“Ужб” сўзи луғатда “кеккайиш”, “такаббурлик” ва “фахрланиш” маъноларини англатади. Уламолар инсонда вужудга келадиган ужб сифатини турлича таърифлашган.
Роғиб Асфаҳоний: Ужб – инсон ўзини ўзи ҳақли бўлмаган даражага ҳақлиман деб ўйлашидир, деган.
Ғаззолий раҳматуллоҳу алайҳ: Ужб – неъматни ҳақиқий неъмат берувчига нисбат беришни унитиб, уни ўзида катта санаб унга суяниб қолишдир, деган.
Ибн Абдуссалом: Инсон ўзига берилган неъмат ёки яхши амални Аллоҳдан эканини унитиши ва буларни ўз нафсидан деб хурсанд бўлиши ужбдир, деган.
Аллоҳ таоло мутлоқ суймайдиган кибр ҳам айни мана шу ужб, яъни ўзидан-ўзи фахрланиш ортидан юзага келади. Шу сабабдан ҳам Аллоҳ таоло Қуръони карим оятларида ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларда ужбни ёмонлаб зикр қилган. Аллоҳ таоло Ҳунайн ғазоти кунида мусулмонларнинг мағлубиятга ужб сабаб бўлганини эслатиб шундай дейди:
“...Ҳунайн кунида (сон жиҳатдан) кўплигингиз сизларни мағрурлантирган эди, аммо (бу) сизлардан бирор нарсани даф қила олмади[1]”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч нарса ҳалок қилувчидир: итоат қилинадиган бахиллик, эргашиладиган ҳавои-нафс ва киши ўз нафси билан фахрланиши[2]” – дедилар.
Бошқа бир ўринда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ужбни катта гуноҳлардан бири эканини айтиб шундай деганлар: “Агар сизлар бирор гуноҳ қилмайдиган бўлганларингизда, мен сизларга бунданда каттароғидан қўрққан бўлар эдим. У ужбдир[3]”.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Ҳалокат иккита нарсада: Ужб ва Аллоҳнинг раҳматидан умидни узишда”, деган. Маълумки, бахт-саодатга талаб қилиш билан эришилади. Умидни узган одам талаб қилмайди. Ўзидан ўзи фахрланган одам мақсадга эришиб бўлдим деб ўйлайди ва ҳаракат қилмайди. Шунинг учун ҳам ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бу икки сифатни ҳалокат сабабчилари сифатида айтган.
Али розияллоҳу анҳу: “Ўзидан ўзи фахрланиш тўғриликни зидди ва ақлларнинг офатидир”, деб бежиз айтмаган.
Шерозий раҳматуллоҳу алайҳ айтади: “Билгинки, ужб энг ёмон сифатдир. У фазилатларни тортиб олиб, пасткашлик келтиради. Нафратни келтириб чиқариб, яхшиликларни йўқ қилади. Ёмонликларни ошкор қилиб, ҳалокатга олиб боради”.
Уламолар ужбни саккизта қисми мавжуд эканини айтишиб, буларнинг олдини олиш йўлларини ҳам таъкидлаб ўтишган.
Биринчиси, инсон ўзининг хилқатининг гўзаллигига қараб фахрланади. Буни Аллоҳнинг неъмати эканини ва бир лаҳзада йўқ бўлиб қолишини унутади. Бунинг олдини олиш учун биринчи нимадан яратилгану, оқибатда яна нимага қайтишини мулоҳаза қилсин.
Иккинчиси, ўзига берилган куч-қувват бўлиб, унга шукр келтиришни унутиб, ушбу куч-қувватни ато этган зотга суянишни тарк қилиб қўяди. Бунинг олдини олиш учун ҳақиқий куч-қувват эгаси Аллоҳ эканини эътироф этиб шукр келтирсин. Ўзидаги куч-қувват тортиб олиниб, энг заиф бандага айланиб қолишини унутмасин.
Учинчиси, ақл бўлиб, уни чиройли санаб бундай ақл фақат менда бор деб ўйлаб қолади. Бунинг олдини олиш учун, аввало Аллоҳга қайта-қайта шукр келтирсин. Бу неъмат бошқаларга берилмагандек, ўзидан ҳам олиб қўйилиши мумкин эканини ўйлаб кўрсин. Ақл сабабли қанчалаб илмга эга бўлмасин, барибир оз эканини унитмасин.
