Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати жавоб беради.
Савол: Ассалому алайкум ҳурматли устозлар! Саволим қуйидагича: эр кишининг аёли кўзи ёриганига 40 кун бўлмаган бўлса ҳам яқинлик қилса бўладими?
Жавоб: Ва алайкум ассалом. Агар фарзанд кўрганидан кейинги қон қирқ кунга етмасдан тўхтаса мумкин.
Савол: Ассалому алайкум. Телефонда азон эшитса, эшитган одам азон айтмасдан намоз бошлаши мумкинми?
Жавоб: Ва алайкум ассалом. Йўқ мумкин эмас.
Савол: Ассалому алайкум. Мен яқинда уйланганман. Ҳар гал аёлим билан яқинлик қилишдан аввал таҳоратли бўлишим шартми, ёки бисмиллаҳ ва дуосини ўқиб бирга бўлсам бўлаверадими?
Жавоб: Ва алайкум ассалом. Бўлаверади.
27 сентябр куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакиллигида Наманган вилояти бош имом-хатиби Мусохон домла Аббосиддинов раҳбарлигида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларининг 2024-2025 ўқув йили битирувчилари билан учрашув ўтказилди. Унда Наманган шаҳар ва туманлар бош имом-хатиблари, битирувчилар ишга юборилаётган масжидлар имом-хатиб ва мутаваллилари иштирок этдилар.
Учрашув аввалида битирувчиларни ишга тайинлаш тўғрисидаги Ўзбекистон мусулмонлари идораси буйруғи ўқиб эшиттирилди. Шундан сўнг ёшларга тараққиётимизнинг янги босқичида юртимизда ислом дини равнақи йўлида кенг имкониятлар очилгани, диний соҳа ходимларининг ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этишлари учун кенг имкониятлар яратилгани айтиб ўтилди.
Шунингдек, уларга бугунги кун диний соҳа ходими замонга зийраклик билан қараши, ўзининг устида мунтазам ишлаши, касбий ва маънавий малакасини ошириши, жамоатчилик билан самарали ишлаш кўникмаларини ривожлантириш юзасидан тавсиялар берилиб, келгуси фаолиятларига Яратгандан зафарлар тиланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг тавсиясига биноан янги ишга тайинланган имомлар вилоят бош имом-хатиби, вилоят бош имом-хатибининг ўринбосарлари ва туман-шаҳар бош имом-хатиблари томонидан масжид жамоасига таништирилиши режалаштитрилган. Бизни кузатишда давом этинг, имом домлаларни таништирув тадбирларини ёритиб борамиз.
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати