрок қилади.
Аллоҳ таоло баъзи ҳайвонларга берган хислатларни, масалан, отнинг чопиши, эшитиши, кўриши, филнинг кучи, шернинг шижоати каби баъзи хислатларни одамзодга ҳам ато этган. Аммо унинг бошқа жонзотлардан афзал ва азиз қилиниши, айтиб ўтганимиздек, ақл сабаблидир”.
“...ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик...” Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) бу оятни “Қуруқликда эшак, хачир, от, туя каби уловларга, денгизда эса катта-кичик кемаларга миндириб қўйдик”, деб тафсир қилган. Бунга қўшимча равишда замонавий автоуловларни ҳам киритиш мумкин.
Аллома Фахруддин Розий оят тафсирида бундай ёзади: “Аллоҳ таоло ҳайвонларни инсонлар миниши, юк ортиши ва бошқа шу каби ишларини бажариши учун бўйсундириб қўйган. Шунингдек, сувлару кемаларни ҳам унга миниши, юкларини ташиши ва бошқа юмушларини бажариши учун одамзодга бўйсундириб қўйган. Буларнинг барчаси инсоннинг бу оламда бўйсуниладиган раҳбар, итоат қилинадиган подшоҳ эканига, бошқа барча борлиқ унинг қўли остида эканига далолатдир”.
“...ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик” экинлардан, гўшту сутлар ва яна бошқа ранги ва мазаси турли-туман неъматлардан ризқ қилиб бердик. Гўзал манзаралар, турфа хил, ранг-баранг кийим-кечаклардан, дунёнинг турли бурчакларида етишадиган анвойи мевалардан ризқларини бердик.
“...ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик...” яъни, бошқа махлуқот ва мавжудотлардан устун қилдик.
Бизнинг аҳли сунна вал жамоа ақидамизга кўра, фаришталарнинг пайғамбарларидан инсонларнинг пайғамбарлари афзалдир. Оддий мўминлардан фаришталарнинг пайғамбарлари афзал. Оддий фаришталардан оддий мўминлар афзалдир (“Ақоид матнлари”).
Қуртубий, Ибн Касир ва Фахруддин Розий
тафсирлари асосида
Нўъмон АБДУЛМАЖИД
тайёрлади.
Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу ёшлари ўтиб, кексайиб қолган чоғларида Мусҳафи шарифни олиб, йиғлаб туриб шундай дер эдилар: “Жиҳодлар билан овора бўлиб сени ўқий олмай қолдик”.
Бу қандайин гўзал узр! Хўш, биз ўзимизни нима деб оқлаймиз?! Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу шундайин гап айтдилар, аммо биз нима деймиз?! Қиёмат кунида “Қуръони карим ўқишдан сени нима чалғитди?!” – деб сўралсак, нима деб жавоб берамиз?! Токи у бизни зараримизга эмас, фойдамизга ҳужжат бўлиши учун кўксимизга босиб, кечаю кундуз тиловат қилиб бормаймизми?! Ахир Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолонинг зикрини лозим тут, Қуръони карим тиловатида маҳкам бўл. Чунки бу сенинг осмондаги руҳинг, ердаги зикрингдир” [1], деганлар.
Қурони карим оятларини тадаббур қилмасдан, маънолари ҳақида фикр юритмаган ҳолда, ҳеч қандай тушунчасиз кўп тиловат қилиш асосий мақсад эмас. Агар инсон бир неча оятни тадаббур қилса, тафсир китобларига мурожаат этса ёки тафсир дарсларига қатнашса, маъноларни ўзлаштирса ва уларга амал қилса, бу иши ўша инсон учун улкан яхшилик, хайр-барака бўлади.
Имом Ғаззолий ҳазратлари бундай дейдилар: “Қуръон сиз сўрашингиз мумкин бўлган ва у сизнинг сўровларингизга жавоб бера оладиган тирик Расулдир. Сиз унга қулоқ солсангиз, у сизни қондиради”.
Қалблари иймон нури ила қоришиб кетган зотлар учун, албатта, Қуръонда шифо бордир. Яна Қуръони каримда саросима, шайтоний васвасалар, нафсу ҳавога эргашишдан сақловчи шифо бор. Қуръон ўқиган пайтимизда бизни фаришталар қуршаб олади ва улар ҳам бизга қўшилиб Раҳмон бўлган Зотнинг оятларига қулоқ тутади. Само фаришталари туни билан Қуръонга қоим бўладиган ер фаришталарига яқинлашадилар. Энди айтинг-чи, одамлар ухлаётган пайтда, тун қоронғусида биз Қуръон тиловат қиляпмизми?! Еру осмонлар Робби бизга қулоқ соладиган даражада оятларини тиловат қиляпмизми?!
Аллоҳ таолонинг шифо оятлари қуйидагилардир:
«...Ва мўмин қавмларнинг кўнгилларига шифо берадир» (Тавба сураси, 14-оят).
«Эй одамлар! Сизга ўз Раббингиздан мавъиза, кўксингиздаги нарсага шифо, мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди» (Юнус сураси, 57-оят).
«Биз Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз...» (Исро сураси, 82-оят).
«...У иймон келтирганлар учун ҳидоят ва шифодир...» (Фуссилат сураси, 44-оят).
«...Унда (асалда) одамлар учун шифо бордир...» (Наҳл сураси, 69-оят).
«Бемор бўлганимда менга шифо берадиган ҳам Унинг Ўзи» (Шуаро сураси, 80-оят).
Қуръони каримни тиловат қилиш, эшитиш, амал қилиш ва ҳар бир ишда ундаги ҳукмларга таяниб иш кўришдан четлашманг!
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Аҳмад ривояти.