Тўртинчиси, улуғ насабга эга бўлиш бўлиб, у билан фахрланиши ва шу сабабли мен кўплаб одамлардан афзалман деб қолиши. Бунинг олдини олиш учун, насаб бирор савоб келтирмаслиги ёки бирор азобни даф қилмаслигини билсин. Аллоҳ ҳузурида энг ҳурматли инсон тақводор инсондир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қизлари Фотима ва аммалари София розияллоҳу анҳумоларга “Мен сизларга Аллоҳдан бирор нарсани беҳожат қила олмасман” деганлар. Бунинг олдини олиш учун, насаб билан фахрланиш бу бошқанинг камоли билан ўзини азиз тутиш эканини билсин. Сўнг яна, яқин (тирик) отаси нутфадан пайдо бўлганини ва узоқ (вафот этган) бобоси тупроққа айланиб бўлганини ҳам билиб қўйсин.
Бешинчиси, золим ҳукмдорларга ўзини нисбатини бериб, улар билан фахрланиши. Ғаззолий раҳматуллоҳу алайҳ айтади: Бу ниҳоятда нодонлик бўлиб, бунинг олдини олиш учун, золимлар Аллоҳнинг ҳузурида хорланиб ғазабга дучор бўлишларини ўйлаб кўрсин.
Олтинчиси, фарзандлари, қариндошлари ва ўзига тобеъ кишиларнинг кўплигига ишониб, Аллоҳга суянишни ва Унга таваккул қилишни унутиб қўйиши. Бунинг олдини олиш учун, ҳақиқий кўмак берувчи зот Аллоҳ эканини аниқ билсин. Албатта, уларнинг кўплиги ўлим вақтида бирор фойда бермаслигини тушунсин.
Еттинчиси, мол-дунёнинг кўплиги бўлиб, унга суяниб қолиши. Аллоҳ таоло бунинг мисолини икки боғ эгасини хабарини бериш билан келтирган: “Яна унинг бойлиги ҳам бор эди. Бас, у биродарига мурожаат қилиб: “Менинг бойлигим сеникидан кўпроқ ва одамларим кучлироқ” - деди[4]”. Бунинг олдини олиш учун, мол-дунёни фитна эканини ва унинг офатга учрайдиган сабаблари бир қанчалигини билсин.
Саккизинчиси, хато фикрга эга бўлиб қолиб, буни неъмат деб ўйлаб қолиши. Аслида эса, бу азобдир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:
“Ахир, (қилган) ёмон иши ўзига чиройли кўрсатилиб, уни гўзал (иш) деб ўйлаган кимса (ҳидоят топган зот каби бўлармиди)?![5]”. Бунинг олдини олиш бошқаларидан қаттиқроқ бўлади. Чунки хато фикр эгаси, ўзининг хатоси сабабли нодондир. Бунинг олдини олиш учун, ўзининг фикрига суяниб алданиб қолмаслиги керак. Ўзининг фикрини Қуръон ёки ҳадис ёки соғлом ақлий далил қувватласа шунда фикрига қараб иш қилсин.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб айтиш керакки, кўпинча инсонда ужбнинг пайдо бўлишига атрофдаги маддоҳларнинг мақтовлари ва олқишлари ҳам сабаб бўлади. Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бир киши бошқа бир кишини мақтади. Шунда Пайғамбаримиз: Ҳолингга вой бўлсин, биродарингни бўйнини синдирдинг, деб бир неча маротаба такрорладилар. Сўнг: Сизлардан бирингиз бошқани чорасиз мақташга тўғри келиб қолса “Мен уни шундай деб ўйлайман. Аллоҳнинг Ўзи кифоядир. Мен Аллоҳга ҳеч кимни покламайман” – десин, дедилар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: Мақташ сўйишдир, деган.
Шу сабабдан оқил инсон атрофидаги маддоҳларнинг олқишларига эмас, балки қалби соф дўстларнинг маслаҳатларига қулоқ солиши лозим. Зеро мана шундай дўстларгина яхшилик ва айбларга кўзгу бўладилар. Инсон ўзича яхши деб ўйлаб эътиборсиз қолдирган ёмонликларидан огоҳ этадилар.
Анас ибн Молик розяияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин мўминнинг кўзгусидир. Агар унда бирор айбни кўрса, тузатади[6]” – деганлар.
Умар розияллоҳу анҳу: Айбларимни кўрсатиб қўйган инсонни Аллоҳ раҳм қилсин, дер эди.
Мовардий раҳматуллоҳу алайҳ айтади: “Кибр ва ужб инсондаги фазилатларни тортиб олиб, разил-ёмон сифатларни келтиради. Кибр ва ужб эгаси насиҳатчининг насиҳатига ва одоб берувчининг таълимига қулоқ солмай қўяди. Чунки кибр инсон бирор даражага эришганда ва ужб эса инсон бирор фазилатга эга бўлганда юзага келиб қолади. Шунда мутакаббир ўзини таълим берувчининг мартабасидан юқори қўяди. Ужб эгаси эса ўз фазлини одоб берувчиникидан ортиқ санайди”.
Шундай экан, ужб инсонга кўплаб зарарлар келтиради. Ужбнинг оқибати кибрга олиб боришининг ўзи унинг офтига кифоя қилади десак муболаға бўлмайди. Зеро, шайтоннинг Аллоҳга осий бўлишига кибри сабаб бўлгани барчамизга маълум. Имом Ғаззолий раҳматуллоҳу алайҳ ужбнинг зарарли оқибатларидан огоҳлантириб айтади: Ужб гуноҳларни унутиб уларга бепарво бўлиб қолишга сабаб бўлади. Ужб соҳиби қилаётган ибодатларини ва амалларини катта санаб фахрланиб қолади. Ушбу ибодатларни қилаётганидан Аллоҳга миннат қилишгача боради. Ўз ибодатларидан ужбга тушгани сари бунинг ёмон оқибатларини ҳам унутиб боради. Ким амалларини ёмон оқибат билан якун топишига эътибор қилмаса қилаётган ҳаракатлари зое бўлиб қолаверади. Ужб эгаси ўз нафси ва фикри билан алданиб қолиб, Аллоҳнинг макри ва азобидан хотиржам бўлиб қолади. У ўз нафсини мақтаб бирор айб ва камчиликлардан холи деб билади. Натижада бошқалар билан маслаҳатлашиш ёки бирор билмаган нарсасини сўрашни ўзига ор билиб, ўз фикри билан кифояланиб қолади. Энг ёмони ўзининг хато фикрини тўғри деб билиб, ўзидан шундай фикр чиққанидан хурсанд бўлиб ўша фикрида қатъий туриб олишидир. Гоҳо бу нарса уни ҳалокатига сабаб бўлади. Айниқса унинг бу хато фикри дин ишларига тегишли фикр бўлса. Шунинг учун ҳам ужб ҳалокатга олиб борувчи иллатлардан бири сифатида саналган. Ужб эгасининг мен мақсадга эришиб бўлдим деб амал қилишдан тўхтаб қолиши, ужбнинг энг катта офтларидан биридир. Бу эса шубҳасиз очиқ ойдин ҳалокатдан бошқа нарса эмас.
Дарҳақиқат, бугунги кунимизда озгина илм ўқиб ёки эшитиб, лекин уқимай ўзини “олим”ман деб юрган ёшларимиз борлиги хеч кимга сир эмас. Улар ўзларидаги ана шу озгина илм билан кифояланиб ва шундан хурсанд бўлиб ҳамда бўлди мақсадга эришдим деб, юришларига нафсларига ўрнашиб қолган ужб сабабдир эҳтимол. Ўзларини қўлларига китоб олиб бир қатор ўқишга сабрлари етмасдан туриб, ўнлаб мужалладли китоблар ёзган мужтаҳид уламоларга тил теккизишлари ачинарли ҳолатдир. Илм ва салоҳияти етмаган ҳолда оят ва ҳадисларнинг зоҳирий маъноларидан ўзларининг хато фикрларига асосланиб ҳукм олмоқчи бўладилар. Мустаҳкам илм ва асосли далилга суянмасдан туриб оят ва ҳадислардан тўғридан тўғри ҳукм олиб бўлмайди, деган уламоларнинг насиҳатига қулоқ солишни ўзларига эп кўрмайдилар. Натижада ўзларини ҳам бошқаларни ҳам адшишига сабаб бўлиб қоладилар.
Ушбу хатоларни тузатиш учун илм ўқийлик, нафсимизни зикр, тиловати Қуръон, саловатлар ила сайқаллаб ужб ва кибр каби иллатлардан софлайлик. Мужтаҳид уламолар ва уларнинг мўътабар асарларини ҳурматини ўз ўрнига қўяйлик. Энг муҳими, “Ким мен олимман деса, у жоҳилдир” деган насиҳатни унутмайлик!
Манбалар асосида
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Фарҳод ЖЎРАЕВ
тайёрлади
[1] Тавба сураси 25-оят.
[2] Баззор ривояти.
[3] Баззор Анаса розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.
[4] Каҳф сураси 34-оят.
[5] Фотир сураси 8-оят.
[6] Имом Абу Довуд ривояти.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ислом тарихидаги энг улуғ, маънавий жиҳатдан энг ибратли кунлардан бири Ашуро куннидир. Ҳар йили муҳаррам ойининг ўнинчи куни нишонланадиган бу сана нафақат рўза тутиш фазилати билан, балки Аллоҳ таолонинг бандаларига кўрсатган марҳамати, Мусо алайҳиссалом ва унинг қавмини нажот этганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу кунга алоҳида эътибор берганлар ва умматларини ҳам унинг фазилатларидан баҳраманд бўлишга чорлаганлар. Ашуро куни мусулмонлар учун маънавий покланиш, гуноҳларга каффорат ва суннатни ҳаётга татбиқ этиш имконидир.
Бу кун мусулмонлар учун рўза тутиш тавсия этилган кунлардан бири бўлиб, уламоларнинг кўпчилиги бу кунни рўза билан ўтказишни мустаҳаб деб ҳисоблайди. Ашуро куни рўза тутиш суннат амаллардан бири бўлиб, унинг фазилати жуда катта. Тасуъо (тўққизинчи) ва Ашуро (ўнинчи) кунларида рўза тутиш пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган суннатлардандир. Бу Аллоҳнинг кунларидан бири бўлиб, У Зот ўз бандаларига марҳамат кўрсатган, яъни У зот Калимуллоҳ Мусо алайҳиссалом ва Унинг қавми Бани Исроилни Фиръавн ва унинг қўшинининг зулмидан нажот этган кундир.
Ашуро кунини рўза билан ўтказишнинг асосий сабаби бу кунда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом ва Бани Исроилни Фиръавн ва унинг қўшинидан нажот этганидир. Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини жуда аҳамиятли деб билар эдилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни бирор кунни бошқалардан афзал деб рўза тутишга уринганларини кўрмаганман, фақат ушбу кун — Ашуро куни ва ушбу ой — Рамазон ойидан ташқари” (Имом Бухорий ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни Ашуро куни рўза тутишга рағбатлантирар ва: “Ашуро куни рўзаси ўтган бир йилнинг гуноҳларига каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан”, дер эдилар (Имом Муслим ривояти).
Мусулмонлар бу суннатни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг амалиётга тадбиқ эта бошладилар. У киши яҳудийларни Ашуро куни рўза тутаётганини кўрдилар ва бунинг сабабини сўраганларида, улар: “Бу яхши кун бўлиб, Аллоҳ ушбу кунда Бани Исроилни душманларидан нажот этган, шунинг учун Мусо алайҳиссалом ушбу кунни рўза билан ўтказган”, дейишди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Мен Мусога сизлардан кўра яқинроқман”, деб, ўша куни рўза тутдилар ва бошқаларга ҳам рўза тутишни буюрдилар.
Шу кундан бошлаб бу амал суннат сифатида амалга оширила бошланди ва мусулмонлар учун ўтган йилнинг гуноҳларидан покланиш, катта савоб ва фазилатга эришиш имкони сифатида қаралади.
Ашуро куни бу барча мусулмонлар учун муҳим сана ҳисобланади. Кўплаб инсонлар бу кунда рўза тутишга ва ибодат қилишга интилади.
Кўпчилик Ашуро кунини ягона ҳолда рўза тутиш мумкин эмас, деб ҳисоблайди. Аммо Азҳар муассасаси ўз фатволаридан бирида бу фикрни рад этган. Унда таъкидланганидек, жума ёки шанба куни Ашуро кунига тўғри келса ҳам, уни алоҳида ҳолда рўза тутиш ман қилинган эмас.
Азҳар уламоларининг таъкидлашларича, имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасига изн берганлар ва унга тарғиб қилганлар. Лекин бу кун шанбага тўғри келса, тутманглар, демаганлар. Бунинг ўзиёқ, Ашуро ҳар қандай кунга тўғри келса ҳам рўза тутиш мумкинлигини кўрсатади”.
Шунингдек, агар Ашуро ёки Арафа куни жума ёки шанба кунига тўғри келса ёки инсоннинг одатдаги рўзали куни бўлса, бу ҳолда рўза тутишда ҳеч қандай монеълик йўқ.
Дорул-Ифто (Миср Фатво ҳайъатининг 2023 йил 26 июльдаги 7756 рақамли Профессор Доктор Шавқий Иброҳим Аллом фатвосида) ҳам Ашуро кунини яъни муҳаррамнинг 10-кунини ягона ҳолда рўза тутиш жоизлигини тасдиқлаган. Шу билан бирга, ихтилофдан қочиш мақсадида, у билан бирга бир кун аввал 9-кун ёки бир кун кейин 11-кун рўза тутиш тавсия этилди.
Миср Дорул-Ифто муассасаси таъкидлашича, муҳаррамнинг 9-кунини рўза тутиш қатъий суннатдир. Бу борада Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўза тутганларида, Пайғамбаримизга яҳудий ва насронийлар бу кунни улуғлашларини айтишган. Шунда у зот: “Келгуси йили, агар Аллоҳ хоҳласа, тўққизинчи куни ҳам рўза тутаман”, деганлар. Ибн Аббос айтадилар: келгуси йил келмасдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар. Бу ҳадисни Имом Муслим ўз “Саҳиҳларида” келтирганлар.
Суннатда Ашуро куни рўзаси тутишнинг фазилати ҳақида бир қатор ривоятлар келтирилган. Унга кўра, муҳаррам ойида рўза тутиш тавсия этилган амаллардан саналади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
“Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг ойи муҳаррам ойида тутиладиган рўзадир. Фарз намозлардан кейинги энг афзал намоз кечаси ўқиладиган (таҳажжуд) намоздир”.
Ашуро кунининг фазилати шундаки, бу кун тутиладиган рўза ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради:
— Арафа куни рўзаси ҳақида нима дейсиз?
У зот: “Аллоҳдан умид қиламанки, ўтган ва келгуси йилнинг гуноҳларига каффорат бўлади”, дедилар.
— Ашуро куни рўзаси ҳақида нима дейсиз? деб сўрадилар.
У зот: “Аллоҳдан умид қиламанки, ўтган йилнинг гуноҳларига каффорат бўлади”, деб жавоб бердилар.
Шунингдек, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
“Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни бирон кунни бошқалардан кўра афзал деб рўза тутишга шунчалик интиқлик билан интиқлик қилганларини кўрмаганман, фақат ушбу кун Ашуро куни ва ушбу ой Рамазон ойи бундан мустасно”.
Уламоларимиз Ашуро кунида аҳли оилага кўпроқ сарф қилиш, яъни уларни қувончли қилиш, ризқда кенглик қилишнинг тавсия этилган амаллардан эканини таъкидлайдилар. Бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларига асосланади:
“Кимки Ашуро кунида ўз аҳлига (оила аъзоларига) кенглик қилса, Аллоҳ таоло унга бутун йили кенглик беради”.
Хулоса ўрнида шуни эслаш жоизки, Ашуро куни бу бир кунлик рўза орқали бутун бир йиллик гуноҳлардан покланиш умиди берилган, Аллоҳнинг махсус марҳамати тўкилган муқаддас кундир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан бири бўлган ушбу рўзани тутмоқ, уни 9-куни ёки 11-кун билан бирга адо этмоқ мусулмон киши учун катта ажру савоб манбаидир.
Шунингдек, бу кунда аҳли оилага шодлик улашиш, ризқда кенглик қилиш ҳам суннатга уйғун амаллардан ҳисобланади. Демак, Ашуро куни ибодат, муҳаббат ва маънавий янгиланиш кунидир. Ундан оқилона фойдаланган киши на дунёда, на охиратда зиён кўрмайди.
Дилшод Алиев,
"Болои Ҳовуз" масжиди имоми.